Ҳожи Байрам (1352-1429)

Ўз даврида шоир ва шайх сифатида жуда катта эътиборга сазовор бўлган Ҳожи Байрам (Hacı Bayram-ı Veli) Чубук дарёсининг водийсидаги Зулфозил қишлоғида дунёга келди. Унинг отаси Аҳмад деҳқончилик билан шуғулланган. Бошланғич маълумот олгач, таҳсил олишни мадрасада давом эттиради. Ҳижоз ва Шомга бориб тасаввуф шайхларидан таълим олади. Бурса ва Оқсаройда бўлиб, сўнгра Анқарага келиб мударрислик қилади. Тасаввуф таълимотини пухта ўрганган Ҳожи Байрамнинг ўзи ҳам пирлик мақомига етиб “Байрамийлик” (Маломатийлик) тариқатига асос солади. Маломатий тариқатидагилар ўзларининг фазилатларини кўз-кўз қилмас, кенг халқ оммасидан ўзларини юқори қўймас, аксинча халқнинг оғирини енгил қилишга ҳаракат қилардилар. Ҳожи Байрам асос солган тариқат дарвешлари ўзларини кўпчиликдан олиб қочмай фойдали иш билан шуғулланиши даркор эди. Деҳқончилик, тижорат, ҳатто лозим бўлса аскарлик ҳам қилишарди. Умуман, халққа фойдали бир иш билан шуғулланиш уларнинг маслакларидан бўлган. Байрамийлик тариқати тасаввуф оқимининг халққа фойдали, халқ манфаатини кўзловчи йўлларидан бири деса бўлади. Байрамийлик тариқати халватийлик ва нақш¬бандийлик тариқатлари асосида вужудга келган дейиш мумкин. Бунда Ҳожи Байрамга Оқсаройдаги Шайх Ҳамидий Валининг таъсири кучли бўлган. Ҳожи Байрамнинг тасаввуфий руҳда шеърлар айтувчи текке шоири ва шайх сифатида обрўси шу қадар ошиб кетдики, ундан чўчиган султон Мурод 2 уни Эдирнага юборади. Кейинчалик яна Анқарага келишига рухсат бериб, ҳатто унинг дарвешларини солиқдан озод қилади. Ҳожи Байрам Анқарада жоме мударриси бўлса ҳам далада муридлари билан баробар меҳнат қилган. Тирикчилик учун лозим нарсаларни ўзлари ишлаб топиб, ортиқчасини муҳтожларга улашган. Тасаввуфнинг буюк шайхлари ва фозиллари орасида Ҳожи Байрам жуда обрўли бўлиб, уни Анқаранинг маънавий қиёфаси санардилар. Мавлоно Жалолиддин Румийдан кейинги улуғ шайх ва шоир деб билардилар. Ҳожи Байрам текке шоири сифатида довруқ қозонган экан, турк текке шеърияти ҳақида бироз маълумот бериш ўринлидир.
Текке-маълум бир тариқатдаги дарвешларнинг йиғиладиган даргоҳи. Илк текке Шомда (Сурия) 8 асрда Абу Ҳошим томонидан қурилган. Ҳар бир тариқатдаги дарвешларнинг саломлашиши, кийиниши, соч-соқол қўйишлари ўзига хос бўлган. Тариқатдаги зикр тушиш усуллари ҳам турличадир. Теккеларда асосан тасаввуфий руҳда шеърлар ўқилиб, мусиқага солинган. Текке шоирларининг кўпчилиги тариқатлардан етишган шайх ва дарвешлардир. Фикрий асоси исломият ва тасаввуф. Оллоҳнинг гўзал сифатларини мадҳ этиш, жамоли мутлаққа ошиқлик, ишқи илоҳий улар шеъриятининг асос мазмунидир. Текке шоирлари девон шоирларидан фарқли ўлароқ, кенг халқ оммасига хитобан шеърлар ёзганлар. Тариқатларнинг марказдан узоқ қишлоқларда ҳам кенг тарқалганлиги, омманинг асосий қисми саводсиз бўлганлиги сабаблари ҳам текке шоирларининг содда тилда, халқ оммасига тушунарли тарзда ёзишларини талаб қилгандир. Текке шоирлари ўз асарларини ўқимишли фозиллардан саводсиз чў¬понгача тушунишларини истардилар. Кўпчилик тез илғаб олиши учун асарларни куйга солиб, қўшиқ тарзида куйлашардилар.
Текке шоирлари кўпроқ Анадўли шаҳар, қишлоқларида яшаб ижод этганлар. Омманинг маънавий юксалишида, билим ва ҳунар эгаси бўлишида бу шоирларнинг хизмати каттадир. Уларнинг ўзлари ҳам илмли кишилар бўлиб, араб, форс тилларини билар ва замонавий билим савиясидан ҳам хабардор бўлганлар. Чуқур фалсафий фикрларни халқ тушунадиган тарзда, содда тилда англата олганлар.
Текке шоирлари асарларини девон шоирларидек ғазал, маснавий шаклида ёки халқ қўшиқлари (кўшма, турку) тарзида ёзганлар. Махсус текке назм шакли йўқ. Вазн асосан бармоқ вазни бўлиб, аруз ҳам қўлланилган. Текке шоирлари назм тилига алоҳида эътибор берганлар. Текке шеърияти тили девон шеъриятидек мураккаб, ёки соз шоирлариникидек жуда содда ҳам бўлмаган. Бунинг сабаби уларнинг шеърларида тариқат тушунчалари, илми, фалсафаси акс этиши ва айни пайтда кўпчилик англай оладиган бўлиши кераклигидир. Айтиш мумкинки, текке шоирлари тили девон ва соз шоирлари тили оралиғидаги шеър тилидир. Текке шоирлари асосан сўфиёна ишқ, дунёнинг фонийлиги, нафснинг қабоҳати, инсоний ахлоқ мавзуларини қаламга олиб жўшқинлик билан куйлаганлар. Руҳнинг ҳолати, соғинч ва истаклар илоҳий ва реал ҳаётнинг гўзал тасвирлари билан қоришиқ ҳолда акс эттирилади. Бу йўлда текке шоирлари девон шеъ¬риятида халқ шеъриятида қўлланган мажозлар, рамзлардан, халқ мақол, маталларидан, тариқат атамаларидан усталик билан фойдаланадилар. Турк текке шеърияти ХИИИ асрдан бошланиб, 14–15 асрларда энг гуллаган давридир. ХХ асргача текке шоирлари асарлар яратса-да, аввалги шукуҳи сусайган эди. Ўрта асрлар турк шеъриятидаги асосий уч йўналишнинг бири бўлган текке шеърияти (яна девон шоирлари ва соз шоирлари ижоди кўзда тутилади) ўзига хос фикрлаш тарзи билан ажралиб туради.
Ана шундай ўз йўлига эга бўлган шоир Ҳожи Байрам тариқатда ўз йўлини очганидек, шеъриятда ҳам “мактаб” яратганини турк адабиётшунослари алоҳида таъкидлайдилар (мн: А. Қабоқли). Унинг халифаси бўлган ёки тариқати шайхларидан етишиб чиққан шоирлар Визоли Қайғусиз (?-1562) Аҳмад Сарбон (1545-1646), Шайх Иброҳим (?-1655), Ғоибий (?-1663), Идрисий Мухтефий (?-1615), Сари Абдуллаҳ (?-1660) каби шоирларни Ҳожи Байрам издошлари дейиш мумкин.
Ҳожи Байрамнинг шеърлари Юнус Эмре шеърларига ҳам¬оҳангдек. Бир мисра ёки байтда ишқи илоҳий ҳақида, бирор фалсафий фикрни тушунарли тарзда баён қилиб бериш Ҳожи Байрам шеърларининг хусусиятларидан. Туркий тилда сўфиёна қарашларни нозик лирик услубда ифодалаш, ўйноқилик хос унинг шеърларига. Шоир ёниб яшамоқни, кўнгли ҳамиша ило¬ҳий ишқ ўтида ёнишини истайди.

