Ду Фу (712-770)

Ду Фу (杜甫) – Тан сулоласи давридаги Хитой мумтоз шоири. Иккинчи исми Сзимей.
Хитой адабиётида унга “шишен” унвони берилган. Унинг ижодида яққол кўзга ташланиб турган ҳассослик катта таъсир кучига эга бўлиб, шоирнинг фуқаролик пафоси уни Хитой лирикасининг йирик вакили сифатида элга танитди.

* * *

Мана, машҳур арғумоқ,
Фарғона унга ватан!

Қулоғи нақ бамбукнинг
Япроғидек тиккайган.

Қара, қандай кўркам у,
Қандай узун оёғи!

Бўронларни уйғотар
Кўтарилса туёғи.

Сенга йўлдош бўлса у,
Қўрқмай йўлга кетарсан.

Қанча узоқ бўлмасин,
Манзилингга етарсан.

Шундай отинг бор бўлса,
Ҳамиша кўнглинг тўқдир:

Сен учун бу дунёда
Узоқ-яқин йўл йўқдир!

ТУНДА

Дарё оқар тўлқинли,
Борлиқ туман қўйнида.

Тун қўйнида пирпирар
Хираранг шамчироғим.

Маймунлар қичқиришар
Дарёнинг зах бўйида.

Шом аро учиб ўтар
Дарёнинг қушлари жим.

Истайман: совуқ қилич
Менинг сирдошим бўлсин.

Ўй суриб ўтирибман
Чопонимга ўраниб.

Пойтахтни чулғаб олган
Чанг-тутун мисли тўсин.

Умримнинг шоми етди –
Тугади шамдек ёниб…

ОҚ ТУЛПОР

Гарби-шарқ томонлардан
Елиб келди оқ тулпор.

Эгарида бесаноқ
Новакларнинг изи бор.

Эгаси ҳалок бўлган
Жанг-жадалда беомон –

Энди у сира қайтмас,
Қадрдон уйи томон.

Балки,ўша майдонда
Ётар унга ёнма-ён

Баҳодир саркардамиз –
Усти-боши қора қон?

Ажал кезиб юрибди
Ҳар бир йўлда,сўқмоқда –

Ҳали қанча кўзёши
Тўкилади сўқмоқда…

ОЙДИН ТУН

Фучжоуда бу қора тун
Кўкдан ой нури оқар.

Ҳув,йироқда ёлғиз,дилхун
Хотиним ойга боқар.

Болаларим соғинганман,
Ғам бўгизимни пайпаслар.

Улар ҳали Чанъан ҳақда
Ўй сурмоқни билмаслар.

Хотинимнинг қора сочи
Енгилдир булутлардек,

Ой нурида товланади
Қўллари оқ мармардек,

Қачон ойга боқармиз жим,
Бизлар бирга тунлари

Ва ой нури қуритади
Кўздан оққан мунгларни?

Хуршид Даврон таржималари

ЁЛҒИЗЛИКДА

Мовий осмон бағрида йиртқич
Қуш учади чарх уриб танҳо.

Сув юзида икки чағалай
Сузиб борар беғам, бепарво.

Йиртқичда бор қулай, зўр имкон,
Бир уринса, ўлжасин ютар.

Чағалайлар ўзин беҳадик,
Дарёдай тинч, осуда тутар.

Оқшом тушар, дала бағрига
Тўшалади ғубордан гилам.

Новдаларга нозик тўрларин
Тўқиб осар ўргимчак шу дам.

Табиатнинг қонунларидан
Фарқ этмайди инсоний кадар.

Мингта ташвиш, юмуш ичида
Қолдим яна ёлғиз, дарбадар.

ТАФАККУРГА БЕРИЛИБ…

Ивиб кетган дарахт шохида
Чуғурлайди зарғалдоқ чунон.
Оролчага яқин соҳилда
Чағалай қуш айланар гирён.
Гуллар чеҳрасида маъюслик
Бош эгишар мунғайиб, беҳол.
Тўлғанади дарёи азим
Нотинч ошиқ юраги мисол.
Мен – сочига оқ инган кекса,
Гулбарглардан бўза қайнатгум.
Деразамнинг ортида ёмғир,
Ёмғир билан дил гардин артгум.
Сира боқмам тақдирга ғайри,
Ҳар он шукур дейман барига.
Нега керак шон-шавкат мендек
Ёлғизликни севган қарига.

Рус тилидан Нодира Абдуллаева таржималари