Озод Шарафиддинов. Китоблар салтанатининг маликаси (2004)

Сизга ёлғон, менга чин — бундан тахминан 40-50 йиллар муқаддам одамлар… китобга навбатда туришарди. Албатта, ҳар куни эмас ва ҳар қандай китобга ҳам эмас. Аввал “фалондай зўр китоб чиқипти”, деган хабар тарқаларди, кейин ўша китоб фалон куни китоб магазинига келармиш, деган гап чиқарди. Ўша куни эрталаб 11-12ларга айтилган дўконга етиб борсангиз, излаган китобингиз аллақачон сотилиб, тамом бўлиб кетган бўларди. Хуллас, бизга ўхшаган оддий китобхонларга янги ва керакли китобларни харид қилиш жиддий муаммога айланди. Қизиқ, бўлмаса, китоблар 50 минг ёки 100 минг (ҳа, ҳа, 50 минг ёки 100 минг) ва ҳатто ундан ҳам ортиқ нусхада босиларди, лекин шунда ҳам яхши китоб етишмасди. Пулимни чангаллаб, хуноб бўлиб китоб қидириб юрганимни кўрган дўстларимдан бири Баҳри опага учрашни маслаҳат беришди.
Мен Баҳри опани танимас эдим. “Ие, — деди суҳбатдошим алланечук таъна аралаш кинояли боқиб. — Баҳри опани танимайдиган китобсевар бор экан-да шаҳримизда! Баҳри опа — китоб салтанатининг маликаси-ку!”
Менинг ҳамон анграйиб турганимни кўриб, суҳбатдошим Баҳри опанинг республика китоб савдосининг бошлиғи, жуда дилкаш, меҳрибон ва том маънода зиёли одам эканини уқдирди.
Китоб савдосининг идораси Навоий кўчасида қурилган янги иморатнинг ўнг қаватида жойлашган бўлиб, Баҳри опа узун, катта, ёруғ хонада ўтирар экан. Тўрда катта раҳбарнинг портрети, бир томонда республика харитаси. Хонада бошлиқнинг салобатли столи, устида ҳар хил китоблар, албомлар, аллақандай қоғозлар, бир томонда телефон, селектор… Деворнинг бир томонида китоб тўла жавонлар, қарама-қарши томонда эса 15-20 чоғли одам мажлис қилса бўладиган узун стол ва стуллар.
Хонани кўрдим-у, тарвузим қўлтиғимдан тушди. Негаки, бу хона мен биладиган калондимоғ, мутакаббир, бюрократ бошлиқларнинг хонасидан ҳеч нарсаси билан ажралиб турмасди. Лекин иш столининг ортида ўтирган ўрта ёшлардаги, истараси иссиқ аёл мени ўрнидан туриб қарши олди. У жуда оддий кийинган, шу билан бирга, устидаги костюм-юбкаси, оппоқ кўйлаги ўзига жуда ярашган эди. Юзида пардоз-андоз белгилари кўринмаса-да, аллақандай тиниқлик бор эди, бироз қисиқ кўзлари, қирра бурни, лаблари ва даҳанида эса қайси бир таниш шоирнинг чеҳрасини эслатадиган чизгилар бор эди. Кейин билдим — Баҳри опа Ғафур Ғуломнинг туғишган синглиси экан, шунинг учун унинг чеҳраси менга жуда таниш кўринаётган экан.
Аввалига бу аёлни ҳам ўзига бино қўйган, қўли остидаги хизматчиларга буйруқ бериб кун кўришдан бошқани билмайдиган бюрократлардан бири деб ўйладим, ҳатто унинг ҳузурига илтимос билан келганимга ичимда афсусланиб ҳам қўйдим. Баҳри опа мени столи ёнида турган юмшоқ ўриндиққа ўтиришга таклиф қилди, столининг устидаги чойнакдан бир пиёла чой қуйиб узатди, олдимга ширинликлар солинган вазачани суриб қўйди.
