Чжан Кэ Цзю (1275-1345)

Хитой мумтоз шоираси. У табиатни мусаввир каби суратлайди, айниқса, куз, баҳор фаслларини образларга буркаб, юрагидаги ҳислар билан уйғунлаштиради. Шоиранинг шеърлари “Хитой тасвирий шеърияти” китобидан танлаб таржима қилинди.

КУЗ ХАЁЛЛАРИ

Яккаш ғозларгина нимадир деб минғиллар
муздай булутга,
Гўё ёлғиз қақнус
кўзгуда акс этган мисол.
Куз шамоли
тунлар мени қайғуга солар,
Боиси кўра олмасман сизни.
Биргина ўзим,
май жомини қўлда тутгайман.
Шам ҳам сўнаётир.
Ёлғизман,
Сархушман…
Оқариб келмоқда тонг ҳам.

БАҲОР ЎЙЛАРИ

Тоғ қучоғидаги пушти ранг гуллар ичида
турғалоқ йиғлайди ,
ўқдай учар қалдирғоч,
ҳовлимиз тераклари устида,
мудрайди ўрдаклар,
кўлда эса сув сокин, кўм-кўк.
Баҳор суст,
Кетгиси келмас ҳеч.
Кечга яқин қалдирғоч қошимни пинҳон бўяйман.
Эҳтимол,
Севгилим тушимда қайтар ёнимга
шеърларим сеҳрига учиб.

КЎЛДА

Ғарб шамоли елмоқда,
Кўл узра толлар солланар.
Мен кўркам кийимдаман
ва кемам ҳам роса чиройли.
Чағалай
сокин сув юзида мудрайди,
Парвоналар
қовжираган гулни қуршайди…
Май ичаман –
ташвишу қайғуни билмаслик учун.

БАҲОР ТУНИ

Шам баҳорнинг
абадий қийноғини тарқатолмас,
шеърлар хиргойи бўлмас,
мен ёлғизман
ва маъюсман.
Ўрикнинг шохлари орасига
тиқилиб қолди ой
ҳам бамбук илдизлари остида шилдирар жилға.

ОҚШОМГИ БАҲОР

Сиху кенгликларида
эсади шарқ шамоли.
Саҳарлар
Гул ва толлар тепасида туманлар намчил.
Зарғалдоқ йиғиси елади элас-элас,
Парвонанинг – рақс тушгиси келар.
Арғимчоқ учганим замон
менга билдирмайин кетади баҳор.

ОЙДИН ОҚШОМ МАНЗАРАСИ

Тилла ранг зарғалдоқ
қуюқ япроқларга беркинар,
Сеҳрли бармоқларда
янграр цитра садоси.
Баҳорги гуллар ёмғири
оқшом тинди,
Менинг кулбам узра
ярақлади ой.

КЎЛДА

Теракзор ичра танҳо,
раққосадек урурман чарх,
Лабга қўйганим –
май тўла қадаҳ,
Сархушлигим тарқалар,
тарк этарман гул оламини,
майса, гулбарг ичра тўлғаниб,
гавҳар ранг жомга яна қуйгум майини…
Ёмғир ёғар, нок гуллаган:
Баҳор келди.

Рус тилидан Турсун Али таржималари