Басир Расо (1931-2010)

Басир Расо 1931 йил 13 июлда Тожикистоннинг Ванжи туманида туғилган. Тожикистон давлат университетини тамомлаган.
«Нур салтанати» (1968), «Дўст нидоси» (1981), «Баҳорий орзу» (2004) каби китоблари чоп этилган. У Э. Чаренс, Л. Гурунтс, Н. Зарян, Г. Эмин асарларини тожик тилига таржима қилган.
2010 йил 11 июлда вафот этган.

МУСИҚОР

Бир куни олди мутриб
Сетору чангу танбур.
Чолғу асбобларини
Жамлабон айлади жўр.

Таралди руду тордан
Руҳбахш куй-оҳанглар.
Мизроб тегизганингда
Минг турли савт жаранглар.

Чанг, рубоб ноласидан
Дил завқу жўшга тўлгай.
Арғунун овозидан
Жонинг хуружга келгай.

Нағмалар пардасида
Бир нағма боз ниҳондир.
Танбурнинг хуш садоси
Борбаддан нишондир.

Санъаткор шавқи бирла
Айланса мусиқорга,
Одам кўзида олам
Ўхшар гулгун баҳорга.

Раққоса мисли товус,
Этармиди хиромон.
Муғанний сози унга
Бағишламас экан жон.

Чолғу асбобларин кўр,
Ҳар суратда ҳар хил ранг.
Мутриб санъати сабаб
Жўр бўлди барча оҳанг.

Афсус ҳам юз афсус,
Халқинг нечун, эй, гардун,
Бир шаклда ва лекин
Овозлари дигаргун?

Олам халқин овози,
Эй, қошки жўр бўларди.
Унда мардум ҳаёти
Қўшиқ билан тўларди.

ДИЛ

Гаҳи тоғлар аро айлар сафар дил,
Гаҳи шамсу қамар-ла топишар тил.

Гаҳи тошдир, алангадир, азобдир,
Гаҳи ором топар, гаҳи симобдир.

Гаҳи ёниш ичра сози бисёр,
Гаҳи кундузда туннинг шиддати бор.

Гаҳи сарчашмасида лутфу эҳсон,
Гаҳи дарду ситамлар бирла тўфон.

Жаҳон унга сиғар, дерлар, зинҳор
Жаҳонга вале у сиғмоғи душвор.

Гаҳи олам ишидан айлар нолиш,
Гаҳи она мисол этгай навозиш.

Шоир қалби алангадир, баҳордир,
Шеър дунёсида парвардигордир.

ПАРВОНА

Тунда парвона қелиб шамга деди:
— Лаҳзалиқ оташдан олдинг болу пар.

Ёнасан ўзинг, аммо зарра йўқ
Сенда ёниш кайфу завқидан асар.

Одам насли англагай парвонани,
Ҳеч маҳал шам ани қатл этган эмас.

Ўз-ўзин қурбон этар шавқ йўлида,
Ўлса ҳам шуъла ичмоқлиқ ҳавас.

Тилак Жўра таржимаси