Асад Асил. Бўстонлиқ номига муносибми? (2002)

Шаҳри азим Тошкентимизнинг шарқ тарафида кўркам Чотқол тоғларига ўрлаб борувчи гўзал маскан бор, уни Бўстонлиқ деб атайдилар. Тоғлар бошидан отилиб тушувчи Пском, Кўксув, Чотқол, Ўгам дарёлари, шунингдек Оқтош, Ғалвасой, Оқсоқота каби сойлар бирлашмасидан пайдо бўлувчи Чирчиқ дарёси ёнбағирларига жойлашган бу диёр учун ортиқча таъриф-тавсифнинг ҳожати йўқ..Чунки табиатнинг бор мўъжизалари шунда мужассам…

Лекин, таассуфки, сўлим Бўстонлиқ кўркига ҳам йиллар ўз таъсирини ўтказди, унга анча қаттиқ путур етди. Ўттиз-қирқ йиллик журналистик ва ёзувчилик фаолиятим давомида бу қандай юз берганидан пича хабарим бор. Аллоҳ яратган бетакрор бу жаннатмаконнинг бутун борлиғини ғорат қилиб, йилдан-йилга тинкасини қуритаётган катта-кичик кўнгилсизликлар ҳақида қайта-қайта танқидий чиқишлар қилиб, ҳайвонот ва набобот оламига ўнглаб бўлмас зарба ураётганлар тўғрисида ёзиб, бошимизга кўп ташвишлар ҳам орттириб олганмиз.

“Оқтош” ўз салоҳияти даражасига ҳануз кўтарила олгани йўқ. Унинг ҳозирги замон талабига тўлиқ жавоб бера олиши учун ҳали жуда кўп ишлар қилиниши керак. Нафақат бу сиҳатгаҳ, балки бутун Бўстонлиқ ўз номига чинакамига муносиб бўлиши учун ҳар соҳада туб ижобий бурилишлар амалга оширилмоғи шарт. Биринчи навбатда унинг гўзал ва ранг-баранг табиатини сақлаб қолиш, ҳайвонот ва набобот олами инқирозини тўхтатиш лозим. Фақат тўхтатибгина қолмай, шундайин буюк ўзгаришлар ясаш керакки, Бўстонлиқ дунёнинг иккинчи Швейцарияси деган номга чин маънода эга бўлсин…

Айтаётган бу гапларимиз ҳавойи фикрлар эмас. Бўстонлиқнинг фидойи инсонлари кичкинагина бир гўшада бўлса ҳам бу гапларимизнинг амалий исботини яратиб қўйибдилар. Бир тасодиф туфайли “Хумсон” сиҳатгоҳига бориб қолиб, кўзларимизга ишона олмадик. Сочи, Ялта сиҳатгоҳлари, ҳатто Карпат тоғлари этакларидаги, Болтиқ бўйи мамлакатларидаги дунёга машҳур жаннатмаконларнинг бари ўз “Хумсон”имиз олдидан ўтаверсин! Бу баҳони биз бераётганимиз йўқ. “Шашмақом”ни ушбу гўшада ёзиб битирган Юнус Ражабий домланинг таъриф-тавсифи бу саралаб экилган ва гуркираб ўсаётган арчазорлар-у каштанзорлар, биз номларини санаб ўтмаган хилма-хил кўркам ўсимликлар, гулзору сумбулзорлар!.. Шундоққина тепангиздаги оппоқ қорли тоғлардан отилиб тушаётган Қўрғонсойнинг шифобахш суви сиҳатгоҳга жон бахш этиб турувчи қон томирларга ўхшайди. Кўркамлигу сеҳрли роҳатбахшликда тенгсиз бўлган Ўгам дарёси “Хумсон” пойини ўпиб оқмоқда. Дунёда неча хил арча бўлса, ҳаммасидан бор. Ҳайрон қоласиз, бу ерда бўстон яратишга ким жазм қилгану, ҳозиргача уни ким давом эттираяпти? Маълум бўлишича, ғоят савобли фаолиятни бошлаган ҳам, ҳозиргача шу ҳаракатлар бошида турган ҳам Раҳматилла исмли йигит экан. У Бўстонлиқнинг Сижжак қишлоғидан. Шу боис меҳри ҳам ўзгача. Ўзи ҳам тинмайди, бошқаларни ҳам тиндирмайди. У ҳар бир қаричда гўзаллик яратиш, замонавий бинолар қуриш, Европанинг энг етук жойларидагидан ҳам ўза оладиган сифатли ва ранг-баранг шифо кошоналари барпо этишни дилига жо қилган.

— Энг илғор ишчи-хизматчиларингиз кимлар,- дея сўрасангиз бошлиқдан битта жавоб оласиз: “Ўрта ҳисобда 250 чоғли жамоамиз бор. Бири биридан сира қолишмайди…” Сиҳатгоҳда бунёдкорлик ишлари ҳамон қизғин давом этмоқди. Дам олиш, даволаниш шароитлари йил сайин яхшиланяпти, аммо юқори раҳбар ташкилотлар ёки бирон-бир ҳомийдан бир сўм пул сўраётгани йўқ. Беихтиёр савол туғилади: маблағ қаёқдан келмоқда? Аввало ҳар ким ўз вазифасига садоқат билан ёндошмоқда. Қолаверса, аниқ хисоб-китоблар, ҳар соҳада ишни тўғри ташкил этиш ютуқлар омили бўлмоқда. Дарвоқе, жамоа 1997 йилдан бошлаб очиқ акциядорлик жамияти мақомини олган. Айни чоғда сиҳатгоҳ ҳисоб рақамида анчагина маблағ бор. Шу ҳисобдан бунёдкорлик ишлари узлуксиз давом эттирилмоқда. Қишки сузиш ҳавзаси, спорт зали биноларининг биринчи навбатини келгуси йил тугаллаш кўзда тутилган. Жамоанинг ихтиёрий равишда навбатма-навбат доимий ҳашар уюштириб бориши ишларни жадаллаштирмоқда, маблағ тежалишига имкон яратмоқда. Шароитнинг муттасил яхшиланиши эса сиҳатгоҳга келувчи талабгорлар сонининг бетўхтов ошиб боришини таъминлаяпти. “Хумсон”дагина мижозлар буюртма асосида овқатланиш имкониятига эга. Уруш қатнашчилари сингари имтиёз эгалари учун эса текин хизмат ва қулай шарт-шароитлар яратиб қўйилган…

