Гулрухсор (1947)

Оташнафас шоира Гулрухсор (Сафиева Гулрухсор) 1947 йил 17 декабрда Комсомолобод (ҳозирги Нуробод) ноҳиясининг Яхч қишлоғида туғилган. 1968 йилда Тожикистон Давлат Университетининг тожик филологияси факултетини битирган.
Илк меҳнат фаолиятини «Тожикистон комсомоли» рўзномасида бошлаган. Тожикистон Ленин комсомоли марказий қўмитаси матбуот бўлими мудири, «Тожикистон пионери» рўзномасида муҳаррир, ёзувчилар Иттифоқи раёсати котиби, Тожикистон маданияти хазинаси раиси ва Россия «Евро-Осиё» халқаро академияси раиси вазифаларида хизмат қилган. Айни пайтда халқаро «Жаҳон Шеърияти академияси»нинг раисидир.
Шоиранинг илк шеъри 1962 йилда «Совет Қаротегини» газетасида чоп этилган. Шундан сўнг шоиранинг «Бунафша», «Ота уйи», «Тоғ афсонаси», «Дил олами», «Ихлос», «Суғд оташи», «Бохтар руҳи», «Газал паймонаси», «Тошдаги шуъла» ва «Фақат Ишқ» каби шеърий тўпламлари чоп этилди. Руч тилида «Одна планета на двоих» китоби нашр этилган.
Шоира қаламига мансуб бўлмиш назмий ва насрий асарлар хорижий тилларга таржима қилинган. Тожикистон Ленин Комсомоли, умумиттифоқ Ленин Комсомоли, Абу Абдуллоҳ Рудакий номидаги Давлат Мукофоти, Ҳелмут Ҳаммет номли (АҚШ) адабий мукофотлар совриндори. Тожикистон халқ шоираси. 1971 йилдан Тожикистон ёзувчилар Иттифоқи аъзоси.

ВАТАН

Онт ичаман, Яхч чашмалари
Кўзларимдан отилган ёшдир.
Кўкда қотган, юлдузлар бари
Нигоҳларим қадалган тошдир.

Изламадим молу сийму зар,
Менда бори фақат бир ҳунар,
Сенинг ҳақиқатинг тилимда,
Сенинг муҳаббатинг дилимда,
Ватан!

Не қилибди, гар кўнгли қаро
Айламаса нурингга назар.
Сенинг қаро кечаларинг ҳам
Менинг учун ойдин, мунаввар.

Бу заминнинг осмонларида
Сен танҳосан мисли Каҳкашон.
Душманингни чўктирмоққа тиз
Адолатдек мангусан ҳамон,
Ватан!

Бу оламда минглаб тепалар
Сенинг фарзандларинг мозори.
Сенга бағишланган уларнинг
Ерга сингган гулгун баҳори.

Шундан, бу юз турлик замона,
Ҳикматингга беражакдир тан.
Сулҳнинг баланд минбарларидан
Сенинг сўзинг янграйди, Ватан!

Дил баҳори,
Жон қарори,
Қанотимнинг мадори,
Ватан!
Онамнинг ўрнида — онам,
Ватан!
Икки кўрар кўзим менинг,
Илк бор айтган сўзим менинг,
Заминдаги ганжим менинг,
Эътиқод, суянчим менинг —
Ватан!
Ватан!!
Ватан!!!

Олимжон Бўриев таржимаси

МУҲАББАТ

Билганингдек  ўзинг мени, ўшалдирман, ўшалдирман,
Ошиғи беқарор ўша, гўзалдирман, гўзалдирман.
Ҳамон хумордир кeзларим, ҳамон анордир юзларим,
Бамисоли Самандар rуш, гоҳ учrун, гоҳ оловдирман.

На шамшири фисқу фасод, на-да занжири бул  қисмат,
Ғов бўлолмас йўлларимга, менинг йўлим сен, муҳаббат!
Эй муҳаббат, эй муҳаббат, азоблайсан мени фақат,
Дил уйимда қайғуларим китоб янглиғ бўлди қат-қат.

Эй муҳаббат, эй муҳаббат, бу оламда йўқдир мендек
Бирор ошиқ, бирор гадо!
Эй муҳаббат, эй муҳаббат, бу оламда йўқдир сендек
Бирор паноҳ, бирор Худо!

