Вадим Муратханов (1974)

Истеъдодли шоир Вадим Муратханов 1974 йили Фрунзе (Ҳозирги Бишкек) шаҳрида туғилган. 1996 йили Тошкент Давлат университетининг хорижий филология факультетини тугатган. 2002 йили «Звезда Востока» журналининг шеърият бўлими мудири бўлган, 2006 йилдан эса Москвада чоп этиладиган “Новая Юность” журналининг шеърият бўлими мудири, “Интерпоэзия” (АҚШ) журнали масъул котиби. Шеърлари «Новый мир», «Дружба народов», «Октябрь», «Знамя», «Озод этилган Улисс», «Литературный Азербайджан», «Вавилон», «Литературная Азия», «Ark», «Анор/Гранат» сингари ўнлаб журнал ва баёзларда нашр этилган. “До сумерек” (“Қоронғи тушгунча”), “Непослушная музыка» (“Итоатсиз мусиқа”), «Портреты» (“Портертлар”), “Ветвящееся лето» (“Шохлаётган ёз”) сингари шеърий тўпламлар муаллифи.
Бундан ташқари, Вадим бадиий таржима билан ҳам шуғулланади, бир қанча ўзбек шоирларининг шеърлари унинг таржимасида рус тилида босилиб чиққан. Айни пайтда Россия Федерациясининг Москва вилоятида яшаб ижод қилади. Вадимнинг шеърларини «ҳолатлар поэзияси” деб аташ мумкин. У – кайфият ва соғинч мусаввири. Бир шеърида ўзига тинчлик бермаётган Сўзга уй қуриб бергиси келади. Ушбу мажоз ортидан образли фикрлашдан кўра юрт соғинчи тинч қўймаётган юракнинг талпинишлари, орзиқишлари юз кўрсата бошлайди ва аста-секин сатрларга кўчади.

САЛҚИН

Ёз. Иссиқ элитар. Дармон ҳам ёрти.
Зўрға узалади пиёлага қўл.
Қайдадир, зангори тоғлар ортида
Салқин бор, салқинки, керагидан мўл.

Оппоқ қўзичоқдай ирғишлар салқин,
маърар. Ариқ ёзиб олар барини.
Ёзнинг қулоғига чулдираб талқин –
қилиб берар сўнгра товушларини.

СЎЗ

Хона мувозанат, сукутга чўмган.
Парда орасидан нур тушар унга.
Токча. Китобларда унлар жамулжам,
ҳар битта товушнинг ўз нарсаси бор.

Мен ўйлаб топган сўз тополмайди жой,
бир акс-садо у – уйқусираган,
хонамда тентийди у ёндан-бу ён.

Ишдан чўтка олиб келаман бир кун,
мих билан ранда ҳам топгум ахтариб:
уй қуриб беришим керак сўзга мен.

* * *

Кўҳна уй ва қаровсиз боғим…
Ранги, ҳиди қалбимга яқин.
Кимдир қурган, унинг чироғин
ёқиб кетган бир замон тағин.

Лекин кўнглим тўсину печка –
бари-барин вақтдан тарошлаб
олгандай туюлар кичкина,
ҳали гўдак чоғимдан бошлаб.

* * *

Тунука устига баравар сачраб
ётган томчилардан олис ёқларда
негадир сен мендан борасан ажраб,
ўртамизга тушади парда.
Ёмғирни сен билан келар тинглагим,
қарийб биргамиз, демак, малагим.

* * *

Тўкиб бўлди дарахтлар хазон.
Ҳар ким тепа қаватга қарар:
– Мавлуд яқин – арчанинг маржон
чироқлари милтиллаб турар.

Хона совуқ, сукутга ботган.
Пишлоғини майдалар экан,
тинмай қарар тақвим соатга
тоқати тоқ бўлган уйбека.

Қадаҳларни қайта бошидан
санар, лекин кўнгли тўлмайди.
Қоп-қора дераза ташида
эса қордан дарак бўлмайди.

* * *

Хоналарни ёритмаса ҳам
кун нури, чироқни ёқмаймиз.
Ҳар нарсани кун нури бекам
қайтариб беради. Боқмаймиз.

Сен дафтару чироғу устал –
барига қайтасан бирйўла.
Болалар ҳам атрофда балки
ўйнаб юрар қўллари тўла.

Қиш кечаси. Яримлайди тун.
Катта уйга – бир термометр,
ташқарида музлайди беун,
совуқларнинг узилмас кети.

* * *

Қиш, изғирин юрар улоқиб.
Тинглайин деб сувнинг шовурин,
бурайман краннинг қулоғин
баданга хуш ёқар ҳовури.

Бу роҳатни сув менга раво
кўради, пасаймас суръати.
Унга инсон тилида жавоб
беришга етмайди журъатим.

ЗАМИН

(Эркин таржима)

Совуқнинг ҳам ўз ҳикмати бор,
ҳар нарсага шакл солади
қиш кечаси. Кўзёшлар, излар
тунга бориб тўнғиб қолади.

Кўлмаклар тўн ямоғи каби
олақуроқ бўлиб музлайди.
Кундуз чеккан ғамларинг сабил
қолар тунда – паноҳ излайди.


