Исмоил Бекжон. Ҳинд сафари ёхуд Имомқулихоннинг махфий топшириғи (2003)

XVI аср иккинчи ярми — XVII аср биринчи ярмида яшаб, ижод этган замонасининг беназир фарзанди — самарқандлик шоир ва адабиётшунос Мутрибийнинг форс тилида битилган “Тазкират уш-шуаро” ва “Нусхайи зебоий Жаҳонгир” номли тазкиралари тўғрисида дунё олимлари кўплаб фикрлар билдирганлар. Бу нодир асарлар чоп ҳам этилган. Бироқ шунга қарамай мазкур манбалар ҳалигача махсус тадқиқ қилинмаган. Жумладан, муаллиф таржимаи ҳоли ҳам мавжуд маълумотлар асосида етарлича ўрганилган эмас. Кейинги изланишлар шуни кўрсатдики, Мутрибийнинг зиёли аждоди темурий ҳукмдорлар хизматида турли маърифий-маданий юмушларни бажарганлар ва шоирнинг ўзи ҳам худди шу соҳаларда ҳукмдорларнинг айрим давлат вазифаларини адо этган; унинг Ҳиндистонга саёҳати эса Имомқулихоннинг махсус топшириғи билан амалга ошган. Аниқлашимизча, Мутрибийнинг тазкира асарлари ёзилиши ва бу адабий манбаларнинг бизгача етиб келган қўлёзма нусхалари ҳам ўзининг қизиқ тарихига эга экан.

УЛУҒБЕК МИРЗОГА СИРДОШ АЖДОД

Мутрибийнинг маълумот беришича, унинг қадимий туркий қавмлардан арғун уруғига мансуб катта аждоди турли соҳаларда билимли кишилар бўлгани туфайли темурийлар хизматида ҳар хил вазифаларни бажариб, Самарқанд шаҳрида турғун яшаганлар. Шоирнинг мавлоно Хўжа Авлиёий номи билан танилган бобокалони Улуғбек Мирзонинг саройидаги хос ибодатхонаси мутасаддийси бўлган ва Улуғбек уни гоҳида ўз сирларидан воқиф ҳам этиб турган экан: “Раҳматли отам мазкур бобоси тилидан ушбу воқеани ҳикоя қилиб берган эдилар: у киши шаҳид Султон Улуғбек Кўрагон саройи мулозаматини адо этарканлар. Султоннинг хос ибодатхонаси муҳофазати, таҳорат суви ҳозирлаш ва жойнамоз (солиш) билан боғлиқ масъулиятли юмушлар мазкур бобокалоним зиммасида экан… Бир куни Мирзо Улуғбек у кишига, ҳар жумъа оқшоми ҳузурига ҳазрат Хўжаи Хизир алайҳиссалом келиб, мамлакат равнақига оид зарур ишлар ва уларнинг чора-тадбирлари юзасидан маслаҳатлар беришини айтганлар ҳамда бу сирни ҳеч бир кимсага ошкор этмасликни уқтирганлар”.
Мутрибийнинг яна хабар беришича, унинг юз ёшга яқин умр кўрган бобоси Малик Арғун ва отаси, катта амакиси ҳам зиёли кишилар бўлиб, ўз даврининг пиру авлиё, шоиру олимлари билан борди-келди қилганлар, катта давралардаги мушоаралар, баҳс-мунозараларда қатнашганлар. Шоирнинг она томонидан бобоси туғма бутов кўр киши бўлишига қарамай Басрий тахаллуси билан гўзал, мазмундор ғазаллар битган. Мутрибийнинг онаси ҳам фозила аёл бўлиб, отаси Басрий айтган назм дурларини қоғозга тушириб бораркан. Мутрибий ана шундай зиёли аждод давомчиси ўлароқ 1556 йилнинг 9 декабрида Самарқанд шаҳрида дунёга келади.

