Осип Мандельштам (1891-1938)

Буюк рус шоири Осип Мандельштам 1891 йилда Варшава шаҳрида савдогар оиласида туғилган. Унинг болалиги ва ёшлиги Петербургда ўтади. Кейинчалик бир муддат Парижда таҳсил олади,аммо сўнг Петербург университетида ўқий бошлайди.
Кейинчалик у Москвага кўчиб келади. Инқилобни қабул қилмаган шоир жуда оғир ҳаёт кечиради. Сталинни қоралаб ёзилган шеърлари учун 1934 йилнинг 13-чидан 14-чи майга ўтар кечаси Осип Мандельштам НКВД томонидан қамоққа олинади.
Шоир 1938 йилда Владивосток шаҳри яқинидаги лагерларнинг бирида оламдан ўтади.

* * *

Ўлтирибмиз хонада ёлғиз,
Керосиндан анқир хушбўй ис.

Ўртада нон ва ўткир пичоқ…
Гар истасанг, ёндиргин ўчоқ,

Ё бўлмаса, бу қават-қават
Ипни олиб тўқийлик сават –

Чиқмоқ учун йўлга – йироққа –
Бизни ҳеч ким тополмас ёққа…

* * *

Сенинг бу нозик елканг қамчилардан қизарар,
Қамчилардан қизарар, совуқларда бўзарар.

Қўлларинг бўлар адо дазмолни кўтармоқдан,
Дазмоллар кўтармоқдан, арқонларни ўрмоқдан.

Товонларинг қонайди шишаларга тилиниб,
Шишаларга тилиниб, тиканларга шилиниб.

Мен-чи, сен деб, сени деб, қора шамдек ёнарман,
Қора шамдек ёнарман, дуолардан тонарман.

Рус тилидан Хуршид Даврон таржимаси

* * *

Кечқурун ҳовлида ювиндим: сув — муз,
Ер заранг — тўнггандек қаҳратон қишда.
Болта юзида шўр — бамисли юлдуз,
Ях қотиб қолганди ёғоч идишда.

Дарвозада қулф осиғлиқ турар,
Теварак қахрли боқар чунонам…
Ҳақиқатнинг бундоқ суврати сира
Бирон-бир асарда эмас мужассам.

Туз янглиғ эрийди идишда нурлар,
Яхлаган сув эса қораяр жуда.
Ўлимнинг қўли нақ кўксингга кирар,
Борлиқ қатъий ҳукм каби осуда.

* * *

Ҳали сен тириксан, эмассан ёлғиз,
Ҳали ёнгинангда ғамкаш дўстинг бор.
Кўзингни яйратар даштдаги анғиз,
Ҳатто тасаллидир зулмат, аёз, қор.

Кабир қашшоқлиқда, буюк хорлиқтса
Яша осойишта, дилга бер таскин.
Бу дамлар чиндан-да ғанимат, зеро
Муте умрда ҳам ҳузур бордир, чин.

Бахтсиз ул — қўлига кишанлар кийиб,
Шамол ва итлардан зада бўлган зот.
Шўрлик ул — яшашга сўнг бор интилиб,
Манфур соқчилардан тиланган нажот.

* * *

Нурлар издиҳоми жазб этар такрор,
Маст айлар руҳимни ажиб ифори.
Халққа ҳаво керак тоза ва зангор,
Унга нон керак ва Элбрус қори.

Сўраб кўрмоқликка кимса йўқ, зотан
Қаэрдан излайман якто сирдошни.
Топмаслар на Қрим, на Урал ёқдан
Бунақанги шаффоф йиғлоқи тошни.

Халққа ашъор керак сирли ва эзгу,
Ҳар тонг ажиб руҳ-ла уйқудан турсин.
Ундан туюб ҳаргиз ифор ва ёғду,
Оҳанглари аро чўмилиб юрсин.

Мирпўлат Мирзо таржимаси

* * *

Тун ичра ювиндим, чайиндим ҳовлида,
Қатқоқ замин дағал юлдуз-ла ялтирар.
Болта юзида нур – жилва туз ҳолида,
Тошганча музлаган бочка ҳам қалтирар.

Маҳкам зулфунланган нақшинкор дарвоза,
Замин ҳам чинакам тўнгиб-да яхлаган.
Ҳарир мато, ана, ҳақиқатдек тоза,
Асос ўзга топмам ўзини ёқлаган.

Бочкада-чи, туздек эриб кетар юлдуз,
Ва музлаган сув ҳам ниҳоят тимқора.
Ўлимдан-да тоза, қайғу аччиқ, шўр,
Замин ҳам қўрқинчли, ростгўй дилпора.

ҚИМОРХОНА

Мен беғараз қувонч мухлиси эмасман,
Гоҳида табиат – кулранг доғдир, холос.
Қашшоқ ҳаёт рангин татийдирман оз-моз,
Енгил сархушликда менга бўлмиш бутан.

Шамол булутларнинг сочин тўзғитар,
Денгиз туби сари шўнғир лангар, боз,
Ҳам нафаси сўник гўёки тош қоғоз.
Тубсизлик лабида саланглаб руҳ турар.

Суюкли масканим қумзор – қиморхона,
Хира деразадан кенгликка, боқ, ана,
Ғижим дастурхонга майин нур таралар.

Кўкимтир сув билан атрофим ўранар,
Қачонки, худди гул – биллур қадаҳ, мана,
Севаман чағалай кузатмоқни бесар!

* * *

Ранглар-да нилий, оч эмал бўёқда,
Апрелда-чи, шундай туюлди.
Қайинлар бутоғин ёйди ҳар ёққа,
Ҳам ногаҳон оқшом қуюқлашди.

Сайқалланган, инжа сирли нақш-да,
Нафис тўр қатида ажойиб жилвир.
Рост, чинни тарелка – тиниқ идишда,
Сувратланган эди аниқ бир тасвир, –

Ким азиз наққоши, билмам кимлигин,
Заранг шиша сиртин безаган дамда,
Туяман ўткинчи қудрат жимлигин,
Қайғули ўлим-чи, хаёл, одамда.

* * *

Майиндан майиндир
Юзларинг сенинг,
Оппоқдан оппоқдир
Сенинг қўлларинг.
Буткул дунёсидан
Олисдасан сен,
Ҳам бутун борлиғинг –
Қисматинг, йўлларинг.
Қисмат йўлларидан
Сенинг қайғунг, ҳасратинг.
Совумаган йиллар,
Бармоқларинг ҳам.
Тўхтамас сўзларнинг
Сокин саси-ю,
Кўзларинг уфқлари-да,
Қисмат, маҳбубам.

* * *

Болалар китобин ўқимоқ фақат,
Яккаш болаларча ўйлар ўйламоқ.
Катта нарсаларни итқитиб узоқ,
Қад теран қайғудан ростлаб, ниҳоят.

Ҳаётдан ўлгудек чарчадим рўй-рост,
Унинг ҳеч вақоси керакмас энди.
Ғариб ватанимни севмоғим чинди,
Зотан, кўрмаганман ўзгасин, холос.

Арғимчоқ учардим мен овлоқ боғда,
Шунчаки оддий бир ёғоч арғимчоқ.
Қора чағалайлар хушҳад, эсламоқ
Ишимдир алағда туманли чоғда.

* * *

Динг қулоққа елкан берур куч,
Кенг нигоҳим бўшлиқда юзур.
Тун қушларин сасида ўкинч,
Сукунатдан ўтадир сузиб.

Мен ғарибман, оҳ, табиатдек,
Осмон каби эрурман оддий.
Ва ярим тун қушлар сасидек,
Ҳурлигим ҳам шаффофдир жиддий.

Жонсиз Ойни кўраман мағриб,
Ва бўздан оқ осмон ҳам танҳо.
Бўшлиқ! Сенинг калаванг ғариб,
Оламингни этгайдурман жо.

* * *

Сўзанаклар учар беуйқу,
Тим кўлмакда жилва уйғонар,
Ва сал ҳалқа солиб қўяр сув,
Қанотлари бетиним титрар.
Ортларидан калава тортар,
Ўргимчак тўрини тўқир.
Қанотларин секингина ёпар,
Ва тўлқинлар жаноза ўқир.
Ва мен нечун хафақон, ғамгин,
Ҳам бўшлиққа ташлайман ўзни.
Ҳис этаман ништар санчиғин,
Қалб пучмоқларида туяман музни…

* * *

Минг ирмоқли оқимда –
Баҳорий эркалаш шилдирар.
Сирғалиб извоши ғилдирар
Парвонадек енгилгина.

Мен баҳорга жилмайдим,
Ва яширин қададим нигоҳ, –
Аёл барқут қўлқопда, воҳ,
Уйқуда жилмайиб борар жим.

У борар йўл аро,
Азалий эгнида шоҳи,
Нафис тўр рўмол-ла эй воҳ,
У ҳам эди қоп-қора.

* * *

Дарахтидан тушган мева овози,
Оҳиста-ю бағри, дилгир ҳам ҳазин.
Адоғи кўринмас нақорат, сози,
Ўрмон сукунатин теран нафаси.

