Аҳлиддин Ҳисорий (1954)

Аҳлиддин Ҳисорий 1954 йил 15 апрелда Ғарм туманида туғилган. Тарас Шевченко номидаги Душанбе Педагогика институтининг тарих-филология факултетида таҳсил олган. “Ирфон” нашриётида, Камолиддин Беҳзод номли ўлкашунослик музейида ва узоқ йиллардан буён Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Адабиётни тарғиб қилиш маркази директори вазифасида ишлаб келди.
“Шафақ”, “Тонг нафаси” каби китоблар муаллифи.

ЭНГ ГЎЗАЛ СЎЗ

Садаф танамдан жон гавҳаримгача
Фикру хаёлимда яшайди Ватан.
Дедилар, сўйлагил: «Ватан»дан ўзга
Тилимга келмади гўзалроқ сухан.

ОНА ҚАЛБИ

Она қалби бамисоли офтоб эрур,
Лим-лим тўла эзгуликдан савоб эрур.
Дунёда не бордир ундан улуғ,
Ҳар бир ҳарфи юзлаб достон, китоб эрур.

ОНА ТИЛИ

Болалик чоғимда шўх эдим жуда
Бир сўзни эшитгач тортдимку зийрак.
Бир ғариб айтарди: « Дунёда бахт йўқ,
Ўз она тилингдан сўзлашдан бўлак».

ИЛМ ВОЖИБ ЭРУР

Илм вожиб бўлди аҳли замонга,
Ёшму у ё қари, ҳар битта жонга.
Олимга шоирлик вожибмас, аммо,
Олимлик вожибдир ҳар бир шоирга.

ИЗЛАБ ЎТДИМ

Орзуларга тўла дилни нима қилай,
Мудом ярим бу кўнгилни нима қилай?
Тирикликнинг талотумли тўфонида
Излаб ўтдим танҳо  Гулни, нима қилай?

Тожикчадан Ҳасанбой Ғойиб таржимаси