Мияо Охара

“АТОМ БОМБАСИНИНГ ГУЛИ”

Сув сапчиб қирғоққа
Ясси қумлоқда
Кўпикдан қолдирди бир гул чамбарак.
Ана шу кўпик гул товланган чоқда
Қинидан чиққудек бўлди бу юрак,
Эҳ, қандай ёнади гулхандай лов-лов,
Кўзингни олади боққанинг замон!
Эсимга туширди кўз ёшим дарров
Бахтимга ўт кетган у кунни шу он.
У кунки, тиккадан оғганда қуёш,
Ташвишу ваҳмадан кўзларим гирён
Отамнинг қошига қишлоқ йўлидан
Пилдираб борардим.
Барибир етолмай қон йиғлаб қолдим.
Бир ҳовуч кулга у айланган эди.
Дуд бўлиб вайрона узра кезарди,
Тасалли тополмай фарёд солардим,
Бу даҳшат қалбимни ўртаб эзарди.
Шу маҳал ёш тўла кўзларим ногоҳ
Четан ғов ёнида бир гулга тушди.
Ҳамма ёқ куйгану бу ғунча қандоқ
Қолибди?— саволи кўнгилга тушди.
Ўт тўфон ичра у менга куларди,
Қуларди бир ўзи, ҳамма ёқ вайрон,
Бу таҳқир кулгиси юрак тиларди,
Қонимда қайнатиб нафрату туғён.
Мен уни шу лаҳза шарт узиб олиб
Эзғилаб бир четга отмоқчи эдим,—
«Барибир эндиги йили кўкариб
Яна у ғашимга тегади», дедим.
Энди у ҳар август хароба ичра
Ғам-ҳасрат рамзидек ёниб туради.
«Бу — атом бомбасин гули», деб барча
Ном бериб, ўзаро сўзлаб юради.

Шуҳрат таржимаси