Мастон Шерали (1935-1988)

Мастон Шерали Суғд вилоятининг Панжакент ноҳиясида дунёга келган. 1950 йилда Тожикистон давлат Университетининг тарих-филология факултетини тамомлагач, бир неча йиллар «Маданият ва маориф» газетасида адабий ходим, «Садои Шарқ» журналида адабий ходим, «Ирфон» нашриётида бўлим мудири бўлиб хизмат қилган.
«Зарафшон мавжлари» (1964), «Илҳом» (1969), «Сувдаги илдиз» (1970), «»Юлдуз» (1972), «Ташналик» (1975), «Йўл қўшиғи» (1983), «Ихлос» (1986) номли китоблари чоп этилган.
Мастон Шерали ўзининг гўзал образли тили ва баланд шеърияти билан бошқа шоирлардан ажралиб туради. Ҳозиргача шоир қаламига мансуб қўшиқ ва тароналар ҳофизлар томонидан ижро этилади ва эстетик дид бағишлайди.
Мастон Шералининг рус тилида «Жажда» (1981) номли китоби нашр этилган. «Зол ва Рудоба», «Зебуннисо» Ва «Тоҳир ва Зуҳра» каби драмалар унинг қаламаига мансуб. В Соснора, Р. Гамзатов, Д.Кугилтинов, Ш.Петефи, А.С. Пушкин, Ю.М.Лермонтов, Г.Лорка, Пабло Неруда каби шоирларнинг ижод намуналарини тожик тилига таржима қилган. Шеърлари бир неча тилларга таржима қилинган. 1964 йилдан Тожикистон ёзувчилар Иттифоқи аъзоси, 1988 йилда оламдан ўтган.

ҲАМСОЯ
(Қўшни афғон элига)

Ҳамсоя ғамин ҳамсоя кўтармасми, ахир!
Ҳамсоя камин ҳамсоя кўтармасми, ахир!
Дарахт-ку хуршид нурида аён бўлғай,
Ул соя бир соя аталмасми, ахир!

Ҳамсоя уйига ҳамсоя жило бермайдими,
Ҳамсоя дилига ҳамсоя шифо бермайдими?
Туғилса навинсон, ҳамсоя дили яйраб
Доядир,ҳамсоя даво бермайдими?

Ниҳолга пайванд керак, пайванд керак,
Йўлга чиққанга панд керак, панд керак.
Халқ йўлида чақнаган оташ юрак,
Ул юракни офтоб айлаш керак.

Мену сен — эгизак икки соҳил,
Кишвари дўстлик аро икки одил.
Ёмғиру қоримиз бир, еримиз бир,
Икки булбулмиз, баҳору гулимиз бир.

Сенинг озод қўшиғинг елди букун!
Кўкда нурли юлдузинг кулди букун!
Кишваринг осмонига шаҳин-қуёш
Қанотида ҳуррият келди букун!

ОШИҚ

Ёрнинг тузоғидин бу кеч танҳо қочиб эдим,
Кўнгил ёзарга қайда деб дарё, қочиб эдим.

Сув сирти тинч эди, бўлиб ичдан равоналар,
Дарё ёярди ҳар тараф авжи тароналар.

Олам тўла садо эди, мен бесадо эдим,
Бир соядекки, эргашиб, ўздин жудо эдим.

Соҳил уза ситорами, минглаб чароғмиди,
Сен деб ва ё бу кенг жаҳон бағрида доғмиди?!

Кўнглимга дарду ғам чўкиб ҳар битта заррадан,
Ишқ ўти дилдадур вале музлар эди бадан.

Кўк майсаларнинг устидан тўрт-беш қадам юриб,
Кўнглимни очдим охири сувларга бош уриб.

Сувдан садо чиқиб деди: эй, дардли ошно,
Сен ёрга, биз-чи, сабза боғ ҳуснига мубтало.

Дилдоринг ишқи қанчалар ўт олса яхшидур,
Ҳижрони қанча зўр эса, ишқ шунча тобланур.

Излашни тарк этай нечун сен гулни, эй, нигор,
Ой ҳам булутлар ортидан юз очди пурвиқор?

Эй, бағриқон, тошлоқ соҳилга чиқ бу кеч,
Мискин дилим чигилларин меҳригиёнг-ла еч.

Ёдинг тузоғидин бу кеч танҳо қочиб эдим,
Кўнгил ёзарга қайда деб дарё, қочиб эдим…

ҲАЁТ

Ҳаёт бир дарёдир, қирғоғи кўринмас,
Зўрлар кемадир тўфонга басма-бас.
Тўлқинларга беролмайин чидам-дош,
Баъзилар қалқир мисоли хазон-хас.
Умр лаззатин англамоқ бўлганлар
Дарё тубидан олтину гавҳар изларлар.
Соҳилда қотиб, диккайиб турганлар
Гавҳар эмас, совуқ тошни кўзларлар,
Дарёдан четда қандай яшаб бўлар?!
Соҳилга чиқса балиқ, билинг, ўлар.
Дарёнинг оғуши — кураш саҳнаси,
Оёқмас, баъзилар боши-ла келар!
Қўрқоқлар титрарлар чиқиб соҳилга,
Дарёдиллар кулар улар ҳолига.
Бедардлар тўлқинлар тўфонин кўриб,
Сочлардай чулғанар, тошиб, купириб
Дарёнинг тошқинин ҳам сокинлигин
Оқиллар ўзлари англади, билди:
«Дарёдиллар мендан осон ўтарлар», —
Дарёнинг лабидан шул садо келди.

Тилак Жўра таржимаси

ВАТАН

Тожикистон, қайга бормай қўлимдаги кўзгу ўзинг,
Қайга бормай сенинг аксинг кўз ўнгимдан нари жилмас.
Ой биттадир, вале, сенинг моҳинг зебо эрур менга,
Қуёш битта, вале, сенинг офтобингга тенг келолмас.

Эй, Ватаним, бир нафас ҳам ёдинг мени тарк айламас,
Сенинг ёдинг унутганлар меҳринг билмас ўлик тандир.
Ғарибликда ёдинг билан яшаганлар беватанмас,
Қучоғингда юриб, қадринг билмаганлар, беватандир.

Ҳасанбой Ғойиб таржимаси