Жаббор Эшонқул. Туш ва ахлоқ (2002)

Сен менга тушингни айт, мен сенинг кимлигингни айтиб бераман, дейди руҳиятшунослар. Дарҳақиқат, тушда инсоннинг руҳий оламига доир улкан ҳақиқат яширин.
Хўш, инсонни унинг кўрган туши орқали билиш мумкинми? Ҳа, билиш мумкин. Билганда ҳам ўзимиз кутгандан ҳам ортиқроқ билишимиз мумкин. Бунинг учун биздан кўп нарса талаб этилмайди, бор-йўғи тушимизга эътиборлироқ бўлишимиз ва ундаги ҳар бир кичик нарсани ҳам эътибордан қочирмай, таъбир қилишимиз лозим.
Маънисиз ва туш кўрувчига алоқасиз тушлар бўлмайди. Фақат биз маъносига тушунмаган ва ўзимизга боғлиқ ўринларни топа олмаган ҳолатлар бўлиши мумкин, холос.
Алишер Навоий бобомиз ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд ҳақида сўзлар эканлар шундай бир ривоятни келтиради: ўз шогирдларига топшириқ бериб кетган зот, анча муддат ўтгандан сўнг қайтиб келгач, унинг бир шогирди устидан шикоят қиладилар. “Алар гуноҳкордан сўрубтурларки, бизни ҳеч туш кўрдинг? Деди: — Ҳов кўрдим. Дедиларки: — Сенга басдир”.
Бу билан ҳазрат Алишер Навоий туш инсон руҳиятининг кўзгуси, инсоннинг ботинида кечаётган жараён тушида ҳам акс этишини, яъни уйқу ҳолатида инсон руҳий дунёсининг эркинлиги, онг ости ҳисларини ақл каби қолипда сақлаб бўлмаслиги, улардаги ахборот ақлий ахборотдан ҳаққонийроқ эканини таъкидламоқда. Шу сабабли уйқуда одам рост дунё билан тўқнашади, уйқу пайтидаги фаолият жисмнинг эмас, маънавий дунёнинг фаолиятидир. Бошқача айтганда, уйғоқ одамда сохталик кўпроқ бўлади. Уйқу пайти одам ҳақиқий ҳислар билан яқинлашади. Уйқу пайти — инсон дунёсининг энг катта ростгўйлигидир. Уйқудаги ҳиссиётлар туш шаклида намоён бўлади. Биз уйғоқ пайти олган таассуротларимиз ўз шаклини бузиб, бироқ қатъий бир мантиққа асосида рамзлашади ва тушда акс этади.
Имом Ғаззолий туш ҳақида гапирар экан, асосан Қуръони карим ва ҳадисларга суянади. «Солиҳ ва содиқ кишиларнинг тушлари, — деб ёзади у, — рост тушдир. Ёлғончи кимсанинг туши алоқ-чалоқ, қўрқинчли ва ёлғон тушдир. Фасод ва гуноҳга ботган кишиларнинг қалби ҳам қорайиб кетади. Шубҳасиз, бундай кишиларнинг кўрган тушлари ҳам хатарлидир.”
Имом Ғаззолий тушни жуда нозик тушунади. Унинг: “Туш ва уйқу оламида ғайбни билмак жаноби Ҳақнинг санъати ажойиботларидандир, одам ўғли фитратининг ғаройиботларидандир”, дея тушга берган баҳоси ниҳоятда қадрлидир. Бу баҳо тушга аниқ ва тўғри баҳодир. Маълумки, исломга қадар ҳам тушга ғайб оламининг мўъжизаси сифатида қаралган. Тушга руҳлар ва ўзга олам билан мулоқот қилиш воситаси сифатида ёндошилган. Бу тушнинг сирли, илоҳий эканлиги билан ҳам изоҳланади.
Ғарблик тадқиқотчилар Зигмунд Фрейддан сўнг тушни инсон руҳиятининг инъикоси сифатида ўргана бошладилар. Ваҳоланки, Имом Ғаззолий ХI асрдаёқ тушнинг бевосита инсон ахлоқи ва маънавияти, янада аниқроғи, руҳонияти билан боғлиқлигини айтиб ўтган эди: “Маънавият соҳиблари ғайб кўзи ила кўра олади? Баъзан унга ваҳий тарзда, баъзан туш тарзда аён бўлади. Инсон маънан бир оламга юксалса, ерда туриб ҳақиқатни кўради, моҳиятни англайди. Тўғри, туш пайғамбарликнинг қирқ олти жузъидан биридир. Бу ҳолат ҳам энг юксак маънавиятнинг даражаларидан биридир.”
