Нурбой Абдулҳаким. Замон эврилмоқда. Сен-чи замондош? (2004)

Вақт ҳеч қачон кутиб турмайди. У мудом олға интилади. Унинг ҳар бир лаҳзасидан унумли фойдалана олсагина инсон ўз умрини абадиятга муҳрлаши мумкин. Акс ҳолда…
Шайх Саъдийнинг «Гулистон» асари муқаддимасида инсоннинг ҳар бир нафасида икки неъмат мавжудлиги таъкидланади. Яъни, инсон биргина нафасни ичга ютар экан, бу унга ҳаёт бағишлайди. Худди ўша нафаснинг қайтиб чиқишидан эса нафсимиз хурсанд бўлади. Мабодо, Худо сақласин, ўша нафасни ололмасак ёки олган нафасимиз чиқмай қолса… инсон ҳаётига нуқта қўйилади.
Шунинг ўзиёқ бу икки неъматнинг нечоғлик улуғ эканлигига далолат қилади. Бир нафас учун икки марта шукр айтиш ҳақидаги Шайх Саъдий ўгитининг ҳикмати ҳам шунда.
Шукр айтиш нима билан бўлади? Табиийки, «шукр» деган сўзнинг ўзи билангина эмас. Бу неъматнинг шукронаси, биринчи навбатда, умрнинг ҳар бир лаҳзасини ИНСОН деган шарафли номга муносиб тарзда ўтказиш билан белгиланади. Инсон деганлари эса шунчаки еб-ичиш, кўпайиш, маишат учунгина яралмаган. Яралмишларнинг мукаррами сифатида унинг зиммасида муайян масъулият ҳам мавжуд.
Мутахассисларнинг аниқлашича, киши бир кунда ўртача йигирма минг қадам юради. Бу унинг ўртача 70 йиллик умрида 420 миллион қадамни ташкил қилади. Бу миқдордаги қадам билан инсон ойга бемалол пиёда бориши ёки ерни экватор бўйлаб тўққиз марта айланиб чиқиши мумкин. Хўш, бунчалик катта қувватни инсон нимага сарфлаяпти? У азиз умрни ўзига берилган имконият, деб биляптими? Унинг ҳар бир лаҳзасидан унумли фойдалана оляптими?
Одам Ато ва Момо ҳаво давридан буён фалак неча айланди, замон неча эврилди. Ўтган замонларда аждодларимиз башариятнинг ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий тараққийсига улкан ҳисса қўшдилар. «Рўйи заминнинг сайқали» ҳам, «дини исломнинг қуввати» ҳам бизда бўлди. Лекин XVI асрдан миллатимиз ҳаётида таназзул жараёни бошланди. Замон эврилди-ю биз эврилмадик. Таассуфлар бўлсинки, бунинг таъсиридан ҳануз тўла қутула олганимиз йўқ.
Мустақил тараққиётнинг ўтган ўн уч йилида, шубҳасиз, улкан ютуқларга эришдик. Бу муваффақиятлар бизники. Лекин, табиийки, бунинг билан қаноатлана олмаймиз.