Яна Мутрибий маълумотларига қараганда, унинг Муҳаммад Али ва Шоҳ Али исмли ўғиллари бўлиб, улар ҳам ажойиб ғазаллар ёзганлар. 1624 йили Балх, Бадахшонга саёҳатида отасига ҳамроҳлик қилганлар. Катта ўғли Муҳаммад Али отаси билан Ҳиндистонга ҳам бориб қайтади. Шоҳ Али отасининг мадрасадош дўсти, ўша даврнинг довруғли шоири Ашкий Самарқандийнинг куёви экан. “Нусхайи зебоий Жаҳонгир”да қайд этилишича, Мутрибий 1628 йилнинг августида Самарқандда яшаб турган. Мутрибийнинг асл исми ва қачон вафот этгани борасида ҳозирча қўлимизда аниқ маълумотлар йўқ.

ИЛМ-ФАН, АДАБИЁТ ВА САНЪАТ ЧОРРАҲАСИДА

Мутрибий даставвал мактабда савод чиқаргани, 12-13 ёшидан эса ўрта ва олий билим берувчи мадрасаларда қунт билан таҳсил олгани ҳақида гапиради. Бу пайтда Самарқандда Мадрасаи олияий Сароймулкхоним, Султон Улуғбек, Амир Шоҳмалик, Хўжа Аҳрор, Шайбонийхон, Абу Саидхон, Амирхон, Қози Абдулғафур шаҳид, Муҳаммад Али Дарвеш Тархон, Соқий Зоминий, Мадрасайи Хўржин ва яна бошқа мадрасалар фаолият кўрсатган. Адиб уларда ўлканинг ўта билимдон, малакали устоз олимлари, Туркия, Эрон, Озарбойжон, Афғонистондан келган алломалар аниқ, табиий, диний ва гуманитар фанлардан давомли дарслар берганини ёзади. Самарқанддаги Улуғбек масжиди ва бошқа шу каби масжидларда ҳам Қуръон қироати, Ҳадис бўйича махсус билимлар берилган. Мутрибий устози Назрий Бадахшонийга бағишланган маълумотда қизиқ бир воқеани келтиради. Илмга чанқоқ талабалар мазкур охунддан қўшимча дарслар олиш учун эртаю-кеч унинг ҳужрасидан кетмас, охунд эса улардан қутулиб, ўзи ҳам озгина бўлса-да, китоб мутолаасига берилиш учун бир шогирдига буюриб, қулфни эшикнинг ташқарисидан остириб қўяркан. Улуғбек мадрасаси деворида эса ўз ўқи атрофида “худди осмонга отилиб, яна ерга қайтиб тушаётган коптокдек айланувчи ер курраси” ва ундаги жуғрофий кенгликлар, шаҳару ўлкалар номи ёзилган харита чизиб қўйилган экан. Мутрибий ёзишича, у аллома Тафтазонийнинг “Мутаввал” китоби асосида илми маоний, илми баён, илми бадеъ соҳаларини бир неча йил давомида ўша даврнинг забардаст олими Исматулло Охунддан ўзлаштиради. Ҳақиқия ва илоҳияни Самарқанддаги Абу Саидхон мадрасасида Назрий Бадахшонийдан, адабиётга оид билимни Амир Шоҳмалик мадрасасида мавлоно Қосим Румийдан, Қуръонга доир баъзи илмларни Ҳофиз Муҳаммад Аминдан, илми сиёқ (ҳисоб-китоб) соҳасини асли ҳиротлик, лекин Самарқандда турғун бўлиб қолган Ғарибий Ҳеравийдан ўрганади. Ёшлигида эса Бухорода Эрондан келган ва “Муллои нав” лақаби билан танилган файласуф олим Мирзожон Шерозийнинг оммавий дарс ва баҳс-мунозараларида қатнашган.
