Абдулҳамид Исмоил. Манасчи (роман)

Китоб номи: Манасчи (роман)
Муаллиф: Абдулҳамид Исмоил
Йил: 2017
Ҳажм: 1,25 Mb
Файл: PDF
Манба: Ziyouz.com кутубхонаси

Сақлаб олиш

Манасчи Сапарбек Қасмамбетга бағишладим

МАНАСЧИ

Учинчи мучалидан чиқаётган туни Бекеш озғирдими – бир туш кўрди. Тушида той-акаси ё амакиси Байсалнинг яйловидаги ўтовига кириб борганмиш. Той-акаси мээлей ё қўлқоп қоплаган билагида Тумор отли бургутни, бошқа қўлида эса сутми-қатиқ тўла косасини тутиб ўтирган эмиш. Серқаҳр Тумор авайсизроқ Бекешни кўрганиданми тинчини йўқотиб, овдирармиш, сўнг пат-пат қанот қоқиб, Бекеш эндигина кириб келган эшикка ўзини ура, ташқари учиб кетармиш. Чўчиганидан юзи оқаринқи Бекеш той-акасига салом бериб, бетма-бет ўтиради. Шунда той-акаси унга қўлидаги косани узатиб “Ич!” — дейди. Тошу адир босиб чанқаган Бекеш косани қақрайган лабига босиб сипқарса, коса ичидаги оқ нарса – на суту, на қатиқ. Туз деса – шўри йўқ, қор деса – эримайди, қум деса – юмшоқ. Болалигида пионерлар лагерида “гулвата” деган оқимсиқ лой чайнаган Бекеш уни шунга ўхшатди. Ана энди ичай деса – ичига кетмайди, кавшай деса – тишига ётмайди. Бошоломонликда довдираб ўтирса, бургуткўз Байсал Бекешнинг кўзига тикрайиб: “Тамши!” деб буюрармиш. Бекеш тамшина-тамшина ушбу моддани ютади, қорни оғиринлиққа тўлади. Қўлидаги товушёзари-ю кўнглидаги интервью тилаги унутилиб, алжайган оғзи очилиб, нима қиларини билмай қотади.
Шу дам атрофда шовқин кўтарилади. Шундай шовқинки, ўрда-ўрда отчанликлар, ерни бошига кўтариб, босиб келаётгандек. Бекеш алақталаб тўрт ёнига қарайди. Ўйлаки, бургут кетидан учган шамол ўтовга қайтади, изғирин билан бирга қор учқунларидек туман-туман — аскар десанг, аскар эмас, отлиқ десанг, отлиқ эмас — Бекешнинг муз бўлган юрагини ёриб, аллақандай куч кириб келадики, қаршида ўтирган алп Байсалнинг қошу соқоли бир зумда оқариб, бир зумда у ҳам қорбўрону бурганакка айланиб, ўтов-пўтови билан дунёни қоплаган оқ қуюнда ғув этиб, йўқ бўлиб кетади…
Музтерда уйғонди ўшанда Бекеш. Адирлаб шишган кўзларини ишқалади. Умрида эсламаган Тангрига топинди. Тўрт ёнига аланглади. Шип-шийдам, қурулай деворларини кўрди-ю, озгина тинчиди, босилди.