Сергей Орлов (1921-1977)

Сергей Сергеевич Орлов (22 август 1921, Мегра (Череповец губернияси — 7 октябрь 1977, Москва) — рус шоири, сценарист.

* * *

Уни ер шарига этдилар дафн,
Бор-йўғи оддий бир аскар эди у.
Бор-йўғи у аскар эди, дўстларим,
На-да мансаби бор, на-да унвони.

Энди мақбараси курраи олам,
Милён асрларнинг учмоқларида.
Сомон йўллари ҳам нур сочар ҳар дам,
Уни маҳкам тутиб қучоқларида.

Қўнғир қоялардан булутлар оқар,
Изғирин тоғларга босар тўшини.
Залворли чақмоқлар қайдадир чақар,
Шамоллар бошлайди югуришини.

Ахир, аллақачон тугаган қирғин…
Аскарни кўтариб келиб дўстлари
Шундоқ Ер шарига этдилар дафн –
Худди мақбарага қўйишган каби.

* * *

Қаро ернинг тагида маъдан,
Нени кутар мунча интизор?
Озод қилди уни асирдан,
Уни кончи йўқдан қилди бор.

Эритдилар олов-оташда…
Ҳорғин ишчи оғир пўлатни,
Болғалади, сўнгра фронтга
Жўнатдилар снарядни.

Портлаш қандай даҳшатли бўлди!
Танга ботди осколка учиб…
Наҳот, шунча йўл босиб келдинг,
Темир, мени ўлдирмоқ учун.

* * *

Мовий Волхов самоларида
Тонглар отиб, қонга ботади:
Ўқ излари ҳаволарида,
Ботқоғида танклар қотади.

Балчиқ, балчиқ, балчиқ тўрт тараф,
Ҳар қадаминг устида қирғин.
Бузилади мардонавор саф –
Жон беради менинг дўстларим.

Қора-қурум қорнинг устидан
Полк ўрмалар, изида қон, кул…
Ғалабани сезади юрак,
Ақл билан ҳис қилмоқ мушкул.

* * *

Қўшиқларсиз музлайди олам.
Шамоллар ўйнаган заминда
Қўшиққа ишониб яшайди одам –
Ўтга толпингандай аёзли тунда.
Заминда аслида қўшиқ тўқишмас,
Шунчаки ўтади рота шаҳардан
Шунчаки аёллар “уҳ” тортади, бас,
Гармошка жаранглаб қолади бирдан.
Сесканиб тушади оқлибос қайин,
Дераза тагига келар яқинроқ.
Кимнингдир юраги портлайди, кейин
Қўшиқ куйланади заминда янгроқ.
Ёмғир йиғисидай, шафақдай ёниб,
Худди чақалоқдай туғилади у.
Овора бўлмангиз қўшиқни тўқиб,
Заминда у мангу, ҳаётдай мангу.

Усмон Азим таржимаси