Мен нима илтимос билан келганимни айтдим. Ўша пайтда китобларга обуна бўлиш кенг расм бўлаётган эди. Бирон ёзувчининг кўп жилдлик асарлари ёки қомусларни, ҳар хил фантастика ҳамда саргузашт кутубхоналарими, бирон муҳим мавзудаги асарлар тўплами чиқадиган бўлса, уларга обуна эълон қилинади, сиз бир жилднинг ҳақини тўлайсиз, қўлингизга квитанция тутқазилади. Шу квитанция бир йилми-икки йилми муддат ичида қолган жилдларни ҳам олишингиз учун кафолат беради. Лекин ҳақини тўлаб, шу квитанцияни оламан, деганлар сон-мингта. Навбатда туриб, уларга етишмоқнинг иложи йўқ эди. Баҳри опа бунақа илтимосларга кўникиб қолган шекилли, ҳайрон бўлмади, аксинча, “китоблар ўзларининг чин эгаларига етиб боргани маъқул”, дедилар-да, менинг нима сабабдан айни шу китобни сўраб келганимга қизиқа бошладилар. Кейин, умуман, нималарга қизиқишимни, нималар ўқиганимни сўрадилар, гап орасида “Фалон китобни ўқиганмисиз? Фалон китоб ҳақида нима дейсиз?” деганга ўхшаш саволларни ҳам бериб қўярдилар. Биз орамизда 15-20 ёш фарқ бўлишига қарамай, дарров тил топишдик. Қаршимда ўтирган аёл одми ва тўпорига ўхшаб кўрингани билан бир зумда аён бўлдики, у жуда ўқимишли, савияси кенг, теран мулоҳазали, чиндан-да том маънода зиёли ва маърифатпарвар бир инсон эди. Мен кейинчалик Баҳри опанинг олдига тез-тез келадиган бўлдим. Шаҳардаги турли маданий-адабий йиғинларда учрашиб турардик. Мен у кишининг ўғли Даврон билан танишиб, дўстлашдим. У қўли гул жарроҳ эди, ноёб операциялар қилар, кейинроқ университетда Баҳри опанинг қизи Нодирахон билан бирга ишладик. Бу учрашувлар ва танишувлар оқибатида Баҳри опага ҳурматим ортгандан орта борди. У чиндан-да китоблар салтанатининг маликаси, деса арзигулик аёл эди. Китоблар салтанати, китоб дунёси бамисоли ҳудудсиз, чегарасиз бир уммонга ўхшайди. Бу уммонга кирган одам кеманинг рулини маҳкам тутишдан ташқари, елканларини бошқариши, ўтхоналарига чапдастлик билан ўт ёқишни ҳам яхши билиши керак. Баҳри опа шу уммонда ўз кемасини билағонлик билан бошқара оладиган, манзилга адашмай етказиб бера оладиган дарғалардан бири эди.
Китоб иши ҳар қанча нозик ва ноёб бўлмасин, бир вақтлар нисбатан осон иш бўлган. Ҳали матбаа унча ривожланмаган, машиналар бир кунда минглаб китобларни чоп этиб ташлайдиган, қўлёзмани қўлда кўчириб, қўлда муқовалаб, қўлда китоб ҳолига келтирадиган замонларда китобни тарғиб қилиш ҳам, тарқатиш ҳам осон бўлган. Лекин кейинчалик китоб босиш ва китобни тарқатиш халқ хўжалигининг жуда муҳим ва мураккаб тармоқларидан бирига айланди. Китоб — фақат тарбия қуроли, маънавий озиқ манбаи эмас, бизнес предметига ҳам айланди. Бу соҳа ҳам махсус билимга, уқувга, қолаверса, истеъдодга эга бўлган мутахассисларни талаб қилувчи соҳага айланди. Баҳри опа ўз соҳасининг энг нозик томонларини чуқур эгаллаган, унинг ҳамма паст-баландликларини биладиган мутахассис эди. Назаримда, айни китоб савдоси соҳасида унинг ташкилотчилик қобилияти ҳам, билимдонлиги ҳам, тадбиркорлик бобидаги салоҳияти ҳам анча-мунча тўла намоён бўлган. Республикада китоб савдоси тезкор, ихчам, самарали ва соат механизмидай аниқ ишлайдиган ташкилий шакллар касб этган эди. Тошкентдаги марказий аппаратдан ташқари, унинг