Зиннур Мансуров (1949)

Зиннур Муъжиб ўғли Мансуров (Зиннур Мөҗип улы Мансуров) Мамадиш вилоятидаги Тубан Ушми овулида туғилган. Қозон давлат университетининг тарих-филология факультетида ўқиган. Матбуотда, Татаристон Ёзувчилар уюшмасида хизмат қилган. 2009 йили Абдулла Тўқай номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган. 2017 йилда Туркий дунёнинг адабиёт кишиси.

БОШ

Етти тешикли тўқмоқ…
Қрим-татар топишмоғидан

Аввалдан кўп ур-сур бўлдинг,
Етти тешикли тўқмоқ!
Ўз қавмингни сургун қилдинг
Ўз юртидан сен бироқ..

Ўз халқини чиқиштирмай,
Тириклай гўрга тиқмоқ
Ишидан ҳеч қутулмадинг,
Етти тешикли тўқмоқ!

Маскўв тахтин қатағони,
Бўғмоқ, турмага тиқмоқ;
Деворларни дупурлатган
Етти тешикли тўқмоқ!

Ишинг кар эшикларни
Қонли қўл билан қоқмоқ!
Бутларни ҳам ўйга солдинг,
Етти тешикли тўқмоқ!

Майдонларда янги юртдош
Туғилди, бу яхшироқ…
Топишмоқни
чалкаштирдим,
Етти тешикли тўқмоқ,
Урилибсан хўп,
бўлибсан
Етмиш тешикли тўқмоқ!..

Татар тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаcи