Александр Пушкин (1799-1837)

Пушкин Александр Сергеевич [1799.26.5 (6.6), Москва – 1837.29.1 (10.2), Петербург] — рус ёзувчиси, янги рус адабиётининг асосчиси. Отаси Сергей Львович кадимги дворянлар қавмидан, онаси Надежда Осиповна эса Пётр I қўлида тарбия кўрган ҳабаш — А.П.Ганнибалнинг набираси булган. Пушкинда нафис сўзга меҳр-муҳаббатнинг пайдо булишида рус халқ қўшиқлари ҳамда эртакларини яхши билган энагаси Арина Родионовнанинг таъсири, айниқса, каттадир. Ўша даврнинг энг нуфузли ўқув юртларидан бири — Петербург яқинидаги Царское село (ҳозирги Пушкин шаҳри) лицейида ўқиш (1811—17) Пушкиннинг шоир ва эрксевар инсон сифатида шаклланишида муҳим омил бўлган. Пушкин лицейни тугатгач, Петербургга кўчиб борган ва ташқи ишлар коллегиясида котиб лавозимида ишлаган. У Петербургда хизмат қилган йиллар (1817—20) Россиянинг тарихий тараққиёти учун муҳим бир давр эди.
Пушкиннинг дастлабки шеърлари 1913 йилда матбуот юзини кўрди. У лицейда ўқиб юрган кезларида 120 га яқин шеър ва 2 достон (тугалланмаган) ёзади. Лицей билан хайрлашув кечасига бағишланган шеъри эса шу кечада қатнашган Г. Р. Державиннинг юксак баҳосига сазовор бўлиб, у Пушкиннинг буюк шоир бўлиб етишишини башорат қилади. Кейинчалик Пушкин рус жамиятида уйғониб бораётган эрксеварлик кайфияти таъсирида «Эркинлик» (1817), «Чаадаевга» (1818), «Қишлоқ» (1819) сингари шеърларни яратади.
Пушкинга қадар рус шеъриятида қасида, марсия, хат сингари ҳар бир шеърий жанр классицизм томонидан белгиланган қатъий қонун-қоидалар асосида ёзилган. Пушкин лицей лирикасидан фарқли ўлароқ, Петербург даври ижодида шеърий жанрлар ўртасидаги чегаралар ва услубий фарқларни бартараф этиб, рус шеърияти тараққиёти учун янги бадиий уфқларни очиб берган («Руслан ва Людмила», 1820).
Пушкин ижодининг тадрижий йўлини шартли равишда 4 босқичга ажратиш мумкин. Агар 1813—16 йилларни ўз ичига олган l-босқичда Пушкин ўз замондошларининг бадиий тажрибасини ўзлаштирган бўлса, 2-босқич (1817—20)да Пушкин ижодининг ғоя ва мавзулар олами кенгайиб, у ўз услубига эришиш йўлида бадиий изланишлар олиб бориб, китобий тил билан жонли халқ тилини ўзаро яқинлаштирди. Шоирнинг 1820—24 йиллар ижодида (3-босқич) романтизм устуворлик қилди. Аммо кўп ўтмай, Пушкин қаҳрамонни поэтиклаштириш ва воқеликни эҳтирос билан тасвирлашда давом этган ҳолда романтик тасвир методидан чекинди. Пушкин ижодининг 1925 йилдан бошланган 4-босқичида образлар ва мавзулар кўламини чегаралашнинг ҳар қандай кўринишини рад этувчи, фикр билан туйғуни, ҳақиқатни тадқиқ этиш билан «жонли тасаввур»ни ўзаро уйғунлаштиришга асосланган реалистик тизимни ишлаб чиқди
Пушкиннинг рус жамиятидаги эрксевар кучлар таъсирида ёзилган зулм ва крепостнойликни фош этувчи шеърлари чор ҳукуматида норозилик кайфиятини уйғотди. 1819 йилда Пушкиннинг «Яшил чироқ» тўгарагида иштирок этиши эса Александр I ни ниҳоятда ғазаблантирди. У 1820 йил майида Пушкинни Екатеринославга сургун қилди. Шоир Екатеринославга етиб келиши билан хасталикка йўлиқади ва иттифокр шу ерда қўноқда бўлган генерал Н.Н.Раевскийнинг оиласи билан бирга дастлаб Кавказга, кейин Қримга йўл олади.
Россиянинг жанубида яшаш Пушкин ижодида янги даврнинг бошланишига имкон берди. У дастлаб Ж. Байрон таъсирида романтик достонларини ёзди. Пушкин романтизмининг илк намунаси — «Кавказ асири» достони (1820—21) 20-йиллардаги эрксевар ёшлар кайфиятини ифодалагани учун улар ўртасида катта муваффақият қозонди. Пушкин воқеликни романтик бўёқлар билан тасвир этишда давом этиб, «Ака-ука қароқчилар» (1821—22) ва «Боқчасарой фонтани» (1923) достонларини яратди. «Лўлилар» достони эса Пушкиннинг ижодий тадрижида рўй берган жиддий бурилишнинг самараси бўлди. Пушкиннинг романтик достонлари ва шу йиллар лирикаси («Демон», «Денгизга» ва б.) ягона ғоявий-бадиий йўналишга эга бўлиб, улар психологик тасвирнинг теранлиги, руҳий олам, табиат ва теварак-атрофдаги ҳаётий ҳодисалар ўртасидаги алоқаларнинг ранг-баранглиги билан ажралади.
1824 йил Пушкин хизмат вазифасидан озод этилиб, Михайловское қишлоғи (Псков)га сургунга юборилади. Иккинчи марта тазйиққа учраган шоир қисқа муддатли руҳий эзилишдан сўнг мутолаага берилиб, шу атрофдаги аҳолининг эртак ва қўшикларини тўплайди, «Борис Годунов» трагедияси (1825), «Граф Нулин» достони, «Қуръонга татаббу», «Андрей Шенъе», «19 октябрь» ва бошқа машҳур шеърларини ёзади, «Евгений Онегин» шеърий романи устидаги ишни давом эттиради. «Борис Годунов» Пушкиннинг драматургия соҳасидаги дастлабки тажрибаси бўлсада, шоир унда Шекспир анъаналарига таянган ҳолда драматик санъатнинг янги йўлларини кашф этади, халқ билан ҳокимият ўртасидаги муносабатни асар марказига олиб чиқади. «Борис Годунов»ни яратиш асносида ишлаб чиқилган бадиий тамойиллар (тарихийликка интилиш, инсоний кечинмаларни барча ранглари билан мужассамлаштириш, характерларга хос ҳаётий мураккабликни очиш ва б.) Пушкиннинг кейинги ижодида ўз самараларини берди.
20-йиллар охири — 30-йиллар бошларида Пушкин ижодида реализм тантана қилиб, у «Граф Нулин»дан ташқари, «Полтава» (1828—9), «Коломнадаги уй» (1830), «Мис чавандоз» (1833) достонлари ва кейинчалик шоирнинг «кичик трагедиялар»ини ташкил этган баъзи бир пьесалари ҳамда насрий асарлари («Белкин қиссалари», «Капитан қизи» ва б.)ни яратади. Пушкин шу даврда лирикада бадиий реализмнинг юксак босқичига эришади.
20-йилларнинг 2-ярмида Пушкин «Евгений Онегин» устидаги ижодий ишини давом эттирди. Шеърий романнинг 1833 йилда тўла ҳолда нашр этилиши рус адабиёти тарихида улкан воқеа бўлди. Гарчанд шеъриятнинг бу жанри рус адабиётида кейинчалик изчил давом эттирилмаган бўлсада, бу асарда кашф этилган янги реалистик тасвир методи ва янги эстетика тамойиллари рус адабиётининг кейинги тараққиёти учун ғоят катта аҳамиятга молик бўлди. Пушкин асарда полифоник тасвир усулининг шундай йўлларини топдики, улар воқеликни кенг қамраб олиш, муҳим ҳаётий муаммоларни тасвир доирасига олиб кириш, эпик ва лирик ибтидоларни узвийлаштириш имконини берди. Натижада романда Пушкин яшаган даврнинг муҳим масалалари ўз инъикосини топди, ўша даврда кенг тарқалган кишилар характери тарихий, ижтимоий ва маиший шароит фонида зўр маҳорат билан тасвир этилди.
Пушкин 1830 йил кузини Болдино қишлоғида ўтказди. Рус адабиёти тарихига «Болдино кузи» сифатида кирган бу даврда шоир «Коломнадаги уй» достони, «Белкин қиссалари», шунингдек, бошқа «кичик трагедиялар»ини ижод қилди. Бу асарларнинг ҳар бири, айниқса, «Хасис рицарь», «Ўлат чоғидаги базм», «Тош меҳмон», «Моцарт ва Сальери» «кичик трагедиялар»и оламшумул аҳамиятга молик масалаларни кўтарганлиги билан Пушкин ижодида алоҳида бир саҳифани ташкил этади.
Пушкин 1831 йил ёзида шароит тақозоси билан давлат идораларида ишлашга мажбур бўлади. У ташки ишлар коллегиясида хизмат қилар экан, давлат архивида ишлаш имкониятидан фойдаланиб, Буюк Пётр тарихини ёзмоқчи бўлади. Архивда ишлаш Пушкинга Россиянинг тарихи ва ҳозирги давридаги мураккаб масалаларни тўғри тушунтириш имконини беради. У сиёсий тузум, «янги маърифат», Европа мамлакатлари моҳияти тўтрисида ўйлаб, танқидий хулосаларга келади ва феодал тузумнинг чириганига ишонч ҳосил қилади. Пушкиннинг «Мис чавандоз» достони унинг дунёқарашида рўй берган ана шундай ўзгаришларнинг натижаси сифатида майдонга келади. Россиянинг янги, капиталистик тараққиёт босқичига ўта бошлагани Пушкиннинг «Пиковая дама» (1833) қиссасида ўз тажассумини топган.
Пушкин 30-йиллар Россия тарихи билан қизиқиб, Пугачёв қўзғолонининг пайдо бўлиш сабабларини қунт билан ўрганди, қўзғолон содир бўлган жойларга бориб, рус халқ қўшиқлари, эртак ва ривоятларни ёзиб олди. Пушкин Пугачёв қўзғолони ҳақида тўплаган бу материаллардан «Пугачёв тарихи» асари (1833), «Дубровский» (1832—33) ва «Капитан қизи» (1833—36) қиссаларида самарали фойдаланди. Рус халқ оғзаки ижоди намуналарига қизиқиш натижасида Пушкиннинг «Поп ва унинг хизматкори Балда ҳақида эртак» (1830), «Шоҳ Султон ҳақида эртак» (1831), «Балиқчи ва балиқ ҳақида эртак» (1833), «Олтин хўрозча ҳақида эртак» (1834) сингари фольклор мотивлари билан суғорилган асарлари майдонга келди ва бу асарлар Пушкин ижоди даги халқчилликнинг янада ошишига сабабчи бўлди.
Пушкин 1831—32 йилларда дўстлари томонидан нашр этилган «Литературная газета» («Адабиёт газетаси»)да фаол иштирок этиб, адабиётда халқчиллик ва реализмнинг тантана қозониши учун курашди. Узоқ давом этган саъй-ҳаракатдан сўнг 1836 йил апрелида «Современник» («Замондош») журналининг 1-сонини чиқаришга муваффақ бўлди. Пушкиннинг рус адабиёти олдидаги хизматлари буюклашган ва ижодий фаолияти янгиянги қирралар касб этиб боргани сайин унинг атрофидаги қора кучлар тобора бирлаша ва фаоллаша бошладилар. Шунинг натижаси ўлароқ унинг Ж.Дантес билан дуэли уюштирилиб, улуғ рус шоири ҳалок этилди.
Пушкиннинг рус маданияти такдиридаги роли бениҳоя буюк. У янги рус адабиётига асос солиш билан бирга рус адабий тилининг ҳам шаклланишига улкан ҳисса қўшди. Рус адабиётида реализм ва халқчиллик тамойилларининг, қатор шеърий жанрларнинг шаклланиши ва тараққиёти Пушкин номи билан чамбарчас боглик,. Пушкиннинг ранг-баранг ижоди нафақат кейинги рус адабиёти, балки мусиқа, театр, балет, рангтасвир сингари санъат турларининг ҳам ривожланишига катта таъсир кўрсатди. Бошқа қардош адабиётлар қатори 20-аср ўзбек адабиётининг тараққиётида ҳам Пушкин ижодининг таъсири сезиларлидир.
Тошкентда Пушкин номида кўча, майдон бор. Пушкиннинг туғилган кунига 170 йил тулиши муносабати билан 1969 йил Тошкент шаҳрида шоирга ҳайкал ўрнатилган.

Наим Каримов.

СEН ВА СИЗ

Ҳавойи Сиз ўрнига янглиш
Қиз ногаҳон Сен дея айтди.
Шу дилбар сўз кўнглимда ёниш,
Ўйларимда орзу уйғотди.

Термуламан сўз дерга ожиз,
Сеҳри тамом ром этган мени.
Сиртда дейман: қандай яхшисиз,
Қалбда эса: севаман Сени.

