Сибъат Ҳаким (1911-1988)

Сибъат Тожиўғли Ҳакимов (Сибгат Хәким) Арча вилоятидаги Кулликими қишлоғида туғилган. Қозон педогогика институтини битирган. Нашриётлар ва матбуотда ишлаган. “Илк қўшиқлар” биринчи шеърий тўплами 1938 йилда чиққан. Абдулла Тўқай номидаги давлат мукофоти (1960), Горький номидаги мукофот (1970) билан тақдирланган.

ҒУРУР

Бир ғурур бор ичимда, уни
Сўйлай дейман, юртда, четларда –
Айтай дейман дунёдаги бор
Мажлисларда, парламентларда!

Боқ шу жаҳон харитасига –
Қирқ ўлкага етгандир бориб
Татаристон гази, олтини,
Татаристон моли, товари…

Керосини йўқ бўлса-да, эл
Чироқ ёқар, топар чорасин.
Эй, сенлар, эй!.. Бор нефтни йиғиб,
Айт, қайларга олиб борасан?..

Олдин ёпиқ эди юрт йўли,
Энди ҳар йўл очиқ туради;
Бизга дунё бозорларида
Зўр давлатлар салом беради.

Татаристон ўсди. Қувватлар
Эски мустамлака элларни.
Менинг ишим эса сўйламоқ
Шу халқларнинг донғин йилларга.

Бир ғурур бор ичимда, уни
Сўйлай дейман, юртда, четларда –
Айтай дейман дунёдаги бор
Мажлисларда, парламентларда!

ТАТАРЛАР ЖИЛМАЙИБ ЎЛДИЛАР

Уйимга келар-да, ел йиғлар…
Узоқдан келгандир, ким билар…
Малаклар сўйламиш бир хабар:
“Татарлар жилмайиб ўлдилар”.

Хабарда тутқунлар ингроғи,
Минг-минглар уйқусин бўлдилар:
“Биз ёв-ла урушдик, шаҳидмиз;
Татарлар жилмайиб ўлдилар!..”

Ел эсар, элма-эл эсади,
Замонга у хабар келтирар,
Тинглангиз, англангиз, дейди ул:
“Татарлар жилмайиб ўлдилар…”

Татар тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаcи