Ҳамди Чалабий (1448-1509)

Турк адабиёти тарихида биринчилардан бўлиб “Хамса” ёзган шоир Ҳамди (Hamdi Çelebi) Болу яқинидаги Гўйнукда туғилди. Унинг отаси Оқшамсиддин байрамия тариқати шайхларидан бўлиб, Ҳамдининг ёшлиги сўфийлар даврасида кечади. 10 ёшлигида етим қолган Ҳамдини акалари ўз тарбиясига оладилар. Ҳамди Чалабий оилада 12-фарзанд эди. Тазкираларда Ҳ. Чалабий ҳақида маълумотлар кам. Унинг Бурса мадрасаларидан бирида мударрислик қилгани ва Шайх Иброҳим Таннурийнинг муриди бўлганлиги маълум. Ҳамдининг ҳаёти қашшоқликда кечган. Акалари унинг фиқҳ илмини ўрганиб, қози бўлишини исташганди, аммо бўлажак шоир бу йўлдан бормади. Акалари билан ораси бузилган Ҳамди шоир сифатида ўзига ҳомий ҳам топмаган. У “Юсуф ва Зулайҳо” асарини ёзиб, Султон Боязид ИИ га тақдим қилганлиги, бироқ шоир эътиборсиз қолгани ҳақида ёзадилар. Шунинг учун шоир “Юсуф ва Зулайҳо”га ўз тақдиридан шикоят қилиб ёзилган бобни киритган. Бир умр моддий муҳтожликда яшаган шоир Ҳамди Чалабий Гўйнукда вафот этади ва отасининг ёнида дафн қилинади.
Шоирнинг асосий адабий мероси бўлган “Хамса” достонлари қуйидагилар:
1. “Юсуф ва Зулайҳо”; 2. “Лайли ва Мажнун”; 3. “Туҳфат-ул ушшоқ”; 4. “Қиёфатнома”; 5. “Мавлуд”.
“Юсуф ва Зулайҳо” достони 1491–92 йилларда ёзиб тугатилган. Бу достонни “Хамса”нинг биринчи асари қилиб олишни шоир ўз тақдири ҳам Юсуф тақдирига ўхшаб кетганлиги учунлигини айтади. Ҳамди ўз достонини ёзишда машҳур тожик шоири А. Жомийнинг “Юсуф ва Зулайҳо”сига суянган. Юсуф образи шарқ адабиётида кенг тарқалган образдир. Бу образ даст¬лаб “Таврот”ва “Инжил”да, сўнгра “Қуръон”да ўз ифодасини топган. Халқ оғзаки ижоди ва ёзма адабиётда Юсуф ниҳоятда гўзал, олижаноб, доно шахс сифатида тасвирланади. Шарқ халқ¬лари адабиётининг бир қанча йирик намояндалари “Юсуф ва Зулайҳо” номида достонлар яратганлар. Достонларда Юсуфнинг ҳасадгўй акалари томонидан савдогарларга қул қилиб сотилиши, оқибат Юсуф Миср фиръавнининг амалдорларидан Потифарнинг хонадонига келиб қолиши ҳикоя қилинади. Потифарнинг хотини Зулайҳо Юсуфни севиб қолади ва унга изҳори дил қилади. Хожасига садоқатли Юсуф Зулайҳо ишқини рад қилади. Аламзада Зулайҳо туҳмат қилиб Юсуфни зиндонга ташлатади. Зиндонда Юсуф фиръавннинг соқийси ва новвойи билан бирга бўлади. Уларнинг тушлари таъбирини айтади. Маълум вақтдан сўнг фиръавн қўрқинчли туш кўриб, таъбирини сўраш учун Юсуфни зиндондан чиқаради. Юсуф фиръавнга юртда етти йил тўқчилик, етти йил очарчилик бўлишини айтиб, тўқчиликда ғалла ғамлашни маслаҳат қилади. Фиръавн бу ишларни Юсуфнинг ўзига топширади. Қаҳатчилик бошлангач бошқа эллардан ҳам Мисрга ғалла излаб одамлар кела бошлайди. Юсуфнинг акалари ҳам келадилар. Хуллас, Юсуф ўзини танитгач акалари кечирим сўрашади. Юсуф отаси ва бошқа қариндошларини Мисрга олдириб келади. Юсуф дардида йиғлаб-йиғлаб кўр бўлиб қолган Ёқуб ўғли Юсуфнинг бармоқлари кўзига теккач кўра бошлайди (Юсуфнинг кўйлагини кўзига суртиш варианти ҳам бор.) Юсуф ва Зулайҳо ўртасидаги муносабатларга ҳам шоирлар турлича ёндошганлар.
Юсуф ва Зулайҳо ҳақидаги ривоятлар асосида Фирдавсий (Х-ХИ аср), Бахтиёрий (Х аср), Шиод Ҳамза (ХИИИ), Али (ХИИИ аср), Сули Фақих (ХИИИ), Шаҳобиддин Ошиқ (ХИВ), Рабғузий (ХИВ), Дарий (ХИВ), Дурбек (ХВ), А. Жомий (ХВ), Ҳ.Ҳ. Чалабий (ХВ), Нозим Хиравий (ХВИИ), Ҳозиқ (ХИХ) ва яна бошқа кўпгина форс-тожик, ўзбек, турк, озарбайжон шоирлари достонлар яратганлар. Достонларда ҳар бир шоир ўз даврининг муҳим воқеалари, ахлоқий ва фалсафий қарашларини акс эттиришга интилганлар. Масалан, Дурбекнинг “Юсуф ва Зулайҳо” достонида шаҳар¬нинг қамал қилиниш картинасининг берилиши, шунингдек достонларда Юсуф образининг талқини ҳам турлича. Юсуф ҳақида¬ги илк достонларда Юсуф ва Зулайҳо илоҳий образ марказида тасвирланса (масалан Юсуф ва Зулайҳонинг қайта ёшариши), кейинчалик Юсуф ва Зулайҳо муҳаббати дунёвий талқин қилина бошланди. Дурбек ва Абдураҳмон Жомий достонларида бош қаҳрамонлар тарихий шахс, Зулайҳони гўзал қиз сифатида тасвирлаганлар.
Юсуф ва Зулайҳо образига ХХ асрнинг йирик сўз усталари Нозим Ҳикмат ва Т. Маннлар ҳам мурожаат қилганлар. Т. Манн “Юсуф ва унинг акалари” асарини, Нозим Ҳикмат “Гўзал Юсуф” асарини яратди. Ўзбек шоири Рамз Бобожон ҳам “Юсуф ва Зулайҳо” номли асар яратган.
Ҳамди ўз образларининг янада ҳаётийроқ чиқиши учун достонга ўз даврига хос хусусиятларни, турмуш тарзидаги деталларни киритади.
“Лайли ва Мажнун” Ҳамди “Хамса”сининг иккинчи достони бўлиб, Низомий достони асосида ёзилган. 1499–1500 йилларда ёзилган бу достонга А. Навоий “Хамса”сининг таъсири кўпроқ бўлган.
Учинчи достон “Туҳфат-ул ушшоқ”нинг ёзилган санаси аниқ эмас. Тасаввуф руҳидаги бу асар икки ёшнинг севгиси ҳақидадир.
“Қиёфатнома” ва “Мавлуд” Ҳамдининг тўртинчи, бешинчи достонларидир. 150 байтлик “Қиёфатнома” инсоннинг ички ва ташқи дунёси уйғунлиги ҳақида бўлса, “Мавлуд” пайғамбарнинг туғилиши тўғрисидадир.
Ҳ. Чалабийнинг кичик бир девони ҳам бизгача етиб келган ва у Сулаймония кутубхонасида сақланади.