Мутрибий санъатларнинг бир неча соҳаларида ҳам ўз истеъдодини таниқли устозлар ҳузурида мукаммаллик даражасига етказади. Мусиқада туғма истеъдод эгаси бўлган Мутрибий 1580-йиллари Бухорога қатнаб, Али Дўст Ноийдан бир неча йил давомида най чалиш сирларини ўрганади. Камолиддин Ҳофиздан қонун, сетор, доира ва найда чалинадиган ҳамда Юмлий Миёнколий, Зириҳий Туркистонийдан “Шашмақом”нинг яна бир неча катта куйларини ўзлаштиради.
Мутрибийнинг ҳуснихат ва китобат санъатига доир тазҳиб соҳасига ҳам зўр қизиқиши бўлиб, Рустам Наққошдан қўлёзма китобларга олтин суви югуртириш ва замонасининг моҳир хаттотларидан ҳуснихат турларини ўзлаштириб, бу соҳаларда ҳам ажойиб намуналар яратади.
Мутрибийнинг хабар беришича, у 17-18 яшарлигидаёқ шеър соҳасида ўз истеъдодини намоён эта бошлайди ва ўз шеърларини Абу Муҳаммад Даҳбедий (Аминий) бин Махдуми Аъзам каби олимлар имтиҳонидан ўтказади, 1573 йили Балхда машҳур шоир Жоний Кобулийга ўз шеърларини ўқиб беради. Мутрибий Бухорога устози Али Дўст Ноий ҳузурига қатнаб юрган пайтлари тасодифан машҳур шоир ва тарихнавис Ҳофиз Муқимий Бўстонхоний Самарқандий билан Бухоро йўлида яқиндан танишиб қолади ва унинг маслаҳатига кўра аруздан махсус таълим олиш учун шу Бухорога боришида тўғри Ҳасанхожа Нисорий ҳузурига йўл олади. Баҳовуддин Нақшбанд мақбараси яқинида жойлашган Нисорий уйи ўзига хос илм даргоҳига айланган бўлиб, бу ерда бир вақтнинг ўзида турли ўлкалардан келган ёшлар аруз сирларидан воқиф бўлар, катта-кичик шоирлар мушоара, адабиёт масалалари бўйича мунозаралар ўтказар эдилар. Нисорийга Ҳиндистон, Қашқар, Хуросон, Хоразм ва Туркия шоиру фозилларидан, подшоҳ ва хону султонлардан мактублар, улар ёзган шеърлардан намуналар келиб турарди. Мутрибий ўз тазкираларида Нисорий ҳузурида 1588 — 1592 йиллар мобайнида кечган онларини мамнуният билан эслаб, шеъриятда нимага эришган бўлса, уни Нисорийга шогирдлиги шарофатидан деб билади. Кейинчалик ўзи ҳам шеър, мусиқа, ҳуснихат соҳаларида ўнлаб шогирдлар етиштиради ва улардан айримлари номини фахр билан тилга олади.

ЖАҲОНГИР ПОДШОҲ БИЛАН ЎТТИЗ УЧРАШУВ

Мутрибий шайбонийлар ва аштархонийлар даврида давлат ишларига жалб этилиб, бироз вақт Самарқанд ҳокими Ҳожи Оталиқ Дўрмон (1573 — 1598) хизматида айрим идоравий ишларни бажаради. Хожа Зайниддин Муҳаммад бин Сай- йид Ҳодихўжа Нақшбандий исмли амалдор Бухоро, Самарқандда садр пайти (1598 — 1618) Самарқанддаги баъзи мазоротлар мутавваллийси бўлади ва шу орада Самарқанднинг навбатдаги ҳокими Низомиддин Ҳожибей Оталиқ Қушчи хизматида ҳам туради, сўнгра Имомқулихон давлатининг таниқли арбоби Ёдгор Қўрчи ёнида Бухоро, Балхда илм-фан, маданият соҳасидаги ишларга бош-қош бўлади.