Шу ўринда Имом Ғаззолий ва Ғарб файласуфларининг, жумладан, Зигмунд Фрейд қарашлари ўртасида яқинликни кўрамиз. Гарчанд Фрейд ва унинг издошлари тушнинг илоҳийлигини инкор этсалар-да, сирли ва мўъжизали эканлигини тан оладилар. Бу борада Имом Ғаззолий фикрлари асослидек туюлади: “Тушда бирор-бир ҳодисанинг олдиндан кўрилиши сабаби қалбнинг ажойиб сирлари билан боғлиқки, бу ҳол мукошифо илми билан изоҳланади”. Зеро, шу пайтга қадар тушга турлича таъриф берилган ва ўрганилган бўлса-да, ҳамон туш сирлилигича, мўъжизалигича қолмоқда. Туш – инсон шахси, ахлоқи ва руҳий дунёси билан чамбарчас боғлиқ эканлиги борасида Имом Ғаззолий ва Фрейд ҳамда унинг издошларининг фикрлари ҳамоҳангдир. “Кароматли тушларга сабаб, — дейди Имом Ғаззолий, — уйқуда ғайб тажалли этади. Тушда киши ҳиссиётга бўйсинади, уйғонганда эса ҳиссиётга эътибор бермайди, ақлга бўйсинади.”
Фрейд фикрича эса, тушда кишининг уйғоқ пайтидаги онг ости кечинмалари юзага қалқиб чиқади. Уйғоқ пайти инсон кўпроқ онгга, ақлга бўйсинади. Унинг хатти-ҳаракатлари чегараланган, маълум бир йўналишга йўналтирилган бўлади. Тушда эса инсон эркинроқдир.
Дарҳақиқат, уйқуда биз уйғоқ пайтимиз юзага чиқишига ақлий майлларимиз йўл қўймаган кечинмаларга гувоҳ бўламиз ва у билан бирга яшаймиз ҳамда буни туш, деб атаймиз. Туш инсон руҳий дунёсининг ажралмас, мураккаб ва муҳим қисмидир. Фрейд тушни таҳлил қилар экан, тушга эътиборсизлик ХХ аср инсонларининг руҳан майиб бўлиб қолишига олиб келди, деган фикрни айтади. Тушга – ички истак ва кечинмаларга эътиборсизлик туфайли одамзот катта фожеага дуч келди: у ўз қалбини унутиб қўйди, дейди олим.
Фрейд ХХ асрга хос ёвузлик, қуллик, мутелик, ахлоқий бузилишлар, эътиқодсизлик ва иймон сустлигини инсоннинг ички майл, кечинмаларига эътиборсизлигида ёхуд бу кечинмаларнинг зўрлик билан жиловлаб қўйилишида, деб тушунтиради. Фрейднинг бу назарияси туш ҳақидаги қадим тасаввурларга ғарблик олимлар эътиборини жалб этди ва натижада инсон руҳияти, кечинмалари акс этган бадиий ижодни тадқиқ этувчи руҳий таҳлил методи юзага келди. З.Фрейд, К.Юнг ва бошқа руҳий таҳлил методи вакиллари тушни таҳлил қилиб, ундаги рамзлар мифлардаги рамзлар билан ўхшаш эканлигини кашф этдилар ҳамда тушни шарҳлаш мифларни шарҳлашни осонлаштиради, деган қарашни ўртага ташладилар.
Умуман, уйқу ва уйғоқ ҳолатлар инсон фаолиятининг икки қарама-қарши қутбидир. Бирида воқелик ва мантиқ, иккинчисида эркинлик ва “мен” етакчи. Уйғоқ одам ўз фаолиятини мавжуд шароитнинг мантиғига мослайди: у даврга мос кийим кияди,уй қуради, ташвиш чекади ва давр мантиғидан келиб чиқиб фикр юритади, муносабат-муомала қилади. Яъни у макон ва замон чегарасида яшашга, макон ва замон номидан гапиришга, фаолият юритишга, яшаш учун курашишга, ўзини ҳимоя қилишга мажбур. Уйқу ҳолатида у макон ва замондан мутлақо халос бўлади, у ўз ички дунёси — “мен”и ихтиёрида бўлади. “Мен” шунчалик кенгки, у ўзида барча маконларни, замонларни мужассам этади. Уйқуда уйғоқ пайтдаги яшаш учун кураш мантиғи бўлмайди. Киши макон ва замон ахлоқидан, тартиб қоидасидан, қонунларидан, яшаш тарзидан, таъқиб ва таъқиқ хавфидан буткул халос бўлади, яъни у буткул эркин бўлади. Ана шу пайтда фақат “мен”га – ички дунёга хос истак кечинмалар уйғонади. Уйғоқ одам ўзини ўраб турган воқеликнинг ижрочиси, уйқу эса ички ҳиссиётлар – руҳий дунё билан юзма–юз келишдир.
Америкалик олим Эрих Фромм тушга оид бир мақоласида шундай аҳамиятли мисолни келтиради. А. ҳамда Б. деган шахслар учрашиб қолишади ва биргаликда тижорат қилишмоқчи бўлишади. Шу кеча А. тушида Б.нинг ўғирлаб олган пулларига сохта ҳужжат тўлдираётгани кўради. А. тушга катта аҳамият берса-да, бу гал у кўрган тушини эътиборсиз қолдиради. Бироқ бир йилдан сўнг Б.нинг сохта ҳужжатлар билан катта миқдорда пул ўмарганига гувоҳ бўлади. Бу башорат-тушни Фромм шундай шарҳлайди: А. уйғоқ пайти унинг ақлий салоҳияти Б.нинг асли қиёфасини тўлиқ қамраб ололмаган, бироқ ақлга нисбатан қамрови кенг бўлган онг ости ҳислари Б.нинг асл қиёфасини тўлиқ акс эттира олган ва бу таассурот хулосаси тушда намоён бўлган. Олимнинг фикрича, онг ости ҳислари онгли ҳисларга нисбатан сезувчан, ҳаракатчан, ўта аниқ кечинмалардир. Башорат-тушлар ана шу ўта сезувчан кечинмалар ҳосиласи бўлиб, буни одам бирдан англаб олиши қийин бўлади, ақл бу сезувчан ҳисларни ўз мантиғига суяниб қабул қилолмайди. Уйқу пайти эса бу кечинмалар туш сифатида келажакни ўзида намоён қилади.
Руҳий таҳлил методининг асосчиси Фрейд инсондаги майлларнинг тушда турли ҳайвон кўринишида гавдаланишини таъкидлайди. Эрих Фромм эса “Қизил Шапкача” эртагини таҳлил қиларкан, ундаги бўри шаҳвоний майл тимсоли сифатида талқин этилганини ёзади. “Алпомиш” достонида Барчинойнинг майли йўлбарс, акс майли эса маст туя қиёфасида гавдаланади.
Бу мисоллар шундан далолат берадики, ибтидоий даврлардан ХХI асргача кишиларининг тушга бўлган муносабатларида унчалик фарқ сезилмайди. Улар кўраётган тушлардаги рамзларда ҳам яқинлик мавжуд.
Шарқда тушга шунчалик теран бир муносабатда бўлинганки, инсон табиатидан тортиб у еган таомгача тушга таъсир қилиши мумкинлигини яхши билишган. Мисол учун, Абулфазл Ҳусайн ат-Тифлисий Имом Жаъфар розийллоҳу анҳу тушни учга бўлганлигини айтади. “Туш аслида уч қисмдур, — деб ёзади у ўзининг “Мукаммал туш таъбирнома”сида, — бири ҳукм деб айтилади, иккинчиси муташобиҳ ( рамзий туш ), учинчиси асғосу аҳлом (паришон) тушлардир”. Паришон тушларни кўрувчиларни тўрт гуруҳга бўлар экан, улардан бири савдо қўзғатувчи овқатларни егувчилар кўрадиган туш, деб айтади. Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, туш инсон ахлоқи, маънавияти, руҳияти билан чамбарчас боғлиқдир. «Юзинг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама”, дейди халқимиз. Ёмон, қўрқинчли тушларнинг сабабини чеккадан эмас, ўзимиздан, ўз табиатимиздан излашимиз зарур . Бу биринчи ҳолат. Иккинчи ҳолат — тушни таъбирлаш билан боғлиқ жараён.
Юсуф Хос Ҳожиб туш таъбирчиларини ўрнига қараб юрумчи, йўрумчи, муаббир дея уч хил номда атайди. Адиб ўзининг “Қутадғу билиг” асарида “Туш қандай таъбир қилинса, шундай бўлади”, “Тушни яхшига йўй, туш юруғига кўра бўлади”, дер экан, тушни доимо яхшига йўйиш лозимлигини таъкидлайди.
Эртак ва достонларимиздан маълумки, тушни ҳамма ҳам таъбир қилавермайди. “Алпомиш” достонида Барчиннинг тушини Суқсурой каниз, Бойбўрининг тушини эса қизи Қалдирғоч таъбир қилади. Мазкур достоннинг барча вариантларида Қалдирғоч ҳам, Суқсурой каниз ҳам Алпомиш ва Барчиннинг ёнидаги йўлдошлардир. Керак пайти улар ўз яқинларига маслаҳат бера оладиган, уларга йўл-йўриқ кўрсата оладиган донишманд, оқила аёл, янаям аниқроғи, достонда ҳомий образ сифатида гавдаланадилар. “Манас” достонида Манаснинг отаси Жақибнинг тушини Бойжигитдан бошқа ҳеч ким таъбир қилолмайди.
