Шарофат Ашурова. Беҳбудийнинг қабри қаерда? (2002)

Ўн тўққизинчи асрнинг иккинчи ярмида мустамлакачилар Туркистонни батамом қўлга киритдилар. Аммо халқнинг катта қисми босқинчиларнинг асл ниятини яхши англаб етмасди. Чунки босқинчилар ўз мақсадларини очиқ-ойдин намоён этмас, гоҳ иттифоқчи кўринишида, гоҳо Ўрта Осиёни Ғарб давлатларидан қўриқлаётган “дўст” сифатида майдонга чиқардилар. Бундай сиёсий маккорликка дастлаб Хива, Қўқон хонлари, ҳаттоки, анча ҳушёр Бухоро амири ҳам ишондилар.
Ана шундай мураккаб вазиятда халқ орасидан чиққан зиёлилар авом халққа бор ҳақиқатни айтишга уриндилар. Босқинчилар эса ерли халқнинг кўзини очаётган маърифат фидойиларини ҳаёт саҳнасидан бутунлай олиб ташлаш режасини туздилар. Маҳмудхўжа Беҳбудий ана шундай мунавварларнинг бири эди.
Туркистон жадидчилик ҳаракатининг раҳнамоси, янги маориф меъмори, олим, драматург, публицист Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қатл этилиши, унинг қотиллари борасида турли тахминлар мавжуд. Мустақилликка қадар Беҳбудийнинг шахси ва фаолияти деярли ёритилмади ёки атайин турли хил талқин этилди…
Шу муносабат билан бир воқеа эсимга тушади. 1985 йили Қарши шаҳрининг Иқбол кўчасидан чоққина ҳовли сотиб олдик. Қамашидан отам келиб бир ҳафтача меҳмон бўлди. Қўшнимиз Мусахон бувани суҳбатга чақирди. Мусахон бува йигирманчи йиллари Қарши маҳбусхонасида ишлаган экан. Ёши тўқсонларга бориб қолган бўлса-да, кўп воқеалар кечагидек хотирасида эди. Отам у кишига дедилар:
— Бой-қулоқ қилиш кампанияси бошланиб, мол-мулкларимиз тортиб олингач, бу ерлар торлик қилиб қолди. Туяларимни ҳайдаб Тожикистоннинг Қўрғонтепа туманига ўтиб кетдим. У ерда Файзулла Хўжаев билан учрашиб қолдим. Файзулла ака қаердан эканлигимни билиб, “Бизнинг устозимиз Беҳбудийни Қаршида қатл этганлар, аммо қабри ҳамон сир сақланмоқда. Имкони бўлса, Қаршига тушиб, яқинларингиздан суриштирсангиз”, деди. Қашқадарё билан Тожикистон ўртасида бориб келувчиларни кузатувчи, ҳимоячи қилиб қўлимга қурол берди. Қаршига жўнадим, танишларни ишга солиб, суриштирдим. Бироқ ҳеч нарсани аниқлаб бўлмади. Файзулла Хўжаевдек раҳбар қизиққан одам ким бўлди экан, деб ўйлардим. Сиз қамоқхонада ишлагансиз, балки, биларсиз?
— Беҳбудий деганлари қатл этилганда биз ўсмир бола бўлганмиз. Айни қама-қамалар даврида Қарши қамоқхонасида ишладим. Биз билан бирга ишлаганлар Беҳбудий Хўжа Абдулазизхон мадрасаси яқинидаги беклик чорбоғида қатл этилиб, шу ернинг ўзида кўмиб, қабри текислаб ташланган, дейишарди. Шаҳидлар бир неча киши бўлган экан. Уларни ўлдирган йигит кейин жинни бўлиб қолганини айтадилар.
Беҳбудий домланинг шогирдлари кўп экан чоғи, тинимсиз қабрини излашган, бироқ тополмаганлар. У кишининг қабри қаердалигини билганлар ҳам, ўлдирилган, дейишади. Қаршига Беҳбудий номи қўйилди, аммо Беҳбудийни тилга олганларни жадидчи деб қамадилар. Қамоқхоналар тиқилиб кетди. Сиёсатга аралашганларни Тошкентга жўнатишарди. Қолганларини тунда олиб чиқиб, эски қалъа ёнида йўқ қилардилар…
Бугунги кун зиёлилари истиқлол фидойиларининг фаолиятларига доир манбаларни излаяптилар. Кўп манбалар изсиз йўқолган. Ёки воқеа-ҳодисалар тескари талқин этилган. Шундай бўлишига қарамай, халқ ҳофизасига таянган ҳолда изланишлар давом этмоқда. Кунларнинг бирида “Олтин мерос” хайрия жамғармаси Нишон тумани бўлимининг бошлиғи Пўлат Хидиров бир суҳбатни хотирлаб қолди.