“Нусхайи зебоий Жаҳонгир” тазкирасининг яратилиши Мутрибийнинг Ҳиндистон сафари билан боғлиқ ва бу асар Жаҳонгир подшоҳга бағишланган. Бу тазкира маълумотлари таҳлили шуни кўрсатадики, шоирнинг кўп йиллар кўнглига тугиб юрган ва ахири рўёбга чиққан мазкур саёҳати Имомқулихон давлатининг муайян мақсадлари йўлида амалга ошган. Аммо Мутрибий бу тўғрида очиқ маълумот бермайди. Бизнингча, бунинг сабаби бир томондан, топшириқнинг махфийлиги бўлса; иккинчидан, Мутрибий бу сафарга Имомқулихоннинг элчиси Абдураҳимхожа Жуйборий билан бирга чиққан ва асосий расмий топшириқлар хожа зиммасига юклатилган. Мутрибий эса иккинчи даражали шахс бўлган. Гарчи шундай эса-да, тазкирада бу сафар давомида Мутрибийга ҳам айрим очиқ ва яширин муҳим вазифалар юкланганини англатувчи далиллар мавжуд. Муаллиф маълумотларига кўра, у Жаҳонгир подшоҳнинг Мовароуннаҳрдан Ҳиндистонга қайтиб кетаётган элчиси Саййид Мир Барака ва аштархонийлар элчиси Абдурҳимхожа Жуйборий ташаббуси билан йўлга чиқади. Улар Мутрибийнинг Ҳиндга ўзларидан олдинроқ етиб бориши учун барча расмий, молиявий шароитларни яратиб берадилар. Мутрибий Жаҳонгир билан учрашувларини тасвирлар экан, ўзининг Имомқулихон ҳимояси остидалиги, Ҳинддан қайтгач тўппа-тўғри бу ҳукмдор ҳузурига боражагини қайта-қайта таъкидлаб ўтади. Жаҳонгир унга Ҳиндистонда қолишни қаттиқ туриб таклиф этганда эса шоир ваъда қилинаётган зўр шароитлар, катта маблағ ёки, ҳатто, соғлиги кун сайин ёмонлашиб бораётган бу подшоҳнинг кўнгли учунгина озгина вақт бўлса-да, Ҳиндда туришга розилик бермай, Абдураҳимхожа Ҳиндистонга етиб келгани ҳамоно кўп ўтмай Мовароуннаҳр сари йўлга тушади.
Мутрибийнинг бундай ярим ошкора, ярим махфий хусусиятга эга дипломатик хизматлари Имомқулихон ҳукуматига нима учун керак эди?
Маълумки, аштархонийлар давлати Балх вилояти минтақаларида бобурийлар давлати билан чегарадош бўлган. 1625-йиллари Жаҳонгир билан ўғли Шоҳ Жаҳон ўртасида ички низолар кучайган бир пайтда бобурийлар ва аштархонийлар ўртасида ҳам дипломатик нохушликлар юзага келганди. “Жаҳонгирнома” маълумотларига кўра, ўша пайтлари Жаҳонгирнинг элчиси Саййид Мир Барака Имомқулихон билан музокараларда чегара масалалари бўйича аниқ бир келишувларга эриша олмай бир йилдан кўпроқ вақт Бухорода ушланиб қолади. Аммо Ҳиндистонда ота-ўғил ўртасидаги зиддиятлар кескинлашиб, тахт тепасига Шоҳ Жаҳон келиши эҳтимоли кучаяди. Бу эса Имомқулихон давлати учун чегара ҳудудларида анча ноқулайлик, хавф-хатарлар вужудга келтириши мумкин эди. Шоҳ Жаҳон тахтга ўтирса, у билан тинч-тотув қўшничилик муносабатлари олиб бориш оғир кечиши мумкинлигини ўйлаган Имомқулихон