ТИЛ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ

Миллатнинг миллатлигини белгиловчи бош омил – тил. Тил бўлмаса, миллат ҳам мавжуд бўлолмайди. Модомики шундай экан, ўз тилининг мавқеини кўтариш ҳар бир миллат учун ҳаёт-мамот масаласидир.
Сир эмас, бугун жуда кўп миллатлар замонавий компьютерларни ўз тилларида яратилган дастурлар бўйича бошқариш имкониятига эга. Бунга бизда ҳам катта эҳтиёж мавжуд. Мустақиллик шарофати билан бу борада ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Миллий университети ўзбек филологияси факултети ҳузурида очилган «Компьютер лингвистикаси» кафедраси ўз олдига шундай эзгу мақсадни қўйган (Тўғри, мутахассислар кафедра номланиши ҳақида турлича фикрдалар. Кафедрани «Амалий тилшунослик» деб аташ тарафдорлари ҳам бор. Лекин ҳозир гап бу ҳақда эмас).
Бугунги кунда жаҳон миқёсида кечаётган интеграция ва глобаллашув жараёнида ўзбек тилини дунёвий тиллар даражасига олиб чиқиш ҳаётий заруриятдир. Мазкур катта, масъулиятли, ўта муҳим мақсадни амалга оширишда компьютер технологияларига, хусусан, компьютер лингвистикасига бўлган эҳтиёж яна ҳам ошади. Чунки айнан компьютер лингвистикаси ўзбек тилининг жаҳон миқёсига чиқишида, она-тилимизнинг ҳам дунёвий тиллардан бирига айланишида, уни ўрганиш ва ўргатиш ишлари оптималлашувида ҳал қилувчи ўрин тутади.
Шу ўринда табиий бир савол туғилади. Хўш, компьютер лингвистикасининг ўзи нима? Мазкур кафедра мудири профессор Абдумажид Пўлатовнинг фикрича, компьютер лингвистикасининг асосий мақсади тилшуносликка оид масалаларни ечишнинг компьютер дастурларини яратишдир. У амалий тилшуносликнинг бўлими бўлиб, матнга компьютер ёрдамида ишлов бериш билан боғлиқ вазифаларни бажаради. Унинг асосий вазифаларига қуйидагиларни киритиш мумкин:
— тилларга ўқитиш;
— билимларни текшириш (баҳолаш);
— матнларни турли жиҳатдан автоматик таҳрирлаш;
— машина таржимаси учун мўлжалланган дастурларни ишлаб чиқиш;
— луғатларни ва компьютердаги матнни статистик таҳлил қилиш ва ҳ.к.
Кўринадики, катта ҳажмдаги ахборотни қайта ишлаш зарурияти компьютер лингвистикасини тақозо этади. Буларни мазкур соҳанинг ўзига хос йўналишлари деб ҳам аташ мумкин. Агар ушбу йўналишларнинг моҳиятига чуқурроқ эътибор берилса, уларнинг ҳар бири ўзбек амалий тилшунослиги учун нақадар ҳаётий, зарурий аҳамият касб этиши аён бўлади. Шунга кўра компьютер лингвистикасининг айни вазифалари асосида бугунги кунда ўзбек тилшунослигининг компьютер билан боғлиқ ҳолда ҳал этиш лозим бўлган қуйидаги масалаларини таъкидлаб кўрсатиш мумкин:
— Ўзбек тилининг ахборот (компьютер) услубини яратиш.
— Ахборот матнларидаги қолиплилик, қисқалик, аниқлик мезонларини ишлаб чиқиш.
— Интернет сайтларини яратиш меъёрларини белгилаш.
— Компьютер изоҳли ва таржима луғатларини ишлаб чиқиш.
— Ўзбек тили ва адабиёти дарсликларининг электрон версияларини ишлаб чиқиш.
— Компьютерда инглизча-ўзбекча ва ўзбекча-инглизча таржима дастурларини тузиш.
— Ёзма матнларни таҳрирлаш дастурларини яратиш.
— Таъкидлаш жоизки, ушбу муаммоларнинг энг аҳамиятлиси — ўзбек тилининг ахборот (компьютер) услубини яратиш. Чунки бу масала саналган барча муаммоларнинг асоси, айтиш мумкинки, ечими бўлиб ҳисобланади. Зеро, жаҳон андозалари талабларига жавоб берувчи, ҳар томонлама мукаммал, қулай ва оммабоп ахборот (компьютер) услуби яратилганидан сўнггина юқоридаги муаммоларни ҳал қилиш мумкин бўлади.
Компьютер услуби жаҳон андозалари талабларига монанд ҳолда фикрнинг аниқ, қисқа, лўнда, қайта ишлашга мос бўлишини тақозо этади. «Шундай услубни яратмас эканмиз, — дейди профессор А.Пўлатов, — Республикамизда ўзбек тилида тўлиқ иш юритишга ўта олмаймиз. Ушбу услубни мактабларда ҳам ўқитишни бошлаш зарур».
Яқинда «Дунёвий ўзбек тили» китоби босмадан чиқди. Унда ўзбек тилидаги биргина «ишламоқ» феълининг тахминан юз минг шакли (лексик грамматик парадигмалари) рус ва инглиз тилларига ўгирилган. Инглиз тилида эса бу феълнинг бор йўғи 100 та шакли борлиги маълум. Мана сизга қиёс: 100 000 та ва 100 та.

