Қамчибек Кенжа. Буюк алломанинг мангу оромгоҳи (2006)

Бобур номидаги халқаро илмий экспедициянинг навбатдаги сафари Афғонистон заминида яшаб ўтган улуғ аждодларимиз ҳаёти, илмий-ижодий фаолиятини тадқиқ этиш, уларнинг қадамжоларини ўрганишга бағишланди. Экспедиция аъзоси, ёзувчи Қамчибек Кенжанинг ана шу сафар таассуротлари асосида ёзган асаридан бир бобни эълон қилаяпмиз.

Ҳожи Асадулло Холид оқшомги емакхонада нонушта берди: нон, улкан термосда чой, қаймоқ, шакар, олма мураббоси…
Ҳоким биз билан кейинроқ идорасида учрашмоққа ваъдалашиб кетди. Биз ўзимизни бироз тартибга келтириш билан машғул бўлдик.
Қароргоҳ ҳовлисидаги асфалтланган майдонда ғизолча (менимча, кийикларнинг жайрон турига мансуб) емиш излаб у ёқдан бу ёққа тентирарди. Бир гиёҳ йўқ тўрт девор ичига тушиб қолгани учунми, ориқ, нимжон туёқчалари ҳам шу қадар ингичкаки, юрганида чалишиб-чалишиб кетарди. Қўлимизни чўзсак, иккиланиб, оҳиста келади ва сал нарида тўхтаб, ҳуркибгина тумшуқчасини чўзади. Кафтимиздаги нон бўлакларини жажжи лабларига қисиб, майда, маржон тишларида қисирлатиб чайнай бошлайди. Бу гўзал ҳолат, латиф манзара юракларни увиштиради…
Ҳа, онасидан, ўз қавмидан айрилган бу ўксик жайронгина чиндан-да эркалашга муҳтож, меҳрга зор эди. Қаншарининг икки ёнидаги қорамтир йўл бир қарасангиз ўзининг табиий белги-холига, бир қарасангиз жола изларига ўхшаб кўринарди.
«Бобурнома»да «Ғазнининг оқ кийиги ва қулони бўлур. Ғазнининг оқ кийигича семиз кийик кам ерда бўлғай», дейилган. Балки мана бу рамақижон оҳу боласи «Қизил китоб»дан жой олган ўша кўркам, хушсурат, қоп-қора қароғидан бошқа гуноҳи бўлмаган бокира жониворларнинг ноёб, энг кенжа авлодидандир…
Умуман, «Бобурнома»да Ғазни теварагида юз берган, муаллифнинг шахсий ва шоҳлик ҳаётига дахлдор хийла воқеалар баён этилган. Жумладан, Бобур Мирзо бўлажак аҳли аёлларидан бири, Султон Аҳмад Мирзонинг қизи Маъсума Султон бегим билан илк бор Ғазнида кўришиб, суҳбат қурган эди. Дарвоқе, шу ўринда Заҳириддин Бобурнинг яна бир ибратли хислати намоён бўлганини кўрамиз. Катта бир юртни эгаллаш, подшолик мақомига эришиш арафасида турган ҳукмдор ўз қариндоши ризолигини сўраб ўтирмаслиги ҳам мумкин эди, зеро, қизининг онаси ҳам шундай ниятда эди. Аммо жўмард, танти Бобур алоҳида учрашув тайин этиб, амакиваччасида ўзига нисбатан чиндан-да майл борлигига ишонч ҳосил қилгандан кейингина уни ўз никоҳига олади.
«Хатти Бобурий»нинг яратилиши ҳам Ғазни фатҳидан кейинроқ, Кобул қўлга киритилган даврларга тўғри келади. Ажабки, Бобур «Бобурнома»да жангу жадаллар, кундалик воқеа-ҳодисалар, кишиларнинг феъл-атвори, табиат ажойиботлари, дов-дарахтлару ўсимликлар, ҳайвоноту паррандалар борасида эринмай маълумот, изоҳлар бергани ҳолда, азбаройи камтарлик юзасинданми, ўзининг турли соҳаларни тадқиқ этишга бағишланган йирик-йирик насрий асарлари, ғазал ва бошқа назмий ижоди хусусида батафсилроқ маълумот беришни, баъзида умуман тўхталишни лозим кўрмайди. Жумладан, ҳижрий тўққиз юз тўққизинчи (1503-1504) йил тафсилотларини ўз ичига олган саҳифаларда «ушбу маҳалларда Бобурий хатини ихтиро қилдим», деган бир жумла-хабар билан кифояланади.
