Фарҳод Мусажонов. Ҳавойи (2002)

Ёшлигимда анча шўх бўлганим туфайли ҳар хил кўчаларга кириб чиққанман. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек ҳали ҳам эски касалим қўзғаб туради. Малакали мутахассис бўлганим учун «ов»га чиқишдан олдин пухта тайёргарлик кўраман. Баъзи фирибгар ўғриваччалар шубҳа уйғотмаслик учун «иш»га пўрим кийиниб чиқадилар. Мен тескарисини қиламан. Аввало, уч-тўрт кун соқол олмайман, биров кўрса менсимайдиган, жирканадиган уст-бош кийиб, девонасифат имидж яратаман ўзимга. Ана иннайкейин кўчага чиқаман. Супермаркет ва дўконларни айланиб, бозор кезиб, ёинки бирорта транспортга тушиб, бевосита ўғирлик қилишни бошлайман. Мен ўғирлайдиган нарса — гап, маданийроқ қилиб айтсам, одамларнинг оғзидан гап териш.
Яқинда автобусда кетаётиб ажойиб бир суҳбатни ўғирлашга муяссар бўлдим. Орқамдаги ўриндиқда ясаниб-тусанган, ўрта ёшлардаги иккита аёл ўтирарди. Меҳмондан қайтишаётган экан, ошиб-тошиб зиёфатни мақташарди. Кўп ўтмай оғзи тўла тилла тишлиси мавзуни туйқус ўзгартириб, ғийбатга кўчди:
— Анави янги қўшни бору, Нозима деган…
— Ҳа, биламан, ўқитувчини айтяпсиз-да, — деди қулоғига эшикнинг ҳалқасидек зирак тақиб олган бошқаси.
— Аммо ёмон зиқна аёл экан…
«Ўлжа»нинг ҳиди келиб қулоғимни диккайтирдим.
— Кеча Ойпошшахон қизининг туғилган кунини ўтказди, сиз қуда чақириққа кетган экансиз, — давом этди тилла тишли, — маҳаллага аралашсин, деб Ойпошшахон янги қўшнини ҳам айтган экан. Совға деб уялмай-нетмай китоб кўтариб чиқибди! Бети чидаганини қаранг! Вой зиқна бўлмай ўл! Кимникига чиқаётганингни олдин бир ўйлаб кўр, кимсан, Ойпошшахоннинг арзанда қизининг туғилган кунига чиқяпсан, Ойпошшахоннинг эри — маҳалланинг катта бойи. Икки қаватли кошона, хонанинг ўзидан ўн тўртта, машиналари чет элники, мол-дунё бижғиб ётибди…
— Шунақа зиқналиги учун хор қилиб қўйган экан-да худо уни, — ҳалқа зиракли бурнини жийириб аламзада ҳиринглади.
— Шуни айтсангиз-чи! Ўқитувчи экансан, сал миянгни ишлат, ким ҳозир бировникига совға деб китоб кўтариб боради?!
Орқамга ўгирилиб ишшайдим:
— Опажон, китобни нима қилади деяпсиз, — пешонамни тириштириб донолик қилдим, — менимча, ўқиса керак.
— Э, қайси жинни ҳозир китоб ўқийди?! — зарда билан оғзимга урди тилла тишли хоним.
— Қидирса бир-иккита топилиб қолар сиз айтган жинни, — дедим сал киноя билан, — жудаям ҳаммаси қирилиб кетмагандир?
Иккала аёл менга ажабланиб боқдилар, кесатяпманми, чин гапиряпманми — ажратолмадилар. Жулдур уст-бошим асқотди, аҳволимни кўриб тентакка йўйдилар шекилли тилла тишли мени жеркиб ташлади:
— Сен исқиртдан биров сўравоттими китобни нима қилади деб, мошхўрдага қатиқ бўласан!
— Ҳадеб китобни нима қилади, китобни нима қилади, деб сўрайвериб қийналиб кетдингиз, раҳмим келиб ёрдам берай дедим-да, — яна ишшайдим.
— Ёрдамингниям, насиҳатингниям уйингга бориб, хотинингга қил, бизни, худога шукр, ақлимиз ўзимизга етади.
— Шу аниқми? — яна кесатдим.
— У нима деганинг, исқирт?! — дўқ урди кўзини олайтириб тилла тишли.
— Қўйинг, Диляхон, шу девона билан айтишиб ўтирасизми?! Кўрвоссизу ғилай бўлиб ўтирибди. Ё банги бўлиши керак, ё алкаш! Ким биландир ғижиллашмаса— ёрилиб ўлади, — ҳалқа зиракли ижирғаниб мендан бетини бурди.
Ўзимни тутолмай кулиб юбордим.
— Ана, мен нима дедим сизга, ҳавойи бу!
Шу пайт автобус тўхтади, ҳамроҳларим манзилга етган эканлар, тушиб қолишди.
Ортларидан илжайиб кузатиб қолар эканман, алланечук бўлиб кетдим. Сабаби, илгарилари китоб энг бебаҳо бойлик, китоб ўқимаслик жоҳиллик ҳисобланарди. Буни қарангки, анавуларнинг назарида энди китоб совға қиладиганлар зиқнага айланибди, китоб ўқийдиганлар эса — жиннига. Ё алҳазар!
Бироқ мен тушкунликка тушадиганлардан эмасман. Ўзимга тасалли беришга уриндим. Ҳамма ҳам мен учратган бойвучча аёлларга ўхшамагандир. Китобни қадрлайдиган, ардоқлайдиган фозил инсонлар ҳам қидирса битта-яримта топилар…
Ёки бу хомхаёлми, менга ўхшаган ҳавойи одамнинг тахминларими?
Мана шу савол қийнайди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 5-сонидан олинди.