Ойдин Хатиб ўғли (1940-2010)

Шоир ва ёзувчи Ойдин Хатиб ўғли (Aydın Hatipoğlu) 1940 йили Шонлиурфада туғилган. Истанбул университети адабиёт факултетини ярмида ташлаб, транспорт компаниясида, реклама фирмасида ишлаган.
“Чўмич келин” (1966), “Оғироёқ” (1968), “Пала-партиш” (1973), “Лайли ва Мажнун” (2001), “Ёлғиз чиннугул кўчаси” (2003) шеър китоблари, “Ҳазрати Иброҳим” (1975) пьесаси, “Кўрўғли” (1985), “Соч” (1995) романлари, “Қушчи” (1983), “Ўзига ёқиб қолган оққуш” (1989) каби ҳикоя китоблари чоп этилган.

МАРДЛАРНИ ТИНЧИТМАС БУ ДАРДУ КУЛФАТЛАР

Тушимда бетиним ёғар, қор ёғар,
Қушлар ҳам ҳуркишиб айланар ҳовлида.
Қор эса келтирар юлдуздан садолар,
Уларда: бир шуъла, бир ором, бир қайғу.

Дон ётар тупроқда, оппоқ қор остида.
Қалбимда гувала — ҳоришган умидлар.
Оёғим остида қор гўё ингранар,
Ингранар: безабон, бетиним, бесадо.

Кулбага бир оро беришга моҳирмиз,
Моҳирмиз, ўлтириб кутишга омади.
Йўлларда қор эрир мисоли хотира,
Хотира: қадрдон, ҳам яқин, ҳам олис.

Юзингга ёшлар тўзғиган сочларинг,
Қўлларим жой излар исиниб олмоққа.
Мен бадбахт ёлғизга қор севги келтирар,
Севгики: беором, сеҳрли, тортинчоқ.

Атрофда кўз олар беҳудуд бир оқлик.
Оламни безаймиз биз яна ва яна.
Гоҳ қизил, гоҳ қора, гоҳ сариқ, гоҳи оқ.
Ва яна қорбўрон келтирар жангларни
Африка, Вьетнамдан, менинг юртимдан.

Мардларни тинчитмас бу дарду кулфатлар.
Елади, учади, айланар ва қўнар
Бетиним қор аро қоп-қора умидлар
Севгимга, севгимга, севгимга, севгимга.

ТАШНАЛИК

Баҳор келди,
Дарахтлар гуллади юртимда.
Уруғлар чатнади,
Умидларга тўйди
Менинг оч,
яланғоч Ватаним.
Қўллар, оёқлар, сочлар
Қора ерда
Илк майсалар бахтидан сармаст.
Сиверикда, Дарбақирда*
Боши билан ёриб чиқди
ерни гиёҳлар
Қуёш яқин, ёғннлар узоқ.
Тоғ устида туриб деҳқонлар,
Шудгор қилиб ташлар водийни.
Омоч эмас, кўзлари билан.
Бирдан ётгим келди менинг,
Думалагим келди қирларда.
Шодланиб ўйнагим,
Куйлагим келди.
Ҳар баҳор,
Шундайин завқ берар
Туркия ҳақдаги ўйларим.
__________
* Туркиядаги қишлоқлар номи.

ПОРОХ

Ётар елкам, қўлим узра
Найзаланнинг яллиғи.
Тиканли сим ортида
Севгимнинг бир парчаси.
Мен ўртаниб ураман, ҳа,
Чегара эшигини,
Қалин чодра ортидан
Боққандай таҳдидли кўз.

Умид кенгликларида
Ўсар иқбол ниҳоли.
Кўрпага ўралгандай
Ўзни ўраб зулматга,
Севгимизни яшириб
Биз қочамиз тоғларга.
Етилган шафтолининг
Қисмати бошимизда.

Қонимизда — мардона
Кечган жанглар майдони,
Қабр ёзувларида
Янграр ўқлар садоси.
Не бўлар биз мармардан
Номларини ўчирсак?
О, бари бир йигитлар
Уйғонди, қани, жангга!

Вақт етилди, бошлаб берар
Жангни бизнинг Дадал ўғли.
Ҳей, ютсин-да шамоллар ҳам
Озодликдан бир томчи.
Қанотли деб, каптарларга
Ясашмоқда кишанлар,
Эй, йигитлар, сизларни ҳам
Кишанлашар! Саф чекинг!

Сотилган муҳаббатдан
Тож яратиб жаллодлар,
Қайғули ўлим билан
Ёпар менинг шомимни.
Қўрқувларин ғарқ этишар
Нуқул аччиқ ароққа.
Эй, даъваткор карнайлар,
Чорланг халқни курашга!

Ваҳимали ялтирар
Қўлимизда кишанлар,
Тўпларнинг гумбуридан
Пайдо бўлар ҳандақлар.
Ҳис этмасдан мутлақо
Ёвуз ўлим даҳшатин,
Ёш болалар ўйнашар
Қўрғошин «нўхат»ларни.

Сочилганда осмонга
Янги олов лолалар,
Туркия чаманларин
Тақдирини ким ўйлар?
Неча йилки куйлаймиз
Шу ягона қўшиқни,
Нечун бизнинг барчамизни
Иситолмас ул қуёш?!

Сулаймон Раҳмон таржималари