Ғазнига бир қанча муддат Жаҳонгир Мирзо, кейин Носир Мирзо ҳоким бўлиб турган. Дарвоқе, Бобур олижаноблигининг поёнсизлигини қарангки, ўгай иниларини бирга олиб юриб, ҳамиша қўллаб-қувватлар, илкига тушган мулклардан уларга инъом этар эди. Масалан, Кобулни олгандан кейин вилоятни тақсимлар экан, Нингнаҳор туманини, Мандровир, Дараи Нур, Кунру, Нургил ва Жиғонсаройни Носир Мирзога иноят қилади. Кейинроқ бу ландовур шаҳзода тасарруфига Қандаҳорни, сўнгроқ Ғазнини беради.
Бироқ ношукур Носир Мирзо оғаси илтифотларидан қаноат ҳосил қилмай, ўзини ҳар ёққа ташлаб, кўп номаъқулчиликларга йўл қўяди. Масалан, унга Қандаҳор вилояти берилганда, яна умумий ўлжадан юк ортилган тева ва оқ тангаларни изнсиз олиб қолади. Ҳолбуки, Қандаҳорни қўлга киритиш Бобурга анча қимматга тушган эди. Ғоят бесарамжон даврлар бўлиб, кетма-кет жанглар ва бошқа нохуш ҳодисалар кўп юз берган эди. Шунга қарамай, қалби дарё, укалари ва бошқа жигарларига ўта ғамхўр ва меҳрибон Бобур Носир Мирзони авф қилади, унинг қилмишини юзига солмай, яна мурувват кўрсатишда давом этади. «Яхшилиқ» ғазалининг яралишида Носир Мирзо ва у кабиларнинг ҳам «хизмати» катта бўлган бўлса ажабмас!..
Хуллас, ўша ушоққина, уволгина ғизол бизга анча эрмак бўлди. Бирга суратларга тушдик. Кейин жажжи дўстимиз билан хайрлашиб, шаҳарга чиқиб кетдик.
Эрталаб мезбонларимиз бизни бир олим билан таништиришди. Ҳожи Абдураҳмон исмли бу шахс норғул, мошгуруч соқоли анча қалин, тахминимча, олтмиш ёшларда эди. Кейин билсак қирқ олти ёшда экан.
Кун чиқишга қараб кетдик. Шаҳар тугаган жойдан, йўлнинг чап томонида эски, баланд қалъа бошланади. Кўча тор эди. Хайриятки, кўп юрмадик. Маҳалла ичидаги чап ёғи пахса девор, ўнги ташландиқ хиёбонга ўхшаш жойда тўхтатдик. Йўл билан хиёбонни таг қисми тош, ўртаси ғиштдан ва тепаси лойдан урилган пастаккина девор ажратиб турарди. У кўҳна қўрғон қолдиқлари бўлса керак.
— Бу ер бир вақтлар Боғи Беруний номи билан юритилган, — дейди ҳожи Абдураҳмон Ҳакимий.
У Ғазнининг эски шаҳар ҳудудида таваллуд топган бўлиб, кўп йиллар дорилфунунда тарих, фалсафа куллиётининг ҳуқуқ бўлимида муаллимлик қилган. Гап-сўзларига қараганда, Ғазни тарихини ҳам, Абу Райҳон Беруний ҳаётини ҳам яхши биларди.
Хиёбоннинг девор билан туташ қисмидаги юзаси чангиб ётган супада икки дўнг — икки уюм тош бор эди.
