Ошиқ Умар (1621-1707)

Ошиқ Умар – Умар Абдулла ўғли 1621 йилда Қримнинг Кўзлеве (бугунги Эвпатория) шаҳрида дунёга келган.
Айрим маълумотларга кўра, отаси савдогар бўлиб, исми Абдулла, онасининг исми Шарифадир. Ошиқ Умар Кўзлеврдаги мадрасада ўша даврнинг етук шоири Шарифийдан таълим олади, Саъдий ва Ҳофиз асарларини ўрганади. Кейинчалик машур шоирлар Аҳмад Пошшо, Фузулий ва Атийилар ғазалларига мухаммаслар боғлагани ҳам унинг мумтоз шеъриятдан яхши хабардор бўлганини кўрсатади.
Орадан йиллар ўтиб, Ошиқ Умар қўшни диёрларга сафарга чиқади. У Доғистонда, Озарбайжонда, Эрон ва Туркияда бўлди.Саккиз йилдан кейин юртига қайтган шоир умрининг охиригача Қримни тарк этмади.
Ошиқ Умарнинг девони мавжуд. Унинг қаламига мансуб 38 тўртликдан иборат ва 105 шоирнинг номи зикр этилган “Шоирнома” асари ҳам бебаҳо манбадир.
Ошиқ Умар 1707 йилда саксон олти ёшида оламдан ўтади.

КИМНИНГ ЁРИСАН?

Саллона сайрон ерина
Чиққан ёр, кимнин ёрисан?
Сиё зулфин ой юзина
Тўккан ёр, кимнин ёрисан?

Боқдим кўзина-қошина,
Ўхшатдим ҳумо қушина,
Мани ҳижрон оташина
Ёққан ёр, кимнин ёрисан?

Пойида юз сурган қуллар,
Дамо-дам мадҳин қилурлар,
Оқ яноқ устина гуллар
Таққан ёр, кимнин ёрисан?

Сайрона кирар бўстона,
Булбул қўнар гулистона,
Бизга мастона-мастона
Боққан ёр, кимнин ёрисан?

Ошиқ Умар,ёра борма,
Бориб остонада турма,
Ола кўзга сиёҳ сурма
Чеккан ёр, кимнин ёрисан?

ТИЛИ – БУЛБУЛ, ЯНОҒИ – ГУЛ

Тили – булбул, яноғИ – гул,
Фориғ бўлмас кўнгул сандан,
Қопинда* ман бир гадо ва қул,
Фориғ бўлмас кўнгул сандан.

Йиғларам дўстим келгунча,
Дардима дармон бўлгунча,
Оҳ,севдигим,то ўлгунча,
Фориғ бўлмас кўнгул сандан.

Сақларам, ишқинг мандадир,
Девона кўнглум сандадир,
Нетайким,жон бу тандадир,
Фориғ бўлмас кўнгул сандан.

Дўстим юзин кўрмагунча,
Жонни унга бермагунча,
Умар қабра кирмагунча,
Фориғ бўлмас кўнгул сандан.

АЙРИЛДИМ

Яқинда бир малаксиймо
Пари-пайкардин айрилдим,
Лаби ғунча, юзи зебо,
Бўйи арардан айрилдим.

Кўринмас бўлди дийдора,
Кўнглумни этди абгора,
Неча бир чексам-да зора,
Гули аҳмардан айрилдим.

Суюниб кираман шола,
Мани ишқ қўйди бу ҳола,
Раводир айласам нола,
Ман ул дилбардан айрилдим.

Лаби шаккар,ширин сўзли,
Қошлари ўқ, ола кўзли,
Фалакда бир қуёш юзли
Моҳи анвардан айрилдим.

Умар дер: – Бўлмишам ҳайрон,
Ҳажрида бағрим тўла қон,
Бугун ман бир лаби маржон,
Тиши жавҳардан айрилдим.

ҚИЗҒАНАРАМ

Кел, дилбарим, қон айлама,
Сани қондан қизғанарам,
Янги ойдан,эсган елдан,
Чиққан кундан қизғанарам.

Кел, ёнима,аччиқ боқма,
Қалбимни ёндириб-ёқма,
Яноғингга гуллар тақма,
Сани гулдан қизғанарам.

Ҳолим билар ҳолдошим бор,
Йўлда кетар йўлдошим бор,
Уч ёшлик бир қардошим бор,
Сани ундан қизғанарам.

Сани истар Умар ҳар дам,
Сан бўлмасанг вайрон юртам,
Сан бир қўзи,ман бир гурдам*,
Сани Мандан қизғанарам.

* Гурд – бўри

ЯНА БОДИ САБО ЭСДИ

Яна боди сабо эсди,
Ёрим чиқди ётоғиндан.
Ошиқина бода сунди
Лаби шаккар дудоғиндан.

Саллона боғчая кирди,
Чечаклар титради-турди,
Ҳўл бинафша бўйин эгди,
Гул қизорди ёноғиндан.

Кирма рақиблар сўзина,
Зарар этурсан ўзинна,
Боқ бу золимнинг ишина –
Эмар ёрнинг дудоғиндан.

Боғчаларда битган гулдир,
Ёниндан ўтган булбулдир,
Умар бир ожиз қулингдир,
Боқиш-ла кеч гуноҳиндан.

БИР ГЎЗАЛ КЎРДИМ

Бир кун бир гўзал кўрдим,
Яшиллар киймиш оқ узра.
Ақлимни бошимдан олди,
Тура билмам оёқ узра.

Мани сархуш этмиш жоми,
Қирмизи гуллар айёми,
Ҳар бири бир найза киби
Кирпиклари қабоқ узра.

Ой жамолина боқилур,
Ман қулинг ёниб-ёқилур,
Сўйласа гар – бол тўкилур
Лаблариндан дудоқ узра.

Дилбар юзин дерсан гулшан,
Ул юсуфдан олмиш нишон,
Сиёҳ зулфлари паришон
Тўкилмиш ол яноқ узра.

Қрим-татарчадан Хуршид Даврон таржимаси.

ИШҚ САВДОСИ

Савдои ишқ бошга тушгандан бери,
Жами ҳасрат манга ёр ўлди-кетди.
Ғам дарёси бошдан ошгандан бери,
Туташди вужудим нор ўлди-кетди.

Карвоним адашган элларда қолдим,
Чорасиз Мажнундай чўлларда қолдим,
Боши-охири йўқ йўлларда қолдим,
Тўрт ёним, тўрт тубсиз жар ўлди-кетди.

Хастадир вужудим, соғдир, демангиз,
Ярам юракдадир, танда демангиз,
Ақлу ҳушим учди – манда демангиз,
Ёрим ўзгаларга ёр ўлди-кетди.

Орттирганим, Умар, ғам-алам бўлди,
Кўз ёшим – зоримдан дарёлар тўлди,
Ҳижрон гирдобида сарсонлар қолдим,
Бу дунё бошимга тор ўлди-кетди.

ФАЛАК

Фарёдимдан кимга айлай шикоят,
Мани диёримдан айирдинг, фалак!
На кўзда уйқу бор, на танда роҳат,
Сабру қароримдан айирдинг, фалак!

Файзсиз кечмишдек ўчдими номинг,
Оқибат оламда кимга ярадинг?
Не қасдинг бор ахир, недир муродинг?
Эрк-ихтиёримдан айирдинг, фалак!

Висол истаса гар ошиқ ёр ила,
Қилдинг аввал дарду ғамга мубтало,
Роҳат раво кўрмадинг асло манга,
Севгили ёримдан айирдинг, фалак!

Бир умр ғурбатга дучор айладинг,
Нетай, оҳу фиғонга ёр айладинг,
Оламни кўзларимга тор айладинг,
Боғу баҳоримдан айирдинг, фалак!

Дунё манга бадтар бўлди ўлимдан,
Умарни сўйдириб тилим-тилимдан,
Бир сарви бўйлини олиб қўлимдан,
Асли бор-йўғимдан айирдинг, фалак!

ТЎХТАМАС

Ёлғончи дунёга алданма, бегим,
Бу – фоний, ўтгунчи, бир он тўхтамас.
Икки эшикли бир вайрона дегим,
Бунга кирган кўчар, меҳмон тўхтамас.

Боқма анинг қорасига, оқига,
Берма кўнгил бўстонига, боғига,
У менгзайдир бола ўйинчоғига,
Бунга доҳил ўлғон инсон тўхтамас.

Топгин тўғрисини юрар йўлларнинг,
Кадрини бил ҳар бир ўтар йилларнинг,
Дунё зиндонидир мўмин қулларнинг,
Бу зиндонга тушган ҳар жон тўхтамас.

Англаб ол, эй ғофил, ўтар умрингни,
Туттирмас бу кунлар бири-бирини,
Юкингни юклаб чиқ, боғла белингни,
Билки, йўлга тушган карвон тўхтамас.

Тур-да, ибодат қил Мавлон йўлина,
Бунда не қилганинг онда билинар,
Бир кун сафар хавфи сенга ҳам келар,
Юрт сўраб ўлтирган султон тўхтамас.

Умр адо бўлиб, дафтар кўрилар,
Сирот чоғи тарозуга қўйилар,
Шу дам бор қилмишинг ҳам аён бўлар,
Тақдирга йўқ чора, фармон тўхтамас.

Эл ардоқлаб севган неча пайғамбар,
Қани Умар, Усмон, Бакр ва Ойдор,
Қани Халилулла, Сиддиқ, Алилар,
Бунга келган кетар, бир жон тўхтамас.

Умр мисли анҳор, тўхтамай оқар,
Бугун топилмайди кечаги чоғлар,
Аё, бу уммонга кирганлар чўкар,
Жилғалар кўмилар, дарё тўхтамас.

Ёз фаслими, қишми, баҳорми ё куз,
Кўк султони Ойми ва ёки юлдуз,
Амри Аллоҳ, бари бўлур теп-текис,
Давронлар айланар, бир он тўхтамас.

ҲАЙҲОТ

Сарсон-саргардонлар кезиб, дунёда,
Бир жонон кўйида қул бўлдим, ҳайҳот!
Савдоларга солди фалак зиёда,
Ўтган топтаб кечар, йўл бўлдим, ҳайҳот!

Эл-улусин на белги – нишони бор,
На алами, на кўнгилга коми бор,
Саҳрода Мажнуннинг на имкони бор?
Мен ондин-да бадтар хор бўлдим, ҳайҳот!

Дард экан-да, бошга тушганда билдим,
Бу ишқ тузоғига қайдин илиндим,
Оташида тутаб, жизғанак дардим,
Ёниб-ёниб, охир кул бўлдим, ҳайҳот!

Умид, сўнди бор умидим зориннан,
Айрилдим ишончу севинч бориннан,
Бир сарви қадлининг дил озориннан,
Букилди, оҳ, белим дол бўлдим, ҳайҳот!

Қрим-татар тилидан Қурбон Муҳаммадризо таржимаси