“Тушингни сувга айт”, дейди доно халқимиз. Сув кулъти ҳақидаги қадим тасаввурлар билан боғлиқ бу мақолдаги иккита энг муҳим жиҳат эътиборлидир. Биринчидан, туш, албатта, кимгадир айтилиши лозимлиги, шундай қилинса инсон енгил тортиши, кўнгли равшанлашиши кўзда тутилади. Ғарб тадқиқотчилари руҳий хаста беморларнинг хасталигига туш ҳам сабаб бўлганлигини ва кўрган тушларини ҳикоя қилиб бериш орқали даволаганликларини ёзишади. Иккинчидан, тушни ҳаммага ҳам айтиб бўлмаслиги, уни ўзига яқин, қалби тоза кишиларга айтиш лозимлигига ишора қилинади. Қолаверса, сувнинг тиниқлиги, мусаффолиги ва оқиб туриши инсон руҳиятига таъсир этувчи хусусиятга эгадир.
Тушни таъбир қилиш исломда пайғамбарликнинг қирқ олти жузъидан бири ҳисобланади. Зеро, “Рост туш ҳақ субҳонаҳу ва таолодан ваҳийдир. Туш Худойи Таоло билан банда ўртасидаги омонатдир”.
Абулфазл ат-Тифлисий шундай ёзади: «Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Муаббир учун шарт шуки, у тушни эшитаётган пайтда таҳоратли бўлиши, туш айтаётган душмани бўлса, душманлиги сабабли нотўғри таъбир қилмаслиги, бир одамнинг ёмонлигини билса, бошқаларга ошкор қилмаслиги керак.” Бу ўринда тушни таъбир қилишда муаббир, яъни таъбирчининг зиммасидаги маъсулият алоҳида таъкидланмоқда.
Туш кўрувчининг табиати, ахлоқи, дини, эътиқоди, исми, шажараси, туш кўриш олдидаги ҳолати, тушни кўрган куни ва пайти — буларнинг бари тушни таъбир қилаётганда, албатта, эътиборга олиш зарур бўлган ҳолатлардир.
Ривоят қилишларича, бир киши Ибн Сирин раҳматуллоҳу алайҳга: “Тушимда азон айтаётган эканман”,дейди. Ибн Сирин унга: «Ҳажга борасан!”, деб айтди. Шу пайт бошқа бир киши келиб: “Тушимда азон айтаётган эканман”, деди. Ибн Сирин унинг тушини “Сени ўғирликда айблашади”, дея таъбир қилди. Нега айнан бир хил тушни икки хил таъбир қилдингиз, дея сўрашганида, у киши шундай жавоб берибди: “Биринчиси яхши одам эди, шунинг учун унга ҳажга борасан”, дедим. Иккинчиси аҳли фасодлардан эканини билдим ва таъбирни бошқача қилиб: “Сени ўғирликда айблашади, дедим”, деган эканлар.
Бу ўринда бизнинг эътиборимизни тортадиган биринчи жиҳат, туш, аввало, инсон ахлоқи билан чамбарчас боғлиқ эканлиги бўлса, иккинчи жиҳат, тушдаги рамзлар ҳар бир тушда ўзгача маъно ташишидир. Тўғри, тушда ҳам умумий рамзлар, яъни ўзак рамзлар мавжуд. Бироқ ҳар бир туш таъбир қилинаётганда улар индивидуал маънога эга бўлади. Шунинг учун ҳам тушлар ва улардаги рамзларни шарҳлаш мушкул масала. Типик тушлар, яъни тез-тез учрайдиган тушлар ҳам бор. Уларда умумга хос бўлган сюжет ва рамзлар иштирок этади. Бироқ худди рамзий образлар аниқ бир матнда алоҳида маънога эга бўлгани каби, тушдаги сюжет ва рамзлар ҳам конкрет туш ва унинг руҳий ҳолатидан келиб чиқиб таҳлил этилиши керак.
Шарқдаги туш ҳақидаги қарашлар Ғарбда кейинги асрларда юзага келган таълимотнинг, эртак ва достонларимиз, ёзма адабиётимиздаги тушларнинг ва таъбирномаларнинг илмий асосга эга эканлигини кўрсатади. Хоҳ оғзаки, хоҳ ёзма манба бўлсин, туш лавҳаси ва ундаги рамзлар инсон руҳий оламининг рамзлари экан, уларга илмий ёндошиш ва илмий баҳо бериш долзарб вазифадир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 34-сонидан олинди.