Зокиржон ака, Муҳаммад Содиқ ва Фаррух Беруний қабрини дарҳол танидилар — кун ботиш тарафдаги бир уюм тош ул зоти шарифнинг мангу хобгоҳига тегишли эди, буни Ҳакимий ҳам тасдиқлади.
Уюмлар синиқ мармар парчалари, муштдай, ундан майдароқ оддий тошлардан иборат эди. Супа жанубида, беш-олти чорпоя ўрнича майдонда ўриб олинган буғдой поялари қолган, яна озроқ ерга беда экилган, хиёбоннинг қолган катта бўлагида турли кўкатлар ўсиб ётарди. Яна жануброқда, кўкатзорлар нарисида эски уйлар кўринади. Кун чиқиш томонда гилос, тут дарахтлари, улар орасида қандайдир тепалик кўзга ташланар, ғарбий қисм эса мевали-мевасиз қуюқ дарахтзор эди.
Ҳар иккала қабрнинг бош қисмига яшил туғли таёқ санчилган бўлиб, туғлар учига ялтироқ тунукадан ясалган, балиқ овланадиган санчиқни эслатувчи беш панжа маҳкамланган эди. Ўнгдаги қабрнинг кимга мансублиги билан қизиқдик. Ҳожи Абдураҳмоннинг айтишича, Беруний қабри устида жуда кўркам, салобатли мақбара бўлган. Илму фан аҳлини унча жини суймайдиган, маънавиятдан узоқроқ ҳукмдорлар даврида инглизлар иштирокида Афғонистон заминида дафн этилган улуғ инсонлар — илму маърифатнинг даҳо сиймолари марқадлари аёвсизларча бузиб, қўпориб ташланган, жумладан, Абу Райҳон Беруний сағанаси ҳам.
— Мана бу мармар синиқлари Беруний сағана тошидан қолган, — дейди Ҳакимий қабрнинг оёқ тарафидаги қиррали тошларга ишора қилиб. — Афғонистон подшоҳи Зоҳиршоҳ буйруғига биноан, Беруний дафн этилган ерни топиш мақсадида шу жой кавланган — қабртош ҳам тупроқ остида қолиб кетган эди. Мен донишгоҳда муаллим эдим, қазув-қидирув ишларида шахсан иштирок этганман. 1351 ҳижрийда ЮНЕСКО томонидан Абу Райҳон Беруний қабрини аниқлаш учун махсус комиссия тузилган эди. Ўшанда қабр ичидан ортиқча суяклар чиққан. Беруний шогирдларидан бири жасадининг устози ёнига қўйилгани тўғрисидаги гапларга асосланиб, ана шу сўнгакларни алоҳида лаҳад қазиб кўмганмиз.
Беруний қабрининг топилиши тарихи ва иккинчи қабрнинг кимга мансублиги борасида бошқача мулоҳаза-маълумотлар ҳам бор. Геолог Умматали Усмоновнинг «Фан ва турмуш» журналининг 1987 йил 10-сонида эълон қилинган «Беруний қаерга дафн этилган?» сарлавҳали мақоласида ғазнилик инженер Гулаҳмаднинг ушбу ҳикоясида келтирилади:
«Ҳовлининг эгаси девор урмоқчи бўлиб лойхона қилаётган чоғида кетмон қаттиқ бир тошга урилади. У кавлаб тошни олиб ташлайман деса, у оддий тош бўлмай, мармар тахта экан, унда араб ҳарфлари билан ёзилган ёзув ҳам бўлади. Лекин у на афғон, на форс тилида бўлганлиги сабабли уй эгаси ва қўшнилар ўқий олмай, шаҳар маъмурларига мурожаат этишади. Маъмурлар мазкур ёзувни Кобулдаги олимларга кўрсатишади. Олимлар узоқ ўрганишгандан сўнг, шу тош топилган жой улуғ ва мутафаккир олим Беруний дафн этилган жой, бу тош эса Беруний қабрига қўйилган эсдалик тошнинг бир қисми, деган фикрни айтишади. Шундан кейин шаҳар маъмурияти қарорига биноан, Беруний қабри топилган ҳовли «тарихий ёдгорлик»ка айлантирилади».