ҲОФИЗДАН

Жанг шавқини дилда уйғотма,
Ёнма, йигит, зафар, шон билан.
Қонли ҳарбга ўзингни отма
Карабахлик оломон билан.

Балки сени ўлдирмас қотил,
Майдон аро, қиличлар аро.
Барнолигинг кўрган Азроил
Юбормагай бемаҳал қазо.

Бир нарсадан қўрқаман фақат:
Ошно бўлиб жангда бебоклик,
Сенда қолмас дилбар назокат,
Бу майинлик, гўзаллик, поклик.

ЭПИГРАММА

Таъна билан жонимга тегдинг,
Жавоб сенга мухтасар, ошнам.
Ҳа, мен ишчан эмасман, лекин
Сен омилсан ялқовликда ҳам.

ЭПИГРАММА (2)

Иллатлари ҳаддан зиёда,
Нопок яшаб келди бу одам.
Гуноҳларин ёйса дунёда
Жой қолмагай қўймоққа қадам.

Инсоф кирди унга ниҳоят,
Аста-секин йўл топди тўғри.
Мана энди дуруст, хайрият,
Номи бўлди қартабоз ўғри.

КАР

Кар карни кар қозининг ҳукмига тўғрилади,
Кар деди: Бу кар менинг молимни ўғирлади.
Кар карга жавоб берди: Бекор айтибсан, эй кар,
Сен айтган у қўриққа етти пуштим дон экар.
Кар қози ҳукм қилди, пок иш булсин, бир йўл бор,
Йигитни уйлантиринг, қиз бўлса ҳам гуноҳкор.

Эркин Воҳидов таржимаси

МEН СИЗГА АЧИНМАЙМАН

Мен сизга ачинмайман, вафосиз севгиларда
Беҳуда оқиб ўтган баҳоримнинг йиллари!
Мен сизга ачинмайман у оташин найларда
Эҳтирос-ла куйланган, эй тунларнинг сирлари.

Мен сизга ачинмайман, бевафо дўст, жўралар,
Базмларнинг тожлари, даврада айланган жом.
Мен сизга ачинмайман, хиёноткор гўзаллар,
Мени хаёл банд этган, хурсандчилик қилмас ром

Қайда, қайда қолдингиз, ёшликдаги орзулар,
Ва қалбнинг сокинлиги эркалатган кезлари1!
Қани аввалги оташ, илҳом бахш этган завқлар,
Келинг, келинг, муштоқман, баҳоримнинг йиллари.

САДОҚАТЛИ ГРEК ҚИЗИ

Садоқатли грек қизи, йиғлама, ёринг
Душман ўқи кўксин тешиб шон билан ўлган.
Сен эмасми, кузатаркан ўз баҳодиринг,
Қонли шуҳрат жангларига йўлланма берган?
Дил сезаркан айрилиқнинг оғир ҳижронин,
Сўнг бор очди ёринг сенга иссиқ қучоғин,
Гўдагига бахт тилади тиёлмай ёшин,
Лекин, қора ялов эрк-ла ҳилпираб кетди.
Худди Аристогитондай қилич ўйнатиб,
Жангга ўзин отди-мардинг йиқила туриб
Жуда буюк ва муқаддас иш қилиб кетди.

….ГА

Ёқ, йўқ, муҳаббатнинг жўшқин раъйига
Энди мен бўлмасман телбаларча қул.
Озор ҳам бермайман дил оромига
Ёниш, ўрганишга ҳеч қўймайман йўл,

Бас энди, шайдолик етар! Ва аммо,
Не учун хаёлга толмайин бир зум,
Ногаҳон самовий, нозли, мусаффо
Қиз кўз олдимдан ўтаркан масъум?

Томоша қилмоққа тотли шавқ билан
Наҳотки, қолмади зарра ижозат?
Сукутда кузатмоқ, нигор изидан,
Тиламоқ мумкинмас бахту саодат.

Наҳот тилаб бўлмас ҳаёт неъматин
Унга ҳаловату ором ва шодлик?
Ҳаттоки барнонинг қалбига яқин
Рафиқа атовчи кимсага толе?

ВИДОЛАШУВ

Хаёлимда дилкаш қиёфанг
Эркалайман букун сўннги бор.
Қалбда умид уйғотиб аранг,
Қўрқоқ, ғамли ҳузурла севгинг
Эсламоқни қилдим ихтиёр.
Ўтиб борар умримиз йиллар —
Ўзгартириб ҳар иккимизни,
Эндилкда шоирга сендан
Совуқ қабр эпкини елар,
Ва сен учун шоир ҳам сўнган.
Юрагимнинг сўнгги видосин
Қабул этгин, э йироқ жонон:
Гўё бева қолган бир хотин,
Жўнатаркан қувғинга дўстин,
Сукут ичра қолган дўстсимон.

КEЧИРАРМИКИНСАН

Кечирармикансан орзумдаги рашк,
Ишқдаги бу сифат телба ёнишни?
Содиқсан! Не учун севасан, яккаш —
Фикру хаёлимга қўрқув солишни.

Жазманлар қуршаган сенинг атрофинг,
Кўринмак истайсан барчага дилбар.
Гоҳ мунис, гоҳ маъюс сенинг нигоҳинг
Ҳаммага нечун пуч умид бахш этар?

Ақлимни банд этиб, ўзимни мафтун,
Бу бахтсиз севгимга ишончим комил,
Кўрмайсан, шовқинли гурунгда бутун
Суҳбатга бегона изтиробда дил, —

Танҳолик ҳасратин чекаман толиб,
Маҳрумман илтифот ва шавқатингдан…
Кетмоқчи бўламан: қўрқиб, ёлвориб
Кўзларинг қидирмас менинг изимдан

Ишвали сўзлар-ла қилмоқ бўлиб ром,
Мени гапга тутиб қолса бир жонон. —
Сен беғам, осуда, қувноқсан мудом,
Бу таънанг мен учун ўлимдан ёмон!

Гапирчи не учун менинг рақибим,
Мену сен икковни кўраркан хилват,
Сенга нечун сирли қилади таъзим?..
Айт-чи, ким берибди бунга ижозат?

Сўйла-чи! Не учун тўлғанар рашкда,
Не учун оқарар жамолинг кўриб?
Не учун кун ва тун ўртаси пайтда
Онангсиз, сен танҳо оласан кутиб?!

Лекин мен севимли… Мен-ла қолганда
Шу қадар муниссан, шу қадар дилдор1!
Бўсанг ўт! сен ишқдан суҳбат очганда
Самимий юрагинг этилар изҳор1!

Сенга кулгилидир мендаги азоб
Ва лекин севасан етади ақлим.
Азизим, қийнама, ҳеч қолмади тоб.
Билмайсан, нақадар кучлидир ишқим,
Билмайсан, қандай зўр менда изтироб.

…ГА

Эсимдадир ажиб дам ҳали:
Кўз олдимда бўлдинг намоён,
Пок гўзаллик даҳоси каби,
Бир лаҳзалик хаёл, тушсимон.

Ғам-аламдан дилим ёнганда
Тушларимда кўрдим чеҳрангни,
Ҳаётдаги бўм-бўш суронда
Келиб турди товшинг жаранги.

Йиллар ўтди. Исён бўрони
Хаёлларим совурди дилдан.
Ва унутдим дилбар садонгни,
Ўчди азиз чеҳранг ёдимдан.

Қувғинликнинг чангида нурсиз
Ғамга тўлиб кунларим ботди;
Худо, илҳом, кўз ёшисиз,
Ишқ, изтироб, ҳаётсиз оқди.

Мана, қалбга ошно бўлди най,
Кўз олдимда бўлдинг намоён,
Гўзалликнинг соф парисидай,
Бир лаҳзалик ажиб тушсимон.

Руҳим яна уйғонди бу дам,
Яна унда тирилди нажот;
Яна дилда худо ва илҳом,
Кўз ёши-ю муҳаббат, ҳаёт.

АГАР СEНИ АЛДАСА ҲАЁТ

Агар сени алдаса ҳаёт
Сен ноумид бўлма ҳеч қачон.
Ғамли кунга қилгин итоат,
Хушнуд кунлар келади, ишон!

Қалб келажак ишқи-ла яшар;
Бу кунимиз қайғу ва доғли:
Бари оний, ўтишга шошар,
Ўтган эса, ҳамиша тотли.

ҚОНИМДА ЁНАДИ ОРЗУ ОТАШИ

Қонимда ёнади орзу оташи,
Сен менинг дилимга солдинг жароҳат;
Бўса ол:шаробу болдан ҳам ширин
Сенинг бўсаларинг,бағишлар роҳат.

Кел, меҳру севги-ла бошимга эгил,
Беисён, оромда тин олсин жоним:
Қувноқ, кун ботгунча уфққа енгил,
Қуюлгунча туннинг туманлари жим.

ЎЙЛАДИМКИ

Ўйладимки, юрак унутди
Муҳаббатнинг эзгу азобин,
Дедим ўтган бариси ўтди,
Ўтди. Қайтиб келмайди тағин.

Ўтиб кетди завқда, қайғуда
Ва ҳавойи енгил умидлар…
Аммо ўткир ҳусн олдида
Тушди яна ларзага улар.

Зулфия таржимаси

ЎТИНЧ

Ўзинг асра энди мени, туморим,
Қувғин чоғларимда мени асрай қол.
Қалбимни чулғаса шубҳа ва малол,
Ўзинг асра энди мени, туморим.

Тўлқинлар бузишиб сабру қарорим,
Теграмни чулғашиб олсалар мутлоқ,
Булутлар солсалар ваҳший қалдироқ,
Ўзинг асра энди мени, туморим.

Бегона элларда ёзиб хуморим,
Эринчак сукунат қўйнида қолсам,
Оловли жанг ҳиссин қалбимга солсам,
Ўзинг асра энди мени, туморим.

Сирли ва муқаддас офтоб узорим,
Алдоқчи, ғаройиб, лазиз туйғулар…
Хиёнат кўкида ботдилар улар…
Ўзинг асра энди мени, туморим.

Ўтган хотиралар . дилдаги зорим,
Қалбим жароҳатин тирнамасин, бас,
Алвидо, умидлар, тинч ухла, ҳавас,
Ўзинг асра энди мени, туморим.

ҲАММАСИ ТУГАДИ

Ҳаммаси тугади, орамиз очиқ…
Сўнг бор қўлларингни ўпаркан, пари,
Шаънингга тўқийман мунгли бир қўшиқ,
Тинглайман жавобинг: Тугади бари….
Энди алдовларни қилмасман расм
Ва сени алам-ла ахтармоқ нечун?!
Ўтди… ўтганларнинг унут ҳаммасин,
Севги яралмаган фақат мен учун.
Сен ёшсан, қалбингнинг гўзал маҳали,
Севимли бўларсан кўпларга ҳали…

ҲИКМАТ

Кулбада биттагина шам ёниб турар эди.
Равшан бўлди ёқишгач яна битта шамчироқ.
Бежиз эмас, қадимги донолар деяр эди:
Тўй яхшию ва лекин кенгашли тўй яхшироқ.

ЯНГИЛИК

Хўш, дунёда нима гап, қанақа янгилик бор?..
У эса тура берди бежавоб, ютиб нафас.
Охир деди: О, дўстим, эзмалик кимга даркор,
Сен аҳмоқсан, бу эса асло янгилик эмас..

ТЎҒРИ БАШОРАТ

Касалим тузаларми?.. Шер эшакдан сўради.
Эшак эса ўйламай деди: Аё шоҳ жаҳон,
Ўлмасангиз, яшайсиз, ўлмаганлар туради..
Икки карра икки тўрт, бу эшакка ҳам аён.

ДУНЁ

Шундоқ эди бу дунё, шундоқ бўлур ҳамиша,
Кўҳна бир ҳақиқатнинг дўкони ёпилмайди:
Доно одам жуда кам, гарчи кўп илм пеша,
Бисёрдир таниш-билиш, лекин дўст топилмайди.

Абдулла Орипов таржимаси

ДЕНГИЗГА

Алвидо, зўр қудрат – асов ғалаён!
Яшил тўлқинларнинг сўнг дафъа суриб –
Кўзларим олдида қайнайсан чунон,
Мағрур гўзаллигинг билан барқ уриб.

Ундовинг ғавғоли, шовқининг ғамли,
Қулоғим соламан сўнг қатла мен ҳам,
Гўёки пичирлар, чорлар аламли,
Хайрлашув пайти яқин дўст, ҳамдам.

Орзули бу кўнглим истаган қирғоқ,
Сенинг соҳилингда кезардим сарсон,
Кезар эдим сокин, туманли, чарчоқ,
Эзгу ниятларим қийнар эди жон!

Нақадар ёқарди: бўғиқ овозинг
Ва теран садоли чақириқларинг,
Кечқурунги сукут ва ўжар нозинг,
Ҳаяжон ғазабинг – бақириқларинг!

Балиқчининг енгил елкан кемаси –
Истасанг кўксингда сақланар омон,
Юзар тўлқинларда, йўқдек ваҳмаси,
Лекин сен бошласанг улкан ғалаён –
Ғарқ бўлар кеманинг гала-галаси.