ОДАМЛАРНИНГ ЭНГ БОЙИ КИМ?

Инсоният учинчи минг йилликнинг бошида ахборот асрига қадам қўйди. Минглаб йиллар давомида ривожланган инсон тафаккури учун бугунги кунда дастлабки манба, яъни ахборот олиш ҳаётий заруратга айланди. Шунинг учун жаҳон бозорида маълумот олтиндан ҳам қимматлироқ баҳоланади. Мазкур ахборотни топиш, сақлаш, қайта ишлаш ва бошқаларга етказишнинг қулай усулларига бўлган эҳтиёж кун сайин ошиб бормоқда. Демак, кимки мазкур қулай усулларни ишлаб чиқса, уларга эгалик қилса, мана шу одам дунёдаги энг бой одам бўлади.
Маълумки, дунёдаги энг бой-бадавлат киши Билли Гейтс ҳисобланади. Нима учун дунёдаги энг бой киши компьютер, яъни ахборотни қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш соҳасининг вакили? Нега савдо ходими, банкир ёки нефть, пахта, автомобил заводининг хўжайини эмас, айнан ахборот билан боғлиқ соҳанинг раҳбари сайёранинг энг бой одамига айланди? Бу саволга Билли Гейтснинг ўзи шундай жавоб беради: «Ким ахборотга эга бўлса, у ҳамма нарсага эга бўлади» ёки унинг яна бир мушоҳадаси дунёга машҳур: «Ахборот дунёдаги энг катта, энг қиммат моддий бойликлардан ҳам устун туради, чунки ушбу бойликлар ахборот воситасида қўлга киритилади». Кўринадики, инсон муайян бир соҳада – бизнес, таълим, қурилиш, умуман, ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида бирор ютуққа эришиш учун, аввало, ахборотга эҳтиёж сезади: нима? қачон? қаерда? (неча пулдан?) каби саволларга жавоб топиш учун айнан ахборотга мурожаат қилади. (Яъни маҳсулотларнинг барча хусусиятлари: сифати, ҳажми, нархи кабиларни билишда ахборотнинг роли катталиги туфайли ахборот соҳаси моддий бойликлардан ҳам кўпроқ фойда берадиган соҳага айланади). Шу тариқа ахборот олмосу тилло, кумушлардан ҳам зарурийлик, қимматбаҳолик касб этади.