дарҳол Жаҳонгир подшоҳга дўстлик изҳор этиш мақсадида унинг элчиси Мир Баракага рухсат бериб, ўз элчиси сифатида нуфузли шайх Абдураҳимхожа Жуйборийни Ҳиндистонга жўнатади. Бироқ, Ҳиндистондаги вазиятни яқиндан ўрганиш ва шу асосда келажакнинг дипломатик режаларини тузиш учун хонга бу элчилик фаолияти камлик қиларди. Зеро, кекса ва ихтиёри ўз қўлида бўлган, кейинги пайтлари хон билан ораси бироз бузилган Абдураҳимхожанинг Ҳинддан қайтиб келиш-келмаслиги юзасидан хон қўлида бирон-бир кафолат йўқ эди. Ана шундай вазиятда бу ўта муҳим топшириқ учун ўтган йили Ҳиндистон сари йўлга чиқиб, аммо Балхдан нарига ўта олмай қайтган ва бу орзудан ҳали воз кечмаган, кекса бўлса-да, анча тетик, давлат юмушларида суяги қотган Мутрибий энг ишончли, муносиб киши эди. Албатта, бу фикрлар Мутрибийнинг мазкур тазкираси ва “Жаҳонгирнома” ҳамда бошқа манбалар маълумотлари таҳлилидан чиқарган хулосамиздир. Мутрибийнинг бизга қолдирган хабарлари эса тубандагича.
Мутрибийнинг Мир Дўстий деган яқин дўсти Ҳиндистонга сафар қилиб, Акбар подшоҳ топшириғига кўра ўша ўлкада бутунлай яшаб қолиш ниятида оиласини кўчириб кетгани Самарқандга келади. У Ҳиндистонни роса мақтаб, Мутрибийни ҳам кетишга ундайди. Мутрибий дўстининг ҳикояларидан сеҳрланиб “ақлдан озай” дейди, бироқ, катта оиласини ташлаб кетишга ҳеч иложи йўқлигини айтади. 1604 йили ҳиротлик Мулло Назирий Машҳадий саёҳат билан Самарқандга келади ва Мутрибийникида ҳам меҳмон бўлиб, ўз юрти Хуросонни жуда мақтайди, Ҳиндистон сари ҳам сафар қилажаги, агар хоҳласа уни ҳам Ҳиндистонга бирга олиб кетиши мумкинлигини билдиради. Шоир бу таклифга кўнади. Бироқ Назирий Тошкентдаги пиру авлиёлар мазоротларини тавоф қилиш учун ўша шаҳарга ўтиб кетганича қайтиб Самарқандга келмайди ва Мутрибий учун Ҳиндистон сафари яна орзулигича қолади. Аммо у Ҳиндга боришдан умидини узмайди, устози Нисорий етолмаган орзуга етишишни бир дам ҳам хаёлидан чиқармайди. Бу истакларини “Тазкират уш-шуаро” асарида бот-бот эслатиб ўтади, Ҳиндга кетиб қолган дўстлари билан хатлар ёзишиб туради. У 1624 йили ўғиллари Муҳаммад Али, Шоҳ Али билан Балх, Бадахшон, Толиқон, Давлатобод, Қундуз вилоятларига сафар қилиб қайтади. Бир йилдан кейин эса Ҳиндистон сафарига отланади ва Балхгача етиб бориб, яна бу ўлка хону султонлари, шоирлари мулоқотига етишади. Жаҳонгир подшоҳ ҳузурига совға билан бориш учун 1034 йилнинг ражаб (1625 йил, май) ойида янги бир тазкираси — “Нусхайи зебоий Жаҳонгир”ни тузишга киришади. Бироқ биз билмаган сабабларга кўра, у бу сафарни давом эттира олмай яна Самарқандга қайтади. Бир йил ўтгач, аниқроғи, 1626 йилнинг мартида Мутрибий