Мангу кетай девдим, бўлмади имкон;
Ғамгин, ҳаракатсиз, кўнгилсиз қирғоқ,
Сени шодиёна қутлай олмадим,
Тизма тоғларингдан ҳатлай олмадим,
Шоирона қочмоқ бўлгандим йироқ!

Сен кутдинг, чорладинг… мен кишандайдим,
Руҳим қанотланди беҳуда, бекор.
Қудратли орзуга мафтун бандайдим,
Шу сабаб мен қолдим қирғоқларда зор.

Нимани аяйман! Қайга бу замон –
Мен йўл солар эдим бепарво, беғам?
Битта илинж сенинг гўшангда ҳамон
Кўнглимга ҳайратлар солар дам-бадам…

У битта қоядир, шон сағанаси…
У ерда ухлайди совуқ уйқуда –
Улкан хотиралар ҳаммаси.
Наполеон ҳаёти сўнган ер шу-да!

У ерда азобда бўлди у ҳалок,
Унинг орқасида довул сингари –
Ўзга даҳо учди, дилни айлаб чок,
Ақлимизнинг ўзга бир ҳукмдори.

Кетди, эркинлик-чи, йиғлади йўқлаб,
Қолдирди тожини жаҳонга, эсиз! –
Шовқин сол, пўртана, уни улуғлаб,
У сенинг қўшиқчинг эди-ку, денгиз!
Унда барқ урарди тимсолинг аён,
Руҳан худди сендай яралган эди.
Сендай теран, ғамгин, сендай паҳлавон,
Сендай бўйсунмас, зўр инсон эди.

Дунё бўшаб қолди… энди сен мени
Қаён олиб чиқар эдинг, океан?
Инсонлар тақдири ҳар ерда бирдир,
Қайда фароғат бор бўлса, посбон –
Маърифат ё золим у ерда, аён…

Яхши қолгил, денгиз! Унутмайман ҳеч,
Сенинг тантанали бу жамолингни,
Қулоғимда турар, жаранглар ҳар кеч,
Ҳамиша тинглайман ғалаёнингни.

Ўрмонлар ва жимжит саҳролар томон –
Ёрқин хотиралар ола кетаман.
Қоялар, кўрфазлар, тўлқин ва сурон,
Соя, жилоларинг эсда тутаман.

БОХУС ҚЎШИҒИ

Нимадан тинди, ҳей, шодумон овоз?
Янгра, бохусона қўшиқ, янгроқ соз!
Бор бўлсин сарвиноз қизлар, жононлар!
Бизни назокат-ла севган жувонлар,
Қани, қадаҳларни тўлдира бошланг!
Жаранглаб турсин,
Бода кўпирсин –
Ноёб узукларни тагига ташланг!
Кўтаринг бир йўла, сипқарайлик оқ,
Бор бўлсин музалар, бор бўлсин идрок!
Сен эй, эзгу офтоб, порла ёрқинроқ!
Ёруғ тонг отганда, мана бу чироғ,
Ранги учиб, лип-лип сўнганисимон,
Сохта донишмандлик сўнар беомон –
Порлоқ ақл қуёши олдида албат.
Яша, эй офтоб, йўқолсин зулмат!

* * *

Куйлама ёнимда, о, соҳибжамол,
Грузиянинг ғамгин қўшиғин, ҳайҳот,
Куйласанг ёдимга тушади дарҳол
Йироқ соҳил ва ўзга ҳаёт.

Ҳайҳот, ҳеч шафқат йўқ бу қўшиғингда,
Хотирамга солар олис саҳрони
Ҳам ойдин кечада – ой ёруғида
Йироқдаги қизни – шўрлик сиймони…

Азиз, машъум хаёл чиқар ёдимдан,
Унутилар сени кўрганда дилдор,
Сен куйлайсан, тағин мен кўз олдимда
Тасаввур этаман ўшани такрор.

Куйлама ёнимда, о, соҳибжамол,
Грузиянинг ғамгин қўшиғин, ҳайҳот,
Куйласанг ёдимга тушади дарҳол
Йироқ соҳил ва ўзга ҳаёт.

* * *

Ғуссали тун пардасин осмиш
Мудроқ осмон равоқларида.
Водийларни сукунат бағрига босмиш,
Ўрмон оппоқ туман қучоқларида.
Сал шилдирар эманзор соясида шошган сой,
Сал пичирлар уйқучан шаббода барг-ўтларда.
Сузиб юрар каттакон оққуш янглиғ тўлин Ой –
Кумушранг булутларда.

…Бунда кўрдим: сарвига чирмашибдир мажнунтол,
Соялари жимирлар сувнинг биллур мавжида.
Далалар маликаси нилуфар мағрур, хушҳол,
Дабдабаси, зийнати, гўзаллиги авжида.

Ғадир-будур тоғлардан тушар бебош шаршара,
Марварид дарё бўлиб оқар, қайнашар,
У ёнда, сокит кўлда пари қизлар шўх, сара,
Эринчоқ тўлқинларни сачратишар, ўйнашар.

* * *

Бўрон, зулмат осмонни тутар,
Қор қуюни қилади ўйин.
Дам ҳайвондек бўкириб ўтар,
Дам гўдакдай йиғлоқи бир ун.

Эски томдан похол тортади,
Гувлаб, бирдан солади шовқин,
Дарчамизни келиб қоқади –
Дам кеч қолган йўлчидай юпун.

Кўҳна кулбам, кичкина уйим
Ҳам ғамгин, ҳам зулмат қўйнида.
Сен нимага, бечора бувим,
Жимжит қолдинг ойнак тагида?

Чарчатдими бўрон увлаши,
Зерикдингми, бувим ё эса?
Ё мудратган дугинг товшими,
Ҳоридингми ёки бўлмаса?

Кел, ичайлик, меҳрибонгинам,
Шўрлик ёшлигимнинг ҳамроҳи…

Миртемир таржимаси

ҲАЙКАЛ

Ҳайкал қўйдим ўзимга муҳташам ва улуғвор,
Халқ қадами узилмас замонлар ўтур гарчанд.
У мағрур қад кўтарди тавозе билмай зинҳор,
Александр қуббасидан ҳам баланд.

Йўқ, батамом ўлмасман — қўшиққа кўчган қалбим
Жисмим бирла тупроқда чириб кетмас ҳеч қачон.
Оламда шоир зоти қоларкан, сўнмас қадрим —
Асло мени тарк этмагай шуҳрат-шон.

Довруғим-ла чулғанур поёни йўқ улуғ Рус,
Ундаги барча элга бўлгум суюк, мукаррам —
Мени ёдлар ҳур наслим ҳамда саҳройи тунгус,
Фин халқию даштлар дўсти қалмоқ ҳам.

Халқнинг меҳру эъзозин тоабад қозонганман —
Созим-ла юракларда эзгу ҳислар қўзғатдим.
Мен Эркни улуғладим шу қабиҳ замонамда,
Мазлумларга шафқат ҳиссин уйғотдим.

Эй, илҳомим париси, тангри ҳукмин эт адо,
Маломатдан чўчима, гулчамбар деб чекма ғам.
Х.амду сано, туҳматга ҳаргиз бўлгин бепарво,
Ўчакишма нодон билан сира ҳам.

ТИКЛАНИШ

Бир мусаввир бебурд қалб билан
Бўяб ташлаб даҳо асарни,
Таҳқирланган сурат устидан
Берар ўзи билган рангларни.

Аммоки бу сохта бўёқлар
Кўчиб тушар вақт ўтган сайин;
Асар тағин намоён бўлар
Ҳеч бир заха кўрмагандайин.

Худди шундоқ — гумроҳлик, хато
Юрагимдан чекинар, аён.
Ва унда илк — дилбар, мусаффо
Кунлар тағин бўлар намоён.

* * *

Сенга исмим менинг эзгудир нечун?
У сўнар қирғоққа урилган беҳол —
Хазин тўлқинларнинг сурони мисол
Ё сингиб ўрмонга йўқолгандек ун.

Ёдгор саҳифада қолажак у ҳам
Жонсиз ҳарфлар ила унут зайлда —
Қабр тоши узра бегона тилда
Битилган имлодек нурсиз ва мубҳам.

Унда не мужассам? Кечмиш шан-сурур
Навқирон ҳисларга кўмилгайдир бот:
У сенинг қалбингга бахш эта олур
На ўтли ҳаяжон, на зўр хотирот.

Аммо ғамли айём, андуҳ чеккан пайт
Сен уни зикр айла хаёлан юксак.
Ва менинг ёдимни барҳаёт деб айт,
Бор деб айт дунёда мен яшар юрак…

ИҚРОРНОМА

Мен сизни севаман ҳатто ғазабда,
Гарчи бу мушкулот, номус ва бекор.
Ва бу ақл ожиз бебахт ҳолатда,
Пойингизда туриб бўлурман иқрор!

Бу ҳол на суратим, сийратимга хос…
Вақт келди англаш чун ақл қадрини!
Бу барча аломат ошиқликка хос,
Сезяпман қалбдаги севги дардини:

Сизсиз онлар мен-чун маънисиз – бекор,
Қошингизда маъюс – топаман чидам.
Ўртанган қалбимдан тўкилади зор,
Қанчалар севаман сизни, фариштам!

Меҳмонхона ичра эшитилар боз,
Кўйлагингиз саси, оҳиста қадам.
Аллақандай маъсум, бокира овоз,
Тўсатдан ақлдан оздирар бир дам.

Фақат кулгунгизда – тасалли ва тот,
Гар юз ўгирсангиз эзади соғинч.
Азобли кун учун менга – мукофот,
Рангпар қўлларингиз ўзи бир илинж.

Сиз бепарво, маъсум нигоҳ-ла ул он,
Бош эгиб каштага чоғланган замон,
Заррин зулфларингиз тушмиш-ку юзга –
Мен-чи илтижо-ла, бесас, жим нолон,
Боладай меҳр-ла боқаман сизга!..

Сизга бахтсизлигим сирин айтайми,
Менинг рашким асли – менинг ғам-ғуссам.
Гоҳ ҳаво айниган чоғда атайми,
Нечун олисларни кўзлайсиз, бекам?

Танҳоликда ўша сиз тўккан ёшлар,
Пана-панадаги дил розлар неча.
Яна Опочкага қилинган сафар
Ва у фортепиано чалинган кеча?

Алина! Раҳмингиз келмайди нечун,
Мени севинг дея талаб қилмасман.
Эҳтимол, мен қилган гуноҳларим-чун,
Фариштам, севгига лойиқ эмасман!

Мени севган каби боқинг, қийинмас,
Ажиб бу ҳолатга қалбим ҳам тайёр.
Оҳ, мени алдамоқ асло мушкулмас,
Бундай алданишдан бўлгум бахтиёр!

ТУМОР

Ўша денгиз мавж урган мангу,
Яланг қояларнинг комида.
Ўша ойдан оққан тафт-ёғду,
Тун зулматин тотли домида.

Ўша ҳарам ичра лаззатда,
Соҳиб диллар боққанда хумор.
Бир соҳира эрка, уятда,
Тутди менга сеҳрли тумор.

Эркаланиб шивирлаб шунда,
“Асра, дея уқтирди менга.
Деди, сирли қудрат бор унда,
Бу севгидан инъомдир сенга.

Азизим, хавф солса дард, қабр
Бўрон турса ё кучли тўфон.
Бошинг узра ёғилса жабр,
Ёрдам бермас тумор ногаҳон.

Ва ё Шарқнинг тенгсиз бойлигин,
Туҳфа қилмас сенга атайин.
Пайғамбарлар саҳобаларин
Пойинг узра келтирмас тайин.

Қайғули ёт юртлардан олиб,
Тумор сени дўстга йўллолмас.
Бундан шимол сари йўл солиб,
Она юртинг сари элтолмас.

Бироқ, бир кун маккора нигоҳ,
Жой олмайин ҳали қалбингдан.
Мафтун этса зулматда ногоҳ,
Севмай туриб ўпса лабингдан.

Қалбни янги жароҳатлардан,
Эй азизим, эй дўсти ёрим,
Унутишу хиёнатлардан
Шунда сени асрар туморим!”

РОҲАТ

Зерикиш домига тортганда сўнар,
Елдай ўтаётган ҳаётнинг ранги.
Бир-бир бу ҳолатга ёшлик ҳам кўнар
Ва унинг изида қайғу жаранги.

Ҳиссиз у туғилиш пайтидан бошлаб
То ўша навжувон ёшликка қадар.
Роҳатсиз, яшайман, завқсиз, дил ғашлаб
Бахтсиз тунд қалбимда ўкинч ва кадар.

Ҳаётим бошидан эртамгача зор,
Олис орзуларга бетоқат боқдим:
Ўйладим, “У ерда…ажиб роҳат бор!”,
Бироқ, рўё экан алданиб оқдим.

Олтин қанотларин кенг ёйиб, бир кун
Сирли тароватин сезган онимдан.
Қаршимда кўрсатиб жилвасин, кучин
Навқирон муҳаббат ўтди ёнимдан.

Мен унинг ортидан эргашдим… бироқ,
Мақсад йўли олис, етмоқлик душвор!…
Қанотли қувончлар нечоғлик йироқ,
Этармикан толе бизни бахтиёр?

Қачон порлаб, қачон у нур таратар,
Ёшлигимнинг ўша хира фонуси?
Ва зулматга тутқун йўлим ёритар,
Кутганим, маҳбубам зилол кулгуси?

БАҲОР, БАҲОР МУҲАББАТ АЙЁМИ

Баҳор, баҳор, севги, севилиш чоғи,
Бу фасл мен учун қанчалар оғир,
Руҳсиз энтикишдан эзилар бағир.
Қанча бегона бу роҳат қучоғи
Менинг юрагимга, менинг қонимга…

Борлиқдаги қувонч, ҳар не порлаган,
Дилни тортар зерикиш, ланжлик домига.
Мени йўлланг шамол, бўрон чорлаган,
Қишнинг зулмат кечалари комига.

ОЙ

Нечун мўралайсан булут қатидан,
Само бағридаги тенгсиз танҳо ой,
Ёстиққа ёясан сочганча чирой,
Шаффоф ёғдуларинг ойна ортидан?
Ва менинг мусаффо идроким ила,
Мудраб ётган қанча орзулар, барин,
Зое кетган севги изтиробларин,
Тундлик акс этган ул хира чеҳранг-ла,
Армоним, аламим уйғотган саринг,
Хотира тинч қўймас мени атайин!
Эй бахтсиз муҳаббат, сен ҳам ухлагил!
Ўша тун қайтмагай, бўлди, кутмагил,
Висол кечасининг соҳир онларин,
Сокин шуълаларинг аста оқариб,
Қачонки, сен ёқдинг, фалак узра шаъм,
Тун пардасин хира нур ўткач ёриб,
Севгилим юзида порлади бир дам.
Ўшанда чирпираб оҳ нечун учди –
Лаҳзалар кетма-кет, шошган ҳолида?
Енгил соялар ҳам қайгадир кўчди –
Бирдан, кутилмаган шафақ олдида.
Эй ой, нечун ногоҳ, ғойиб бўлдинг сен,
Нурафшон самога ғарқ бўлдингми ё?
Нечун хайрлашдим ёрим ила мен?
Тонгда зар шуълага ўралгач дунё!

ВИДОЛАШУВ

Сўнгги бор у азиз чеҳрангга боқиб,
Хаёлан эркалаб, маъюс қоламан.
Орзум қалб кучи-ла гоҳо уйғотиб,
Ва ҳуркак оромда, андуҳга ботиб,
Сенинг муҳаббатинг ёдга оламан.

Йиллар бир-бирини чопар қувалаб,
Ўзгартириб жами борлиқни, бизни.
Аллақачон мотам либосинг шайлаб,
Кийиб олибсанки, ахир, атайлаб,
Демак, сен-чун сўнмиш у дўстнинг шамъи.

Эй, олис дўст, келгил, қабул айла, қил ёд,
Менинг юрагимнинг сўнгги видосин.
Сукутда ўз бахтин қилганча барбод,
Дўстин дўстдай қучган солмайин фарёд,
Жудоликка кўнган кўнглим нидосин.

Ўйлабманки, қалбим буткул унутган,
Ҳаргиз олмагай, бу азобни ёдга
Дедимки: неки бор қалб ани ютган,
Ҳеч қачон қайтмагай, қайтмагай ортга!

Ўтди,у фарахбаш, қайғули дамлар,
Сўнди, у покиза маъсум орзулар…
Лекин гўзалликнинг ҳукми олдида,
Қайтадан уйғонди, оҳ нетай, улар.

Мирпўлат Мирзо таржимаси

* * *

Тикиламан кўрганда, дарҳол
Идрокимни йўқотиб ва лол:
Ягона кўз менинг бошимда,
Ой юзингиз ёнар қошимда,
Агар тақдир кўрмаса малол,
Эга бўлса эдим юз кўзга,
Бари билан қарардим сизга.

* * *

Сизни севган эдим: қалбдаги олов
Сўниб битмаганди ҳали, эҳтимол:
Ранжитмасин лекин сизни ушбу ҳол,
Койитмасин асло ва бўлмайман ёв.

Сизни севган эдим: сокин, бенаво
Жасоратсиз эдим, ғашда бедаво:
Сизни севган эдим содиқ, вафодор,
Энди ҳақ айласин бошқага дилдор.

Ҳамид Олимжон таржимаси

ҲАЙКАЛ

Кўз кўрмаган ҳайкал бунёд айладим мен ўзимга,
Пойидаги оёқ йўлни босолмагай ўт-ўлан.
Ғурур ила юксалди у бош эгмайин таъзимга,
Александр арконидан ҳам баланд.

Йўқ, мен ўлиб кетмагайман – қалбим шеъримда яшар,
Хоки таним барбод ўлмас, фоний умр менга ёт.
Менга шараф ёр бўлажак, яшар экан то башар,
То оламда шоир зоти барҳаёт.

Бутун улуғ Русни чулғаб олур менинг овозим,
Ва номимни ёдлаяжак унда эллар муҳаққаҳ.
Мағрур славян насли-ю, финну бугунги авом
Тунгус ҳамда саҳро ўғлони қалмоқ.

Кўп сазовор бўлажакман мен ҳали халқ меҳрига,
Шу важданким, созим ила некбин дардлар уйғотдим.
Қабиҳ асримда мен ўқиб Ҳурриятга мадҳия,
Қурбонларга мурувватлар уйғотдим.

О, сен илҳом париси, бош эггил тангри ҳукмига,
Ўкинчлардан тап тортмагил, гултож таъма айлама.
Лоқайд бўлгил ҳамду сано ҳам маломат-макрига,
Ва аҳмоққа аҳмоқсан дема.

Эркин Самандар таржимаси

ДЎСТЛАРИМГА

Парвардигор бахш этмиш сизга
Олтин кундуз, олтин кечалар,
Хумор қизлар кўз тутмиш сизга
Синчков нигоҳ дилга ўт қалар.
Ўйнанг, куйланг, менинг дўстларим!
Шўх оқшомлар ўткинчи, бир зум.
Ташвиш билмас бахтингизга жим
Кўзёш билан қилгум табассум.
1816

КАЗАК

Ярим тунда бир сафар
Туман ва зулмат аро,
Дарё бўйлаб жим ўтар
Чапани казак танҳо.

Қора телпак чаккада,
Чопони чангга ботган.
Тўппонча ён, чеккада,
Қиличи ерга теккан.

Содиқ от, жилов ҳоли
Қадами шаҳдам-шаҳдам;
Тўлқиндай узун ёли
Олисларга боққан дам.

Учрар бир-икки уйлар,
Йиқилган ёғоч девор;
Қишлоққа борар йўллар,
Бу ён қалин қайинзор.

“Ўрмонда топилмас қиз,–
Ўйлади чапдаст Денис, –
Гўзаллар уйда бу кез
Тунда юрмаслар ёлғиз”.

Жиловни силтар донлик,
Пошна-ла ниқтар, онда,
От чопар мисли ўқдек,
Ёғоч уйлар томонга.

Булутда ой товланар
Олис осмон-фалакда;
Дарчадан оловланар
Гўзал маъюс ва якка.

Мард кўриб гўзал қизни;
Юраги дукиллайди.
От чапга бурар изни –
Ва дарча тиқиллайди.

“Тун қораяр тобора,
Яширинди ой тунга.
Тезроқ бўл, бекам, қара
Сув берсанг-чи, отимга.”

“Йўқ! Навқирон йигитга
Қўрққум яқин боргани,
Қўрққум уйдан чиқишга,
Отингга сув бергани”.

“Оҳ! Албатта, гўзал қиз,
Дўст бўлгин ундан кўра!”
“Тун гўзалга хавф ҳаргиз”.
“Бахтим! Қўрқмагин сира!

Ишон, бекажон, етар;
Ёлғон қўрқувни ташла!
Олтинга тенг вақт кетар;
Кел, албатта, йўл бошла!

Бедовга ўлтир, сен-ла
Олисга борай, албат;
Бахтли бўласан мен-ла:
Дўст бўлса, ҳар ер жаннат”.

Шўрлик қиз нетар? Кўнди
Енгдими қўрқув, бадкор;
Бирга кетарди энди,
Казак бўлди бахтиёр.

Елишиб, кезди дунё.
Бир-бирин севди, албат;
Икки ҳафта қилди вафо,
Уч ҳафтада хиёнат.
1815

ДАРЧА

Яқинда, бир оқшом маҳали,
Туман қучган чўлнинг қамари.
Ўз йўлида сузгани сари,
Бир қиз кўрдим – дарчадан нари.
Ўйга чўмиб ёлғиз ўлтирар,
Энтикади, ҳадик бор дилда,
Кўзларда хавотир… термулар
Дўм пастига, қоронғу йўлга.

“Бу ёққа!” – бесабр пичирлаб,
Қиз узатди қўлин, ҳойнаҳой.
Дарча аста-аста қисирлаб …
Зулмат ичра яширинди ой.
“Бахтли, – дедим дилимда ҳижрон, –
Висол сени кутмоқда бу дам.
Ахир қачон бир гўзал оқшом
Очилгайдир дарча менга ҳам?”

ЯНГИЛИК

— Янгиликлар борми? “Худо ҳаққи, йўқ”.
— Йўқ, алдама: бари сенга аён-ку,
Уят, ўртоғингга кўзинг қилиб лўқ
Ағёрдай, доимо дилинг пинҳон-ку,
Хафамисан мендан ё, оға, узр?
Ўжар бўлма: менга битта гап айт, бас…
“Оҳ, мени тинч қўйгин, билганим шудир:
Аҳмоқсан, бу эса янгилик эмас.”
1813-1817

* * *

Кечиринг, вафодор эманлар!
Кечир, сокин далалар бағри.
Ҳавойи дилхуши замонлар
Ҳаётимнинг чопқир кунлари!..
Кечир, Тригорск, бахт мени
Доим қарши олган эй, макон!
Меҳрингизни кеч англадимми
Сизни мангу тарк этажак он?
Сизни олиб кетгум хаёлда
Аммо шунда қолгайдир қалбим.
Балки (ширин орзум хаёлда!)
Далаларга мен яна қайтгум,
Тригорск ёнбағирлари
Ҳам серсоя жўказор бағри,
Ақл, шодлик, гўзаллик сари,
Эрк ва дўстлик ошиғи каби.
1817-1820

* * *

Ўрмон этагида, водийга яқин,
Ажиб бир гўшада, жилғаси заррин,
Видолашди Алина, навқирон Эдвин;
Эшитгандим сўнгги бўсалар сасин.

Ой чиқса ҳам – Алина ул гўшада,
Кутар, кўкси титрайди соғинчидан.
Тонг отса ҳам – қиз кўз тикар ўшанда,
Бўм-бўш йўлга, оқ туманлар ичидан.

Жилға бўйлаб, ўшал тол соясида,
Кўрган экан қўшни қишлоқ чўпони,
Маҳзун тўлқинларнинг ойнасида,
Оташ кунда пода ҳайдаган они.

Йиллар ўтди – ўтди шу кўча-куйдан;
Кўзим тушди – қайтиб келарди Эдвин.
ўамгин келар, эманзорга водийдан
Ажиб ул гўшага, жилғаси заррин.

Эдвин боқар – ўшал толнинг остида
Тақсир роҳиб кутар эди бу замон,
Ундадир қабр, янги хоч тик устида,
Хочда эса қуриган чамбар, хазон.

Дил эзилиб, қўрқув келар ўйига
Бу ерда ким? – битикни ўқиркан жим,
Бош эгиб… йиқилар роҳиб пойига
Ва эшитдим унинг сўнгги нафасин…
1819

МЕНИНГ… ИШҚИЙ ШЕЪРИМ

Эй, сиз севги оловида ёнмаганлар,
Унга боқинг, англагайсиз муҳаббатни.
Эй, сиз севиб, кўнгли совиб, тўнмаганлар,
Унга боқинг: ҳис этгайсиз яна бахтни.
1819

АЖНАБИЙ ҚИЗГА

Сен англамас сўзлар, оҳларда,
Битарканман видо ашъорим,
Аммо хушҳол иштибоҳларда
Эътиборинг сўргум, дилдорим:
Азизам, қалбим ҳеч сўнмагай,
Туйғум сўнмас фироқларда жим
Илтижо қилмоқдан тинмагай
Ёлғиз сенга, сенга азизим.
Боқсанг ҳамки ўзга ҳар кимга,
Ишон фақат қалбимга маним,
Аввалгидай ишондинг унга,
Англамай ҳам изтиробларин.
1822

* * *

Ҳаммаси тугади: орамиз очиқ.
Пойингга тиз чўкиб сўнгги бор,
Аламли сўзларим айтолдим, дилдор.
Тугади… – эшитдим, жавобинг аччиқ.
Алдамасман яна ўзимни минбад,
Ҳижронда ортингдан бормам изма-из.
Балки унутарман барини, шаксиз –
Менга яралмаган экан муҳаббат.
Сен навниҳол гўзал: соф қалбингда чўғ,
Ҳали сени севар шайдоларинг кўп.
1824

* * *

Қонимда ёнади истак гулхани,
Сен боис қалбимда ғусса ва титроқ,
Бўса ол: мен учун бўсалар таъми
Асал ва шаробдан кўра тотлироқ.
Мен сари бошингни эга қол маъюс,
Розиман, ўлсам ҳам шу ҳаловатда,
То сўниб бораркан қувончли кундуз,
Босиб келар тунги соя, одатда.
1825

УЗУМ

Сира йўқдир гуллардан арзим,
Баҳор ўтгач, бўлгувчи хазон;
Лек новдада товланган узум,
Тоғ пойида етилган жонон.

Яшил водий ҳури, дилрабо
Олтин кузнинг дилхуш боғидай;
Узун-узун, нозикдир, гўё
Ўн етти ёш қиз бармоғидай.
1824

* * *

Аҳвол қалай, оғайничалиш?
Кофир каби рангинг оқармиш,
Сочларинг ҳам турибди тикка!
Балки сулув билан бир четда
Тутилдингми, девордан нари,
Шунда сени ўғри сингари,
Қувишдими қоровуллари?
Ё қўрқдингми оч арвоҳлардан,
Ёки оғир, чўнг гуноҳлардан,
Ёниб азоб чекармисан сен,
Ажиб шеърлар битармисан сен?
1825

Ҳумоюн Акбар таржималари

БОҒЧАСАРОЙ ФОНТАНИ

Мен ҳам кўплар каби кўргандим бир чоғ,
Баъзилар энди йўқ, ўзгалар йироқ…
Саъдий

Қовоқ солиб ўтирар Гарой.
Лабларида каҳрабо чилим.
Даҳшатли хон атрофида жим
Бош эгиб тек турарди сарой.
Жимжит эди бутун кошона:
Ҳамма хоннинг хафа юзидан,
Ғам ва ўйли ғазаб изидан
Пайқар эди мубҳам нишона.

Аммо мағрур соҳиби фармон.
Қўлларини бир силтаб солди:
Барча секин тарқалди ҳар ён.
Кўшклар аро бир ўзи қолди:
Эркин нафас олди сийнаси.
Тўлқинланиб бузмай сукутни
Ўйнаб турган кўрфаз ойнаси
Акс этгандан қора булутин
Унинг жиддий манглайи аён
Дил тўлқинин айларди баён.

У мағрур дил не ғам-ла ўлмиш,
Қандай фикр билан банд бўлмиш
Яна Рус-ла жанг қилмоқчими,
Ё Польшани танг қилмоқчими,
Нега хафа, не у синдирар,
Ва ё қонли ўчми ёндирар.
Ёки қўшин айламиш исён.
Ёки тоғли халқ жангларидан,
Генуянинғ найрангларидан
Ташвиш тортиб ўйланарми хон?

Йўқ, энди у чарчаб қолмишдир.
Зерикмишдир шуҳрат, зафардан.
Бераҳм қўл ортиқ толмишдир.
Хаёл узоқ қонди сафардан.
Наҳот, ҳарам ичра хиёнат,
Наҳот, елга учиб диёнат,
Асира қиз жиноят қилмиш,
Кофирга дил иноят қилмиш?

Йўқ, Ғаройнинғ хотинлари ҳеч
Бундай ишга журьат қилмаслар,
Мунгли нола чекиб эрта-кеч,
Ёмонликни асти билмаслар.
Ойна уйда ўсар гул каби,
Ой юзлари зиндон ичра берк,
Зулм остида гўё қул каби
Уларда ҳад йўкдир, йўқдир эрк,
Ою йиллар навбатма-навбат
Ғамгин оқин билан ўтарлар.
Билдирмасдан ёшлик, муҳаббат
Барчасини олиб кетарлар.

Кунлар бирдай кечадир ғамда,
Битта-битта имиллар соат.
Ялқовлик амр этар ҳарамда,
Кам кўринар сафо-фароғат.
Ёш жувонлар қайғуга тўлиб,
Бир иш қилиб овунмоқ бўлиб,
Зеб беришиб кийим кийишар,
Гаплашишар, ўйнаб ейишар.
Ёки ўйноқ сувлар сасида,
Тоза, шаффоф замзамасида
Тўп-тўп бўлиб сайр этишадир
Чинорларнинғ зич соясида.
Ортларида уларни пойлаб,
Ёвуз оға юрар ҳай-ҳайлаб,
Ундан қочиш, беркиниш бекор:
Ҳасадли кўз, динг қулоғи бор.

У ҳийлакор, у лаганбардор.
Ҳар бир ишдан воқиф, хабардор.
Унга кўра ўрнашмиш мангу
Абадий бир тартиб саройда,
Унга хоннинг изми ҳар жойда
Ягона бир қонундирки, у
Уни Қуръон фарзидек билар;
Дилда сақлар ва бажо қилар.
Унинг кўнгли севги истамас,
У бут каби сезгидан маҳрум,
У ҳиссизлик домида маҳкум,
На кўз ёши, на юмшоқ нафас,
На таънага бермас эътибор;
Асиралар чеккан оҳу зор
Унга асти қилмайди таъсир;
Пинагини бузмайди тақир;
Ёлворишга қулоқ солмайди;
Ҳақоратни қилмайди писанд.
Ҳеч на уни юмшатолмайди,
Тош қалби-ла мағрур ва хурсанд.

Унга хотин одати маълум,
У кўп кўрмиш, ҳар ерда ҳар зум.
Ҳурликда ҳам, эрксизликда ҳам
Юмшоқ нигоҳ, кўзлардаги нам
Кўнглига ҳеч ҳоким бўлолмас.
У уларга ортиқ ишонмас.
Соч ёзишиб ҳарам қизлари —
Асиралар чўмилар экан,
Сеҳр сочган гўзал юзлари
Чашмаларда кўмилар экан.
Қип-яланғоч қизларга лоқайд,
Беэътибор термилиб, шу пайт
У пойлоқчи ҳозирдир яна,
Тутқунларга нозирдир яна.

Кечалари барг ҳам мизғиру,
У ухламас. Оҳиста босиб,
Ҳар эшикка бир қулоқ осиб,
Ҳарам ичра танҳо изғир у;
Ким дам олар, ким тушда инграр,
Ким оҳ тортар— ҳаммасин тинглар
Уйдан уйга билдирмай кўчиб
Кенг ташлайди у маккор домни;
Биронтаси сандираб, чўчиб
Тилга олса бегона номни,
Ё мабодо дўстига бир оз
Тақдиридан койиб, қилиб роз
Дилдагини айласа изҳор,
Балоларга бўлар гирифтор!

Гарой нега тинмай чекар ғам?
Чилим ўчиб қолмиш қўлида.
Ботинолмай дам олгани ҳам
Остонада, хоннинг йўлида
Имо кутиб турадир оға,
Ибо тутиб турадир оға.
Ўйга ботган ҳукмдор турар:
Олдидағи дарча очиқ, у —
Кўнгли чексиз қайғуга тўлган.
Индамасдан оҳиста юрар
Кечагина севимли бўлган
Хотинларин қабрига тўғри.

Хонни кутиб, кўриш кўйида,
Ўйнаб турган фонтан бўйида
Ипак гилам узра ўйнашиб,
Бир тўда шўх қизлар осуда
Ўлтиришар эди яйрашиб:
Болалардай шодланиб, сувда
Мармар тубда кўринган лиққа
Гир-гир юзиб юрган балиққа
Термилишар эди яйрашиб.
Гоҳилари унга атайлаб
Олтин сирға ташларди бойлаб.
Жориялар атрофда хушбўй
Шарбат ташиб юрарди. Ногоҳ,
Ширин қўшиқ, жаранглаган куй
Бор ҳарамни айлади огоҳ:

Т а т а р қ ў ш и ғ и

I
Йиғи, жафоларни бошдан кўтариб
Тангри ўзи берар ҳар кимга эҳсон:
Бахтиёрдир, йиллар сўнггида қариб
Макка бориб зиёрат қилган инсон.

II
Бахтиёрдир Дунай соҳилларини
Қони билан тақдис этган баҳодир.
Жаннат қизи ёзиб кокилларини
Унга ширин кулги билан боқадир.

III
Аммо, Зарема, эшитгил тағин,
Дунё ва роҳатга бермай эътибор.
Худди гулдай сени ўз қучоғида
Эркалатган ҳаммасидан бахтиёр.

Улар куйлар. Аммо қани у,
Муҳаббатнинг юлдузи қани.
Ҳарам кўрки — кундузи қани.
Қайда қолди Зарема бону?

Ҳайҳот, унинғ гул ранги сўлмиш.
Ҳайҳот дили қайғуға тўлмиш,
Мақтовларга солмайди қулоқ,
Кўзларида ёш булоқ-булоқ,
Яшин урган хурмодек қадди
Букилмишдир, йўқ энди ҳадди.
Ҳеч на унга ёқмасдан қолди,
Чунки, Гарой боқмасдан қолди.
Вафосизлик қилди хон… Аммо,
Эй гуржи қиз, сен-ла чиройда
Ким тенглашар? Ҳаттоки ой-да
Даъво қилса, бўлур муаммо.

Чамбар қилган сочинг, эй пари,
Илон каби юрак ёрадир.
Ярқираган кўзинг жавҳари
Кундан ёруғ, тундан қорадир.
Дил дардини кимларнинг саси
Сендан кучли баёнлай билар?
Кимнинг ширин-шакар бўсаси
Сеникидан жонлилик қилар?
Сенга бир йўл кўнгли тушган эр
Қандай қилиб бошқа кўркни дер?

Лекин, лоқайд, золим Гаройхон
Ҳарамига Польша қизини
Асир қилиб олгандан буён.
Сендан нари тутиб ўзини,
Хўрлаб сени ташлаб қўйди-ю,
Ўзи ғамгин, тунлар беуйқу
Танҳоликни айлади одат.
Қўлларингдан кетди саодат!..

Ёш Мария яқиндагина
Ўзга диёр кўкини кўрди:
Гулдай кўрки билан қизгина
Ўз юртида гуллаб юрурди.
Фахрланар эди у билан
Қариб қолган отаси ҳар он,
Лобарим,— деб, мақтанув билан
Эркалатар эди беармон.
Унинг бола эрки чол учун
Қонун эди, тингларди бутун…
Чолни қийнар эди бир тилак:
Истардики, бахор кунидак
Очиқ бўлсин қизининғ бахти,
Хушнуд кечсин умрбод вақти,
Заррагина қайғу ҳам уни
Ранжитмасин,— дер эди у чол.
Ҳеч бир нарса бирон дам уни
Ланж этмасин,— дер эди у чол.
Ҳатто эрга чиққанида ҳам
Хотирласин,— дерди,— туш каби
Ўтиб кетган, ғунчадай сабий
Беташвишу беозор, беғам
Яшнаб юрган қизлик чоғини,
Осмондай кенг эрк қучоғини.

Унинғ юмшоқ севимли нози,
Табиати, лазиз овози,
Ёниб турган мовий кўзлари,
Дона-дона ширин сўзлари
Бир-биридан жозибадорди;
Ҳаммасида ажиб куч борди.
Очиқ қўлли, сахий табиат
Аямаган эди борини;
Санъат билан у нажиб хилқат
Безар эди гул дийдорини.
Сеҳр тўла арфа билан қиз
Уй базмини жонлантирарди.
Амалдорлар, бойлар изма-из
Орқасидан излаб юрарди.

Йигит-яланг «Оҳ…» деб ўйида,
Азоб чекар эди кўйида.
Лекин, гўдак бола эди у,
Кўнгли ишқни билмасди асло.
На каму кўст, на ғам, на қайғу,
Юрагини тилмасди асло.
Отасининг қасрида озод
Ўртоқлари билан ўйнаб шод,
Учар қушдай ҳур ва хурсандди.
У кўпданми бу ерда банди?

Бир вақт татар тўплари маҳкам
Дарё каби Польшани босди;
Хирмонларга тушган ёнғин ҳам
Бу қадар тез ёйилолмасди.
Кунпаякун бўлиб урушда
Етим қолди гуллаб ётган юрт,
Бу бераҳм ёвуз юришда
Фарёд солди қонга ботган юрт.
Бутун атроф қайғуга толди:
У кулгилар, ўйинлар битиб,
Эркалатган қўйинлар битиб,
Ҳашаматли сарой бўш қолди.

Мариянинг уйи жимжит, бўш…
Уй маъбади ичра бир тўда
Мумияланган ўликлар хомуш
Роҳат қилиб, совуқ уйқуда
Князликка махсус нишон-ла,
Олтин тож-ла, ҳайбатли шон-ла
Ётар экан, у ерда яна
Пайдо бўлмиш янги сағана…

Ота гўрда, асоратда қиз.
Кошонада бахил бир ворис
Амри фармон бериб юрадир,
Тавқи лаънат остида, беор
Хароб бўлган юртни айлаб хор
Бадном этиб, ерга урадир.
Ҳайҳот! Сақлар қўйнида қулдек
Боғчасарой ёш князь қизин,
Эрксизликда ёш тўкар, гулдек
Сарғайтириб Мария юзин.
Аяйди у бахтсизни хон:
Унинг мунгги, у чеккан фиғон
Уйқусини безовта қилиб,
Гаройга ҳеч бермайди омон.
Бечорага хон раҳми келиб,
Қатъий ҳарам қонунларини
Юмшоқ тутар унга атайлаб.

Тунд пойлоқчи на кун, на туни
Қиз олдига кирмайди пойлаб;
Ётар пайтда жойига уни
Унинг ғамхўр, парволи дасти
Олиб чиқиб ётқизмас асти;
Марияга нигоҳ тикмакка
Ботинолмас унинг кир кўзи;
Жорияси билан қиз якка
Хилват уйда чўмилар ўзи;
Асиранинг ғамгин оромин
Бузиб қўймай, бўлмай, деб зомин
Хон ўзи ҳам қўрқар ичида:
Ҳарамнинг бир йироқ бурчида
Унга яшаш ижозат этган,
Гўё, унда самовий бир жон
Яширинган, узлатга кетган.

У ерда ҳеч тинмасдан ҳамон
Азиз қизнинғ олдида бутун
Чироқ ёниб турар куну тун.
У ерда қиз кўнглин юпатиб
Масъуд кечган ўтган замон-ла
Ўз юртини дилга эслатиб,
Умид яшар ювош имон-ла.
У ерда ёш тўкар тинмай қиз
Кундошлардан нарида, ёлғиз.
Лекин атроф ғарқ бўлмиш яксар
Тентакларча бир ишрат ичра.
Мўъжиза-ла ажралган ҳужра
Ёш санамни беркитиб асрар.
Озғин ўйлар қурбони у дил,
Бузуқ кайфлар орасида ҳам,
Бир гаровни сақлайди ҳар дам
Бир илоҳий ҳис-ла муттасил…

Тун қорайди, босди қоронғу
Тавриданинг гул боғларини;
Бор оламни маст қилди уйқу,
Гуллар йиғди япроқларини,
Узоқлардан булбул зорини
Эшитаман: ой дийдорини —
Кўрсатадир юлдуз кетидан;
Кўм-кўк, тоза осмон бетидан
Нур тўкадир гулзор боғларга,
Водийларга, ўрмон, тоғларга.
Боғчасарой кўчаларида
Кечки пайтлар оқ рўмол ўраб,
Оппоқ ойдин кечаларида
Бир-биридан ҳол-аҳвол сўраб,
Гаплашишиб ўтириш учун
Оддий татар хотинлари тек
Липиллашиб енгил соядек
Уйдан уйга кезишар бутун.

Сарой тинган, ухлаган ҳарам
Тинч роҳатга чўмиб парвосиз:
Тун тинчлигин бирон нарса ҳам
Бузолмайди. содиқ муҳофиз
Ўзи кезиб чиқиб бор-йўқни,
Ётмиш; аммо тинч қўймас ташвиш
Ҳатто унда ухлаган руҳни.
Хиёнатни кутиб хавфланиш
Ором бермас асти ҳам бунга:
Гоҳ кимнингдир шитирлагани,
Гоҳ бировнинг пичирлагани,
Гоҳ қичқириқ эшитилар унга.
Бекорларга алданиб бирдан
Сапчиб турар, қалтироқ босар;
Атрофига тинч қулоқ осар…

Ҳамма сокин, сас йўқ бир ердан:
Мармар ҳовуз ичра ўйнашар
Фақат булбул дили поралар,
Фақат ширин куй фавворалар
Севимли гул узра куйлашар…
Булар уни узоқ банд этар,
Яна такрор уйқуга кетар.
Қандай хушдир билгувчиларга
Шарқ кечасин қора чиройи!
Пайғамбарни севгувчиларга
Қандай ширин боқадир ойи!

Уларнинғ уй-ўчоқларида,
Мафтун этар гул боғларида,
Ой остида сирларга тўлган,
Тинчлик билан ҳамсуҳбат бўлган,
Шаҳват билан дарду фароғат
Ташиб ётган ҳарамларида,
Кечаларнинг тинч дамларида
Қандай кўрк бор, қандайин роҳат!
Хоннинг ҳамма хотинлари тинч
Ухлар эди, биттаси нотинч,
Ухлай олмай, ўрнидан туриб,
Эшигини очди-ю, аста,
Битта-битта оҳиста юриб
Ташқарига чиқди бирпасда…

Кушдай мудраб, кўзи илиниб
Қари оға олдида ётар.
Агар бу иш унга билиниб
Қолса, умри қайғуга ботар…
Оҳ, у чолнинғ қаттикдир қалби.
Ялинганга бермас эътибор:
Уйқуси ҳам алдамчи, айёр!
Ёнбошидан секин, руҳ каби
Сездирмасдан ўтиб кетди у.
Бир эшикка бориб етди-ю,
Титраб секин очди қулфини…

Ичкарига кирди, ҳам уни
Сирли ваҳм босди шу замон.
Ажабланиб боқди тўрт томон:
Шамдон ёнар, тўкар сўник нур,
Ялтирайди бурчакда бир бут,
Қиз ётадир, юзида сукут,
Кўксида хоч порлаб кўринур.
Эй гуржи қиз, булар ҳаммаси
Эслатдилар сенга мозийни,
Гўё ўтган кунларнинг саси
Айтган каби бўлди розини.
Кўз ўнгида тинч роҳат билан
Ухлаб ётар у князь қизи,
Қизликка хос ҳарорат билан
Анор каби қизариб юзи.
Ошкор экан сарин ёш изи,
Заиф кулги остида ёнар:
Ёмғир ювиб, ўчиб кетган ранг
Ойнинг хира нурида аранг.
Худди шунга ўхшаб товланар.

Гўё, жаннат ўғли осмондан
Учиб тушиб, ухлаб ётгандай.
Асирага ачиниб жондан
Уйқусида йиғлаб ётгандай…
А, Зарема, не бўлди сенга!
Чидолмади, қалби сиқилди,
Беихтиёр ерга йиқилди.
Ва ялиниб: «Ачингил менга.
Рад этмагин арзимни!» — деди,
Унинг сўзи, у чеккан фиғон
Ухлоқ қизни чўчитиб шу он
Тинч уйқудан уйғотган эди.
Князь қизи туриб, олдида
Бегона бир хотинни кўрди;
Кўрқиб, унга қараб олди-да,
Ҳаяжон-ла қалтираб сўрди;
«Кимсен? Тунда, танҳо нечун сен
Бу ердасен?» — «Сенга келдим мен
Мени сақла; тақдирим учун
Менга фақат қолди бир чора…
Раҳм айласанг, йўқолса зора
Умрим уфқин қоплаган тутун.
Бахт қўйнида кўп ҳузур қилдим,
На қайғуни, на ғамни билдим…
Ўтди ором берган у соя,
Тингла, ҳалок бўлмайин зое,
Мен бу ерда туғилганим йўқ,
Менинг юртим йироқдир, йироқ…
Ўтган кунлар, у дардли фироқ,
Ёдимдадир ҳали ҳам тўлиқ.
Ёдимдадир гуллаган боғлар,
Осмон билан ўпишган тоғлар,
Тоғдан оққан ирмоқлар, сойлар,
Ўтиб бўлмас ўрмон-тўқайлар;
Ёдимдадир кечган саодат,
Ўзга қонун, ўзга бир одат.

Аммо, қандай тақдир-ла нечун
Ўз юртимдан айрилганимни,
Бу ёқларга қайрилганимни
Билмайман мен; фақат, қора тун
Елкан узра турган одаму
Ҳамда денгиз эсимда холос…
Шу чоққача қўрқинч ва қайғу,
Аламлардан мен эдим халос.
Ғавғодан чет тинчликда хандон
Ҳарам ичра гуллаб юрардим,
Итоатли кўнгил-ла ҳар он
Ишқ дарсини кутиб турардим;
Бу яширин орзуларим тез
Ушалдилар. Конли урушдан
Чарчаб даҳшат сочган юришдан
Қайтиб келди ҳарамға хунрез.
Таъзим қилиб, хоннинғ олдига
Биз ҳаммамиз чикдик. У менга
Диққат билан индамай, сўзсиз
Очиқ, нурли назарин солди,
Сўнгра, мени чақириб олди…

Шундан бери биз ками кўстсиз
Тиним билмай, роҳатда масрур
Нафас олдик бахт билан ҳар дам;
Бирон йўл ҳам на фитна, на дам;
На туҳмату на шубҳа, қусур,
На азобли рашкнинг ситами.
На хафалик ва на алами
Бизга ташвиш сололмаганди,
Вақтимизни ололмаганди.
Мария, сен дуч келдинг унга.
Бир кўришда хуш келдинг унга…
Шундан берли кўнгли торайди.
Жиноятли ўй-ла қарайди!

Хиёнат-ла етказиб озор
Эшитмайди ҳеч хитобимни,
Сўрамайди асти тобимни.
У ноладан, фиғондан безор;
У эскидай менга топинмас,
Менда энди эскидай боқмас,
На ширин сўз ва на кўҳна ҳис,
Гўё битган, гўё топилмас.
Жиноятга бедахлсан сен,
Мен биламан, айб сенда эмас…

Тингла мени: чиройлиман мен.
Менга ҳеч ким тенглаша олмас.
Бир сенгина ҳарамда бутун
Рақиб бўла олардинғ менга:
Аммо, айтиб қўяй мен сенга,
Туғилганман эҳтирос учун,
Сен мен каби сева олмайсан;
Совуқ кўркинг билан сен нечун
У бир ожиз дилни қийнайсан?
На ҳақинг бор, на ҳаддинг сенинг,
Қўй Гаройни менга; у менинг.

Бўсалари ёнар бетимда,
Иссиғи бор ҳали этимда,
Менга қатъий қасамёд этган.
Борлиғим-ла кўпдан армонин.
Ўй ва хоҳиш, бутун фармонин
Бирга қўшган, иттиҳод этган:
Хиёнати мени ўлдирар,
Хазон этар, гулдай сўлдирар…
Мен йиғлайман: кўргин, тиззамни
Буқдим энди қаршингда, мана,
Сарғайтирма менинғ юзимни,
Ялинаман, қайтариб яна
Севинчимни, оромимни бер.
Ул бурунги Гаройимни бер…
Менга зарра этма эътироз:
У меники: сенга асирдир,
Йўлларингда кўзи басирдир.
Хоҳ таҳқир-ла, хоҳи қилиб роз,
Не истасанг, айлагил шуни,
Аммо, бездир ўзингдан уни.
Онт ич… (Гарчи, мен Қуръонни деб,
Муҳаббатни ҳамда хонни деб,
Ўз динимни отган бўлсам ҳам,
Аммо, менинг онамнинг дини
Сенинг дининг эди) кел, мени
Халос айла, ёд этки қасам,
Ўша дил-ла онт ич Гаройни
Заремага қайтармоқ учун…
Аммо тингла: эсла худойни,
Гар, йўқ десанг, ханжарнинғ кучин
Кўрсатмоққа қодирман оз-моз,
Зеро, менинг ватаним Кавказ».

Шу сўзларни айтди-да, бирдан
Ғойиб бўлди дарров у ердан,
Таъқиб этмоқ учун изма-из
Ботинолмай, дов қилмай дили,
Орқасидан чиқолмади қиз,
У азобли эҳтирос тили
Беайб қизга асти маълуммас:
Аммо, унинг овози, у сас
Сал аниғу ажойиб эди,
Қўрқинч эди, ғаройиб эди.
Қандай ёшлар, қандайдир фарёд
Бу хўрликдан айлайди озод?
Не кутадир уни? Наҳот, у
Қолган аччиқ ёш кунларин, бу —
Асоратда ўтказадир хор?
Эй худойим, эй парвардигор!
Агар Гарой бахтсизни мангу
У маҳбусдай унутса эди,
Ё, ғамлардан халос айлаб у,
Тез ўлимга юз тутса эди,
Қандай шодлик билан ғам тўлган
Бу жаҳонни отар эди қиз!
Кўпдан ўтган ҳаётнинг лазиз
Лаҳзалари, кўпдан йўқ бўлган!
Не бор энди унга дунёда!
Вақти етди, кутарлар уни:
Катта очиб тинчлик қўйнини
Чақирарлар уни самода.

Кунлар ўтди, кетди Мария,
Тарки умр этди Мария.
Кўпдан орзу этган оламни
Янги малак каби ёритди.
Аммо, уни, гўзал санамни
Нелар сиқди? Нелар ҳоритди?
Нечун, нечун даф этди тобут?
Нелар уни айлади нобуд?
Асоратми, ҳасратми, ғамми,
Эрксизликда тортган ситамми,
Касалликми ё бошқа бир сир,
Ким билади? Ўлмиш бехабар…

Латофатли Мария ўлмиш…
У ёш ғунча очилмай сўлмиш!..
Бўшаб қолмиш тумрайган сарой;
Уни яна қолдирмиш Гарой;
Яна ўзга қирғоклар томон,
Ёвуз юриш бошламиш ёмон,
Тағин тўфон, бўронлар аро
Ғамгин учар қон қусар хунрез.
Аммо, унинг юраги қора,
Оловланар унда бошқа ҳис.
У кўп чоқлар тўқинишларда
Қиличини тикка ушлар-да,
Яна бирдан қотиб қоларди,
Жинниларча назар соларди
Атрофига бўзариб, гўё
Ваҳимага тўлгандай дили,
Алланелар ғўлдираб тили
Ёш тўкарди бамисли дарё,
Унутилган у содиқ ҳарам
Хон юзини кўрмайди бу дам;

Унда, азоб қўйнида маҳкум.
Совуқ мухсий қўлида мазлум.
Қаримоқда хотинлар ғамда.
Кўпдан улар ичра ҳарамда
Гуржи хотин кўринмас; уни
Муҳофизлар дарёга отган,
Бечора сув остига ботган…
Князь қизи маҳв ўлган туни
Бажарилиб бу қонли сазо
Кўзин юмган Зарема… Эвоҳ,
Қандайгина бўлмасин гуноҳ,
Кўп даҳшатли бўлган бу жазо!
Кавказ олди тупроқларини,
Русиянинг тинч қишлоқларини
Уруш билан қилиб минг вайрон
Тавридага қайтиб келди хон.

Саройнинг чет бурчини сайлаб.
Марияга эсдалик айлаб
Мармарлардан ясатди фонтан.
Тепасига хоч ўрнатилмай,
Мусулмонлар ойи осилмиш.
(Бу албатта, бўлмағур бир иш:
Нодонликнинғ айби бутунлай).
Ёвузлар бор, кечиб кўп йиллар
Ҳали учиб кетмаган улар
Ҳали мармар ҳовуздан сувлар
Қирғоқлардан тошиб гувиллар.
Тиним билмай, тўхтамай бир он
Дона-дона ёш тўкар фонтан:
Ўғли ҳарбда жон берган она
Худди шундай йиғлайди яна…
Ўтмишнинг бу ривоятини
У ёқларда қизлар билишган,
Сўнгра ғамгин ҳайкал отини
«Ёш фонтани», бўлсин дейишган.

Мен шимолни ташлаб ниҳоят,
Базмларни кўпга унутиб,
Боғчасарой томон йўл тутиб,
Мудроқ кўшкни қилдим зиёрат;
Халқ офати, жангари татар
Ишрат қилиб, базмлар қурган
Урушлардан сўнгра бехатар
Беками кўст фароғат сурган
Тинч уйларда, боғларда сездим —
Хамон роҳат яшар куну тун;
Сувлар ўйнар, гул чечак отар,
Ток занглари товланиб ётар,
Деворларда ярқирар олтин.
Мен у ерда тинмай оҳ уриб,
Йиғлаб, ҳақиқ тасбеҳ ўгириб,
Баҳорида яшнамай сўлган
Хотинларнинғ макони бўлган
Панжарали дарчалар кўрдим,
Кунгурали парчалар кўрдим.

Кўрдим хонлар қабристонини;
Хўжаларнинғ сўнг маконини.
Гўрлардаги мармар устунлар
Гўё тақдир ҳақида секин
Ҳазин-ҳазин таратиб унлар
Сўзлагандай туюлди… лекин,
Хонлар қани? Қайда у ҳарам?
Бутун атроф мукаддас ва жим,
Ўзгармишдир… аммоки, у дам
Бу билан банд эмасди дилим:
Оқ гулларнинғ майин нафаси,
Фонтанларнинғ куйлаган саси
Жазб айлади, қилди фаромуш,
Ихтиёрсиз, менда ақли ҳуш
Номуайян тўлқинга тушди.
Шунда сарой ичида бир қиз
Соя каби сирли ва изсиз
Кўз олдимда липиллаб учди!..

Дўстлар, кимнинг соясин кўрдим?
Айтинг менга, мен сиздан сўрдим:
Кимнинг шакли мени ўша чоғ
Таъқиб этган эди? Ким эди?
Ҳайҳот! Бутун атроф жим эди.
Мариянинг тоза жоними,
Ё, Зарема рашк билан тўлиб
Бўш ҳарамда бир кўлка бўлиб
Кўз олдимда ўтган оними?

Эсимдадир шундай бир чирой,
Худди шундай севимли нигоҳ…
Дил ўшанга кетар бутунлай,
Сургунда ҳам ғуссаси, эвоҳ,
Қалбимдадир, тилларимда — оҳ…
Эй ақлсиз! Бўлди! Энди бас,
Ғусса чекма, ҳеч фойда бермас.
Бебахт ишқнинғ нотинч, ноилож
Оромига бермишсан хирож.
Ҳушингни йиғ, тўсиқларни буз,
Токайгача сен ожиз маҳбус
Кишанларни ўпиб ётасан?
Токайгача енгил тор билан,
Бу оламда оҳу зор билан
Жунунингни ошкор этасан?

Мен музанинг мухлиси, ёри,
Мен тинчликнинғ мурид, хуштори
Тезда бутун шуҳрат ўйлари
Ҳам севгини тамом унутиб,
Яна сизга томон йўл тутиб
Кўраман, эй Солгир бўйлари!
Хотиралар асири бўлиб,
Мен бораман ўша ёқларга,
Денгиз бўйи баланд тоғларга.
Яна Таврид сувлари тўлиб
Хурсанд этар ҳарис кўзимни,
Ҳур сезарман яна ўзимни.
Сеҳрли юрт, дийда юпанчли!
Юрагимнинг эрка қувончи!
У ерларда ҳарна жонлидир:
Ўрмон, водий, гулистонлик қир,
Узумларки, ёқут, каҳрабо,
Тераклару сувлар салқини;
Эрта билан қуёш ёлқини
Таралганда, эсганда сабо,
Айиқ тоғнинғ айланасида
Зангор ҳаво ярқирар экан,
Тиниқ, кўм-кўк сувнинг пастида
Қизил нурлар барқ урар экан,
Токлар ошиб, қирғоқ йўллардан
Учар экан йўлчининг тойи,
Унинг ҳиссин ўнгу сўллардан
Жазб этади бу ер чиройи!..

Усмон Носир таржимаси

ҚИШ ЭРТАСИ

Нақадар ажойиб кун: аёз ва офтоб!
Ҳали сен уйқуда, гўзал моҳитоб –
Латофатли дўстим, пайтидир, уйғон:
Очгил нозли сузук кўзларинг секин,
Шимол Аврораси қаршисида сен
Шимол юлдузидек бўлгин намоён!

Ёдингдами, ўтган оқшомги қуюн,
Хира кўкни зулмат қопловди бутун;
Осмонда нимранг доғ ой каби сузар,
Сарғайиб боқарди булутлар аро,
Сен ҳам ўлтирардинг ғамгин, бенаво –
Бугун эса… ойнакдан ташлагин назар:

Қуёш нурларидан товланиб минг бор,
Серҳашам гиламдай ётар оппоқ қор,
Чексиз мовий осмон остида кўркам,
Қорайиб кўринар шаффоф бир ўрмон,
Ям-яшил арчалар унда бепоён,
Музларнинг тагида ярқирар сув ҳам.

Ёп-ёруғ турарди бутун бир хона,
Каҳрабо нуридан бериб нишона.
Чарсиллаб ёнарди печдаги ўтин,
Мазза хаёл суриш ётиб ўринда,
Аммо биласанми: чанага шунда
Бўз отни қўшишни амр этаймикин?

Эрталабки қорда сирғаниб, тойиб,
Учқур от жиловин жуда бўш қўйиб,
Азиз дўстим, елиб борамиз шаҳдам,
Кезамиз бўшаган дала – ҳар ённи,
Кун-кеча барглари қуюқ ўрмонни,
Мен учун қадрдон соҳилларни ҳам.

КУЙДИРИЛГАН МАКТУБ

Алвидо, эй ишқ мактуби! Амр этди дилдор,
Кўзим қиймайди-ю, қўлим бормади зинҳор
Қувончимни ташлаш учун ўтга кўп замон…
Вақт-соати етиб келди: ишқ мактуби, ён!
Шайланганман: таъсир этмас ҳеч нарса менга,
Варақларинг емирмоқда очкўз аланга…
Бир нафасда!.. Ловуллайди… тўзғиган тутун.
Кўтарилиб, оҳ-зорим-ла йўқолур бутун.
Вафодордан жудо бўлгандаги таассурот,
Ўтга тушган сурғуч қайнаб биқиллар… ҳайҳот!
Шундай бўлди! Варақланди қора саҳифа,
Енгил кулди мактубдаги эзгу қиёфа –
Оқаради… юрак қисар. Эй мўътабар кул,
Ғам-ғуссали тақдиримнинг севинчи буткул
Қайғули шу кўксимда қол мен билан мангу…

* * *

Жонажон юртининг мовий осмони
Остида зориқди, сўлди сарвиноз…
Хазондек қовжираб ёшгина жони,
Сояси устимда этади парвоз;
Аммо орамизда мислсиз ғов бор,
Мен туйғу уйғотдим қалбда беҳуда:
Лоқайдлаб ўлимдан қилди хабардор,
Мен ҳам уни лоқайд тингладим жуда.
Уни бениҳоя севардим ахир;
Оташин юрак ва ҳис билан бутун,
Кўйида зориқиб бўлиб мунтазир.
Азоб-уқубатдан гўё бир мажнун!
Қани ғам, қани ишқ? Кўнглимдан, ҳайҳот,
Ўтган тотли кунни этиш учун ёд,
У шўрлик, соддадил бир соя учун
Сира тополмасман на кўз ёш, на ун.

ҲАЁТ АРАВАСИ

Баъзида юк оғир бўлса ҳам,
Учиб кетар арава қушдай.
Эпчил ямшик қиш фасли шаҳдам
Ҳайдаб борар устидан тушмай.

Эрталабдан аравада биз,
Эринчаклик, роҳатдан безиб,
Бош ёргудай елдирамиз тез,
Қичқирамиз: чу!

Кун ярмида қолмас бу шиддат;
Толиқамиз, қўрқинч кўринар –
Қия тоғлар, жарликлар ғоят,
Қичқирамиз: секинроқ, хумпар!

Аввалгича олиб борар у,
Кўникамиз оқшомга яқин.
Ётоққача босади уйқу,
Отларни вақт қувлайди локин.

ЁЛВОРИШ

О, агар бу рост бўлса, тунда –
Битганида одамнинг умри,
Қабрларнинг тошига шунда
Ялт-ялт тушса кўкдан ой нури,
О, агар бу рост бўлса, шундоқ
Бўш қолса тинч мозорнинг бари –
Мен Лайлига бўлиб кўп муштоқ:
Чорлайман: кел, дўстим, мен сари!

Авваллари кўринганингдай
Маҳбуб руҳи, бўлгил намоён,
Сўнгги ғамдан ўзгариб чирой,
Рангсиз, ҳолсиз, қиш кунисимон.
Кел, енгил куй ёки шамол, ё –
Олисдаги юлдуз сингари,
Кел, мисоли даҳшатли сиймо,
Менга фарқсиз: келгил мен сари!

О, сени мен чақиришим бу,
Севгилимни кек билан хазон –
Этганларга таъна эмас-ку,
Ёки мени аҳён ва аҳён –
Қийнагандан шубҳалар қаҳри,
Тобут сирин фош этиш эмас…
Ғамгин дейман: севаман пайваст,
Сеникиман, келгил мен сари!

* * *

Қўл билан тиклаб бўлмас ҳайкал қўйдим ўзимга,
Халқнинг келар йўлини ўт-ўланлар қилмас банд;
У мағрур қад кўтарди бош эгмасдан таъзимга,
Александр қуббасидан ҳам баланд.

Йўқ, бутунлай ўлмайман – қалбим яшар лирамда,
Тупроғим-ла чиримай, яшайди у тоабад,
То бирон шоир-поир қолар экан оламда,
Мени сира тарк этмайди шон-шуҳрат.

Овозим-ла чулғанур поёни йўқ улуғ Русь,
Ундаги эл-элатлар мени ёдлайди ҳар дам.
Мағрур славян насли, бугунги авом тунгус,
Фин халқию даштлар дўсти қалмоқ ҳам.

Узоқ замон халқ меҳрига бўлажакман мушарраф,
Зотан, рубобим билан эзгу ҳислар туғдирдим.
Шу ёвуз замонамда куйладим эркни мақтаб,
Хор-зорларга ачинмоққа чақирдим.

Тангри ҳукмидан чиқма, эй илҳомим париси,
Ранжидахотир бўлма, тожу гулчамбардан кеч.
Лоқайд қабул этабер мадҳу туҳмат барисин,
Аҳмоқ билан эса ўчакишма ҳеч.

Рамз Бобожон таржималари

МЕН СИЗНИ СЕВАРДИМ

Мен Сизни севардим, севгим эҳтимол
Дилда буткул сўниб битмаган чўғдир.
Бироқ Сиз меҳримни олмангиз малол,
Сизни заррача ҳам ранжитгим йўқдир.

Мен Сизни севардим ҳаяжонда лол
Гоҳ ҳайиқиб, гоҳи рашк-ла мулойим.
Самимий ва ёниб севганим мисол
Бошқа ҳам севолсин Сизни илойим.

Матназар Абдулҳаким таржимаси

ЭЛЕГИЯ

Бепарво йилларнинг сўнган шўх дами
Сархуш бош оғриғи каби азобли.
Худди шароб каби у кунлар ғами
Қанчалик эскирса, шунча зардобли.
Йўл оғир. Истиқбол – бўронли уммон;
Меҳнат, қайғу ваъда қилади ҳамон.

