Иван Драч (1936)

Иван Фёдорович Драч (Іван Федорович Драч; 17 октябрь 1936, Тележинцы, Украина) — украин шоири, сиёсатчи, адиб, драматург.

ОДАМҚУШ

Ташқарида хўрсинар экан
Ёвузликка доя тун пурғам,
Деразамни чертасан секин,
Менинг кулранг, жажжи қушгинам.

Узун куннинг парвозларидан
Қанотларинг, кўзларинг толди…
Дўстим, қора туннинг бағрида
Нелар ўзи бўлмоқда содир?

Нега бунча потирлар кўксинг?
Ошёнингда олмайсан ором?!
Ҳой кушгинам, чирпираб, ўксиб
Бахт изларсан еру кўк аро.

Биз киммиз? Нимамиз?.. Деразада сан,
Ўлтирибсан — патларинг гардлик.
Қўрқа-писа мендан кутасан:
Буюк ишонч, буюк ҳамдардлик.

Балки менинг тонгга кадар то,
Қушлар дарди олар эс-ҳушим.
Сен, мен битган саҳфалар аро
Афсун ўқиб чиқарсан, қушим.

Билолмайсан — ўзи не керак,
Нима керак бизларга ўзи?
Фақат баттар потирлар юрак,
Тўлиб борар қайғуга кўзинг.

Қушим, киммиз, биз, бу оламда,
Одаммизми ё қуш, айт ахир?!
Бир башорат ухлар одамда,
Уйғотворсанг — юракка жабр…

Русчадан Усмон Қўчқор таржимаси