Фёдор Тютчев (1803-1873)

XIX аср рус шеъриятининг ёрқин вакилларидан бири. 1803 йилда туғилган. Москва университетининг тилшунослик бўлимида таҳсил олган. Унинг “Ёз оқшоми”, “Ҳиссиёт”, “Бедорлик”, “Тушлар” лирик асарлари маълум. Фёдор Тютчев 1873 йилда вафот этган.

* * *

Кун иссиғи ҳали кетмаган,
Июль туни ялтираб турар.
Жозибасиз ер узра осмон
Қабоғида чақмоқ – найза бор,
Гумбиридан ер-кўк ларзавор.

Гўё оғир киприклар зўрға
Кўтарилар балқиб ер узра
Ва югурик чақмоқлар аро
Кимдир таъқиб этар тобора –
Балки, чорлар у муштоқ кўзлар…

ОҚҚУШ

Майли, бургут булут ортида,
Парвозини чақмоқ қаршилар.
Сирли, кўркам булут қатида
Қуёш тафтин олар яхшилаб.

Оққушгинам, сендан кўнглим тўқ,
Ёғдули кун каби ҳур отинг:
Парвозингдан чароғондир кўк –
Иноятдир қоққан қанотинг.

Қат-қат, чексиз тубсизлик аро,
Балки, ажиб тушлар кўрарсан.
Ардоқлайди юлдузлар сара,
Қуршовдасан, кўкни ёрарсан…

* * *

Кўк гумбази бош узра суст тараниб
Тусланади, кўз тикади чақчайиб,
Тош қотгандай, ер жим бўлар ўраниб,
Табиат ҳам тин олади, ухлайди.

Ҳорғин тортар, ҳув, узоқда оқ қайин,
Моҳ гулим – тош гул, бутада данг қолган.
Мисли хаёл – туман босгану қойим,
Ҳатто, сукунат довдиратмас, тин олган…

* * *

Ишонма, шоирга ишонма, қизча,
Ўзимники дема, ҳеч қачон уни –
Оловланган азоб ўтидан ҳарчанд
Қўрққин, куйдиради севгиси сени.

Уни юрагингга ўргатолмайсан,
У сиғмас қалбингга, ишқ, амалингга.
Ловиллаган ўтни ёпа олмассан,
Ёшликдан ўраган шу рўмолинг-ла.

Шоирнинг қудрати мисли тўрт унсур,
Ўзин бошқармаса, хаёл авжида.
Қўнғироқ сочлар ҳам этади таъсир,
Асли кўп хислати кийган тожидан.

Бекорга мақтамас, бошга кўтармас,
Ҳуда-беҳудага уни одамлар.
Юракка илондай, асло, ниш урмас,
Асал ари каби сўрар ҳар дамда.

Илоҳий измингга у риоя қилар,
Қалби каби доим очиқдир қўли.
Ҳаётда бўғилар, гоҳ ҳаё қилар,
Гоҳ олиб учади – кўк, фалак йўли…

* * *

Одамлар кўз ёши, тақдир кўз ёши,
Томчилайди унсиз, томчилар гоҳо.
Сизиб чиқар сассиз, томчилар беҳад,
Ёғар ёмғир тори, ёғар сим-сим дард,
Жимиб қолган кузга, тунларга танҳо…

* * *

Қуёш чарақлайди, сув тўлқинланар,
Ҳар юзда табассум, шириндир ҳаёт.
Дарахтзор шивирлар, узоқ-яқинлар –
Мовий ҳаволарда чўмилар бот-бот.

Дарахтлар куйлайди, мавж урар сувлар,
Муҳаббат шавқи-ла тўла тўрт томон,
Табиат бағрида завқ сурар гуллар,
Ҳаёт қучоғида тўлқинланар жон.

Севгилим, ғам чекма, керакмас ортиқ,
Сени халос этар барча дардингдан –
Биргина табассум айлагил тортиқ
Изтироб-ла тўлиб-тошган қалбингдан…

* * *

Боқурман – борурсан бўғиқ муҳитда,
Туяман одиминг, сезги, сўзларинг.
Висолдан қувонмас, балки кўзларинг –
Севгилим, жонгинам, мени айб этма.

Қарагин, кун қандай оқ-ҳарир туман,
Бироз ёришмоқда ой ҳам, ажабо!
Топ-тоза ойнадай чўкади тун ҳам,
Таратиб роҳатбахш хушбўй, қаҳрабо…

АСРИМИЗ

Рўёлик йўқ, кунларни руҳ қуршаган,
Инсон умид қилар, тилар тараҳҳум.
Ёғду излар, ўқдек титиб тунларни,
Ҳасрат каби кезинар нур ҳам маҳкум.

Ой, кун ўтар жаҳолат чангалида,
Чидаб бўлмас ғамга одам чидайди.
Инқирозин сезар у шу ҳолида,
Эътиқодсиз кунлар бир кун тугайди.

Сўнгги тавба-тазарру бўлар душвор,
Тингларми берк эшик, десанг, сўнг дамда:
“Тангрим, қўйиб юбор, тўғри, айбим бор,
Асраб қолгин, қутқар, ахир, мен – банда!”

* * *

Шу юмшоқ ва узун ўрин-ҳол,
Истаганим бўлсин қабримда,
Алмашмаса-да аср галма-гал
Ётардим жим мангу сабрим-ла…

ЎЙ ВА ТЎЛҚИН

Ўй ўйни етаклар, тўлқин тўлқинни –
Борлиқда икки ҳол мутлақ фарқлидир:
Юрак тордир… Денгиз тинмас қалқиниб,
Юрак маҳкум… Денгиз ростлар қаддини –
Тошмоқ, қайтмоқ улар азалий ҳаққи.
Қуруқ шарпа – ожиз, бузмас кўк тоқин…

* * *

Айрилиқ ҳам бўлар пурмаъно,
Севавергин ҳар кун, мангуга.
Севги – уйқу, ўтар бир онда,
Сергаклик ҳам керак инсонга,
Яшасин у тушмас ўнгида…

Рус тилидан Рауф Субҳон таржималари