Нажмиддин Комилов. Қалби гавҳардай покиза эди… (2002)

1971 йилнинг январи эди. Мен Тошкент давлат дорилфунуни (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факултетидаги Таржима назарияси ва нашриёт ишлари кафедрасига энди ишга қабул қилингандим. Кафедра мудири марҳум устозимиз Ғайбулла Саломов билан бир хонада ўтирардик. Менинг андак ҳайрон бўлиб турганимни кўрган домла дедилар: 
-Кафедра, мулла Нажмиддин, ҳозирча уч кишидан иборат: мен, камина — мудир, сиз — ўқитувчи, Тилакжон — лаборант.
-Қани ўша лаборантингиз, ахир, у домлалардан олдин келиб ўтирмайдими, хонани саранжомлаб, у ёқ-бу ёғига қарамайдими? Домла индамадилар. Кейин менга қараб:
-Ана шу лаборант Тилакни топиб келасиз, сизга биринчи топшириқ шу.
-Қаердан топаман уни? — деб сўрадим.
-Фалон ётоқхонага борасиз, Тилак Жўра қаерда туради, десангиз, кўрсатишади.
Камина домла айтган талабалар ётоқхонасига бордим ва дуч келган талабадан суриштирдим.
-Ҳа, шоирми, юринг кўрсатаман, — деди ва ётоқхонанинг иккинчи қаватидаги энг охирги кўримсиз бир эшикни бориб тақиллатди. Ичкаридан «Ким у?» деган овоз келди. «Эшикни очинг, сизни зиёрат қилгани келишибди», деди талаба.
Шунда эшик очилиб, жилмайиб турган бир навқирон йигит кўринди. Мен ўзимни таништирдим. У «ичкари»га таклиф қилди. «Ичкари» сўзини тирноққа олганимга сабаб шуки, бу росмана одам яшайдиган хона эмас, балки ётоқхонанинг у — бу нарса сақлайдиган жойи эди. Хона тор бўлиб, Тилакнинг ўзи, бир темир кроват ва бир тумбочка зўрға сиғарди. Мен бир амаллаб темир кроватга чўкдим. Хона папирос тутуни ҳиди билан тўлган эди.
Билдимки, Тилакжон эндигина қишлоқдан келиб, журналистика факултетида сиртдан ўқир ва кун ўтказиш учун лаборант бўлиб ишлар экан. Бу мулойим йигит илм олиш илинжида, шеър илинжида мусофирликнинг оғир машаққатларини бўйнига олган. Кўз олдимга онам сўзлаб берган қаландар дарвешлар келди. Сочларининг ўсиб кетгани, ҳеч нарсага парво қилмай, ўз ҳолига сира ачинмай ижод қилиши, шу бурчак хонада ширин ва бокира туйғулар оғушига ғарқ бўлиб шеър ёзиши менинг бу йигитга қизиқишимни орттирди, қалбимда бир илиқлик сездим.
Ахир, мен ўзим ҳам аспирантурага ўқишга келиб, бу азим Тошкентда қанча машаққат чекмадим. Китобларимни орқалаб оилам билан етти жойга кўчганман. Менга таниш эди бу ҳолат. Аммо, барибир, Тилакнинг ҳолатига ачингандай бўлдим. Бироқ сал ўтмай биз буни унутдик, чунки Тилакжон янги ёзган шеърларини ўқиб бера бошлади. Тингладим. Бошқаларини ўқишини сўрадим. У гоҳ ёддан, гоҳ қоғозга қараб шеър ўқир, завқланиб, ўз шеърларини тушунтирар, қандай ёзилганлигини сўзларди. Бир пастда тор ва димиққан хона кенгайиб кетгандай бўлди, кўнглим яйради.
Бу йигит шунчаки ҳаваскор қаламкаш эмас, у шеъриятнинг шайдоси, истеъдоди ярқ этиб кўринган шоир экани шеърларининг ҳар сатридан билиниб турарди. Буғдойзор далалар, деҳқон терининг сархуш қилувчи ҳидини ифодаларди бу шеърлар. Бирдан устознинг топшириғи эсга тушиб, иккаламиз кафедрага йўл олдик.