МЕЗОН

Кeча хандон, уй зиндонлик нечун ёр?
Болаларга бўлсангизчи меҳрибон.
Жоҳиллару номардлар дунёсида
Аёлингиз-гулингиз истар посбон.

Ажал мудом тирикликдан қарздордир,
Тирикликда етишинг мангуликка.
Олов янглиғ дилингизни ёндиринг,
Ташнадиллар эришсин ёруғликка.

Ҳақ ҳукмини бизларга ўргатингиз.
Токим гуноҳ йўлга кетмайлик кириб.
Муҳаббатнинг кўзи бир-ла боқингиз,
Мен зерикдим ишқу ҳавассиз юриб.

Кўзингизла боқиб жумла жаҳонга
Мусаффолик, зеболикни тилайин.
Ӯлчаб сизнинг амал мезонингиз-ла
Олам яхши ёмонлигин билайин.

ЁДГОРЛИК

Кетганлардан бир сен қолдинг
Қолганлардан бир мурғи Ҳақ.
Ёдлар аро ҳазин ғуруб
Шодлар аро ҳусни шафақ!

ДАЪВАТ

Кўзларим ишқинг-ла  тўладир
Турфа ранг чечаклар унда бор.
Тонг чоғи кўзларим боғига
Лолалар тергали келгин ёр!

ҲАЁТ

Ҳаёт, бу – шеър эрур – шоир эмасмиз.
Ҳаёт, бу – меҳрдир – моҳир эмасмиз.
Ҳаёт, бу – парвози орзу қушининг
Ҳайф бизга, ҳайф бизга тоир эмасмиз!

Тожикчадан Ҳасанбой Ғойиб таржимаси

МЕНИ ЭСЛАБ ҚЎЙГИН ШУНДА БИР БОРА

Қачонким эл ичра, ёлғиз қолсанг гар,
Муҳаббат дафтарин қўлга олсанг гар,
Рангимдек заъфарон варақлар ичра,
Мен битган номага назар солсанг гар.
Мени эслаб қўйгин шунда бир бора.

Бордию изласанг илҳом парисин,
Нигоҳинг сайр этса излаган сайин,
Учраса ногаҳон бир парипайкар,
Лутф айлаб термилса кўзингга майин,
Мени эслаб кўйгин шунда бир бора.

Гоҳ жафо, гоҳ сафо ҳаётга йўлдош,
Пайванддир хатою тадбиру бардош,
Гуноҳинг жабрини тортган чоғингда,
Кўзингдан тўкилса гар аламли ёш,
Мени эслаб кўйгин шунда бир бора.

Навбаҳор гул базмин этганда бунёд,
Булбулнинг кўксидан учганда фарёд,
Гул-гул яшнатса гар гуллар жамоли,
Лоланинг ёниши қалбинг этса шод,
Мени эслаб кўйгин шунда бир бора.

Тожикчадан Жонибек Қувноқ таржимаси

ПОМИР

Нурли чўққиси томон мени чорлайди Помир,
Мен ҳам кекса донишнинг толибман йўриғига.
Ўрганай дейман ундан отиб заминга томир,
Тик қад тутиб яшашни бу ҳаёт қўриғида.

Ботқоқлик нима — билмас, тоғлар айтсалар, дердим,
Юксакликлар сирини. Шу тоғлар-ку, мактаби.
Яшаб сира қартаймас, уларга мен тан бердим,
Ёр қалбин тингларканлар китоб ўқиган каби.

Қуёшга энг яқин йўл тоғда экани аниқ,
Орзуларнинг рўёби қуёш бор ерда, зотан.
Помир болакайига андак ўхшаш, шўх, ёниқ,
Бахт шундай юксакликни айлар, одатда, Ватан.

Бу серқуёш чўққилар кўрган қанча қадамни,
Қанча сири очилган, очилмагани қанча.
Мирзо Турсунзода ҳам шундай…
Зотан, оламни
Билмоқ осонми экан, дейман олис боққанча.

Сахий Помир, сен томон учирмоқда хаёлим,
Чашмаларинг дейинми Шуғнон қизларин куйи.
Шалолалар — Қимматшо торин савти мисоли…
Фақат шавқ эмас лекин кўрганинг умр бўйи.