— Ахборот асри бўлган XXI юзйилликда, – дейди профессор А.Пўлатов, — олтиндан қимматроқ бўлган маълумотни зарар етказмай қабул қилиш, ишончли сақлаш ва энг қулай тарзда саводли қилиб бошқаларга етказиб бериш тил билан бевосита боғлиқдир. Шунинг учун тил ва бизнес чамбарчас боғлиқ соҳалардир. Мени бир нарса жуда ўйлантиради, таажжубга солади: нима учун бизнинг тилчи олимларимиз, дунёдаги бошқа мамлакатлар олимларидек, бизнес билан, яхшигина моддий манфаат кўриш билан шуғулланмайдилар? Қайси олим билан суҳбатлашсангиз, китоб ёзганини, лекин уни чоп этишга маблағ топа олмаётганлигини айтади. Маблағни, биз олимлар, ўзимиз топишимиз зарур. Бунинг учун эса лингвистлар ҳам бизнес оламига чуқурроқ кириб бориши керак. Нима учун тилчилар бизнесда қатнашмаяптилар? Чунки улар янги борлиққа – замонавий ҳаётга тайёр эмаслар. Уларнинг реклама, бизнесда иштирок этишлари учун дастурлари мавжуд эмас. Бу бизнинг катта камчилигимиз. Ҳозирги жўшқин ҳаётдан – бизнес, рекламадан четда туришимиз нотўғри ҳол. Бундан тилчилар ташқарида қолганлигининг салбий оқибатларини кўриб турибмиз: Тошкентда наридан бери ёзилган, ўзбек тилининг ички қонуниятларига, узоққа бормайлик, оддий валентлик — сўзларнинг бирикув қоидаларига тўғри келмайдиган жумлалар, имловий хатоларга тўла рекламалар кўпайиб кетган. Уларни ким яратмоқда? Ўзбек тилини чала-чулпа биладиган бошқа миллатга мансуб профессионал бўлмаган реклама мутахассислари. Уларни назорат этиш, рекламаларни саводли, тушунарли қилиш ва шу орқали моддий манфаатдорлик кўриш қўлимиздан келмайдими? Келади, албатта. Фақат бунинг учун эскича, тор фикрлашдан воз кечишимиз, «Олим – бу фақат олим» деган қарашларни ўзгартиришимиз зарур. Бунинг учун, менимча, бир вазият муҳим аҳамият касб этади. Тилшунослар ўзбек тилининг фақат назарий жиҳатларини тадқиқ қилишдан бироз чекиниб, унинг амалий томонларига ҳам кўпроқ эътибор беришса. Яъни қуруқ назарий фикрларга тўла тадқиқотларни салгина чеклаб, халқимиз учун фойда келтирадиган компьютер дастурлари — матнларни таҳрирлаш, автоматик таржима қилиш, тилларга ўргатиш каби дастурларни ишлаб чиқишда фаол қатнашишса, мақсадга мувофиқ бўлур эди. Зеро, бу ишларни амалга оширишда компьютер дастурчилари лингвистик таъминотга эҳтиёж сезадилар. Уни эса филологлар яратиб бериши зарур бўлади.

БИЗ КИМНИНГ АВЛОДИМИЗ?

Биз мусулмон фарзандларимиз. Бу эътиқод қон-қонимизга сингиб кетган. Худосизлик тузуми ҳар қанча ташвиқ этмасин, нечоғлик уринмасин, бу эътиқодни қалбимиздан суғуриб ололган эмас. Бугун ўзга эътиқоддаги олимлар ҳам Қуръони каримни илмий манба сифатида эътироф этадилар. Таассуфки, кечаги моддиюнчилик, атеистик қарашлар таъсиридан қутула олмаган ўз олимларимиздан айримлари буни тан олгиси йўқ.
Яқинда бир мактаб ўқитувчисидан эшитиб қолдим. У ўзи раҳбар бўлган синфга бир сабаб билан биология дарсида бориб қолибди. Ўқитувчи ўқувчиларга: «Одам маймундан яралган» деб, маймунларнинг қай тарзда одамга айлангани тўғрисида сўзлаб бераётган эмиш. Эшитиб ҳайратда қолдим. Ахир коммунизм назариётчиларининг одамнинг пайдо бўлиши ҳақидаги ғоялари ўз исботини топмагани кундай равшан-ку! Улардан мерос қолган сақични қачонгача чайнаш мумкин?
Ваҳоланки, Қуръони каримда ва муборак ҳадисларда инсоннинг қандай яратилгани очиқ зикр этилган-ку! Жумладан, «Инсонлар Одам алайҳиссалом фарзандларидир. Одам сафийуллоҳ эса тупроқдан яратилгандир» дейилади ҳадислардан бирида.
Қул Хожа Аҳмад, тоат қил,
умринг билмам неча йил,
Аслинг сўрсанг обу гил,
яна гилга кетаро —
дейди Хожа Аҳмад Яссавий. Носириддин Рабғузий бобомиз ўзининг «Қисаси Рабғузий» асарида Одам яратилишини, ҳар бир фикрини Қуръон оятлари билан далиллаб, муфассал баён этиб берган. Бизга бундан ортиқ яна қандай исбот керак? Миллатимиз қуёши ҳазрат Навоий:
Бордур инсон зотиға онча шараф,
Ким бўла олмас онга гавҳар садаф —
деб турса-ю, биз қандайдир маймунлар ҳақидаги сафсатага ишониб ўтирсак. Буни қандай изоҳлаш мумкин?!
Яқинда «ЎзАС»да (2004 йил, 28 май, №21) «Одам тупроқдан яралганми?» сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унинг мазмунига кўра, япон олимлари Қуръони каримдаги инсон тупроқдан яратилганлигига оид фикрни янги илмий далиллар билан исботлашибди.
«Дарвин назарияси аллақачон ўзининг асоссизлигини кўрсатди, — дейилади мақолада. — Ҳозир урф бўлган француз биофизиги Марсел Лавуантьега тегишли гипотезага кўра, ҳозирги одам коинот яралишининг уч асосий босқичи пайтида юзага келган юлдузлар чанги ва базавий элементлардан таркиб топган. Француз олимлари одам организми асосларини чуқур кимёвий анализ қилишгач, мана шундай кутилмаган хулосага келишган. Одам танасининг тахминан ўн фоизи водороддан иборат бўлиб, у Оламнинг пайдо бўлишига олиб келган улкан портлашдан кейинги илк лаҳзаларда юзага келган. Бундан ташқари, одам организми таркибида углерод, азот, кальций, фосфор ҳам борки, буларнинг пайдо бўлиши сайёраларнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ. Одам организмининг учинчи кимёвий асоси юлдузлар марказида ядроларнинг пайдо бўлиши босқичи билан боғлиқ. Демак, одам организмида, қўрғошин, кумуш борлиги, никел, кобальт, қўрғошин ва молибден излари учраши аниқланган. Хуллас, илмий кимёвий тадқиқотлар муқаддас китоблардаги одам тупроқдан яралган, деган таълимотни тўла тасдиқлайди».
Дунё олимлари боболаримиз аллақачон ёзиб кетган ҳақиқатларни замонавий тадқиқотлар асосида исботлаб бераётган бир пайтда умрини ўтаб бўлган, ҳақиқатга зид, ғайриилмий қарашларга ёпишиб олиш қанчалик тўғри?! Кечирасиз-у, бу халқимизнинг «Кар эшитганини қўймайди, кўр тутганини» деган пармаъно нақлини ёдга солади.
Мустақиллик бизга илмий ҳақиқатларни айтиш борасида ҳам катта имкониятлар берди. Бу имкониятлардан унумли фойдаланиш, қотиб қолган догматик қарашлардан воз кечиб, дунёга, инсон ва унинг моҳиятига янгича кўзқарашни шакллантириш миллат зиёлилари олдидаги бурчдир.

