Насиббек Айтўғли (1950)

Насиббек Айтўғли (Несіпбек Айтұлы) Шарқий Туркистоннинг Тарбағатай аймоғидаги Шауешек туманида таваллуд топган. 1955 йилда оиласи билан отамакон — Қозоғистонга келиб яшай бошлаган. Семей вилояти Шубартов туманидаги Баршатас қишлоғида ўрта мактабни тамомлаган.
Илк машқлари Шубартов туманидаги “Янги ҳаёт” газетасида чоп қилинган. 1974 йили Қозоғистон Давлат университетининг журналистика факультетини тамомлагач, “Болдирған” журналида шеърият бўлими мудири бўлиб ишлади. Муқағали Мақатоев номидаги адабий мукофот совриндори.
Унинг “Боғчага борар йўлда” (1974), “Қўзи кўч” (1975), “Отам ҳақида қўшиқ” (1977), “Юрак ҳайқириқлари” (1978), “Ёмғир қўшиғи” (1982), “Тунда учган турналар” (1986) каби бир қатор шеърий тўпламлари чоп этилган.

ОРЗУ

Ҳамма ҳам бир текисда бахтиёрми,
Дунёда орзуси йўқ киши борми?
Катта гап – ўз-ўзингни англаганинг,
Ҳамма ҳам тушунарми жон сирингни?!

Орзуда – қисматингнинг мазмуни жам
Ва тинмай курашмоғинг боиси ҳам.
Турар, ахир, орзуинг ўзатида
Энг теран ўртанишлар – қувонч-алам.

Орзу деб узун тунлар
Бедор бўлгунг,
Чарх уриб югурасан,
Ғамга тўлгунг.
Орзунг-чун — керакми гар —
Юз яшайсан!
Орзунг-чун – керакми гар –
Эрта ўлгунг…

Қўмсайсан
Гоҳ қошингдан кетганни ҳам,
Қўмсайсан
Гоҳ бошинтдан ўтганни ҳам.
Ёз кунларин бетоқат қўмсар онинг,
Қўмсайсан гоҳ бултурги кўкламни ҳам.

Талпинасан эртанги уфққа кенг,
Чорлар орзу чўққисин юксаги энг.
Орзусизлар – яроқсиз аскар мисли,
Орзусизлар — қанотсиз қуш билан тенг.

Орзуни деб яшарлар, елкада юк,
Орзуни деб яшарлар, жонлар куюб.
Агар билсанг,
Орзунинг бари юксак;
Агар билсанг,
Орзунинг бари буюк.

Юрагингда қулф урсин орзу гули,
Сўнмасидан қонингда сурур уни.
Қумда ётган қайиққа ўхшар одам
Орзусидан буткул воз кечган куни

БУЛУТ ОҚИБ БОРАДИ

Ташқарига чиқдим мен
Дилгир бўлиб,
Оқар эди булутлар осмон тўлиб.
Етарманми —
Басма-бас қувсам бирин?
Кетармикин —
Кўнглимнинг ювсам кирин?
Кўз ўнгимда кўндаланг туриб олди
Зангори тоғ,
Кўк адир,
Нозли қирим.

Оқар эди булутлар чалқиб кунга,
Бор табиат алданиб боқар унга.
Уфқларга қарайман хуморланиб,
Кўринмайди бироқ у туманланиб.
Туманланиб тургани-ей манов тонгнинг,
Боқмоқчийдим юзига мен бир қониб!

Уфқлар узра боқар тоғ бамисли сир,
Яна кўзим ўнгида яшнади қир.
Зангор чўққи кўксини мўлжал олиб.
Булутлар оқ маржонин осди бир-бир.

Ундан яна борарлар олис қалқиб,
Қирдаги тулпорлардай шавқи ортиб.
Ғазабга минса, чақмоқ қамчиси-ла
Бетига қора тошнинг чарс-чурс тортиб.

Гоҳида кўз ёш тўкиб йиғлаб қолар,
Йиғламаса булутларга айб бўлар.
Бир-бирини қоқ даштда жилға қувлар –
Мавжланиб, эркаланиб оқар сувлар,
Булутларни юпатолмас бироқ улар…

Тунд осмон шуълалардан либос кийди,
Йиғласа, булутдан ҳам мунг арийди.
Дунёда ҳар нарсанинг ўз гашти бор,
Мунг ариган юракка бахт дорийди…

Булутлар оқиб борар солланиб шаън,
Уларнинг шукуҳига ким бермас тан!
Уларга ерда туриб етолмадим,
Бирининг иши йўқдир, эҳ, мен билан!

ЁМҒИР КУЙИ

Тақдир ҳали ғамлардан тондиради,
Осмоним сокин чақмоқ ёндиради.
Ёндиради —
Тугамас ёмғир куйи,
Ёмғир куйи – жонимга булоқ суви.

Дурлар ёғса булутлар аро дуркун,
Ёмғир куйин тинглаб мен тонг оттиргум.
Ёмғир куйи кун бўйи тинмаса гар,
Юмушдан ҳам ҳаттоки қолиб тургум.
Бир сония томчига айлангум-да,
Дунё ҳақда ёмғир-ла суҳбат қургум.

Юрагимни чулғаркан ажиб оҳанг,
Томчидайин тип-тиниқ тозараман.
Ҳеч бир жонни
Озурда этгим келмас,
Яшамоғин тилайман омон-омон.
Эшитгим келмас энди менинг қайтиб
Ажалнинг қадим куйин ҳатто бир он.

Инжуларга айланиб дил сиримдан,
Ёмғир куйи тўкилар томиримдан.
Биламан мен, бир куни тушунарсан
Қалбимни – йиғлай билган,
Кула билган…
Толиққанда чанг ютиб йўлда бир кун,
Соғинарсан созимни шунда мумкин,
Энтикарсан ўшанда,
Инонарсан,
Йўқдир менинг созимдан бошқа мулким.

Тақдир ҳали ғамлардан тондиради,
Ажиб сурур қонда ўт ёндиради.
Ёндиради —
Тугамас ёмғир куйи,
Ёмғир куйи – жонимга булоқ суви,
Ташналигим угина қондиради.

Мирпўлат Мирзо таржималари

БОЛАЛИК АНҲОРИ

Ул эдик у пайт, қиз эдик,
Бир эмас эдик, юз эдик.
Бақанас деган ўзандан
У ёққа кечган биз эдик,
Бу ёққа кечган биз эдик.

Бурумин ҳидлаб бол қизнинг,
Ифорин ютдик ялпизнинг.
Бақанас ўзи юпатди
Кўнглини биздай ёлғизнинг.

Одамнинг ёшликдаги умри –
Чопишган отларнинг дупури.
Қулоғимда ҳалиям юрибди
Қизларнинг тотли шивири.

Ўралса баъзан ўйга шу –
Йиртилар кўнглим бардоши.
Ҳалиям юракда юрибди
Қизларнинг ўтли сиймоси.

Олисга юзни тузадик,
Кеча ул эдик, қиз эдик.
Бақанас деган анҳордан
У ёққа ўтган биз эдик,
Бу ёққа ўтган биз эдик.

Музаффар Аҳмад таржимаси