Далаларга чопқиллар тўполончи ирмоқлар,
Музликлар кўз ёшидан яшнаётир тўрт тараф.
Она-ер қонсин учун, кўкласин деб боғ-роғлар,
Умр бўйи тўкар ёш, дейман тоғларга қараб.

Берк Бадахшон эшигин очмоқ истайман ўзим,
Дилим гунг қоялар-ла суҳбатга хоҳиш сезар.
Федченконинг нигоҳи билан эмас, ўз кўзим —
Помир қизин кўзи-ла ташласам дейман назар.

Мен қорли чўққиларни бир-бир силаб чиққим бор,
Қишлоқдаги тақводор бобомдай бошлари оқ.
Танада чандиқлари — қонли йиллардан ёдгор,
Манглайдаги ҳар ажин — ҳаётдан битта сабоқ.

Ақалли бир он бўлсин, сенга, Помир, учгум бор,
Ҳар тошингда юз асрор, ҳар тош — юз дарё боши.
Кимки қуёшга ошиқ, бунда фазовий залвор,
Мард учун тўсиқ ҳам мўл, синаса гар бардошин.

Помир тоғ эмас, йўқ-йўқ. У — алп одам, шиддаткор…

ТЕГИРМОН

Оч-юпун йиллари бутун қишлоққа
Она бўлган эдинг, кўрсатиб шафқат.
Ҳеч ким қадам босмас энди сен ёққа,
Мунғайиб турибсан — ёдгорликсан фақат…

Сенга айтган сўзим қолди жавобсиз,
Фақат тоғдан қайтди аксу садоси.
Юрагимга солди аламли бир ҳис
Ҳайҳотдай ҳаётнинг аччиқ савдоси.

Вайрона бағрингдан ёнтоқ мўралаб,
Қуриган сувингдан руҳимда мотам.
Тегирмон, дардларим тортгил майдалаб,
Токи ҳузурингдан қайтай беситам.

Қишлоққа келгандим ичай деб сафо,
Сокин қувончлардан тўлдирай деб қалб,
Уруш азобларин эсладим аммо,
Тегирмон, вайрона ҳолингга қараб.

Ким истарки, дилхун оналар ҳамон
Сарғайган қоғозлар узра тўксин мунг…
Жон эди, нон эди сенга тушган дон,
Уруш-чи, диллардан тортган эди ун.

Сен эса, тегирмон, майли, бир ҳовуч,
Тутардинг борингни, енгсин деб ҳаёт.
Сўнгги бардошларга эдинг тирговуч,
Сендан топар эди ҳар ким бир нажот.

Шундан ўлимларни қолдириб доғда,
Ер эди одамлар бардош нонини.
Катта мадад бўлиб оч-юпун чоғда,
Майдалаб тутардинг умид донини.

Мен ҳам йиқилмовдим у оғир кезлар,
Бир кафт унинг мени турганди қўллаб.
Вайрона бастингга тушдию кўзлар,
Бу гал менинг ўзим кетдим нақ қулаб.

Томинг ўтин бўлган аллақачонлар,
Ҳеч ким ҳолинг сўрмас, ғамингни емас.
Думалоқ тошинг ҳам ташландиқ. Зотан
Зварноц бағридан олинган эмас.

Ўкинма, тегирмон, билсанг аслини,
Чанг босган тошларинг — мен учун ёрлиқ.
Улардан қурай мен шафқат қасрини,
Сенга ва онамга тиклай ёдгорлик.

Эслайман: дон сепса, ким тупроқ кечиб,
Сен унинг ёдига келардинг дарҳол.
Энди хотирадан кетяпсан ўчиб,
Сўғдиёна мозий бўлгандек, не ҳол?!

УЙҚУ ОЛДИДАГИ ТИЛОВАТ

Орзуларим менинг — бедор хушрўйларим,
Эрта кунга қадар хайр-хўш сизга.
Ҳаёт ҳақидаги туганмас ўйларим,
Оппоқ тонгга қадар оппоқ туш сизга.

Менга яхшиликни истамас дўстим.
Хайр,
Эрта тонгдан бўлгил серҳиммат.
Мудом билмай яша ҳаёт кам-кўстин,
Хотиржамлик бўлсин уйингда ҳар вақт.
Совуқ юрагингда пайдо бўлсин ўт,
Унинг шуълаларин одамларга тут.

