Меҳмон Бахтий (1940)

Меҳмон Бахтий 1940 йилнинг 25 мартида Тожикистонда, Ғарм (ҳозирги Рашт) туманининг Шул қишлоғида дунёга келган. 1963 йилда Тожикистон Давлат педагогика олий ўқув юртининг тарих-филология куллиётини битирган. 1973-1975 йилларда Москвадаги Адабиёт олий ўқув юртида таълим олган.
У «Тожикфильм»да муҳаррир, бош муҳаррир муовини, Тожикистон телевидение-сида бўлим мудири, Лоҳутий номли Давлат театрида адабий бўлим мудири, Мирзо Турсунзода номли адабиёт уйида мудир, ёш ижодкорлар билан ишлаш кенгаши раиси, Тожикистон Ёзувчилар Иттифоқи адабиётни тарғиб этиш кенгаши раиси вазифаларида ишлади. Ҳозирда Тожикистон Ёзувчилари Иттифоқининг раиси. Иттифоқ аъзолари уни иккинчи марта шу вазифага сайлашди.
Меҳмон Бахтий сермаҳсул ижодкор сифатида танилган. У адабиётнинг турли жанрларида маҳорат билан ижод қилади. «Эҳ,ёшлик!» драмаси умумиттифоқ кўригида қатнашиб, СССР Ёзувчилар Уюшмаси ва Маданият вазирлигининг мукофотига сазовор бўлган. Мазкур асар ва ижодкор қаламига мансуб «Қароқчи ва кўза ясовчи» драмаси Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Россия театрларида саҳналаштирилган. Айни пайтда ижодкорнинг «Кўклам ҳиди», «Ширин хаёл» шеърий китоблари нашр этилган. Меҳмон Бахтий насрда ҳам баракали ижод қилиб келаётир. Унинг «Енгил оҳ», «Хубон», «Қария» каби қиссалари китобхонларга яхши таниш.
Ижодкор собиқ Шўролар пайтида Тожикистон комсомоли мукофоти (1986 йил), Тожикистон мустақиллиги даврида эса, Рудакий номли Давлат мукофотига (1998 йил) сазовор бўлди. Меҳмон Бахтий адабиётдаги катта хизматлари учун Тожикистон Халқ Ёзувчиси унвонига мушарраф бўлди.

ИФТИХОР

Эй ҳофизлар, куйлангиз тожиклар рўзғоридан,
Даврон ободлигию тожик эътиборидан.

Меҳнатимиз ганжини, ҳимматимиз файзини
Кўриб лол қолсин олам, коримиз бароридан.

Бу комронлиғ давронлар, бу шод, хуррам замонлар,
Бир  рамзи саодатдир тожиклар баҳоридан.

Ҳофиз сўзининг сеҳри, Восеъ ҳайрати, меҳри
Пок ва мусаффо эрур тожик чашмасоридан.

Оламнинг боқий кўшки, одамнинг вафо, ишқи
Бўлсин доимо баланд  тожиклар кўҳсоридан.

Қулоғингга чалинса фахру ифтихор куйи,
Билгинки дўст, бу оҳанг элнинг ифтихоридан.

МАВЖИГУЛ

Сенинг битта кулгингга
Дилу жоним боғладим.
Ишқу паймонинг истаб
Юрак-бағрим доғладим.

Мавжигул, Мавжигул!
Илҳомим булоғисан.
Мавжигул, Мавжигул!
Юзлари қаймоғимсан.

Келгин мени суйдиргин,
Келгин мени куйдиргин.
Севгимиз афсонасин
Бор дунёга билдиргин.

Мавжигул, Мавжигул!
Илҳомим булоғисан.
Мавжигул, Мавжигул!
Юзлари қаймоғимсан.

Тожикчадан Ҳасанбой Ғойиб таржимаси