Камина (1770-1840)

Туркман мумтоз адабиёти вакилларидан бири Муҳаммадвали “Камина” (Kemine) тахаллусли шоирнинг туғилган йили аниқ маълум эмас. У тахминан 1770 йиллар атрофида Туркманистоннинг ҳозирги Сарақт туманида камбағал оиласида дунёга келган. Муҳаммадвали бошланғич маълумотни ўз қишлоқ мактабида олиб, сўнг Бухоро ва Хива мадрасаларида таҳсилини давом эттирган. У туркман мумтоз адабиётида асосан ўткир сатирик шоир сифатида ном чиқариш билан бирга, ўйноқи, лирик шеърлар муаллифи, маърифатпарвар шоир ҳамдир.

ҒАРИБЛИК

Кунда минг қайғу ва юз алам билан,
Бори дардимдан ҳам бадтар ғариблик.
Сарғайиб минг сўлдим қайғу-ғам билан,
Келар қийнаб, қатор-қатор ғариблик.

Бу фонийнинг безаги бор, харжи бор,
Юрагимда модда, жонда ожи бор.
Ваъдасиз ўлимга не иложи бор?
Йилдан-йилга жондан ўтар ғариблик.

Емасам, ичмасам, куним ҳам ўтмас,
Ёстаниб ётмоққа мадорим етмас,
Ҳар кун минг ҳайдасам, бой томон кетмас,
Қўш босиб, кулбамда ётар ғариблик.

Қаратибдир менга пайкон-ўқини,
Белин маҳкам боғлаб, қилар дўқини,
Қўлга олиб сопи билан сўқини*,
Чарчаш билмай, бошдан урар ғариблик.

Ғам-ғусса йил-йилдан жисмимни ёқар,
Ахир ғарибларга ким кулиб боқар?
Югурсам, етдирмас, курашсам – йиқар,
Баҳслашсам, бир зумда ютар ғариблик.

Сайр этмадим саҳроларда, чўлларда,
Кезолмадим яйраб гўзал элларда,
Булбулман-у сайролмадим гулларда,
Бошимга минг ғазаб қотар ғариблик.

Камина дер, келар бир кун шум ўлим,
Кимларга – тўй, кимлар учун бу – зулм.
Дош бер азобларга, сабр айла, кўнглим,
Келибдир, лек бир кун ўтар ғариблик.
_________________
*Сопи -сўқи-(шева), ўғирдаста-кели.

Туркманчадан Қурбон Муҳаммадризо таржимаси

ЗУЛФИНГ

Аждарҳодек ястаниб, ганжи наҳона зулфинг,
Машҳури олам ўлмиш фоний жаҳона зулфинг.
Кўрсатмади гул юзинг, боғ Исфахона зулфинг,
Оламга анбар сочар, текканда шона, зулфинг.
Найлайки, ўт солибдир мен нотавона зулфинг.

Ҳай-ҳай, сенинг юришинг арслонга, шерга ўхшар,
Чарос каби кўзларинг жоним оларга ўхшар.
Ҳалқа-ҳалқа зулфларинг камонга –дорга ўхшар,
Ўрим-ўрим сочларинг гўёки морга ўхшар,
Ҳар тори бошқа-бошқа, ўт солди жона зулфинг.

Хўп очилмиш гулларинг, гуллардан ўзга бўлсин,
Сўзла, ширин тилларинг, тиллардан ўзга бўлсин.
Қучай нозик белларинг, беллардан ўзга бўлсин,
Биз бошлаган ишимиз эллардан ўзга бўлсин,
Оқизиб ашки-қоним оби равона зулфинг.

Кел кетайлик, Камина, сайли чаман истасанг,
Лола райҳон очилган бир анжуман истасанг,
Лаъли, гавҳарлар тақиб, дурри Яман истасанг,
Зулфинг ҳар торига юз минг туман истасанг,
Нақд берайин пулингни, бир-бирдан сана зулфинг.

СЎЗИМ БОР САНГА

Қора кўзли, қалам қошли паризод,
Айтабилмам, битта сўзим бор санга.
Ишқингда куйиб мен айладим фарёд,
Икки чашмим бир кўрмоққа зор санга!

Дилхастаман, зулфларингга боғлама,
Ханжар уриб, юрак-бағрим доғлама.
Меҳмонингман, эшигингдан қувлама,
Керакмасми номус ила ор санга?

Дол гардандан тилло безак тақмасанг,
Кўзинг сузиб камон қошинг қоқмасанг,
Юзминг сўзлар айтсам, бери боқмасанг,
Нелар қилсам ёқар экан ёр санга?

Камина дер, сендан истарман вафо,
Вафо истаб келсам, сен қилдинг жафо,
Ишқингда хастаман, айлагин шифо,
Шифо истаб келдим, мен бемор санга.

Туркман тилидан Олим Тўраев таржимаси