Миразиз Уқмасий (1884-1948)

Миразиз Қайюм ўғли Забиров (Миргазиз Каюм улы Укмаси) Қозон вилоятидаги Уқмас қишлоғида туғилган. 1906 йили илк шеърий тўплами босилган. 1908 йили Қозондаги Муҳаммадия мадрасасини битириб, турли ерларда ўқитувчилик қилган.

МАЙ КУНИ

Сокин бир куз куни ўрмонга бордим,
Сайрашурлар қушлар чарх уриб.
Бириси учару бириси қўнар,
Бири хурсанд чўпдан уй қуриб.

Чиқдим яланг ерга: чечаклар алвон,
Байрам гўё кўркам чиройи!
Кўклам, ёз ойларин бир авлиёси –
Энг қутлуғи, билинг, май ойи.

АХРИМАН НАСЛИ

Босилди энди аччиқлар,
Кўнгил яйрар, сўниб дардлар,
Умидлардан йироқ кетдим,
Тугаб ул айшу ишратлар.

Келиб заҳру қаро кунлар,
Бир иблисдек ўтирмишлар –
Кўриб халқу бу ёш авлод,
Умидларни йитирмишлар.

Менам энди яшай дерман
Ҳаётда сўнг лаҳзаларни –
Юрак тинч, битди ёлқинлар,
Ёқиб, кул этдим ўтларни!

Кетурман, хуш қолинг, дўстлар!
Тилай эзгу тилак сизга:
Садоқат, бахт тўла бўлсин
Мудом ёр руҳ, юрак сизга!

Менинг бахтим қуёшин, оҳ,
Қаро жинлар босиб ўтди,
Саодат юлдузимни
Ахриман насли келиб, ютди.

Учирсам ҳам кўнгил учмас,
Йиқилгай, ер қучар энди,
Жаҳон айни мамот ичра,
Заҳарларни ичар энди…

Татар тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаcи