Шавкат Галиев (1928-2011)

Шавкат Галиев (ҳақиқий исми Шаукат Галиевич Идиятуллин, Шәүкәт Гали улы Һидиятуллин, Şəwkət Ğali uğlı Hidiətullin; 20 ноябрь 1928, Татаристон — 7 май 2011, Қозон) — машҳур татар ёзувчиси, шоир. Татаристон болалар адабиётининг етук вакилларидан бири.

БАҚИРОҚ

Йиғлаётган ким ўзи?
Ким ўзи у бақироқ?
Оғзи бунча очиқ-а,
Битай деди-ку қулоқ.
Эҳтимол у айиқдир,
Додлар топа олмай бол?
Балки ит қопган уни,
Ари чаққан эҳтимол?
Йўқ, йўқ, у айиқ эмас,
Тишламаган уни ит.
Сочини олдиряпти
Бор-йўғи бизнинг Рашид.

ЙЎЛЧИРОҚ

Йўлчироққа ўхшар помидор:
У ним яшил тусга кирган пайт,
ТЎХТАМАСДАН ЎТИБ КЕТАМАН.
(Тўхтамоқдан не наф, ўзинг айт?)
Йўлчироққа ўхшар помидор:
Унга тез-тез назар ташлайман.
Сариқ рангга кириши билан
Пишишини КУТА БОШЛАЙМАН.
Йўлчироққа ўхшар помидор:
Полиз сари йўлни соламан.
Қизарганин кўрган заҳоти
ЮРМАЙ, ТАҚҚА ТЎХТАБ ҚОЛАМАН!

Рус тилидан Абдураҳмон Акбар таржимаси