Низом Қосим (1958)

ГАДО

…Тонгги нони офтобдир,
Шомги нони моҳтобдир.
Нон қиссаси эса юзта китоб бўлажак.

ТИРИКЛИК

Юзлаб луғат китобини варақлаб
Унинг асл маънисин англолмадим.
Ё раб, недур тириклик –
Роҳми?
Ё йўлма — йўл ҳасрату оҳми?

* * *

Шеър айтаман, —
Ишққа сиғиниб.

Шеърим – ишқдир,
Ишқим – шеър.
Тонгим – шеърдир,
Шомим – ишқ.
Меҳрим – ишқ,
Моҳим –ишқ.
Тириклигим – Шеъру Ишқ.

Яхши биламан:
Ишқим Ишқ ёдида қолажак!
Аммо Шеърим – Шеър ёдида қоладими?
Буни Худо билади…

ТЎРТЛИК

Мен ҳар оч кимсадан бир нон қарздорман,
Ҳар битта қушчадан  бир дон қарздорман.
Барчадан озми кўп қарзим бор, аммо,
Гулим, билсанг сендан бир жон қарздорман!

* * *

Бир умр
Сендан аввал
Қаламинг юрарди.
Энди эса вақт ўтиб
Танҳо асонг
Қаламинг каби
Сендан аввал равона бўлар.

ЖАНГАЛДА

Тириклик гўзал жангал эди,
Биз ундан тез ўтиб кетдик.
Ўтиб кетдигу сўнгра пушаймон бўлдик:
Кошки, дарахтлар сингари
Умрбод илдиз отсайдик.

ЯКУНИЙ ҚИССА

Мен бошидан тушуниб олдим:
Содда экан якуний қисса –
Етолмасман шомдан то саҳар,
Ё саҳардан шомга етмасман.

Тожикчадан Ҳасанбой Ғойиб таржимаси