вилоятларда ва шаҳарларда бўлимлари бор эди. Қишлоқларда эса “Ўзбекбирлашув”нинг китоб савдоси билан шуғулланадиган бўлимлари, тўғрироғи, катта-кичик магазинлари бўларди. Албатта, улар ўртасида муайян рақобат, кўз илғамайдиган мусобақа бўлиб турарди, аммо бу рақобат китоб савдоси ходимларига ҳам, китоб мухлисларига ҳам фақат фойда келтирарди. Китоб савдоси катта соҳа эди. Унинг нафақат магазинларида, балки базаларида ҳам юзлаб, балки минглаб одамлар ишларди. Баҳри опа уларнинг кўпчилигини шахсан танир, кимнинг нимага лаёқатли эканини яхши биларди. Натижада бу соҳага тажрибали ва малакали одамлар йиғилиб қолган эдики, уларнинг ҳам кўпчилиги ўз соҳасини худди Баҳри опа каби чин дилларидан севар ва унчалик сердаромад бўлмаса-да, йиллар мобайнида, баъзилар ҳатто бутун умрлари давомида бу соҳани тарк этмас эдилар. Мен бу одамларнинг кўпчилиги билан Тошкентда, Фарғона водийсида, Самарқанд ва Бухоро каби кўҳна шаҳарларда кўришганман, айниқса, қўқонлик китоб савдоси ходимлари билан дўстлашиб ҳам қолганман. Улар нафақат малакали ходимлар сифатида, балки ўз касбига садоқатли ва фидокор одамлар сифатида чуқур таассурот қолдирган эдилар. Улар шунчаки савдо ходими эмас, халқ маданиятининг жонкуяр арбоблари, камсуқум, заҳматкаш тарғиботчилари эди. “Китоб савдоси” деганимиз ўз номига кўра “савдо” дейилгани билан бошқа савдолардан кескин фарқ қилади. Масалан, нон дўконига ҳар куни бир маҳал-икки маҳал харидорнинг ўзи ўз оёғи билан келиб, керакли нонни харид қилиб кетади. Китоб дўконида эса бироз бошқача. Бунда баъзи китоблар шов-шув билан тезда қўлма-қўл бўлиб кетса-да, баъзи китоблар бир икки йиллаб туриб қолади. Бу ҳодиса бизнес нуқтаи назаридан чидаб бўлмайдиган ҳол — пул чархчининг чархидай қанча тез айланса, шунча кўп туғади, бинобарин, шунча кўп даромад келтиради. Мен Баҳри опадан китоб савдосининг бунақа ички “сирлари” тўғрисида тез-тез сўраб турардим. Баҳри опа “ҳа, энди ҳар соҳанинг ўзига хослиги бор-да”, дердилар-у, “сир”ни очишга ҳам ошиқавермас эдилар. Ниҳоят, бир гал мен кўпроқ хиралик қилдимми ёки Баҳри опанинг кайфиятлари ҳар доимгидан чоғроқ бўлиб турган эканми, ўзлари гапириб қолдилар:
— Ҳозирга пайтда, кўп соҳалар каби китоб савдоси ҳам самарали бўлмоғи учун чуқур илмий асосларга қурилиши керак, — дедилар Баҳри опа. Мен ичимда “оббо, мен аралашмаган бир китоб соҳаси қолувди”, дедим-у, кайфиятимни ошкор қилмай, тинглашда давом этдим. — Китобни кўпроқ сотмоқ ва эгасининг қўлига етказиб бермоқ учун маҳаллий жойларда росмана тадқиқотлар ўтказмоқ, потенциал китобхонларимизни обдон ўрганиб чиқмоғимиз керак.
Баҳри опа шундай деб картотекаларини кўрсатдилар. Мен уни ҳар ойда келадиган китоблар рўйхатидан иборат деб ўтирган эканман. Йўқ, унда республикамиздаги ҳар бир шаҳарда ва ҳар бир туманда яшайдиган одамларнинг ёшлари, маълумотлари, касбкорлари, мактаблар ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар ҳақида маълумотлар бор экан. Бинобарин, Тошкентдан, айтайлик, Оқтош ёки Каттақўрғон шаҳрига китоб жўнатилса, тўғри келган китобларни арава-арава жўнатмасдан, ўша ердаги одамларнинг ёшига ва касбкорига, қизиқиш даражасига, маданий савиясига мослаб жўнатар эканлар.