Не бўлди бу кўнглум, не бўлди бу кўнглум
Дарду ғам ила тўлди бу кўнглум
Ёнди бу кўнглум, ёнди бу кўнглум
Ёнмоқда дармон топди бу кўнглум
Ён, эй кўнгул ён, ён эй кўнгул ён!
Ёнмоқдан бўлди дардимга дармон
Парвона каби, парвона каби
Шаъм ишқида ёнди бу кўнглум.
(Адхамбек Алимбеков таржимаси)

14 аср охири 15 асрнинг биринчи ярмида яшаб ўтган текке шоирларининг пешқадами, файласуф, байрамийлик тариқатининг асосчиси Ҳожи Байрам миллат маънавиятининг юксалишида муҳим хизмати сингган шахслардандир.


ҲОЖИ БАЙРАМ ШEЪРЛАРИДАН

На бўлди кўнглим, на бўлди кўнглим,
Дарду ғам ила тўлди бу кўнглим.
Ёнди бу кўнглим, ёнди бу кўнглим,
Ёнмоққа дармон топди бу кўнглим.

Ён эй кўнгил ён, ён эй кўнгил ён,
Ёнмоқдан топди дардига дармон.
Парвона каби, парвона каби,
Шаъмига ошиқ ёнди бу кўнглим.

Гарчи у ёнди, гарчи у ёнди,
Рангига жумла олам бўянди.
Ўзида топди, ўзида топди,
Матлабини хуш билди бу кўнглим.

Саводи аъзам, саводи аъзам*,
Балки бўлибдир арши муаззам.
Матлаби жонон, матлаби жонон,
Бўлса ажабми, энди бу кўнглим.

Сайри биллоҳдир, сайри биллоҳдир,
Ли ма аллоҳдир, фано филлаҳдир.
Айинасинда, ойинасинда,
Кирди, сивони** топди бу кўнглим.

“Ал фақру фахру, ол фақру фахри”***,
Демадиларми Ул оламлар фахри.
Фақр фахрини, фақр фахрини,
Маҳву фанода топди бу кўнглим.

Байрамий энди, Байрамий энди,
Байрам этарсан ёр ила энди.
Ҳамду санолар, ҳамду санолар –
Ёр ила байрам қилди бу кўнглим.
_____________
* Саводи аъзам – 1) катта шаҳар, 2) Маккаи мукаррама.
** Сиво – бошқа, ўзга.
*** “Ал фақру фахри” – “Фақрлик фахримдир” (ҳадис).

* * *

Билмоқ истасанг ўзни,
Жон ичра изла жонни.
Жондан кечиб топ уни,
Сен сени бил, сен сени.

Ким билса афъолини,
Ул билди сифотини.
Унда топди зотини,
Сен сени, бил сен сени.

Кўринган сифотингдир,
Уни кўрган зотингдир.
Ўзга на ҳожатингдир;
Сен сени бил, сен сени.

Кимки ҳайратга толди,
Қалби нурга ғарқ бўлди.
Тавҳиди зотни топди,
Сен сени бил, сен сени.

Байрам ўзини билди,
Билганни унда топди.
Топгани ўзи бўлди,
Сен сени бил, сен сени.

* * *

Ҳеч кимса торта олмас, оғир фалакнинг ёйи,
Дардига кўнгил берма бир кун олади войи.

Чун у юзини бурди, бир лаҳза қарор этмас,
Неча сарни пой этар, дўнар-сар этар пойи.

Бир фоний вафосиздир, қавлига инонма ҳеч,
Гоҳ бойни этар йўқсил, гоҳ йўқсил этар бойни.

Байрам, ҳамма олимлар бу маънининг остинда,
Қофдан Қофга ҳукм этар, билмас бу муаммони.

Воҳиддир ул ваҳбатда, касратда фикр тафриқ,
Хизр етмади бу сирга, билдирмади Мусони.

Мискин ҳожи Бектош, сен дунёга кўнгил берма,
Бир улуғ иморатдир, олма бошга савдони.

* * *

Менинг мақсудим оламда эмасдир, лекин илло ҳу,
Бу менинг дардима дармон эмасдир, лекин илла ҳу.

Эмасдир ҳуру-ю ғилмон, на жаннат кўшки, на Ризвон,
Бу менинг кўнглима султон эмасдир, лекин илла ҳу.

Анинг нақши ҳаётинда жаҳон бир зарра бўлмишдир,
Назар этсанг у заррадан кўринмас, лекин илла ҳу.

Эй Байрамий, агар идрок этарсан сен бу оламда,
Бу сирнинг сиррига кимса эришмас, лекин илла ҳу.

Адхамбек Алимбековнинг «Турк адабиёти тарихи» (ТошДШИ нашриёти. 2005) ўқув қўлланмасидан олинди.