Таржима назарияси кафедрасининг журналистика факултетида тузилганлиги кўпчиликка эриш туюларди, чунки одатан таржимачилик филология соҳаси ҳисобланган. Аммо ҳаёт шуни кўрсатдики, айни журналистларга таржимачилик кўпроқ керак экан. Ғайбулла Саломов яна бир бор ҳақ бўлиб чиқди. Зеро, таржима — ижодий иш, кенг соҳаларни қамраб олади. Айнан таржима нашриёт ва редактсияларда ходимларнинг асосий машғулоти бўлиб, таҳрир масаласи ҳам, сўз устида ишлаш маҳорати ҳам, бадиий дид ҳам шу орқали «пишар» ва камол топарди. Бунинг устига, айнан журналистика факултети ижодкор ёшлар таҳсил оладиган жой эди.
Шу боис бўлса керак, таржима назарияси кафедраси ўзи кичкина бўлса ҳам, аммо талабаларнинг асосий таҳсил жойига айланди, ёш қаламкашлар, шоирлар бизнинг кафедра атрофига уюшган, ижодий мунозаралар ташкил қилинар, фикр қайнарди. Ана шу мунозара — муҳокамалар марказида Тилак Жўра турарди. Ёш ижодкорлар «Тилак ака» деб унинг этагини тутар, у эса қўлидан келгунча уларга ёрдам берарди. Тилакжонни яхши кўрмаслик мумкин эмасди. Бу содда, деҳқонча табиатли, ростгўй ва тўғри сўзли одам бошқалардан ҳам шуни талаб қиларди, қинғир ва бемаъни ишларни кўрса, хафа бўлар, дили оғрирди. У ўз фикрини мажлисда бўлсин, суҳбатларда бўлсин, яширмай, тўппа-тўғри баён этар, дилида бори тилига чиқиб турарди.
Менинг кўз олдимда Тилакжон ўсиб камол топди, кетма-кет учта шеърлар тўплами, сайланмаси чоп этилди, диссертатсия ёзиб фан номзоди бўлди. Ёзувчилар уюшмасига қабул қилинди.
Катта-катта адиблар, танқидчилар оғзига тушди. Аммо Тилак кеккайиб кетгани йўқ. У ўша-ўша дарвеш шоир, хоксор инсонлигича қолди, шоир Тилак Жўра ва ўқитувчи Тилак Жўраев бир-бирида ажралмас эди. Чунки унинг маъруза ва дарслари ҳам шеърият суҳбатлари, гўзал ғоя, гўзал сўзнинг сеҳрини кашф этиш эди. Шу боис талабалар унинг дарсларини интиқлик билан кутардилар. Оддий мулоқотда андак дудуқланиб, тез-тез гапирадиган Тилак маърузада яйраб гапирар, ажабтовур бир енгиллик билан тингловчиларга мураккаб илмий муаммоларни тушунтириб берарди. Адабиётнинг нозик масалаларини нозик ва жуда теран англар, ўзи ҳали номзодлик диссертатсияси ёзмай, кўп тадқиқотчиларга мавзу топиб берар, диссертатсия ва диплом ишлари муҳокамасида ҳам оригинал, тоза фикрлар айтиб, бизларни ҳайрон қолдирарди. Адабиётшунослик ва таржимашуносликни у қуруқ масалалар йиғиндиси эмас, балки жонли бир жараён, эстетик воқеа деб қабул қилар ва шундай ўргатишга мойил эди.
Тилакжон, шу тариқа, кафедранинг асосий фикр берувчи кишиларидан бирига айланган эди, уни бир кун кўрмасак соғинардик, у бўлмаса ҳамма гўё бир нарсасини йўқотгандай хомуш ўтирар, у кириб келса, хонага нур киргандай, файз киргандай бўлар, ҳазил-мутойиба бошланиб кетарди. Яхши одамнинг фариштаси бор деб шуни айтсалар керак. У ҳақиқатдан ҳам фариштали, Худо ярлақаган инсон эди.