— 1967 йил эди, чамамда, отам билан қўшнимиз Ҳусайинов бобо гурунглашиб ўтирган экан. Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида гап кетди. Қўшнимиз қартайиб қолган, ғассолларнинг пири эди. У киши, 1919 йилнинг март ёки апрел ойларининг охири эди, дея эслади. Қарши беги Тоғайбекнинг миршаби руҳий касал бўлиб, ҳузурига келгани, у йигит Беҳбудийнинг қатли вақтида ҳовлиқиб қолганидан болтаси қўлидан чиқиб кетгани, амаллаб бошини олгани, шу кундан буён кўзида уйқу йўқлигини гапириб берганини айтди. Суҳбатни эшитиб, мен ҳам қизиқиб қолдим. Чунки Беҳбудий ким эканини билишни истардим. Қатлда қатнашган миршаб йигит Беҳбудий ва дўстларининг қабрларини текислаб, устига йўнғичқа уруғи сепганларини айтибди. Шунда ғассол: бу мусулмоннинг иши эмас, қандай бўлмасин қабрга белги қўйиб, Қуръон тилавот қилиб келасан, шундан сўнг у одам сени безовта қилмайди, дебди. Миршаб уч чоршанба даволаниб, ўзи кўмган икки қабрнинг устига тупроқ уйиб, белги қўйиб келганини айтган экан. Мен гапга аралашиб, ўша жойнинг қаердалигини сўраганимда Хўжа Абдулазизхон мадрасаси деворининг ортидаги иккита тутнинг тагидалигини айтди. Ўша пайтлари ғайратли журналистман, қўшнимиз айтган жойни бориб кўрдим, ҳақиқатан ҳам иккита қабр қаровсиз ётарди. У кишининг суҳбатидан кейин радиода Беҳбудий ва унинг қабри тўғрисида каттагина эшиттириш бердим, бироқ бунга ҳеч ким эътибор қилмади. Ҳақиқатан ҳам Ҳусайинов бобо айтган воқеалар бўлган экан…
1909 йили Хўжа Абдулазизхон томонидан қурилган мадрасага Қарши беклигининг чорбоғи туташиб кетган. Маҳмудхўжа Беҳбудий шу чорбоғда сўроқ қилинган, пинҳона шу ерда Аҳмад афанди билан 4 кишининг ўзларига қабр қаздириб, қатл этилган. Бу воқеаларни кимлардандир эшитган кишилар 1980-йиллари зиёратга келганлар. Ҳозирги кунда Хўжа Абдулазизхон мадрасасида вилоят ўлкани ўрганиш музейи жойлашган. Музей ходимларидан Муҳтарам опа бир қария киши келиб, ўзини 1-мактабнинг тарих ўқитувчиси, деб таништиргани, музей девори ортидаги икки тут тагида Беҳбудий ва унинг маслакдошлари кўмилганини айтиб, жойларини кўрсатиб, бу гаплар омонат эканини айтиб қаровсизликда ётган қабрлар устида дуои фотиҳа қилиб кетганини сўзлаб берди…
Вилоятда кўпгина қатағон-қирғин қурбонлари, шу жумладан, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг фаолиятини ўрганиш, қабрини излаб топиш борасида баъзи ишлар олиб борилди. Жумладан, таниқли олимлар — Бегали Қосимов, Поён Равшанов, устозларимиз — Самар Нуров, Чори Ҳамро, вилоят ўлкани ўрганиш музейининг директори Солижон Пўлатовнинг саъй-ҳаракатлари диққатга сазовор.
Урушдан кейинги йилларда бекликнинг чорбоғи ёнидан шоир, маорифчи Чори Ҳамро ҳовли олганди. У киши мадраса, чорбоғнинг атрофида кўплаб қабрлар чиққач, одам суякларини йиғиштириб, Эшон шаҳид қабристонига олиб бориб кўмгани, аммо шоир Беҳбудийнинг қабри деворга яқин жойда бўлиб, бузилмаганини айтган эди.
