Дюла Ийеш (1902-1983)

Дюла Ийеш (Illyes Gyula) 1902 йилда туғилган машҳур венгер шоири, прозаик ва драматурги. Кўпгина илмий ишлар муаллифи. Кошут номидаги мукофот, биринчи даражали Давлат мукофоти билан бир неча марта тақдирланган.

БАҲОР САБОҒИ

Ана, яна! Яна бўртмоқда куртак!
Дераза ортида тушар ўйинга
Олча шохидаги бешта гул хурсанд,
Наздимда, камалак кирар уйимга.
Яшармоқ кўйида
Тин олмас кияча
Ўзим бир маҳаллар ўтқазган олча,
Мунча қувонмасанг? (Дейман минғиллаб
Ва ўйлаб кетаман)
Юракларни ким
Яна иқбол ила айлар лиммо-лим?
Кўрдик не йўллар ва йиллар тотини,
Энди ким қайтарар ёшлик ўтини?
Дарвоқе…
Дарвоқе, қачондир қалбим тубида
Куртакдай ниш урган ишонч ва имон
Умримнинг қуёши ҳорса-да,
Ҳамон
Мени қувонтириб,
турар тобида.
Дарвоқе,
Биламан, ўлим эрур ҳақ,
Бир дона қум каби охир бўлгум ғарқ,
Лекин куртак тўла нурли у новда
Бир аёл қўлидай яшнаб ҳавода,
Ҳаётнинг мангулик жумбоқларини
Ва ёки қабрнинг қийноқларини
Кўзимнинг олдидан қуваркан дадил,
Орзу-армонлардан тозаланар дил!
Буларнинг барига, наҳот, шунча йил
Менга деразадан бош ирғаб аҳил,
Гуллар «йўқ» ё «ҳа» деб тургани сабаб?

ҲАЙКАЛ

Ҳаво бузуқ, ёмғир ва қордан
Бўкиб ётар, қаранг, тўрт томон,
Намда бўкиб, аввал баҳордан
Бошпанасиз кун кўрар чўпон.

Кузда ҳам шу. Вақт-бемаҳал
Тураверар мисоли ҳайкал.
Бола эдим. Дилимни у дам
Эзар эди ҳасад гупуриб
Чиллада ҳам, саратонда ҳам
Унинг чайла-пўстинин кўриб.

Йироқдан у ўхшар қояга,
Сузаётган қояга ўхшар.
Оппоқ денгиз жўшар пойида,
Қўй-қўзилар уммони жўшар.

Калла ташлар қўчқорлар қизғин,
Бамисоли жонидан кечиб.
Ёзда эса пода олар тин,
Қўйлар қўяр пўстинин ечиб.

Вақт югурар. Жажжи бузоқлар
Ўсиб новвос бўлишар секин.
Йиллар эмас, асрлар оқар,
Чўпон парво айламас лекин.

Кунлар қариб вақт билан бирга,
Не замонлар келса ҳам ҳали,
Парво қилмай икир-чикирга,
Яшайверар подачи аҳли.

Ана, чўпон турибди адл,
Соқчи каби оламдан огоҳ.
Совуқ еллар бошласа «ҳазил»,
Ити излар пойидан паноҳ.

Ўтса ҳамки муддатлар шошиб,
Ўз постини тарк этмас чўпон.
Шунинг учун илҳомим тошиб,
Матонатин айлайман достон.

Қўрқитолмас уларни асло
На қор, на сел, на ўзга хатар.
Қалпоғининг чўққиси гўё
Осмон билан туташиб кетар.

Сиз улардан суриштирманг ёш,
Ҳаёт билан туғилгандир тенг.
Пўстини ҳам ўзига тенгдош,
Бўлмаса-да у пайт ёқа, енг.

Астари — жун, авраси — тери,
Тегиб турар этаги ерга.
У бир уйки, хоҳ ёш, хоҳ қари
Олиб юрар ўзи-ла бирга.

Қаранг, ўйлаб чўпон кийимин,
Олмаганми чевар дафъатан
Бу басавлат пўстин бичимин
Ичи буткул ғовак дарахтдан?!

Унга боқсам, чекиниб йиллар,
Кўнглим кўзи кўради доим
Ҳиндиларнинг чайласи ила
Чукчаларнинг қора ўтовин.

Лекин чўчир хаёлим бугун
Истиқболга сайр айласа:
Инсон наҳот яшамоқ учун
Муҳтож бўлгай яна чайлага?

Минг шукрки, тирикман — борман,
Ҳаёт тинмай олға чопади,
Оқ қиш эса кифтимга қордан
Муздаккина пўстин ёпади.

БЕТОН ЧАКАЛАКЗОРДАГИ ФАСЛЛАР ИНИ

Бу бетон шаҳарда кафтдай бир боғ
Унда куз баҳорга бермасдан озор,
Қиш эса ёз ила тортишмай бекор
Сиқилиб бўлса-да, яшар ёнма-ён.

Яшил япроқ билан оппоқ қор қўшни,
Саратон қўяди заъфарга бошни
Улар, оз бўлса-да, эмгач қуёшни,
Ҳаттоки ҳибсни дерлар кенг жаҳон.

Не-не саргардонлар изма-из, ана,
Шу ерга келишар излаб бошпана.
Тамалари йўқдир, қилмаслар таъна,
Кўзим йўлларида лекин нигорон.

Русчадан Ҳусниддин Шарипов таржималари