ЭВРИЛМОҚ АЙНИМОҚ ДЕГАНИ ЭМАС

Бугун дунё биз билан ҳисоблаша бошлади. Жаҳоннинг энг тараққий этган давлатлари билан ҳамкорлик қиляпмиз. Улар биздаги, биз улардаги ютуқларни ўрганяпмиз. Бундан улар ҳам фойдаланяпти, биз ҳам наф кўряпмиз. Бу яхши. Лекин… Ҳамма гап мана шу «лекин»да.
Яқинда бир хорижий фирмада ишлайдиган тадбиркор билан суҳбатлашиб қолдим. Таъкидлаш керакки, чет элликлар билан ҳамкорлик қилаётган бу танишим энг сўнгги маркадаги машинада юради. Уйларини ҳам оврупоча таъмирлатган. Хотинида алоҳида машина. Ўзининг давлатманд эканлигини сездириб туришни хуш кўради.
— Мен чет элликлардан яхши бир одатни ўргандим, – деди у. – Улар қанчалик бой бўлишмасин, ҳеч кимга қарз беришмас экан. Фирмамиз раҳбарининг айтишича, бир муҳтожга қарз бериб, ҳар гал қарзни қайтаришни сўраганда хафа қилгунча, бермасдан бир марта ранжитган афзалроқ. Жуда доно фикр. Шундай эмасми?
Тадбиркор чет элликдан жуда зўр одатни ўрганганига заррача шубҳа қилмасди. Бу гапларни айтар экан, унинг кўз қарашларидан «Қойилмисанлар!» деган фикрни уқиб олиш қийин эмасди. Ҳатто суҳбатдошларнинг айримлари ҳам унинг «доно» фикрини маъқуллаша бошладилар. Чидай олмадим.
— Бу одат ўша хорижликнинг менталитетига хос. Ахир бизнинг аждодларимиз бундай бўлмаганлар-ку! Улар бойликни Оллоҳ таоло ато этган омонат, деб тушунишган. Бу омонатнинг эгаси бойнинг ўзигина эмас. Бу бойликда қўни-қўшнининг, етим-есирларнинг қўйингки, ёнма-ён яшайдиган кўплаб инсонларнинг ҳаққи бор, деб ҳисоблашган.
Хондамир «Макорим ул-ахлоқ»да ёзишича, «Ихлосия» мадрасаси ҳузуридаги «Халосия» хонақоҳида ҳар куни минглаб етим-есир, бева-бечора, фақир-мискинларга лазиз таомлар тортилган. Бу ҳазрат Навоийнинг хусусий маблағи эвазига амалга оширилган. Боболаримиз инсон дилини ранжитиш оғир гуноҳ, деб билишган. Шунинг учун, муҳтожга қарз бермасдан бир марта хафа қилиш тўғрисидаги «янги ғоя» бизга мутлақо тўғри келмайди.
Боягина тадбиркорни қўллаб-қувватлаган ҳамсуҳбатлар энди менинг фикримни маъқуллаша бошлади…
Тўғри, биз замон тараққиётидан орқада қолмаслигимиз керак. Лекин бу дегани тўғри келган ҳар қандай қарашни замонавий ҳисоблаб, қабул қилаверамиз, дегани эмас. Президентимиз жорий йилни «Меҳр ва мурувват йили» деб атади. Бунинг замирида улкан маъно бор. Халқимизга, миллатимизга хос муҳим қадриятларни мудом ёдимизда сақлашимиз, бугина эмас, уларга ҳар доим амал қилишимиз зарурлигига ишора бор бунда.
Биз барча соҳада замон билан ҳамнафас, ҳамқадам бўлиш тарафдоримиз. Лекин зинҳор неча минг йиллик қадриятларимизни унутмоқчи, улардан воз кечмоқчи эмасмиз. Янги замонни ўзимизда халқимизга, миллатимизга хос барча фазилатларни тарбиялаган ҳолда қаршиламоқчимиз.

* * *

Сўзимизни инсон ва унинг моҳияти, ҳар бир нафасни ғанимат билиш ҳақидаги ҳикматларни эслаш билан бошлаган эдик. Дарҳақиқат, умрнинг ҳар лаҳзаси Ватан ва миллат хизматини қилиш учун, мансуб бўлганимиз халққа наф келтириш учун берилган имкон. Бу имкондан иложи борича тўлароқ фойдаланишга бурчлимиз. Бу борада ҳазрат Навоийнинг қуйидаги сўзлари бизга мудом ибрат бўла олади:

Нафъинг агар халққа бешак дурур,
Билки, бу нафъ ўзунгға кўпрак дурур.

Нурбой Абдулҳаким
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 32-сонидан олинди.