Саят Қамчигар (1978)

Саят Қамчигар (Саят Қамшыгер) 1978 йил 1 майда Қозоғистоннинг Семей вилояти, Шар туманида туғилган. Абай номидаги Қозоғистон миллий педагогика университетини тамомлаган (1999). Алмати шаҳрида яшайди.

Қозоғистон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. “Серпер” ёшлар мукофоти лауреати. “Сариқ гул” («Сары гүл»), “Юракдаги оқишлар” («Жүректегі ағыстар»), “Кўнгил кўклами” («Көңіл көктемі») китоблари муаллифи. Бошқирд ёзувчиси Айгиз Боймуҳаммедовнинг “Мени ташлаб кетма, она” қиссасини қозоқчага таржима қилган.

МЕНИ ХУРСАНД ЭТДИНГ, САМАРҚАНД!

Регистон, келиб тўрингда
Минорангни минг қучсам-ов.
Самарқанд, сенинг кўкингда
Тўрғайинг бўлиб учсам-ов.

Шаҳар – сокин, оғриқларинг
Кеткизади, малҳам босар.
Бахтиёр дўст, ғаминг нари,
Энди кўнглинг тоғдай ўсар.

Гуллаб ётса ўрик, олма
Ўйнайди минг боланг шодон.
Сап-сариқ таксилар толмас,
Соғинч бўлиб учар ҳарён.

Ёшартирдинг, шаҳрим, мени
Қарор бердим қайтаман деб.
Жоним озиқ олди сенинг
Нонинг, сомсанг, паловинг еб.

Қушлардан салом йўллаган
Сендаги иссиқ ҳар макон.
Темирдай тартиб ўрнатган,
Темурдай амир бормакан?!

Одам ғиж мисли бол ари,
Қайнайди Сиёб бозоринг.
Самарқандим, борган сари
Кўркинг ортар, ортар боринг.

Сендай бўлса қани ҳар ким
Сендан қувват, куч оламан.
Ортга қараб, қилиб тарким,
Тошкент сари йўл соламан!

ОЛИСЛАМА

Бир кезлар сен нозик эдинг, кўркам эдинг,
Юрагимни севгинг билан ўртар эдинг.
Замон ўтди,
Кўкда эдик,
Ерга тушдик,
Энди бизга чўпчак керак эмас дединг.

Менга бахтнинг мезонлари ўзинг экан,
У суқланган қайси ётнинг кўзи экан?
Умр деган минг ўртаниб суймоқликдир,
Умр асли сабри билан тўзим экан.

Агар билсанг,
Бойлигимсан, баракамсан,
Сенинг билан умрим чаман, яшнар гулим.
Болаларим оиламнинг қувончидир,
Номусимнинг оқ туғисан, о, севгилим.

Бир замонлар ловуллардим, олов эдим,
Келажакка дадил одим мен отардим.
Сўнг ўзгардим.
Жоним ёрим, аммо… бироқ
Ким тинглайди сендан бошқа менинг дардим?

Ўстирайлик, тиргак бўлсин бола-чақа,
Кетажакмиз қўл ушлашиб осмонга ҳам.
Бул ҳаётда ёлғиз юрсанг адашасан,
Эрка қушим,
олислама мендан бир дам!

Қозоқчадан Давронбек Тожиалиев таржимаси