Рўзи Қодирий

ДАЪВАТ

Жаҳолатда қотиб ухлаб,
Разолатда инграб, йиғлаб,
Аросатда бағрин тиғлаб,
Қайғуга ботган миллатим!

Босқинчига қарам бўлиб,
Юрак-бағри қонга тўлиб,
Гул очолмай, бевақт сўлиб,
Топталиб ётган миллатим!

Хонумонин ётлар талаб,
Ғанимлардан шафқат тилаб,
Ўзин-ўзи хор-зор айлаб,
Қадрин унутган миллатим!

Чор-атрофингга боқсанг-чи,
Тахтларга лаънат тақсанг-чи,
Золимларга ўт ёқсанг-чи,
Озодлик кутган миллатим!

Курашда эркинг, роҳатинг,
Ҳуқуқ, фахринг, фароғатинг,
Жасур бўл, келур омадинг,
Қўзғал, кураш, эй миллатим!

Қашқар-Урумчи. 1945

З.Обидов таржимаси

МАКТУБ

Эй Қашқар — она макон, унутмайман!
Чиқмайсан эсдан ҳеч он, унутмайман!
«Унутма», дейди виждон, унутмайман!
Чиндир бу аҳду паймон, унутмайман!
Дил шундай берар фармон, унутмайман!

Севаман қатор раста, гузарингни,
Ипагу гилам ёйган бозорингни,
Ранго-ранг гулларингни, гулзорингни,
Гулзоринг соҳибкори, узорингни
Унутсам, дема инсон, унутмайман!

Ортишнинг анжирлари, мураббоси,
Бешкарам ҳусайниси, чарослари,
Файзобод оқноввоти, бол кўкчаси,
Карғалик олмалари, гилослари
Ўйимдан кетмас ҳамон, унутмайман!

Бунда бол есам, болинг эслаб доим,
Беҳудуд боғларни сайр этган чогим,
Сен томонда хаёлим, жон қулоғим,
Сендадир киндик қоним, эй ардоғим,
Унутсам, дема ўғлон, унутмайман!

Улуғлар дўстлик ишкин қўлимда соз,
Дўстлик деб сўзим очсам, янграр овоз,
Мен юрган йўлларда гулдан пойандоз,
Куйларим дўст юртида этар парвоз…
Кўзимда тиниқ осмон, унутмайман!

Тошкент, 1962

ФАРҒОНА

Тоғларинг эслатди юртимнинг тоғин,
Чексиз далаларга тўймасдан боқдим.
Шому саҳарлари кездим қучоғинг,
Ерим сочларига чечаклар тақдим.

Бир боқсам далангга ёйилган гилам,
Бир боқсам бағринг нур чайқалган уммон.
Олам сарвари ҳам ҳарорат билан
Жамолингга мафтун нур сочар шодмон.

Шоҳимардон сувин шимирганимда
Бир лаҳза ёшариб кетгандай бўлдим.
Фарғона, ўт меҳринг жўшди қонимда.
Меҳру муҳаббатинг сийнамга тўлди.

Фурқатдай шоирни яратган ўлка,
Мунча ҳам кўркамсан, мунча ҳам дилбар.
Ёркентда номингни қўймади тилдан
Шоир энг охирги нафасга қадар.

Гўзал хислатингни айтай қайсисин,
Бағрингда лиммо-лим оқар саховат.
Дилим амри билан ўқидим таҳсин,
Бошингда нур сочиб порлар саодат.

Она юртим, она шаҳрим меҳридек
Меҳринг юрагимда, чаламан созим.
Иссиқ бағринг худди онам бағридек,
Қўлларим кўксимда, қиламан таъзим!

Фарғона, 1963

Юсуф Шомансур тажимаси