Рус тилидан Турсун Али таржимаси

ТЕМИР

Темирдан токчалар, йиллар ўтяпти,
Ҳатто ҳаво темир соққага тўлди.
Рангсиз эди асли сувдан ўтяпти,
Хаёл билан ёстиқ пуштиранг бўлди.

Ҳасад учун тирик – темир ҳақиқат
Даста ҳам темирдан ва темир тугун.
Шеърият ҳам бўлди темирдан фақат,
Кесилган жойидан ёшланиб бугун.

* * *

Нон ҳамда қорлар Эльбрус тоғидек
Нур ҳамда соф ҳаво зарур халқ учун.
Мен туриб ёруғлик кони боғида
Нега нур қизғонай, айтинг-чи, нечун?

Ўшандайин шаффоф ва мунгли тошлар,
Ҳозир йўқ Қримда, Ўролда қаранг.
Маслаҳатчим йўқ мени иш бошлар,
Ўзим эса топарман уларни аранг.

Халққа азиз, сирли шеър керак яна,
Мангулик мудроқдан уйғониш учун.
Шеърдаги нафосат, авжи тантана
Ҳамда жарангида покланиш учун.

* * *

Кўзимиз ўнгида сохтагарчилик,
Ноқисликларни ҳам кўриб қоламиз.
Уларнинг узлуксиз бу очарчилик
Туҳфасини энди нима қиламиз?

Ва улар устидан аста судралган
Хоиннинг кўзлари алангу жаланг.
Иллатлар қаердан, қаерга деган
Саволлар бизларда доим кўнгдаланг.

* * *

Яшаяпмиз атрофда юртни ҳис қилмай,
Гапларимиз нарига ҳам эшитилмай.
Овозинг чиққудек бўлса ҳамиша,
Кремль тоғлигини қилишар пеша.

Унда панжа йўғон, зулукдай, ёғли,
Сўзлари ҳам худди тошдай залворли.
Кулса суварак кўз, атроф қалтирар,
Даҳшат солиб этик соғи ялтирар.

Атрофида гирён доҳийваччалар,
Хизмат қилар ярим одамваччалар.
Кимдир хуштак чалар, ким миёвлаб қўяр,
Ғиринг десанг икки кўзингни ўяр.

Тақа туҳфа қилган изма-из фармон,
Насибадор чекар афсусу армон.
У қатл этмаган кун – малина ҳаёт,
Демак осетин дилида янграган баёт.

* * *

Келажак шони деб юмдилар комим,
Олий насабни деб олмадим дуо.
Оталар базмида олдилар жомим,
Обрў-шодлигимдан бўлдим мосуво.

Устимга ташланар бўрибосар – аср,
Гарчи қоним билан эмасман бўри.
Менга сибир пўстини бўлади қаср,
Яшир мени шу ерга, бўлар иш зўри.

Номардни кўрмасам мен бахти қаро,
Қонли суякларни кўрганим қурсин.
Ҳаворанг тулкилар бутун тун аро,
Қадимий кўркида порлашиб юрсин.

Тунда олиб кет мени Енисей томон,
Қарағай тирмашган юлдузлар сари.
Мен бўри эмасман, ахир, мен, инсон
Ва мени маҳф этар ўз тенгим, инон!

ТУХУМ

Дашном берар эди тухум товуққа:
“Илитмай қолдирдинг мени совуққа,
Ҳа, сен анча мени туққансан ёмон,
Қийшиқ ҳам қўйгансан ёнбошим томон.

Яхши асрамадинг дея: “эл кулсин”
Энди ўзинг уял! Ажаблар бўлсин.”

* * *

Заводини юргизган текин шамол, воҳ,
Ботқоққа йўл учун ёғоч тўшалган,
Ванька – калитдорга бўлган сайилгоҳ –
Муҳим қўрғонларда менман яшаган.

Тунда даштдаги кўл сувлари анқиб,
Совуқ ҳам мунчоқдай сузлатар безаб.
Ранжиган хўжайин юрарди санқиб,
Руснинг этигида бўлиб дарғазаб.

Саҳн тахталари эгилган бирам –
Тобут тахтасига ўхшаб кўзимга.
Бегона уйда йўқ менга ҳеч ором,
Ўз ҳаётим гўё йироқ кўзимга.

* * *

О, риёни қанча яхши кўрамиз:
Етукликдан кўра биз ёшлик замон.
Ўлимга жуда ҳам яқин юрганмиз,
Яшаяпмиз буни унутиб осон.