катта ўғли Муҳаммад Али билан Ҳиндистон сари йўлга чиқади. У Бухорода Абдураҳимхожа Жуйборий ва Саййид Мир Барака билан учрашади ва уларнинг қистови билан катта карвонга қўшилиб, май ойида Балхга етиб келади. Мутрибий Балхда икки ойча ушланиб қолади ва Абдураҳимхожа, Мир Барака ҳам унинг кетидан бу шаҳарга етиб борадилар. Мутрибийнинг Кобулга ўтишда чегара расмиятчилигига дуч келганидан хабар топиб қаттиқ ташвишланган Мир Барака бу масалаларни зудлик билан ҳал қилади ва ота-ўғилни бобурийлар давлатига қарашли Кобулга ўтказиб юборади. Мутрибий Кобулда оз вақт тургач, тез орада Нилоб ва Пешовар шаҳарлари орасидаги Навшаҳрга етиб боради. У ерда юқорида номини эслатганимиз — бир пайтлар аштархонийлар садри бўлган, эндиликда эса Ҳиндистонда мансаб эгаси бўлиб турган Хожа Зайниддин Муҳаммад бин Саййид Ҳодихўжа Нақшбандий билан учрашиб, уникида меҳмон бўлади. Тез орада Пешоварга, у ерда бироз туриб, сўнг пойтахт Лоҳурга етиб боради. Бир ойдан кўпроқ вақт давомида шу шаҳарда тазкирасини тугатиб ва қайта кўчириб 1036 йил 19 раби ул-аввал (1626 йил, 9 декабр) куни Хожа Фахриддин Ҳусайн бин Хожажон девон воситасида Жаҳонгир подшоҳ саройида унинг мулоқотига етишади.
Мутрибий ўз хотираларида Жаҳонгир билан ўттиз мартага яқин учрашгани ва бу мулоқотлар мазмунини бир-бир баён этади. У шу орада саройда малика Нуржаҳон бегим ва Ҳинд давлатининг бошқа устунлари билан ҳам учрашади. Улар шоирга қимматбаҳо совғалар тортиқ қиладилар.
“Жаҳонгирнома” маълумотларига қараганда, 1626 йилнинг 25 октябрида Ҳиндистонга Абдураҳимхожа ва Саййид Мир Барака Кобулга кириб келгани, уларни Кобул ҳокими Зафархон муносиб кутиб олгани ҳақидаги хабар етиб боради. Улар пойтахт Лоҳурга эса 1627 йилнинг 11 мартида кириб борадилар. Абдураҳимхожани Лоҳурга уч манзил ерда Жаҳонгирнинг энг яқин кишилари Мусавийхон, Баҳодирхон Ўзбек кутиб оладилар. Лоҳурга етгач Иродатхон, Хожа Абулҳасан девон азиз меҳмонга пешвоз чиқадилар ҳамда ўша куниёқ Абдураҳимхожа ва Жаҳонгир подшоҳ учрашуви бўлиб ўтади.
Мутрибийнинг ёзишича, Жаҳонгир подшоҳ Мутрибий билан мулоқотларининг бирида Абдураҳимхожанинг ҳам соғ-омон Лоҳурга етиб келганини катта хурсандчилик билан изҳор этган экан.
“Жаҳонгирнома”да айтилишича, Жаҳонгир подшоҳ 1627 йилнинг 20 мартида катта тантана билан Наврўз байрамини нишонлайди. Мутрибийга кўра, Жаҳонгир уни ўзи билан Кашмирга олиб кетажагини, у ерга Абдураҳимхожани ҳам олиб кетаётганини айтади. Мутрибий эса юрти сари қайтишга рухсат сўрайди. Шоирнинг анча илтимос ва узр сўрашларидан сўнг Жаҳонгир ўта оғриниб, Мутрибийга келгуси йили яна қайтиб келиш шарти билан ижозат беради.