“ЮСУФ ВА ЗУЛАЙҲО”ДАН

Карвон чун йўлга равон бўлди,
Юсуфнинг кўзларига қон тўлди.

Ашки йўлларни лолазор этди,
Йиғлабон ҳар ерни пинор* этди.

Бир-икки марҳала чун кетдилар,
Модарининг қабрига ҳам етдилар.

Ул мақомга эришди, чунки мурур**
Тушди модар мозори узра бу нур.

Тушди Роҳил узра роҳиладан***,
Айрилиб қолди магар қофиладан.

Ул мозорни қучиб, қилиб зори;
Деди юз дард ила шу гуфторни:

“Айри тушдим падардан, эй модар,
Менга зулм этдилар биродарлар.

Гул каби аввал олиб бордилар,
Гул каби сўнгра ерга урдилар.

Гулдайин авайлаганим баданни,
Сурдилар тупроққа ул расанни****.

Тош ила урдилар; забун бўлдим,
Лола янглиғ ғариқи хун бўлдим.”

Оҳким сарви нозпарвардин,
Бўлди устуни хонаи дардин.

Қаҳр ила чоҳ қаърига отдилар,
Оқибат банда дебон сотдилар.

Кошки мен ҳам ўлсам, эй онажон,
Сенга ҳамхона бўлсам, эй онажон.

Ровийлар дейдики, ул вақт бул мозор,
Зори қилди гўёким ошиқи зор.

Деди: “Йиғлама, эй кўзим нури,
Ўтда ёқма бу хоки мансурни.

Мендан сенга башоратлар,
Ҳали қўнгай бошингга давлатлар.

Ки подшоҳ бўларсан Миср шаҳрига,
Эгилибон келгайлар эшигингга.

Яна бўлар хоки пойинг уларга тож,
Келгайлар ҳузурингга бўлиб муҳтож.

Даргоҳингга арзи ҳол айлагайлар,
Садоқатин баён айлагайлар.”

Бу хитобни чун Юсуф айлади гўш,
Бўлди дарду фироқ ила беҳуш.

Ётиб анда бу ҳол ила қолди,
Карвони анча-мунча йўл олди.
__________
* Пинор – булоқ.
** Мурур – ўлган.
*** Роҳил – кўчган, риҳлат этган.
**** Раса – ёлғиз.

Адхамбек Алимбековнинг «Турк адабиёти тарихи» (ТошДШИ нашриёти. 2005) ўқув қўлланмасидан олинди.