Зинаида Бикова (1940)

Зинаида Бикова 1940 йилда туғилган. Украинанинг Черновци шаҳрида яшайди. Касби ўқитувчи. Шеърлари “Арион”, “Знамя”, “Дружба народов” журналларида босилиб туради. “Тинч давлат”, “Кўринмас қушлар” шеърий китобларнинг муаллифидир.

* * *

Майли ёғаверсин яна жала, қор,
Лойлансин қишлоқнинг жин кўчалари.
Шамолда қалтираб турган юлдузлар,
Титрасин гулдирак кучайган сари.
Майлига юрсак-да балчиққа ботиб,
Резина этикда роса совқатиб,
Дир-дир қалтираса оёқларимиз…
Ўша лой кўчага деразалардан
Тунда қамаштириб одам кўзини,
Ёғилиб турувчи чироқ нуридан
Ҳаёт бизга кулиб очар юзини.

* * *

Дарахтлар остида рақсга тушгани
Шодон отланамиз юрак ҳаприқиб,
Қизчалар кўзида яйрар япроқлар,
Мусиқа эшилар дилга ўт ёқиб.
Қордайин оқ кўйлак кийган болалар
Қордай елкамизга қўядилар бош.
Йигиту қиз чарх уриб, гир айланамиз
Товланиб капалак мисоли ювош. –
Чексиз қувончларга, илҳомга тўлиб,
Гўё абадият ичра маст бўлиб.

* * *

Севолсанг,
Кимгадир ишонсанг
Худди Ҳаққа ишонганингдай.
Бирдан йўлдан тойсанг
Бир жарликдан қулаган каби
Мўъжизада омон қолсанг-да гарчи,
Севги жуда нозик, бўлар чилпарчин.

* * *

Ёлғиз қолгим келади гоҳо,
Ўйлаш учун сен ҳақингда жим.
Қани эди учирмасайди
Хаёлнинг кўринмас қушларин ҳеч ким.

* * *

Қуёш яна ялтираб қолди
Кузги экин майсаларида,
Қуш қаноти, симлар узра ҳам –
Кўнглим равшан тортдики бирам.

* * *

Қордан сизиб оққан жилғача
Софлиги-ла ёшликка тимсол.
Унга қараб қувонмоқдаман,
Эслаб ўтган йилларни ҳушҳол.

* * *

Қўрқаяпман ишонгим келмай,
Мунча оғир фироқ дамлари.
Айрилиқда ўйлайман сени
Ҳаёт алдов ва бекор деган
Муздек фикр тергайди мени.

* * *

Апрелнинг униққан япроқларида
Муз парчалар ташланар кўзга.
Қорайган шохларнинг тепаларидан
Мовий осмон кўз ташлар бизга.
Мен қуёш юзига тик боқолмайман,
Кўлмакдаги аксига қараб
Кўраман – шамс сариқ чамбарда
Турар ҳар ён ёғдулар тараб.
Муҳаббат ҳам шундай аслида,
Тирик экан тик боқолмайсан.
Ўлгач эса –
Қалбда яшайди мангу.

* * *

Читтаклар чуғури ғамни аритар.
Қалбим яраланиб, қадрдон шаҳрим,
Яна қайтиб келдим илиқ бағрингга,
Яхшиям қушларга сўнмабди меҳрим…

* * *

Сен ҳақдаги хотираларим
Уфққача чўзилиб кетган,
Жавдарзорда тобига етган,
Қуёшнинг тилларанг таъмини тотиб,
Баҳор ҳавосидан яйраб қулф урган,
Саҳар сабосидан шовуллаб турган,
Буғдой бошоғини турар эслатиб.

* * *

Ҳаяжонга солади мени
Онажоним севган қўшиқлар.
Бу қўшиқлар нурдай беғубор.
Уларда онамнинг нафас олиши,
Дард-ҳасрати, табассуми бор.

* * *

Самбиттол!
Сен ҳовлимизда,
Мактаб ёнида,
Кенг далаларда,
Йўллар четида,
Дарё бўйида ҳам
Ўсаверасан…
Қалбим хаста пайт,
Пар ёзган шохингга
Теккизмайман қўл.
Куртагингга боқиб
Қувонар кўзим –
Юракка янги куч
Киради оқиб.

* * *

Истардим: оқ варақлар узра
Қора доғлар асло бўлмаса,
Чаппар урган гулларнинг юзи
Чивинлардан бевақт сўлмаса,
Муҳаббатга эса хиёнат
Сира-сира аралашмаса…
Аммо сийқаланиб кетди бу дунё
Тирсаги ейилган камзул сингари…
Ва лекин барибир Илоҳий куч-ла
Яна юз очар у келажак сари.

Рус тилидан Файзи Шоҳисмоил таржимаси