Нурий Арслонов (1912-1991)

Нурий Азиз ўғли Арслонов (Нури Газиз улы Арсланов) Петропавловскда туғилган. 1931 йил Қозон санъат институтини битирган. Газета ва журналларда рассом, адабий ходим бўлиб ишлаган. Шоир ва таржимон сифатида танилган. Пушкин, Байрон, Гёте, Ҳофиз, Хайём, Маҳтумқули, Тўхтагул, Абай асарларини татарчага ўгирган.

ШОИР ВА ШОҲ

Майдонда Ҳинд султонин енгмиш,
Эга бўлмиш тожу давлатга.
Айриларкан она ватандан,
Шоир умри кечмиш ҳасрат-ла.

У тахтни бахт деб билмади ҳеч,
Азоб берди кўнгил яраси.
Мерос қолди бизга у зотдан
Ғазаллари, “Бобурнома”си.

Бобур подшоҳ замони ўтди,
Тожу тахтдан асар қолмади.
Бобур шоир – биз билан бирга,
Шонин тупроқ кўма олмади!..

ҚУШ БЎЛГИМ КЕЛАДИ

Қушлар тили каби жудаям бийрон,
Ёқимли тилингиз!
Латишлар! Мен сизни яқин тутганим
Тилсиз ҳам билингиз!..

Билдим, қушлар турли-турли бўлса-да,
Битта экан тили.
Инсонларда эса, битта тил йўқ, ҳа,
Бари турли-турли.

Тиллар турли экан, зиёни йўқ, бас,
Кир бўлмасин унда.
Тилни босиб, сўзни тўсиб тургувчи
Дард бўлмасин жонда.

Жаҳон кезсам дейман, сайрасин тилим –
Қуш бўлгим келади!
Тилимиздан тузилган бир “хор”, мақомга
Қўшилгим келади.

Баримизга азиз, эзгу тупроқ бу,
Биз – Ер болалари.
Инсонлар учун бахт – фақат дўстликда,
Башар – қардош бари.

Татар тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаcи