Арсений Тарковский (1907-1989)

ХХ аср рус шеъриятининг таниқли намояндаларидан бири Арсений Тарковский 1907 йили Елизаветград (Кировоград)да туғилган.
А.Тарковскийнинг дастлабки шеърлари вақтли матбуотда 1928 йили эълон қилинади. Бу шеърлардаги юрак ҳароратига йўғрилган сатрлар шеърият дунёсига ўзига хос, бетакрор овозли янги бир шоир кириб келганлигидан дарак берарди.
II Жаҳон урушида  бир оёғидан жудо бўлган шоир ижодга астойдил киришиб, 1946 йилда илк шеърий китобини нашрга тайёрлайди. Лекин ўша пайтда адабиётда кучайиб кетган янги қатағон тўлқини туфайли А.Тарковскийнинг мазкур илк тўплами босмахонадан қайтариб олинади ва йўқ қилинади. Бу шоир юрагини қаттиқ жароҳатлайди ва у узоқ вақт шеърларини матбуот саҳифаларида эълон қилдирмайди.
Шоир руҳиятига бу зарбалар етмагандек, ўғлининг қисмати ҳам бошига катта мусибат келтиради. Суюкли фарзанди – ниҳоятда истеъдодли кинорежиссёр Андрей Тарковский ўзининг “Иванов болалиги” ва “Кўзгу” фильмлари учун ўша давр сиёсий раҳбарлари томонидан қаттиқ қувғин остига олинади, оқибатда у хорижга бош олиб кетади ва мусофирликда ҳаётдан кўз юмади…
Адабий жамоатчилик А.Тарковскийни, вақтли матбуотда эълон қилиниб турган шеърларини ҳисобга олмаганда, асосан таржимон сифатида биларди. Зеро, у умри давомида жуда кўп шеърий асарлар (асосан шарқ шеъриятидан) таржима қилган.
1962 йилда унинг илк тўплами – «Қор олдидан» номли жажжи шеърий китобчаси нашр этилади. Ушбу тўплам А.Ахматова томонидан юқори баҳоланади.
Ҳаётлигида шоирнинг саноқли китобларигина эълон қилинган. Унинг 1987 йилда чоп этилган «Умрим йўллари» номли сўнгги шеърий мажмуаси Давлат мукофоти билан тақдирланади. Лекин шоирга мукофотни олиш насиб этмайди, чунки у бир неча ой муқаддам  ҳаётдан кўз юмган эди.
Умри синовларда кечган, ўзига хос, бетакрор овозга эга шоир ниҳоят ўз қадри ва юксак эъзозини топди. Унинг шеърий мероси қайта-қайта чоп этилмоқда. Зеро, бугунги кунда ХХ аср рус поэзиясини Арсений Тарковский шеърларисиз мукаммал тасаввур этиб бўлмайди.
Шоирнинг шеърлари ўзбек тилида илк бор эълон қилинмоқда.

* * *

Тақмишди гиёҳлар шабнамдан маржон,
Келар сўқмоқ бўйлаб бир гўдак шодон,
Жажжи саватида ертут, маймунжон,
Ойнадан боқардим уфқларга илҳақ,
Туйдим мен гўдакда тонг сафосин нақ.

Сўқмоқлар чиқсайди менга ҳам пешвоз,
Сават ўйнасайди қўлларимда соз,
Адирдаги уйга термилмасдим боз,
Шаффоф ҳаволарга тўярдим балки,
Уйга ҳам қайтмаган бўлардим балки…

ДАШТ

Уфқлар ямлар унинг сўл-соғин,
Ҳатто осмон туйилади чоҳ.
Эшар тинмай  кечмиш арқоғин
Гоҳ одам-ла, ёвшан билан гоҳ.

Майсаларни – туёқлар эзган,
Мунғаяди ерда бош чаноқ.
Сўз билан ва фақат сўз билан
Файз топар ойдинда ҳар ёқ.

Мудрайди дашт – бамисли бежон,
Ёғдуларга чулғанар туши.
Тепаликлар ёнбошлар бу он,
Жиғасида – ойнинг кумуши.

Сўз жон берар сукунат ичра,
Осмон сочар қаҳрини аччиқ, –
Шўх жилғалар тешмагунича
Замин бағрин – метиндек қаттиқ.

Киприкларин тўкар чакамуғ,
Чигирткалар қамчилар отин,
Дарак бериб тонглардан қутлуғ,
Дашт лочини ёяр қанотин.

Мовий сутга чўмилиб буткул
Одам Ато чиқар жаннатдан
Ва қайтадан ато этар тил
Қушларгаю ҳатто тошга ҳам;

Муҳаббатнинг шавқи билмас чек,
Еру кўкдан ўқир ажиб сир;
Тушларида зикр этгандек
Гиёҳларни номлайди бир-бир.

* * *

Отлар кишнар Суло ортида…
“Игорь жангномаси”

О, Россиям менинг, мушфиқ онажон,
Фарзандларингга сен – қанот ҳар қачон!

Гўдакка – бешиксан, ёшларга – сурур,
Юрткезарга – асо, тенгсиз завқ-ҳузур,

Қўшчига – даласан, овчига – денгиз,
Дўст учун умидсан, ёвга – ғам-ангиз,

Дарғага – елкансан, мерган учун – кўз,
Зиёлига – китоб, пайғамбарга – сўз,

Босқончига – болға, оқилга – сабр,
Тирикка – ота юрт, ўликка – қабр,

Мардлар юрагида – сўнмас учқун сен,
Барчасидан аъло – улар учун сен.

Қаҳрингнинг оташи билмас асло чек,
Босқинчи товонин куйдиргай чўғдек!

Игорь сенинг учун жонга бериб жон,
Қилмадими енггинг қон билан алвон!

Рублев кифтидаги қирмиз тўн бари
Яна товланмасми шафақ сингари!

Мен то сўнгги нафас сен деб яшайман,
Сен учун ҳар лаҳза ўлмоққа шайман!

* * *

О, мовий настаринлар,
Қўмсайман гоҳи сизни.
Ғужғон асаларилар
Эгдими шохингизни?

Туйганман фараҳ бир кез
Аритиб дилдан ғамлар  –
Кўпирган гулларингиз
Соясида бир дамлар.

Арилар тўзир ногоҳ,
Чақмоқ тилар кўк юзин;
Ёришиб яқин-йироқ
Қамашиб кетар кўзим.

Эпкинлар эсган қирда
Гиёҳлар туролмас тек;
Томчилар ўйнар ерда
Симоб доналаридек.

Оқшом олди росмана
Биллурланар ҳаволар;
Қучар борлиқни яна
Ифорлар, хуш садолар…


РЎПАРАДАГИ УЙ

Эски ёғоч уйни буздилар бир кун.
Кетди эгалари қолдириб мулкин.

Қолди идиш-товоқ, гулу гулдонлар,
Тош ойна, китоблар ҳамда жавонлар.

Мўйсафид кетар чоғ ортига боқди,
Ҳайдовчи шошириб, баттар тутақди.

Ҳаммаси аввалги кўйича қолди,
Бироқ уй мунғайиб ғамгин тус олди.

Ўприлган дераза ўрни боқди зор,
Бўм-бўш хоналарга қўнди чанг-ғубор.

Қолди уйда бироқ тушлар, хотира
Ва ташвиш-армонлар, ўйлар бокира.

Оғочу тахтани олиб кетдилар,
Қайгадир саранжом ҳолда элтдилар.

Бироқ қолди бунда кечмиш шарпаси,
Даврада куйланган қўшиқлар саси;

Тўйларда шаробга тўйишарди хўб,
Ишдан сўнг кинога боришлар тўп-тўп…

Тобутни қўлма-қўл кўтаришарди,
Бамисли ўз дардинг – ўзганинг дарди;

Икковлон ухларди битта тўшакда,
Тўнғич фарзанд мудом қўлда – юксакда…

Чўмичин тупроққа ботириб нуқул
Олмагуни қадар сидириб буткул,

Силжимагунича бу ердан кран,
Шарпалар жимгина солдилар сурон.

ТУНГИ МЕҲНАТ

Чироқни ёқаман туриб бемалол,
Ёришиб кетади хонанинг ичи.
Майли, куйлайверсин чирилдоқ мисол
Бурчакда электр ҳисоблагичи.

Столга ўтиргум – қаламим қўлда,
Югуриб қолади сичқонлар шу зум;
Ушбу пайт кўпчилик уйқуда бўлгай,
Мен эса тонггача юммайман кўзим.

Сатрлар битаман чекиб риёзат,
Бироқ ушбу палла – чиққунча қуёш
Вақтин ишратларга сарф этгай фақат,
Шароблар нўш этар, кимки мендан ёш.

Мени жазб этмас бу! Боқмасман зинҳор,
Қалбимни тўккайман қоғоз узра соф…
Балки, кимдир бундан бўлар миннатдор,
Балки, кимдир буни айлар эътироф.

* * *

Ҳар томчи сув учун, ризқу рўз учун
Айтгум шукрона.
Меҳнат-ла кечмоқда менинг ҳар куним,
Айтгум шукрона.

Менга сўз бахтини берди, берди ғам,
Яшарман ёна…
Кулфатлар қошида ожиз бандаман,
Айтгум шукрона.

Мен ҳам ер бағрига киргайман бир кун
Ҳаётга қона,
Руҳим юлдуз қадар юксалтгани-чун
Айтгум шукрона.

* * *

Тушимга киради йироқ бир уммон,
Аллақандай кема сузади унда;
Бир ғусса руҳимни айлайди урён,
Кўксимга чирмашар бир ҳасрат тунлар.

Келар йироқлардан бўғиқ бир нидо,
Муқаррар қисматдан машъум хабардек.
Ҳалокат ҳидини туйгандек гўё
Сувлар саҳросида кема қотар тек.

Фарёдга йўғрилар йироқ нидолар,
Кейин фарёддан ҳам қолмайди нишон.
Уммон тортса сирли комига агар,
Чиқиб кетолмайди ундан тирик жон.

Мен – бир сайёҳ боқиб уфққа масрур,
Талпиниб бораман ул кемага нақ.
Биламан, бу ўша “Титаник” эрур,
Мени кутиб турар интиқ ва илҳақ.

Ғалати туюлар менга жуда бу –
Уфқлар бағрига сингмоқлик шоён;
Совуқ тўлқинларнинг ортида мангу
Мунғайиб қолади шаҳрим жонажон.

СЎЗ

Сўз фақат қобиқ холос,
Пардадир у, қуруқ сас.
Бироқ бир нуқта рўй-рост
Ёнар унда ҳар нафас.

Урар юрак, оқар қон,
Сенинг билан иши йўқ.
Аён берар бир замон,
Бундан кўнглинг бўлсин тўқ.

Сўз ҳукми буюк азал,
Шоир, сен огоҳ бўлгин,
Сўзинг кучин кўрсатар,
Қолмаса бошқа йўлинг.

Севгинг бўлсин доим чин,
Сен чеккадан солма кўз,
Башоратлардан қўрққин,
Ўлимдан ҳеч очма сўз.

Сўз фақат қобиқ холос,
Қисматларга бир парда.
Лекин сўз сенга рўй-рост
Тиғ қайрар мисраларда.

* * *

Ёниб турар эди қорда бир чироқ,
Фориғ бўлганди у ёдимдан бироқ.

Балки япроқдир у – тўкилмай қолган,
Балки у докадир – қон шимиб олган.

Балки бу – қорларнинг бағрин кўриб хуш,
Сайр этмоққа чиққан қирмиз патли қуш.

Балки, мени алдаб гангитди чоғи,
Ҳасратга йўғрилган куннинг шафағи…

* * *

Бунда уй бор эди. Унда кекса чол
Ҳамда ёш бир бола. Уй топди завол.

Улкан бомба тушиб, қилди тап-тақир –
Турган уй йўқ бўлди. Уруш бу, ахир!

Ашқол-дашқол, латта-лутталар ҳар ён,
Қоришар тупроққа совумаган қон.

Энди тиконларга тўлар бу хилқат,
Изғир энди бунда арвоҳлар фақат.

Бошқа ким ҳам увлаб кезарди бунда,
Совуқ печлар узра рақс этиб тунда.

* * *

Кечган шу тепалик ортида жанглар,
Хаёлда садоси ҳали ҳам янграр.

Ҳали ҳам қорларда мурдалар ётар,
Узилган қўллари ҳавода қотар.

Гарчи кечмиш эрур бу қонли рўё,
Ҳозир тирилар-да ўликлар гўё,

Ҳеч завол кўрмаган каби яйрашиб,
Маст бўлиб тингларлар қушлар сайрашин…


ГОСПИТАЛЬ БОҒИДАГИ КАПАЛАК

Турмас бир зум бир жойда
Учиб-қўнар бетоқат.
Туғилган ўзи қайда,
У бир хилқат аломат.
Суйгани унинг ёғду,
Чин-Мочиндан балки у?
Йўқдек унда вужуд, тан,
Келган балки мозийдан;
Қаноти ажиб мовий,
Инжадир ва самовий.

Онт ичар-да: бўлди, бас! –
Лекин сўзида турмас,
Кошки савод чиқарса,
Саноқда – нари борса,
Билар у бир, иккини
Ҳарфлардан – О
ва
И* ни –
Танир, исми йўқ ҳатто,
Балки у – расмда жо*.
Оромни тан олмас у,
Бамисли – ялт-юлт кўзгу.
О, малак, сўз бер менга,
Кетмам деб Чин-Мочинга!
Эврилсин рўё чинга,
Кўргин, қалбим титроқда,
Ёлғиз ўтинчим сенга,
Ташлаб кетма фироқда!

________________
* Капалакнинг учиши ушбу ҳарфлар ва Хитой иероглифларига қиёсланмоқда. (тарж.)

ШОИР

Яшаб ўтди хоксор бир жўмард…

Менга бу китобни қайси бир замон
Тутқазган эди бир шоир хуш-хандон,
Баҳор қуёшидек илтифотли, шўх.
Бироқ китоб ҳозир уринган чандон,
Шоир ҳам оламдан ўтган, энди йўқ.

Дердилар, у шоир қиёфасида
Булбулники янглиғ қувноқ сасида
Бор эди қандайдир сирли мунг, озор.
Битса ҳам ҳаётга гоҳи қасида,
Бироқ эди руҳан ғариб ва хоксор.

Ўргилиб садақа – ордонасидан,
Ўтар нашриётлар остонасидан,
Кетадиган каби гўё қоқиниб.
Бироқ бир ёввойи истиғно билан
Олар эди доим қалам ҳақини.

Кекса масхарабоз унинг монанд заб:
Мастлардек эшилиб, юриб ва тўхтаб,
Экрандан кўриниб яшнар-у сўлар
Ва айни чоғ ҳушёр одамга ўхшаб,
Кўксин ярасин ҳам яширмоқ бўлар.

Қофиялар бир пайт берганди қанот,
Энди илҳом ҳатто бўлолмас нажот,
Ғамлар, салом энди, алвидо сурур!
Қалам ҳақини ҳам кўп кўрди наҳот,
Қора нонга қўйиб бу тақдир қурғур!

Сўзлар жилвасидан эди у огоҳ,
Қуш тумшуқ юзи-ла жилмаярди гоҳ,
Шубҳали боқарди нуқул ҳаётга.
Ёлғизликдан қўрқиб чекар эди оҳ,
Шеърларин ўқирди бегона, ётга.

Ўша шоир чиқиб мудом йўлимга,
Дардларини ташлар ўксук кўнглимга,
Ёлғизликдан қўрқиб яшайман мен ҳам.
Эҳтимол юзинчи марта қўлимга
У китобни олгум ёлғиз қолган дам.

Унинг шеърларида ташбеҳлар камдир,
Безовта одамлар кўзлари намдир,
Ҳамон нидо қилар сатрлар ёна.
Ҳаммани гунг қилган чексиз аламдир,
Бозорлар, навбатлар ва қамоқхона.

Яшарди одамдек у шоир ҳам бир,
Афсус, хароб қилди разил замона.

Мирпўлат Мирзо таржимаси