Аммо истамайман, дўстлар, ўлишни,
Истайман қийналиш, фикр қилишни.
Кўраман: зўр ғавғо, ғамлар ичрадир,
Ташвишлар ичрадир мен учун ҳузур.
Гоҳ бўлиб куйларга мафтун, осуда
Хаёлларим узра мен тўкаман ёш.
Балки шу ишқ, умрим ғамли сўнгида–
Боқар ёр алвидо табассуми-ла.

Мамарасул Бобоев таржимаси

ШОИР

Токи у муқаддас қурбонлик учун,
Шоирни Апаллон* чорламас экан.
Беҳаловат дунё ташвишу юкин
Забтида қўрқувга ғарқдир журъат, шаън.

Муқаддас сози ҳам сукутга тобе,
Совуқ тушлар гўё дилига оғу.
Дунёдаги ночор инсонлар ичра,
Балки ҳаммадан ҳам ночорроқдир у.

Лекин фақат ёлғиз илоҳий сўзнинг
Сезгир қулоқларга етса хабари.
Тўлғониб кўз очар шоирнинг қалби,
Сесканиб уйғонган бургут сингари.

Зерикар у дунё эрмакларидан
Миш-мишдан ётсирар баландда ҳар он.
Халқ тобе ҳукмдор оёғларига
Мағрур бошин эгмас шоир ҳеч қачон.

Беҳаловат дилдан изтироб тошар,
Қуйилар бежилов нурдек тонгларга.
Югурик шамолдек соҳилга шошар…
Ҳамда шовуллаган эманзорларга…

БОҒЧАСАРОЙ ФАВВОРАСИ

Эй ишқ фаввораси, мангу фаввора!
Бу икки атиргул мендан илтифот.
Қанчалар севаман шилдирашларинг
Шоирона кўз ёш – маҳзун хуш баёт.

Сенинг кумуш янглиғ соҳир тўзонинг
Менга совуқ шабнам пуркайди ногоҳ:
Шилдираб оқавер, қувонч чашмаси,
Айлагил, у ниҳон сирингдан огоҳ…

Эй ишқ фаввораси, маҳзун фаввора!
Сенинг мармарингга айладим савол:
Олис ўлка мадҳин туйдим, сукутинг…
Мария сўровин олдингми малол…

Наҳотки, мангуга ёдлардан ўчдинг,
Эй ҳарамнинг рангпар юлдузи, не ҳол!
Ва ёки Мария, Зарема асли,
Бахт орзуси каби тотли бир хаёл?

Ё фақат тасаввур уйқуси ичра
Зулмат акс эттирган хаёлий иқбол.
Яралган лаҳзалик ҳиссиётлардан,
Ё кўнгил ичра у мажҳул бир тимсол?

БУЛБУЛ

Булбулим, эй менинг булбулижоним,
Тинглагил, митти қуш руҳимда не ҳол.
Эй ўрмон эркаси, кичик бўлсанг ҳам,
Сенинг уч қўшиғинг ўзгармас алҳол.
Мен-чи, бир паҳлавон ўғлон эрсам-да,
Уч улуғ юк: ҳасрат, қайғу менга ёр!
Биринчи қайғум шу: – менинг ёш чоғим,
Эрта уйлантириб қўйдилар атай.
Иккинчи ҳасратим: – қора тулпорим,
Зўриқиб, толиқди, оҳ, нени айтай!
Учинчи ҳасратим: айтсам қалбимни
Ғижимлар изтироб, ғаму аламлар.
Гўзал севгилимдан жудо қилдилар
Ишқ тоти бегона ёвуз одамлар.
Энди жонсиз тан-чун қазинглар қабр,
У кенг дала ичра топмай ҳеч озор.
Бош томоним узра экингиз гуллар,
Алвон, у чечаклар мангу бўлсин ёр.
Оёқ томонимда тоза бир булоқ,
Зилол сувлари-ла шилдираб турсин.
Токи бунга келган ҳур гўзал қизлар,
Бошига гуллардан чамбарак кийсин,
Бундан ўтган чоғда қариялар ҳам
Ҳовучлаб сув ичиб хуш роҳат туйсин…

ТУТҚУН

Ўтирибман, панжара, зах зиндон ичра
Боқилган ёш бургут тушов забтида.
Менинг ғамгин дўстим қанотин ёзиб
Қонли емак чўқир ойна ортида.

Чўқир ва ташлар у қарар дарчага
Худдики мен билан бирдек нияти.
Қийқириб, қараркан чорлаб дер гўё:
“Учайлик, бизга ёр эрк муҳаббати!

Бизлар ҳур қушлармиз, вақт етди дўстим!
Кетайлик, оқ тоғлар чорлар бу замон.
Фақат шамол… ва мен, озод учгувчи,
Денгиз ортидаги ўлкалар томон!..”.

ФАРИШТА

Жаннат эшигида нозик фаришта
Бош эгиб нур ичра турар бокира.
Қайғули исёнкор иблис саргашта
Учарди дўзахий жарликлар узра.

У инкор руҳи ва у гумон руҳи,
Пок руҳга боққанча ҳис қилиб уни.
Ихтиёрсиз элас-элас англарди
Илк бора туйганча меҳр тафтини.

“Кечиргил, эй дарё, қошингга етдим,
Бежиз дуч келмадим, сендек зиёга:
Кўкдан неки келса шукр айладим,
Нафрат-ла боқмадим, буткул дунёга!”

ТУН

Сен учун меҳрли сасдекман шу тоб,
Кечиккан тун, сукут, беради азоб.
Тўшагим ёнида ғамгин шам боқар,
Оловли шеърларим жимирлаб оқар.
Оқади ишқимиз жилғаси бўлиб,
Сенинг ифор тўла исмингга тўлиб,
Қоронғида гўё сассиз сўзларинг,
Пинҳони ошкордек порлар кўзларинг:
Улар дер, мулойим, иқрор меники,
Севгилим, мен фақат, фақат сеники!..

ЕР ВА ДЕНГИЗ

Денгизнинг у мовий тинч сатҳи узра,
Тўлқинлар еллар-ла ўйнар басма-бас.
Мағрур кемаларнинг елканлари-ю
Қайиқларни чайқар эрка, бу нафас.

Қалбимга ташвиш ўй ортганда юкин,
Хуш эринчоқлик-ла тарк этгум уни.
Унутгум, ул илҳом парисин куйин,
Менга ёқимлироқ денгиз шовқини.

Тўлқинлар, соҳиллар бўйлаб ўкириб,
Шовуллаб, мавжланиб турган кез бот-бот.
Қалдироқ ларзага солганда кўкни,
Чақмоқлар зулматда ярқ этган заҳот.

Узоқлашиб боргум шундан денгиздан
Меҳмондўст эманзор бағрига у чоқ.
Ер мен-чун бир содиқ дўстдай туюлар,
Аянчли балиқчи турар бадқовоқ.

У яшар омонат, шалоқ қайиқда
Аёвсиз кўр гирдоб эрмаги бўлиб.
Мен эса барқарор сокинлик аро
Водий дарёсининг шўх шовқинига…
Қулоқ солгум дилим мавжларга тўлиб…

ҚИШ КЕЧАСИ

Зулмат билан кўкни ёпади бўрон,
Қор қуюнларини учирар ҳар ён.
Бирда ҳайвон каби ўкирар нолон,
Бирда бола каби йиғлайди чунон.
Гоҳи у путурган кетган том узра
Похолларни титиб соларкан шовқин.
Манзилга кечиккан йўлчи мисоли
Деразамиз чертиб ўкирар бетин.

Бизни ўша кўҳна кулбамиз нечун,
Бунча тутқун ғамга, бунча қоронғу.
Мунис бувигинам дарча ёнида
Нечун жимсан, дилга ўй солдиму у?
Ёки увиллаган у бўрон забти,
Сени толиқтириб қўйдими бу сас.
Ё сокин ғингшиган урчуғ овози
Мудратиб қўйдими сени бир нафас?

Кел, шўрлик ёшлигим мунис ҳабиби
Ичайлик, кўнгилдан унутилсин ғам.
Қани у андуҳни қувгувчи қадаҳ,
Токи юрак бу кун ёзилсин бир дам.
Қўшиқ айт, мен учун денгиз ортида
Қандай тинч яшаган у читтак тиниб.
Куйла, мен чун тонгда у бўй етган қиз,
Сувга чиқар эди қандай талпиниб.

Зулмат билан кўкни ёпади бўрон,
Қор қуюнларини учирар ҳар ён.
Бирда ҳайвон каби ўкирар нолон,
Бирда бола каби йиғлайди чунон.
Кел, шўрлик ёшлигим мунис ҳабиби,
Ичайлик, кўнгилда унутилсин ғам.
Қани у андуҳни қувгувчи қадаҳ,
Токи бу қон юрак ёзилсин бир дам…

БЎРОН

Кўрдингми қояда тўлқинлар аро
Зулматда қутуриб турганда бўрон.
Оқ кўйлакли қизни, пок мавжлар узра
Денгиз соҳил билан ўйнашган у он.
Кўрдингми, чақмоқнинг шаффоф нурлари
Уни ёритганда алвондай ҳар чоқ.
Шамол ўзин уриб ҳар ёнга, унинг –
Ҳарир ёпинчиғин қилганда учоқ.
Бўронли у зулмат ичра мафтункор –
Мавжли тўлқинлар-ла денгизлар азал.
Осмон кўк, буёқсиз қандай жилвакор,
Лекин ишон менга қоядаги қиз,
Тўлқиндан-да гўзал, бўрондан гўзал!

БАХТИЁР БЎЛАРДИМ…

Бахтиёр бўлардим тарк эта олсам,
Пойтахт ва саройнинг шовқинларини.
Сокин эманзору дарё бўйига
Қочиб кетолсайдим ташлаб барини.

О, бари шунчалар жонга тегди-ку,
Олтин балиқчадек дарё тубидан
Тезроқ чиқармикин маҳтал қилмай у?

Бирам орзиқтирар ойдин тун ичра
Сокин тўлқин аро бўлар намоён.
Яшил сочларига ўралиб олиб
Тик қирғоқда ажиб ўлтирар шоён.
Оппоқ мавжлар каби оёқларига
Суркалиб шовуллаб ўйнар тўлқинлар.
Кўзлари дам хира, дам ярқирайди
Худди милтираган юлдуздек улар.

Лабларида нафас йўқ сира, лекин
Бир зум тинмас жўшқин тўлқинлар саси.
Шунчалар аччиқдир, нафассиз кўк-кўк
О ўша лабларнинг совуқ бўсаси.

Азоблайди дилни бу ҳол, лек тотли,
Билолмам мен уни қандай атайин.
Англаганим шуки, ёз чилласида
Совуқ асал сувга ташна вужуднинг
Бир зум чанқоғини босолмас тайин.

У сирли ўйноқи бармоқлари-ла
Сочларимга теккан лаҳза-да, силаб.
Бошим узра ўша онларда совуқ
Гўё даҳшат чопиб ўтгандек бўлар
Шунда юрагим ҳам кетар гупирлаб.

Бу интиқ, интизор кутилган севги
Титратса-да мени шу лаҳза, шу он.
Ҳаётни тарк этсам розиман дердим,
Қалбдан туйиб фақат ул муҳаббатин.
Майли магар яна чексам-да фиғон
Вужудим-ла такрор туймоқ истайман
Унинг бўсаларин тотли лаззатин.

О унинг сўзлари, сўзлари эса…
Унга яқин эрур ненинг товуши.
Унга баробару тенг келар балки
Гўдакнинг илк сўзи, илк чуғурлаши…

Май ойининг мовий осмонларида
Ҳар лаҳза гумбурлаб ёнган ул чақин.
Ё сув жилдираши, ё Боян созин
Жарангдор куйлари шунчалар… яқин.

УНИНГ КЎЗЛАРИ

Шунчалар дилбар у – мен сизга айтсам,
Қанча ўктам дилга солгувчи ғавғо.
Жануб юлдузига тенг қиёс этсам,
Шеърий таърифлардан баланд хуш чирой,
Черкесча қоп-қора шу кўзларда жо.

Унинг қароғида сеҳрли олов,
Дилни ўртар жўшқин ёнгани сари.
Кўнгил иқрор бўлгил, тамом бошқача
Менинг Оленинам қаро кўзлари.

Унда жилва қилар саркаш заковат,
Болаларча софлик, ниҳон туйғулар.
Ҳар бир ишвасида соҳир ифода,
Ҳар бир қарашида тенгсиз орзулар!..

Лайлога хос жилва, табассум билан
Ерга боқар латиф нигоҳ-ла ана.
Кўзидан Рафаэль маъбуди боқар,
Илоҳий санамга хос бу тантана!

ҚАНЧА МЕҲР БИЛАН…

Қанча меҳр билан, қанча эъзоз-ла,
Сизни қаршиладим, дил нурга тўлди.
Қувончимга ҳайрон боқдингиз албат,
Ажаб қуролингиз совуқ ранж бўди.

Бахтга тўлиқ эди у оқшом уйқу
……………………………………………..
Менинг тотли, жонли тушим эди у
Сизнинг хуш чеҳрангиз этган мунаввар.

Шундан бериким мен, кўз ёшлар билан
Шу гўзал орзуни мудом чорлайман.
Тушимда сиз мени бахтли қилдингиз,
Ўнгимда миннатдор сизни ёдлайман.

Минҳожиддин Мирзо таржимаси