Зариф Баширий (1888-1962)

Шоир Зариф Баширий (Зариф Шәрәфетдин улы Бәшири) Қайбич вилоятидаги Чути қишлоғида туғилган. Қозондаги Муҳаммадия мадрасасида ўқиган. Оренбургдаги “Чўкич” газетасида ишлаган, 1910–1917 йилларда Пенза ва Тамбов вилоятларидаги татар қишлоқларида ўқитувчилик қилган. Сўнгра Олмаота, Жаркент, Тошкентда яшади, маориф ва матбуот соҳаларида хизмат қилади. 1933 йили Уфага қайтди. Шоир, журналист, ёзувчи сифатида қирқдан ортиқ китоби босилган.

ТИЛИНГНИ САҚЛА

Эй, татар! Бу кунгача не сақлабон қолди сени,
Бошингга келган ҳалокатдан юлиб олди сени?..

Кўкрагингда ёнган ўтни бунгача не асради?
Мангу йитмоқ йўлларига қай ёвуз солди сени?..

Ул томирларда ҳаёт ҳеч сўнмайин оқди жўшиб,
Сўлғину гулсиз чаман деб кўзга ким илди сени?..

Шубҳасиз, сақлаб келибдир ул муқаддас тил сени –
Сақлади номин татарнинг, тил татар қилди сени!

Бер товуш: “Мен бор!” дея, бундан кейин қилмай сукут,
Тил бўлиб-да тек туришлик парчалаб, тилди сени.

Бошқалардан кутма ёрдам, кутма ҳеч ёрдамчилар,
Мангулик бу йўлда дунё тил дебон билди сени.

Бор бўлурсан, ҳур яшарсан сен-да бу олам аро,
Она тилсан, кимса эзмас, толейинг кулди сени.

ҚАЧОН ЯХШИ БЎЛАМИЗ?

Босса бизни қайғу-ҳасрат,
Ёлворамиз Худога,
Бошга тушса ғавғо, кулфат,
Югурамиз онага.
Гадолардан дуо истаб,
Садақалар қилармиз,

Назру ниёз кетар аммо
Оқсоқ сўфи, муллога.
Ақчамиз сал кўпайса, бас,
Қувониб, кайфин суриб,
Эсимизга тушмас асло
Дўст, эш, она, Худо-да!..

ОНА ҚАБРИ ЁНИДАГИ ҚИЗ

Тўхта, шамол! Бу қабрга менинг онам кўмилган,
Қабр ўтлари бир етимнинг кўз ёши-ла чўмилган.

Шовуллама, эй, шамол, тин, қўрқадир менинг онам,
Тинч қўй мени, зор йиғлайин қуриганча то тинкам.

Шу етимлик хўрликларин онамга сўйлаб берай,
Бир дам кўнглим бўшатганча ғамлардан холи турай.

Ҳар саҳар келиб бунга, қучоқлаб гўру тошни,
Тинглагайман тотли сўзин, қабрига қўйиб бошни.

Онам мени суяр эди, қучар эди шафқат-ла,
Оҳ, энди мен ундан кейин қолдим меҳнат, миннат-ла!..

Оҳ, онамни олди лаҳад, беркитди қоронғи гўр,
Эй, худо, раҳмат айлаб, қабрига нуринг ёғдир!

Тўхта, шамол! Эсма, довул! Онам бунда олсин тин.
Ой, қулоқ сол фарёдимга ва осуда нур сочгин!

Тин, эй, шамол, тўзон сочма! Онам тинчиб ухласин,
Қадр қилиб фаришталар уни ҳар кун йўқласин.

Татар тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаcи