Султонмаҳмуд Тўрайғиров (1886-1920)

Қозоқ романчилигининг асосчиларидан бири, демократ шоир Султонмаҳмуд Тўрайғиров (Сұлтанмахмұт Торайғыров) Павлодар вилоятининг Баяновул туманида туғилган. Мадрасада таълим олган. 1913 йилдан бошлаб биринчи қозоқ журнали “Айқоп”да масъул котиб бўлиб ишлаган.
Илк шеърлари, публицистик мақолалари ва очерклари ана шу журналда эълон қилинган.
Шоир халқ турмуши манзараларини, овул ҳаётини ҳаққоний кўрсатишга интилди. Шунинг учун ҳам шеърларида гражданлик руҳи кучли. “Адашган умр”, “Гадой” достонлари фалсафий умумлашмаларга бой, уларда ижтимоий адолатсизлик ва тенгсизликлар қаттиқ қораланади. Адиб қаламига мансуб “Қамар сулув” романи қозоқ реалистик насрининг илк гўзал намуналаридан биридир.

ҚИМИЗ

Азалдан ҳар ён донғи кетган, қимиз,
Сени тотган муродга етган, қимиз.
Табарруксан, ҳаттоки бир томчинг ҳам
Ҳар қандай дардга шифо этган, қимиз.

Чиққанда адир узра ой чарақлаб,
Қўясан атрофингга ипсиз боғлаб.
Томоққа “қулт-қулт” этиб қуйиласан,
Ташналар таскин топар кўнглин чоғлаб.

Кувининг овозлари бирам ёқар,
Кўзини узмас ундан бола-чақа.
Дунёда турли-турли неъматлар кўп,
Неъматсан — таърифи йўқ сен шунақа.

Кўпирсанг — жаннат бўйи анқиб кетар,
Мавжларинг ҳар вужудни сармаст этар.
Айқириб оққан дарё садосидек
Етти қирдан нарига исинг етар!

Сеҳринг бор — сени тотган тиришмайди,
Ёвига дўст тутинар, уришмайди.
Лабимга бир-икки кун тегмай қолсанг,
Кўнгил қурғур буришиб, қуруқшайди.

Кувининг саси чоллар эсин олиб,
Чиқиб келар улар уйдан “ҳай-ҳай” солиб.
Майли, сўк, майли, ҳайқир, майли, жекир,
Кек сақламас ҳеч ким сенга, кўнгли қолиб.

Меҳмон исинг олисдан билаверар,
Бир салом-чун қошингга елаверар.
Бою гадой, яхши-ёмон, тўра, фақир
Сен томон ёпирилиб келаверар.

Айниқса, ҳожи, сўфи, хўжа-мулла
Тасбеҳларин ошиғич олиб қўлга,
Оқ фотиҳа берарлар келганданоқ:
“О худойим, арвоҳлар, ҳар вақт қўлла!”

Зиёрат қилар шу тарз юртнинг бари,
Кўнгиллар бирам чоғ, дил ғамдан нари.
“Ёпирай!..” дея сенга бош ирғашса,
Эҳтиром билдирарлар ичган сари.

Шопирсанг чўмич билан қулоч кериб,
Йиғилган меҳмонингга қуйиб бериб.
Уйини, ўтовини ташлаб буткул
Ҳар гапида кетмасми сенга эриб.

Ҳар ён кўзи жавдираган шўрлик гадой
Қўярми исинг андиб, тентирамай.
Бояқиш обрўйингни ёяр юртга,
Бир қултум берсанг агар “кет, чиқ” демай.

Киши йўқ — қимиз билан кечган онни —
Ҳуш демас, майли, кезгин кенг жаҳонни.
Қимизсиз, менга деса, Афлотун бўл,
Кўрмассан сўзинг тинглар ҳеч бир жонни.

Олдингдан қимиз кетса, қизиқ кетар,
Қитмир гап савлатингни бузиб кетар.
Кечагина бийик бўп ўтирган юрт
Бугун сендан умидин узиб кетар.

Сен ортиқ тутақмагин ҳар ён чопиб,
Бос аввал ташналигинг қимиз топиб.
Қимизга етишгач, сўнг ҳовлиқ, ҳайқир,
Ўзингни султондек сез, гапнинг лофи.

Ай, қимиз, изза қилдинг қўлга тушмай,
Юрайин токайгача куви пишмай.
Юракнинг ғамларини аритгунг сен,
Топсам гар элга берай, ўзим ичмай.

КЎЧИШ

Лайлакқорлар розин айтар енгил елга,
Дашт тўйинар сойдек жўшиб оққан селга.
Соат сайин кун гуркираб, кўк гулдираб,
“Кўч”, — деб сурон солар қишлаб ётган элга.

Тараддудга тушиб қолар барча дарров,
“Керак, — дея, — янги йилда янги яйлов”.
Тўзган ашқол-дашқолини йиғса кимдир,
Мункиб ётган аравасин созлар биров.

Ночорлар қам тадоригин кўриб қўйган,
Камайтириб йўл ҳақини бир-бир қўйдан.
Юртнинг бари бўлди бирдан алғов-далғов,
Чунки қишда кўчиш чиққан эди ўйдан.

Кимдир эски лаш-лушларин гўнг-ла ёпди,
Юкин енгил қилмоқликнинг эвин топди.
Узангию юган, эгар эскирган хўб,
Аравада эса қуруқ савлат қопти.

Қий ва тезак бўй тарайди бад, ачқимтил,
Тўзган ерда тўзғиганча қолди сабил.
“Кўч дегани ростлар ўзин йўлда”, дея
Қўрасидан кўчди қозоқ апил-тапил.

Аравага от ўрнига сигир кирар,
Бузоқчалар ҳайрон бўлиб ортда юрар.
Дам туртиниб кетар ҳамма бир-бирига,
Сўна чақиб сигирни зир югуртирар.

Дим ҳавода бўка қўниб сўрганда қон,
Мол ўқалоқ отар, унда қоларми жон!

Бола-бақра “она” деб ув солиб борар,
Нақ талатўп гирдобида қолиб борар.
Тутиб кетар аёлларнинг шанғиллаши,
Ҳар биттаси ношуд эрдан нолиб борар.

Силжир карвон вақт-соати, жойи билан,
Бўз йигитлар елар ҳар ён тойи билан.
Аравада борар кимдир, кимдир — яёв,
Камбағал кас оворадир бойи билан.

Қўзғалганда катта йўлда кўчу кўрон,
Кўтарилар ўрам-ўрам чангу тўзон.
Итлар улиб, сигир маъраб, бўта бўзлар,
Аравалар суронига тўлар ҳар ён.

ТУҚҚАН ЭЛИМГА

Умид-ла менга қарайсан,
Ўзингга ҳамдард санайсан.
Мен дастёрликка ярасам,
Сен роҳбонликка ярайсан.

Ҳар ишга, элим, мен шайман,
Жонимни сендан қиймайман.
Корингга бакор келмасам,
Эзилгум, ўзни қийнайман.
Олти қир ошиб кетсам-да,
Сўзларинг сенинг сийлайман.

Сендан, элим, бор ўтинчим,
Изн эт дилимни очай мен.
Тўплаган илму билимим —
Қошингга келтириб сочай мен.

Мирпўлат Мирзо таржималари