Рафиқ Дурбош (1944)

Шоир, журналист ва ёзувчи Рафиқ Дурбош (Refik Durbaş) 1944 йилда Эрзурумда туғилган. Илк китоби “Қуш тўфони” номи билан 1971 йилда нашр этилган. Турк постмодерн шеърияти намоёндаларидан бири.

ТЎҒРИ БИР ИШҚ ШЕЪРИ

Сени илк кўрганим кун
каби турар кўк юзи
икки қошинг орасида
Аён эмасми?

Сўз учини йўқотган қўрқувлар
кундуз билан кечанинг сояси
сочларингни совурган шамол
бир-да қўлингнинг қўлимга тегиши
икки қошинг орасида
қанчалар тез ва кўп унутардинг
Юрганинг йўл ичганинг сув
тушларингга урган ой нури
сен учун улғайтганим заққум
кўз-кўзга тушишнинг ғамзаси
икки қошинг орасида
Аён эмасми?

Сени илк кўрганим кун
каби турар кўк юзи
икки қошинг орасида
Аён эмасми?

Хотирланмас бўласан сен ҳатто
икки қошинг орасида
жавоби йўқ-са
на ишқ на ишқнинг шеъри
Шеърми?

ҚОРА ЁЗ

Умримнинг эрта дамида савдоли
Кеч пайтида ёшлигимнинг: Унутма

Севсайдим сени севардим севгилим.

МАНЗИЛ

Куннинг қуёши урсин юзингга
бундай бўйни эгик турма: Ҳижрон

фақат сендами айрилиқнинг манзили.

ЖИМ БЎЛГАНИ

Бу қўшиқ ҳам унутилар: Отим каби
Кеча айланар бўйнимда: Отим каби

Жим бўлгани қаерда кўрилган шеърнинг?

1

Олиб бошин кетмоқдадир ой
тоғ-ла юлдузлар ҳам
ой нури бирга

Ҳар не мумкин бу кеча

2

Исми шарифи етар
манзили керакмас хотираларнинг

3

Бу сўнггиси бўлсин кетганим айрилиқ

Туркчадан Шермурод Субҳон таржимаси