Қани энди, Бўстонлиқнинг ҳамма тарафида шу каби жаннатмаконлар барпо этилса! Шундай қилинса, нафақат юртдошларимиз, ҳатто чет элликлар ҳам сўлим маскан – Бўстонлиқ неъматларидан тўла-тўкис баҳраманд бўлар эди. Яна бир яхши томони – ерли халқнинг каттагина қисмини иш билан таъминлаш имконияти яратилар эди.

Масалан, Ўгам-Чотқол Давлат миллий табиат боғида ҳам шундай туб ижобий ўзгаришлар ясаш имкониятлари бор. Бўстонлиқдаги энг гўзал ҳудудларни ўз тасарруфига олган бу идорада ўтган ўн йилча вақт давомида неча бор бошлиқлар ўзгараверди-ю, ишда ижобий силжиш сезилмади. Бунга имконият ҳам йўқ эди. Чунки битта ҳудудда бир неча ташкилот ўз ҳолича иш олиб борар, ҳамма жойда бош-бошдоқлик, ўзбошимчалик ҳукм сурарди. Энди буларнинг барига чек қўйилиб, ҳудуддаги деярли барча ташкилотлар миллий боғ тасарруфига ўтказилди. Устига-устак бу даргоҳга Бўстонлиқнинг фидойи инсонларидан бўлган Абдукарим Абдужамилов бош директор этиб тайинланди. Шундан сўнг тез орада ижобий силжишлар сезила бошлади: мустаҳкам техника базаси яратилаётган, моддий таъминот ҳам яхшиланаётган миллий боғ эгалари табиат бағрини тўлдиришга, авваллари йўл қўйилган йўқотишлар ўрнини қайта тиклашга астойдил бел боғлаганлар.

— Бош вазифамиз, аввало ҳудудимизда тинчлик-хотиржамликни таъминлаш, нияти бузуқ, ғирром кимсаларнинг нопок қадамларини қирқишдир! – дейди А.Абдужамилов қатъият билан.

— Худо хоҳласа, миллий боғимизни жаҳондаги энг илғор турдошлари қаторига кўтарамиз. Бу йўлда туман, айниқса вилоят ҳокимлиги жуда катта ёрдам кўрсатмоқда.

Шундай экан, яқин келажакда кўзлаган режаларимизни албатта рўёбга чиқарамиз.

Хуллас, Ватанимизнинг сўлим дурдонаси бўлмиш Бўстонлиқда кейинги йилларда чиндан ҳам тараққиёт учун кенг йўл очилмоқда. Юртбошимизнинг кўрсатмаси, Вазирлар Махкамасининг Қарорига биноан янги ишхоналар ташкил этилди, катта маблағлар ажратилди. Минглаб бунёдкорлар Чорвоқ денгизи атрофидаги Чимён-Чотқол ҳудуд ида улкан бунёдкорлик ишларини бажармоқдалар, чала ҳолда ташлаб қўйилган қурилишларни поёнига етказмоқдалар.

Афсуски, айрим раҳбарларнинг сусткашлиги туфайли Бўстонлиқ ободончилиги масаласида катта имкониятлар бой берилаётир. Буни қаранг, табиий газ Чорбоқ қўрғонига етказилса-ю, ерли халқ ҳануз ундан фойдалана олмаса! Шу газга ишониб, етарли миқдорда ёқилғи жамғармагани туфайли кўпқаватли уйлардаги оилаларнинг қишда совуқ қотиши инсофданми?! Нафақат Чорвоқ қўрғони, балки юқори қишлоқларнинг барчасига табиий газ тортиш имконияти яратилди-ку! Бу ишни амалга ошириш учун ғайрат-шижоат, ташкилотчилик ва дадиллик керак, холос.

Ёки ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш масаласини олиб кўрайлик. Тўғри, улкан қурилишлар давлат маблағи ҳисобига бажарилади, кўкаламзорлаштириш, боғ-роғлар яратиш-чи? Нима учун қишлоқ, қўрғон ёки шаҳар раҳбарлари ўз ҳудудларини ихтиёрий равишда обод қилишга ўз қўллари остидаги инсонларни тўлиқ жалб этмайдилар? Шу иш учун ҳам доимий равишда юқоридан буйруқ кутиб ўтириш шартмикин? Хуллас, бу ҳақда гапираверсак, гап кўп. Яхшиси, амалий ишга ўтиб, ҳаммамиз гўзаллик яратишга ёппасига киришмоғимиз, омад кулиб боққан айни қулай фурсатлардан имкон борича унумли фойдаланмоғимиз лозим.

“Ишонч” газетаси,

2002 йил 23 июль сони.