Эй, ёғий, сен эса ёлғон сўздамас,
Чин дилдан бўлолгил, бўлсанг хайрихоҳ.
Қисиқ кўзларингдан рашк-ҳасад эмас,
Жой олсин ҳаётбахш, илҳомбахш нигоҳ.
Тикмоғинг-чун шундай нигоҳни менга,
То янги кунгача хайр-хўш сенга.

Биродарим менинг — сахийқалб инсон,
Яхшиликлар кўргил яхшилигинг-чун.
Ҳаёт — бу доимо мурод ва армон,
Ҳаёт — бу доимо кундуз билан тун.
Хайр тонгга қадар, мурод ва армон,
Мен ҳамма, ҳаммага оқ тонг тиларман.

Тилак Жўра таржимаси

КЕТДИ МУҲАББАТ

Муҳаббатсиз қандай яшамоқ мумкин,
Бутунлай унутиб, унутилмасдан.
Қандай яшаш мумкин лабда табассум,
Ишқдан кечиб, ортга қайтмасдан?

Фақатгина севги, фақат у қодир
Бизга тўғри йўлни кўрсатмоқликка.
Яшашга чорлар у, ўлимга чорлар,
Чорлагай қайтадан тирилмоқликка.

Ботқоқ ичра қолган балиқлар янглиғ
Тоғлар дарёсини қўмсаб соғиниб,
Маҳкуммиз севмаган ёрла яшашга,
Ўзни алдаб, дилдан куйиб, овуниб.

Биллур ишқнинг пўлат дарвозасини
Тақиллатиб ноумид, ночор,
Қандай ўз-ўзингдан қочмоқлик мумкин,
Ўзлигингни унутмай такрор.

Ўз айбингла тушган дўзахда
Жаннатдан ёр келишин кутиб,
Ишқ дарахтин кесиб ташлашга
Куч топмасдан фиғонинг чиқиб,
Адо бўлиб ишқнинг ўтида
Қандай ўлмай қолишлик мумкин?
…Кетди севги, қолди дард, оғриқ,
Севгисизлик дилни кемирар.
Энди ўзим яшайман танҳо
Ёлғизликнинг заҳрин симириб.

Рус тилидан Ҳасанбой Ғойиб таржимаси

* * *

Турмуш саҳна,
Ижро этгум турфа ўйинлар,
Гоҳи юлдуз,
гоҳи чўғу
гоҳи кул бўлдим.
Гоҳ юрурман гиряларга парво этмайин,
Гоҳ кулгумнинг хушк ёшидан
жиққа ҳўл бўлдим.
Ниқобимда ўзларини излар одамлар,
Қадрим ортар назарларда гўёки ҳар кун.
Зарраларга бўлиниб гоҳ сувга айлангум,
Билишсайди ўйин – марг бу,
Бўлишар дилхун.
Мен – шоҳдирман,
Мен – гадоман,
ўзим эмасман.
Гоҳ уману гоҳ буман,
йўқдир қиёфам.
Мен у бўлиб бошқаларга ўқийман ғазал,
То ўзгалар дардларини кўрмак-чун баҳам.
Ортар бундай ҳунаримга майлу рағбатим,
Очилмаган кўзларда мен тош қотай токи.
Мен саҳнада тугайдирман ҳаёт жаҳдида,
Бошда ўзга кулоҳи-ю
лабимда оҳи.

БИР ДЎСТИМ БОР

Дўстим бор,
душманим қариндош унга,
Андуҳу озорим кутиб юради.
Тилда у мен билан ҳамдарду, пинҳон
Ағёрга сирларим сотиб туради.
Дуч келиб қолганда иккиюз илон
Садоқат бобида кўрсатар ўзин.
Топмоққа интилар кўнглимга у йўл,
Лаҳзада неча бор тусланар юзи.
Умри узоқ бўлсин,
майли, унинг ҳам.
Йўл усти тошидан нечун ранжимоқ?
Жон тикиш урфидан ғофилдир ахир,
Қалби ҳам эмасдир ахир бегуноҳ.
Мен фақат ўзимни айблайман ҳануз,
Ишонганим учун ёлғон сўзига.
Мен нечун сезмадим совуқ бир чўғни
Унинг йилтиллаган маккор кўзидан?…

Жамшид таржимаси