Яна боладайин чала уйқу кас,
Ранжиб ҳам юради, олмайин сўзим.
Мени аразлатар одам топилмас,
Балогардондирман ҳар ерда ўзим.

Аммо сувнинг чуқур жойида беҳуш
Балиқдай ухлагим йўқ мени асло.
Ҳатто азоб бўлса ҳам ёки ташвиш –
Ўзим танлаганим қадрли, аъло.

АСО

Ҳур, эркинлик тимсолидай адл
Менинг асом – вужуд таянчи.
Бўлса ростим халқники, дадил –
Юрагимнинг бўлар қувончи.

Экинзорда ҳароратдир кам,
Эримайди анча вақт қор.
Завқи йўқдир сувларини ҳам
Бўлса ҳамки кўплаб узумзор.

Мен заминга қилмадим таъзим,
Ўч эмасман унча иримга.
Қўлда асом, баралла сўзим,
Жўнаб қолдим мен узоқ Римга.

Ҳақиқат офтоби нур сочган замон
Қояда ҳам қорнинг эриши нақддир.
Йўл олган ўғлига буюк Рим томон
Асо тутқазган халқ бегумон ҳақдир.

* * *

Қўй мени Воронеж, бергин ўзимга,
Йўқса йўқотасан, ё берасан бой.
Ё туширворасан, киргин сўзимга.
Воронеж – сен айш, зоғ, пичоқ ҳойнахой.

Рус тилидан Жамолиддин Муслим ва Юсуф Мирзамаҳмудов таржимаси

КАССАНДРАГА

Яйраб яшаганда изламай асло,
Кассандра, лабинг, юзингни сенинг,
Аммо декабрда бедор онларда,
Изтиробга солар хотираларинг.

Ўн еттининг декабрида кўп
Нарсаларни йўқотдик билиб.
Ким таланди халқ хоҳиши деб,
Ким ўз-ўзин хомталаш қилиб…

Вақти келиб шўхчан пойтахтда
Скифларнинг Нева сайлида,
Балдан кўнгил айниган пайтда,
Рўмолингни юлқишар шартта.

Магар ҳаёт алаҳсирашдир,
Кема-ўрмон – энг баланд шаҳар.
Хор ғалаба севги талашдир,
Қиш ўлатда қолса ҳам агар.

Зирхли қурол лиқ тўла майдон,
Ночорларни кўраман бугун.
Қўрқармиди таёқдан арслон:
Озодлик, тенглик ва қонун.

Кассандра, касалманд, ожиз,
Ортиқ чидолмайман – не керак.
Александр қуёши нурсиз,
Юз йил олдин порлаган демак?

* * *

Сузиб чиқдинг – рўмолли бир ой –
Нимқоронғи у хонадан ногоҳ..
Биз ҳеч кимни безовта қилмай –
Қаролни ҳам қилмадик огоҳ…

* * *

Музлаган ҳавода сузар енгил дуд,
Истайман, бағрига олса ях ҳудуд.
Ва мени ғамгин эрк қучса беаёв,
Йўқлик олса… аммо юрибман яёв.

Қорли кўчада, оқшом чоғида,
Пиёда дуч келар гоҳи-гоҳида,
Итлар ҳураётир, Ғарб ҳали уйғоқ,
Сўзлашмам! Сўзлар йўқолган ногоҳ?!

* * *

Улкан кўлмак тиниқ ва шилта,
Ва соғинч ойнаси оқарар.
Қалб-чи, негадир имирсиб, аста
Ва ўжарлик билан тош босар.

Гоҳ бор вазни билан чўкади,
Қўмсагандек юмшоқ тупроқни.
Гоҳ сомондек чуқурни четлаб,
Қалқиб чиқар авраб ботқоқни.

Сохта меҳрибонлик кўрсат қошида,
Бир умр ўзингни ўтгин аллалаб;
Эртакдек соғинч жомини сипқор,
Мағрур ҳижронни-да аврагин алдаб.

* * *

Ёвуз ва елимдек гирдобда,
Ўндим, қамишдек қадрасо.
Эҳтирос, қувонч ва меҳрдан,
Бир умр бебаҳра, мосуво.

Эгилдим, бир кимса сезмади,
Батқоқ ва муз қадар бандаргоҳ…
Олқишлаб, шитирлаб куйладим,
Бир лаҳза вақт берди трамоҳ.

Бахтлиман шафқатсиз озордан,
Ҳам тушга ўхшаган ҳаётдан;
Ва қалтис хасадгўй маккордан,
Ва ишққа айланган нафратдан.

Рус тилидан Эшқобил Вали таржимаси