Жаҳонгир подшоҳ ҳар йил ёз Кашмирда дам олиб, касал жонига оро киритарди. Шу йили у Абдураҳимхожани ҳам Кашмирга олиб кетади ва 1627 йилнинг 4 ноябр куни Кашмирда касали оғирлашиб, оламдан ўтади. Абдураҳимхожа ҳам шундан бир неча ой ўтиб Лоҳурда ҳаётдан кўз юмади. У билан бирга Ҳиндистонга борган ўғли Муҳаммад Сиддиқхожа кейинроқ отаси наъшини Бухорога олиб келади.
Мутрибий 1627 йил апрелида Лоҳурдан чиқиб, ўша йил июлида Балхга, икки-уч ойдан сўнг эса Бухоро, Самарқандга етиб келади.

ҚЎЛЁЗМАЛАР ЯШИРГАН СИР

Мутрибий “Тазкират уш-шуаро”ни Самарқанд ҳокими Хожибей Оталиқ Қушчи хизматида юрган ҳижрий 1011 — 1013 йиллари ёзади. Бизгача ягона қўлёзма нусхада Мутрибий дастхати билан етиб келган бу асарда унинг бош хон Вали Муҳаммад аштархонийга бағишлангани алоҳида таъкидланган. Бироқ, негадир, Вали Муҳаммадхон тазкиранинг бошидан — охиригача Балх вилояти волийси (ҳокими) сифатида тилга олинади, бош хон эса Боқий Муҳаммад деб кўрсатилади, тазкиранинг ҳижрий 1013 йили ёзиб тугалланаётгани қайта-қайта таъкидланади. Шу ерда айтиб ўтиш керакки, Ғаний Тошкандий исмли шоир ҳақидаги маълумотда қайд этилган сана бундан мустаснодир. Чунки бу лавҳа қўлёзманинг ҳошиясида келган бўлиб, унда 1014 ҳижрий санаси ҳам эслатилган. Тазкирада бу сана Мутрибий дастхати билан фақат бир бор, шу ҳошиядагина берилган. Савол туғилади — муаллиф асар ёзилиш йилини фақат 1013 ҳижрий шаклида ҳавола эта туриб, қандай қилиб қўлёзманинг Ғани Тошкандий маълумоти ичига 1014 йил воқеаларини ҳам киритган? Яна, нега бош хон сифатида бир пайтда икки хил одам кўрсатилган? Тадқиқимизга кўра, гап шунда бўлганки, бош хон Боқий Муҳаммад 1013 ҳижрий йилнинг охирида вафот этади ва 1014 йил муҳаррамида (1605 йилнинг июни) унинг укаси Балх ҳокими Вали Муҳаммад Бухорога келиб, бош хонлик тахтига чиқади. Бу пайтда Мутрибий “Тазкират уш-шуаро”ни тугатиб, уни Боқий Муҳаммадхонга бағишлаш арафасида эди. Аммо воқеалар бошқача тус олиб, кўрганимиздек, Мутрибий энди асарни янги бош хонга бағишлаши керак бўлган ва китобат қилинган тайёр қўлёзмани буза олмай, фақат бағишлов сарлавҳасидаги хон номини рангли сиёҳда ўзгартириб қўйган. Китобдаги бошқа фактлар эса эски сана бўйича қолаверган. 1605 йил май ойида тугаган асар ўша йили июл ойи Вали Муҳаммадга бағишланиб, Мутрибий уни янги бош хонга тақдим этган. Ғани Тошкандий ҳақидаги маълумот ҳам шу зайл кейинги йил санаси билан тазкирага кириб улгурган.