Мен бу ўринда Тилак Жўра билан Ғайбулла Саломов орасидаги муносабатларга тўхталмасам бўлмас. Бу иккаласи ажралмас ва қиёматли дўст эдилар, йўқ, ота-фазанддай бир-бирларига яқин эдилар. Ғайбулла ака меҳрибон отадай Тилакнинг эркаликларини кўтарар, унга иложи борича оғир гапирмас, аммо жуда устакорлик билан талаб қўйиб турарди. Тилакнинг ўксик қалбини (у катта шоир ва олим бўлгандан кейин ҳам, барибир ўксик сезарди ўзини) Ғайбулла ака жуда яхши ҳис қиларди. Тилакнинг дўстлари кўп эди. Миразиз Аъзам, Саъдулла Аҳмад, Отаёр, Нортўхта Қилич унинг тез-тез кўришиб турадиган, «ижодий даврадошлик» қиладиган, соғиниб келадиган кишилари эди. Мухлислари ҳам талай эди. Аммо ҳеч ким Ғайбулла Саломовдай Тилак Жўрага ҳам устозлик, ҳам сирдошлик ва ҳам мададкорлик қилмаган. Тилак Жўранинг диссертатсия ёзиши ўзи бир «достон». Буни кўпчилик билади. У бадиий тафаккур одами сифатида илмнинг инжиқликлари, расмиятчиликларини ҳазм қилолмасди. Шу боис Нозим Ҳикмат ҳақида мақолалар ёзган, диққатга лойиқ янги фикрлари билан шеърий таржима усулларини тадқиқ этгани ҳолда, қайсарлик билан ишни диссертатсия шаклига келтиришдан «бўйин товлар», бунинг устига номзодлик имтиҳонлари топшириш талаблари ва боз устига, оила ташвиши, иқтисодий қийинчиликлар бирлашиб, кўнглининг армони, юрагининг дарди бўлган шеър ёзишга халақит бераётганидан эзиларди. Шунда у «исён» қилиб турар, гоҳида бир-икки кун ишга келмас, дарслари қолиб кетар (баъзан бошқа домлалар ёки Ғайбулла аканинг ўзи ўтарди дарсини), баъзан «бош олиб» ватани — Қоракўлнинг Сайёд қишлоғи, онасининг ҳузурига кетиб қоларди.
Ғайбулла Саломов эса буларнинг барчасига чидарди, кафедра ҳам чидарди. Тилак яна ўзи пайдо бўлиб қолар, аввалгидай, берилиб ишга шўнғир эди. Бир марта «бутунлай кетдим энди» деб кетиб қолган Бухорога. Бу гал гап жиддий тус олди шекилли, бир ой чамаси қайтиб келмади. Шунда Ғайбулла ака азза-база поездга чиқиб, Тилакни «излаб» Қоракўлга, Сайёдга бориб, шоирни яна Тошкентга олиб келди. Бу воқеалар замирида бошқа бир муҳим нарса бор эди, назаримда. Яъниким, Тилак йигирма йилча Тошкентда яшаган бўлса ҳам, аммо шаҳарга руҳан «сиғмади», кўниколмади. У қишлоқнинг бепоён далаларни соғинарди, унинг ҳар бир шеъри бундан дарак бериб турарди. У деҳқон боласи, содда, афандинамо, аммо қалби гавҳардай покиза шоир эди. Шунинг учун бўлса керак, у рус шоири Сергей Есенинни жуда севар, Есенин образларига маҳлиё эди. Есенин портрети иш столи устида рўпарасида турарди. Тилакнинг табиати Есенин табиатига ўхшарди, ижоди ҳам руҳан яқин эди.
Хуллас, Тилак Жўра номзодлик диссертатсиясини ёқлади — олим бўлди. Москвадан Радий Фиш оппонент бўлиб келди. Шу куни шоир дўстлари билан байрам қилди — у ниҳоятда хурсанд эди. Тилакдан ҳам кўра Ғайбулла Саломов кўпроқ хурсанд бўлганди ўшанда. Ғайбулла ака гўё ўз ўғли диссертатсия ёқлагандай шод эди.
Тилак Жўра — меҳрибон дўст, вафоли, содиқ инсон эди. Дўст учун жонини беришга тайёр бу одамнинг қалби ниҳоят нозик, меҳрга чанқоқ эканини ҳамма ҳам ҳис эта олмасди. Тилакнинг борлиғи, хислатлари, руҳи шеърларида ифодаланган. Тилак — Ватан туйғусини юрагида олиб юрган, ўзбеклигидан фахр этган ва буни шўролар ҳукмронлиги даврида ҳам баралла куйлаган инсондир. Истиқлол ғоялари ичида яшаб, истиқлолни қўмсаб ижод қилди ва истиқлолни кўриб, бахтиёр бир шукуҳ билан руҳан яйради. Афсуски, оғир сурункали хасталик шоирнинг жисмини ожиз қилиб қўйганди. Кейинги йилларда у баракали ижод қилолмади. Аммо у Ватанини озод-еркин кўриб оламдан кўз юмди.
Ўша юрак хуружи билан касал ётган охирги дамларда касалхонага, кейин уйига бориб, Тилакжон билан суҳбатлашган онларим эсимдан чиқмайди. Ранги рўйи синиққан, озиб кетганига қарамай, ўзини тетик тутар, ўзи дастурхон тузашга интилар, илгаригидай руҳи бардам эди. Овози озгина ҳазинлашган бўлса ҳам, лекин дадиллик билан «Худо хоҳласа, тузалганимдан кейин бир туркум шеър ёзаман, туркумнинг сарлавҳаси «Ўзбекнинг армони» бўлади. Яна иккита достон бошламоқчиман, тарихимиз ҳақида. Мавзу ва сюжетини ўйлаб қўйибман», деди.
Тилак — катта шоир эди, ўзига хос услуби, образлар олами бор унинг, Ўзбекистоннинг олтин ранг бошоқлари, лойсувоқ томларда очилган қизғалдоқлари, хуллас, бетакрор манзаралари чизилган. Меҳнат аҳлининг шукуҳи ажиб бир жонли лавҳаларда тасвир этилган шеърини оласизми («Пишиқчилик»), шовиллаган буғдойзорга жўр «Деҳқон қўшиғи»ни оласизми, ойдин тун манзарасини оласизми («Ойдин қўшиқ») — барида бир самимият, бир ҳазин ва айни вақтда дилни яйратадиган оҳангни сезасиз. Шоир табиатни ва инсонни бутунлигича севиб тасвирлаш, озод руҳ шукуҳини куйлашни хуш кўрарди. Шеърлари худди ўзидай содда ва мазмунли эди У шеърни кўз-кўз қилмас, неки юраги буюрса шуни ёзарди. Шу боис шеърлари ҳамон таъсирчан, ҳамон юракка яқин. Юрт соғинчи, дўст соғинчи, онаи зор ва гўзал ёр соғинчи унинг севган мавзулари, ой, қуёш, буғдой, бедана, ток нарти, бедазор — унинг хуш кўрган ташбеҳлари эди.
Мана бу шеърни тингланг:

Соғиниб яшадим, соғиниб ўларман:
Юрагим қўлга олмоқни,
Ойдин кечалардан минг бора равшан
Нурли бир иморат солмоқни.
Ток нартидай сенга чирмашиб,
Қучмоқни соғиниб ўларман.
Мўридачи тутундек шошиб,
Тўзмоқни соғиниб ўларман.

Соғиниб ўларман, соғиниб… Бироқ —
Ўлим мендан жуда ҳам йироқ.

Ҳа, шоир ўлмайди, унинг умри шеърида давом этади, унинг умри «оҳанглар оғушида қолади» ва бизни ток нартидай ватан танасига чирмашиб яшашга, «олам остонаси Ўзбекистонни» бутун гўзаллиги билан севишга даъват этади. Тилак биз билан биргадир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 8-сонидан олинди.