Гулаҳмаднинг айтишича, Беруний қабрининг ёнидан яна бир қабр чиққан, унинг лавҳасида «бу ерга Мавлоно Берунийнинг ошпази дафн этилган», деган ёзув бўлган…
Далилларнинг қай бирига ишонмоқ керак? Маълумот берувчиларнинг ҳар иккиси ҳам Беруний яшаган ва дафн этилган Ғазни шаҳрининг ҳақиқий фуқаролари, илмли кишилар. Журналдаги мазкур мақолага муаллиф ўз кўзи билан кўрган, мармардан дурустгина сағана тоши қўйилган бири катта, иккинчиси кичикроқ қабрларнинг расмини ҳам илова қилган. Бу Ғазни шаҳар маъмуриятининг Беруний қабри топилган ҳовлини «тарихий ёдгорлик»ка айлантириш ҳақидаги қарори ва унинг ижросига далил бўла олади.
Муаррих Абдураҳмон Ҳакимийнинг сўзларига қараганда, ўшандан кейин Зоҳиршоҳ Беруний боғини ободонлаштиришга фармон берган ва боғ ободонлаштирилган. ЮНЕСКО раҳбарлари Беруний мақбарасини тиклашга ваъда беришган, лекин бу иш амалга ошмасдан қолиб кетган. Чунки вазият, сиёсат ўзгарган.
Устод муаррих, шунингдек, Султон Маҳмуднинг илму урфонга катта аҳамият бергани, сарой атрофига зиё аҳлини йиғишга ҳаракат қилгани ва ўша даврда Ғазнининг гуллаб-яшнагани тўғрисида жўшиб гапирди. «Арусил фалак» номли Ғазни масжидига уч юз элликдан зиёд шоиру фузало, олиму уламо тез-тез тўпланиб, баҳсу мушоиралар ўтказишганини алоҳида таъкидлади.
Умуман, Ҳакимий хийла билимдон, маънавиятпарвар, юртпарвар олим экан. Баҳромшоҳ давридаги бир ғаройиб воқеани сўзлаб берди.
Аловиддин Жаҳонсўз Ғурий Ғазнини эгаллаш мақсадида (1455 йили) укаси Сафидинни қўшинга қўмондон қилиб юборади. Баҳромшоҳнинг одамлари Сафидинни тутиб олиб, қатл этадилар. Бундан ғазабга минган Аловиддин Жаҳонсўз: «Ғазни шаҳрини вайрон қиламан, одамларини ёппасига тиғдан ўтказиб, қонини оқизаман!» деб қасам ичади. Шунда ака-ука Хожа Абдусалом ва Хожа Абдусамад исмли икки мўътабар зот Аловиддиннинг ҳузурига бориб, қасамингизни бажо этиш учун иккимизнинг қонимизни тўксангиз-у, шаҳарга ҳужум қилмасангиз, дея илтижо қилишади. Уларнинг ўтинчлари инобатга олинади. Қатл пайтида ака-укалардан бири кулиб, иккинчиси йиғлаб туришган экан. Шунинг учун уларни халқ ҳозиргача Хожа Хандон ва Хожа Гирён деб эслаб, гапириб юраркан.
Оға-ини қатл этилган жой ҳозир зиёратгоҳ. У ерда ўша ака-укалардан қолган тегирмон ҳам бор, дейишди. Ватанпарварлик, халқпарварлик музейига айланган ўша қатлгоҳни жуда-жуда кўргим келди-ю, лекин бунинг имкони йўқ эди. Зеро, мақсадимиз Ғазнига бориб, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Ғазнавий ва бошқа алломалар қабрини зиёрат этиш, улар ҳақида зарур маълумотлар тўплаш эди.
Беруний дафн этилган жойдан қайтар эканмиз, улуғ алломанинг мангу оромгоҳи келажакда у зотнинг хотирасига муносиб зиёратгоҳга айланишини чин дилдан илтижо қилдик.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 4-сонидан олинди.