Ҳабиб Юсуфий (1916-1945)

Ҳабиб Юсуфий 1916 йилда Самарқандда туғилган. Илк таълимни уйда ўз отасидан олган. 1940 йилда Ўзбекистон давлат Университетининг филология факултетини хатм қилган. Бир муддат СССР Фанлар акдемиясининг тарих, тил ва адабиёт Институтининг илмий ходими бўлиб ишлаган.
Пушкин, Лермонтов, Т.Шевченко, И.Крилов, В. Маяковский,  А. Одоевскийнинг шеърларини тожик тилига таржима қилган. 1939 йилда Тожикистон ёзувчилар Иттифоқига аъзоликка қабул қилинган. 1942 йилда урушга кетган. 1945 йилда Польшадаги жангларда ҳалок бўлган.

ВАТАН ИШҚИ

Ватан ишқи дилимда жўшқин булоқ,
Қалбим тутар Ватан сўзига қулоқ.

Ватанни куйлайман, бағрига диёр
Онадек олди-ю, этди бахтиёр.

Ватан жоним менинг, жаҳоним менинг,
Ватан боғим менинг, бўстоним менинг.

Давримиз ажойиб давр эрур, қутлуғ,
Тарих бундай даврни кўргани ҳам йўқ.

Кайковус даврини ўтказган жаҳон,
Бу каби замонни кўрибди қачон?!

Бу бўстон қайда бор, дилбару хуррам?
Порлоқ қуёшидан мунаввар олам.

Бу замон бағридан ўсган навниҳол,
Ватан ардоғида топибмиз камол.

Ватан учун жонни фидо этгаймиз,
Ватан не буюрса, адо этгаймиз.

Маккор душман бизга ҳамла этса гар,
Ҳам ғавғо кўтарса ўшал фитнагар,

Она-Ватан учун бошлар бўлсак жанг,
Ёв Ватан постида поймол бир чанг.

ҚАЛБИМ БАҲОРИ

Лаъли лабинг хандаси олди дилим қарорин,
Наргис кўзинг кўзлабдур магар дилим шикорин.

Сендан бир дам ажралсам, хазон бу жон гулшани,
Гул-гул очилган юзинг гули дилим баҳорин.

Юзинг шуъласи ҳар дам кўз олдимда жилвагар,
Меҳринг дилимда ҳаргиз, ёзгил дилим хуморин.

Кўзинг кўзгусидан, наргис, бир назар ҳадя айла,
Нигоҳинг ништарин санчиб, олгин дилим ғуборин.

Ҳасад оташи қуршаб олгай рақибларимни,
Кўрса улар қалбимда меҳри дилингнинг борин.

Юзинг гулзорига бир тушган эди нигоҳим,
Гулим, ошиқлик этди шундай дилим шиорин.

Юзингда қора зулфинг гирифтори бўлган дам,
Муҳаббатнинг йўлига солди дилим гузорин.

Дедим: Ишқинг оташин ҳамма ерда пинҳон тут,
Лек ҳаммага билдирди, нетай, дилим шарорин?!

Тилак Жўра таржимаси