“Тазкират уш-шуаро”нинг бошқа қўлёзма нусхалари мавжудлиги айтилса-да, ҳозирча бу асарнинг фақат ЎзФАШИ Қўлёзмалар хазинасидаги 2253-рақамли мазкур ягона нусхаси илмий жамоатчиликка маълум. Афсуски, Мутрибий қўли билан битилган бу қўлёзма ҳам бизга ноқис ҳолатда етиб келган. Аниқроғи, қўлёзмадан қачонлардир бир неча варақ йиртиб олингани натижасида бу қўлёзманинг 170б-бетидаги матнда узилиш юзага келган. Яъни Мутрибий асар бошидаги мундарижада кўрсатган “нун” ҳарфининг Биринчи нуқтаси ва яна Иккинчи, Учинчи нуқталар бу ерда бутунлай йўқ. Яна шу ерда “син” ҳарфининг Биринчи нуқтасида ҳам бир неча шоир йўқ. Шунга қарамай, бу қўлёзма нусха орқали бизгача 326 нафар ижодкор ҳақидаги қимматли маълумотлар етиб келган.
“Нусхайи зебоий Жаҳонгир” тазкирасининг ҳам ҳозирча битта нусхасигина маълум. Қўлёзма 1665 йили Шоҳжаҳонободда кўчирилган бўлиб, ҳозир Англиянинг “Индия оффис” кутубхонасида сақланади. Айрим узилиш ва ҳатто имловий хатолардан холи бўлмаган бу қўлёзма асар маълумотларини таҳлил этиш шуни кўрсатдики, мазкур қўлёзма Мутрибийнинг 1626 йил 9 декабрда Жаҳонгир подшоҳга топширган таҳрир нусхаси асосида кўчириб ёзилмаган. Чунки унда Мутрибийнинг Ҳиндистондан қайтганидан кейинги кўрган-кечирганлари ҳам ўрин олган ва бу қўлёзма асардаги энг охирги сана “1037 йил зулқаъда” (1628 йил, август) шаклида қайд этилган. Бу дегани — Мутрибий мазкур қўлёзмага асос бўлган “Нусхайи зебоий Жаҳонгир”нинг бошқа таҳририни Самарқандда 1628 йилдан сўнг ёзиб ниҳоясига етказган. Маълумки, Мутрибий тазкирани Жаҳонгирга топширганда бу ҳукмдор ўзининг ҳам кичик ҳажмдаги тазкирасини Мутрибий тазкираси билан бир муқова ичида сақлашни буюради.
Мутрибий Жаҳонгир подшоҳ билан мулоқотларини хотиралар тарзида алоҳида қаламга олади. Бу асарини у 1627 йил 25 феврал куни Ҳиндда ёза бошлаган. Мазкур мавжуд қўлёзма нусхада эса ҳам Жаҳонгир тазкираси, ҳам учрашув хотиралари тазкирага илова ва хотима сифатида, аммо асар таркибига сингдирилган ҳолда киритилган. Буни муаллиф китоб бошидаги мундарижадаёқ таъкидлаб ўтади. Эндиликда шу аён бўлмоқдаки, Мутрибий ўз асарлари қораламаси ва Жаҳонгир китобидан кўчирмани Лоҳурдан ўзи билан олиб қайтиб, кейинги воқеаларни ҳам уларга жой-жойи билан қўшиб, асарнинг янги таҳририни яратган. Бу таҳрир ҳам қачондир Ҳиндистонга бориб, бир неча бор қайта кўчириб ёзилган ҳамда улардан бир нусха бизгача етиб келган. Асарнинг Жаҳонгирга туҳфа этилган нусхаси эса ҳали топилган эмас. Агар бу қўлёзма нусха ҳам қўлга киритилса, манбашунослик нуқтаи назаридан унинг алоҳида ўз қимматига эга бўлиши шубҳасиздир.
Хулоса қилиб айтганда, шоир ва адабиётшунос олим Мутрибий ўз замонасининг пешқадам зиёлиси сифатида ХVI аср иккинчи ярми — XVII аср биринчи ярмида мамлакатда маданий-маърифий ишларга бош-қош бўлган, айрим дипломатик юмушларни ҳам бажарган. Бироқ, афсуски, унинг ана шу давр маданий, адабий ҳаётини акс эттирувчи тазкира асарлари ўзбек тилига таржима қилинмасдан келмоқда.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 14-сонидан олинди.