Баҳри опа ўзбек адабиётининг, ўзбек ёзувчиларининг яқин дўсти эди. Бу аёлнинг ўзбек адабиётига бевосита таъсири ҳам катта бўлган. Бу гапни ўқиб ҳайрон бўлманг, азиз ўқувчим. Ҳа, Баҳри опа шоира бўлмаган, романлар ёзмаган, лекин ўз касбининг тақозосига кўра адабиёт ривожига салмоқли ҳисса қўшган. Гап шундаки, адабиёт ривожи кўп жиҳатдан чоп этиладиган китобларнинг миқдорига боғлиқ. Китобнинг миқдори қанча кўп бўлса, ўқувчиларнинг сони ҳам шунча ортиб боради. Масаланинг яна бир томони бор. У кезларда ёзувчининг қалам ҳақи китобларнинг ададига ҳам боғлиқ эди. Масалан, китоб маълум миқдорда, масалан 10000 донадан ошса, қалам ҳақи 160 фоиз миқдорида тўланар эди. Бинобарин, ёзувчи нашр этилаётган китобининг адади кўпайишидан бевосита манфаатдор эди. Китобнинг ададини эса фақат Ўзувчилар уюшмаси ёки нашриёт эмас, китоб савдоси ташкилоти белгилар эди. Шунинг учун Баҳри опанинг идорасига ёзувчилар илтимос билан кўп келишар, Баҳри опа ҳам китобнинг кўпроқ сотилишига кўзи етса, унинг ададини кўпроқ белгилаб бераверар эди. Бу жиҳатдан ҳам Баҳри опа мардларча иш тутарди, бўладиган ишни чўзмасдан, мужмаллаштирмасдан, шартта ҳал қилиб берар ва ёзувчини мамнун қилиб чиқариб юборишга ҳаракат қиларди.
Ҳаёт бўлганида бугунги кунларда Баҳри опа 90 ёшга кирган бўларди. Бугун ҳам бу ажойиб аёлнинг унутилмас сиймосини кўз ўнгимга келтириб, унинг хотирасини эслар эканман, биринчи навбатда, халқимизнинг истеъдодларга, бетакрор шахсларга нақадар бой халқ эканидан ифтихор қиламан. Халқимиз орасидан асрлар мобайнида нафақат эркаклар орасидан буюк зотлар етишиб чиққан, балки ёрқин, ўзига хос, қобилияти ҳаммани қойил қолдирадиган аёллар ҳам кўплаб етишган. Уларнинг довруғи замонлар оша бизнинг кунларимизга ҳам етиб келган. Баҳри опа шундай аёлларимиздан бири эди. У буюк шоиримиз Ғафур Ғуломнинг туғишган синглиси эди. Аммо фақат шу хислати билангина бу аёл юртимизда катта донг қозонгани йўқ. У ўзининг ақл-заковати, билими, жўшқин ҳаракати, меҳр-мурувватга тўла қалби билан ҳам элу юртнинг ардоқли фарзанди бўлиб қолди. Баҳри опа китобга меҳри, унга фидойилиги, садоқати билан ҳам одамлар қалбида ўчмас из қолдирди.
Яқинда мен муҳтарам академигимиз Азизхон Қаюмов билан суҳбатлашиб қолдим. Гап айланиб, Баҳри опа тўғрисида кетди. Азизхон ака ҳам мен каби Баҳри опанинг мурувватларидан баҳраманд бўлган кўпгина одамнинг биттаси экан.
— Биз жадидларни ҳурмат қиламиз, — деди Азизхон ака. — Мана, ниҳоят мустақиллигимиз шарофати билан уларни тарихдаги ўринларига қайтаряпмиз. Улар жуда оғир шароитларга қарамасдан, зулматни маърифат машъали билан ёритишга ҳаракат қилишган, бу олижаноб ният йўлида молларини ҳам, жонларини ҳам аямаганлар. Менинг назаримда, элу юртимизни маърифатли қилишда, китобдан баҳраманд бўлишга ўргатишда Баҳри опанинг ҳам хизмати жадидларникидан қолишмайди. Биз жадидларни қанчалик эъзозласак, Баҳри Ғуломовага ўхшаган сиймоларни ҳам шунча қадрламоғимиз керак.
Академикнинг бу гаплари менга жуда манзур бўлди. Дарҳақиқат, менинг уйим турли дурдона китобларнинг нурларидан чароғон экан, ҳар гал бу китобларнинг анча-мунчаси менинг уйимга Баҳри опанинг шарофати билан келиб қолгани эсимга тушади ва қалбим бу ажойиб, мунаввар инсонга нисбатан илиқ туйғуларга тўлади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 3-сонидан олинди.