ШАХМАТ

Шийпонча ёп-ёруғ ва қуруқ.
Пиёдалар расо, қорамтир.
Тикилар усталга мисли ўқ
истеҳзоли нигоҳлар бир-бир.
Шахмат тахта ёриқларига
Томир отар сипоҳлар шошмай.
Болакай зерикар баридан,
Ҳали кун туш маҳалдан ошмай.

* * *

Ёзги чилла қумрининг нола –
хонишига шўнғир. Яхши-да.
Янги маъно юклайди бола
бобомерос гилам нақшига.

Ёзнинг тафти, дардимни олиб,
то тонггача жилма нарига,
тушларимни қўриқла, қолиб
ёстиғимнинг ғижимларида.

ГАМЛЕТ

Воқеалар сустдир. Тергамоқ
истаги йўқ заррача, ёҳу!
Ҳушим бор на қилич сермамоқ
ва на жомга солмоққа оғу.

Оқсоч денгиз қутурмас бирдан.
Иштибоҳлар кўнгилга келмас:
тўрт кўз тугал қайтар сафардан
ҳеч кимсанинг қони тўкилмас.

Уйга қайтиб келамиз бир кун.
Ҳадемайин Эльсинорада
эски гуноҳ, қайғулар учун
ёш тўкамиз дилни поралаб.

* * *

Оғриб бўлар оғриқлар бари,
титроқлар ҳам адоқлаб қолар.
Ўзга зотнинг юз чизиқлари
мени бир кун ёдингга солар.

Тушларингга мўралаб кириб,
бўлажакман сенга ҳамнафас.
Хазонни ел кетса учириб,
у баҳорда қайтажакдир, бас!

СУРАТ

N.га

Арқонни тортсанг бас, хўрсиниб бир зум,
эшик ичкарига бошлайди сени.
Бола лабидаги синиқ табассум,
кел, мени кутиб ол, гапга сол мени.

Тортинчоқ, журъати йўқ бир мендайин
бандага сабр ва вазминлик ёрми?
Сен кирган тушларни сув билан тайин
ювиб ташламоқнинг имкони борми?

Биз кетармиз, сурат қолади охир,
ранглари ўнғиган, бамисли қамоқ.
(Кимгадир хурмонинг яланғоч шохи
сўнгги мевасини асрайди ҳамон.

Девор ортидаги кўздай ўйилган
туйнуклар хаёлни тубанбанд этар.)
Альбомга ёт хешлар билан қўйилган
суратинг уларга қоришиб кетар.

Набираларимни инжитмас асло
зулматдан балқиган пари жамоли.
На тубсиз кўзларни, на урён хурмо
шохини кўрмоққа бўлмайди ҳоли.

Кимдир бизни эслар суратга боқиб,
биз унинг ёдида бир-биримизни
туш кўрамиз ёниб, соғиниб, ёқиб.
Тор ҳовли очади бор сиримизни.

* * *

Ёвуқ эди у менга асли,
қайдан келди бу қўққис жазо:
мен қидирдим уни тонгласи,
тополмадим валекин асло?

Кириб олганмикан танимга,
бўлмаса, у гизланди қаён?
Ичимга сиғса ҳам – ғаним-да –
кўнглимга сиғмайди бу хаёл.

Зарра хафа эмасман бундан,
сир бой бермай юракни эзар.
У мен билан овқат ер, тунда
туриб бирга шеърлар ҳам ёзар.

Русчадан Фахриёр таржимаси

* * *

Титраниб-қалтираб уйғонар баҳор,
у билан ҳовлида кун ўтган сари
осмонга вафосиз, билч-билч эрир қор,
тупроққа қовушган ойпари.

Пистоқи маъвога забун дайрда,
англайсан айбингни бирдан. Начора?
Гуллар ва қушларнинг сафига кирасан,
абрлар тўпини санолсанг, бечора.

Кўнгил янги неъмат ишқида ҳалак
Ва йиртар иккига омад дафтарин.
Ит ҳурар, шамолой учиб ҳалгинчак
сочар томлар узра терак патларин.

ТОҒДАГИ ВОҚЕА

Соқоли ўсиб кетган, ғижим шапкада,
ўтганди ёнимиздан, пайқаган ҳамма.
Тоғда эрта ётдик. Тош қотибмиз, тош,
чўнг юкимиз бордай ҳорғин елкада.

Муқаррардай эди тушга кирмоғи.
Таважжуҳи фақат бироз аломат:
тошлар оша оч арвоҳдай сирғалиб келиб,
қуюқ туман қучоғига йўл олди шу пайт.

Ўв, бизнинг тошлар аро кечган тунимиз,
дўстларимдан бири шоири замон,
йўқ эди шеър битмаган бирорта куни,
бироқ уни эслаб қўймади бир он.

Бошқа ошнам эзғин китобхон даҳо,
саҳфаларни титкилаган соқоллари ҳам,
ён дафтари шов-шувларга тўла доимо,
уни одам ҳисобига кўрмади бу ҳам.

Шунда ҳам кетмаган у. Шунда ҳам азим.
Яшар киприкларнинг ортида кутиб.
Афтидан, ҳали замон менинг бир ўзим
соқоли ўсган дўстни оламан кутиб.

Рус тилидан Вафо Файзуллоҳ таржимаси