Бу ҳақда драматург Солижон Пўлатов “Насаф” газетасида (2000 йил) шундай ёзади: “Мен Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қатлига доир маълумотларни кўздан кечирдим, қариялар билан суҳбатлашдим. Шу нарсаларга амин бўлдимки, улар яширин ҳолда атрофи қалин деворлар билан ўралган хилват чорбоғда ўлдирилиб, сўнг мадраса девори яқинидаги тут дарахти ёнига кўмилган. Бу қабрлар 1950-йилларгача мавжуд бўлгани, кейинчалик бошқа жойга кўчирилгани, қаердалиги номаълумлигини сўзлаб беришди, жойини кўрсатишди, ҳозир бу тут сақланиб қолмаган. ( Ҳозирги “Умид” болалар боғчаси дарвозасига яқин жойда бўлган.)”
Беҳбудий ҳазратларининг ҳаёти ҳақида устозимиз таниқли ёзувчи Самар Нуров билан ҳам суҳбатлашдим. У киши шундай деди:
— Балки, Хўжа Абдулазизхон мадрасаси девори тагидаги тутнинг ёнидаги қабрлар у киши ва дўстлариникидир. Аммо, яна бир нарсани таъкидлашни истардим, бошимизда етмиш йил қилич ўйнатган сиёсатдонлар ўз ортларини тозалаб кетишни ҳам билганлар. Балки, Қарши шаҳридаги болалар боғига тўртта қабр кўчирилган эди, шулар жадид боболаримизники бўлиши мумкин. Чунки ўттизинчи йиллари шаҳид бўлганларнинг қабрларини шу ерга кўчириб келтириш урфга айланган. Аммо у киши буюк зот бўлган, Амирни қоралаш учун ҳам, жадидларни қатағон қилишда ҳам Беҳбудийнинг улуғлиги қўл келган. Беҳбудийни Амир ўлдиртирди, деб халқни чалғитганлар, шогирдлари сифатида зиёли қатламлар йўқ қилинган. Шунинг учун ҳам қотиллик, унинг қабри пинҳона сақланган…
Умид қиламизки, олимларимиз бу борадаги изланишларини давом эттирадилар.

ТАҲРИРИЯТДАН:
Инсон ёруғ оламга ҳур бўлиб, тенг бўлиб келади. Ҳар бир одам бу дунёда бахтли бўлиб яшашга ҳақлидир. Бироқ бахтли ҳаётга ўз-ўзича эришиш ғоят мушкул. Бунинг учун курашмоқ, жонни фидо қилмоқ керак! Чунки ҳақ олинур, берилмас! — мунаввар боболаримиз бизга шуни васият қилганлар. Улуғ маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий ва ҳаммаслаклари ана шу эътиқодда бўлганлар, ана шу буюк эътиқод йўлида жон фидо қилганлар.
Истиқлол йиллари жадид боболаримизнинг қайта туғилиш йиллари бўлди, десак янглишмаймиз. Халқимизнинг бу асл фарзандларининг табаррук номлари қайта тикланди, уларнинг асарлари эълон қилинди, фаолиятлари тадқиқ этилди. Бу савобли ишлар изчил давом қилдирилмоқда. Бироқ тарихимизнинг — мард боболаримиз ҳаёти ва фаолиятининг номаълум саҳифалари ҳали кўп. Жумладан, Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаётини тўлиқ ўрганиб бўлдик, дея олмаймиз. Масалан, бу инсон ва унинг сафдошларининг сўнгги макони қаердалиги бугунгача аниқланмаган. Қашқадарёлик адиба Шарофат Ашурова мақоласида бу ҳақда анча қизиқарли мулоҳазалар айтилган. Хўш, Беҳбудийнинг қабри қаерда? Бу улкан ва ҳақли саволга беҳбудийшунослар, тиббий экспертиза ходимлари, антрополог ва бошқа мутахассислардан иборат нуфузли экспедициягина аниқ жавобни бериши мумкин, деб ўйлаймиз. Ахир, минг йиллар бурун яшаб ўтган Абу Абдулла Рудакий қабрини устод Беҳбудийнинг шогирди Айний домла раҳбарлик қилган илмий экспедиция аниқлаб берган эди-ку!..
Иншооллоҳ, улуғ устозимиз Беҳбудийнинг қабри албатта топилажак!

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 33-сонидан олинди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!