Жумакен Нажимеддинов (1935-1983)

Жумакен Нажимеддинов (Жұмекен Сабырұлы Нәжімеденов) Гурьев вилоятининг Денгиз туманидаги Қўшалоқ қишлоғида дунёга келган. Олмаотада Қурмонғози номидаги консерваторияда миллий чолғу асбоблари факультетини тамомлаган. 1959—1965 йилларда «Жазушы» нашриётида, 1965—1971 йилларда Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасида, 1971—1983 йилларда “Мактаб” нашриётида ишлаган.
Илк шеърлар тўплами 1961 йилда чоп қилинган.
Кейинчалик эса “Сивизға сози”(1962), “Ўз кўзим билан”(1964), “Йўқ, унутиб бўлмайди”(1965), “Ёруғлик”(1966), “Куй”(1967), “Манзил оҳанглари”(1970) каби шеърий китоблари нашр этилган.

ДАЛА МАНЗАРАСИ

Ўркач-ўркач қирларнинг тўши турфа гиёҳли,
Ола булутли осмон айрон-чалоп сиёқли.
Бурқираган қумли дашт — ёйилгандек донлар ниқ,
Жилға-ирмоқ югурар эгри йўллар ип-илиқ.
Пурмаъноли ўландек топар зийнат муқаррар
Кўз етгусиз уфқлар — поёни йўқ кенгликлар.
Қум-шағаллар уюлган олтин хирмон мисоли,
Тик қир-жарлар елларда қотган туғён мисоли.
Кенг далани тўзғитар шамолларнинг ҳамласи.
Нортуя каби чайир кўк ёвшан шох-шаббаси.
Қинғир қоқшол буталар — бармоғидай кампирнинг,
Савр келиб қулунлар саси тутар адирни.
Ялт-юлт этган қамғоқлар — зилол сувлар каби нақ.
Сувсинингни босмоққа топилмас бунда булоқ…
О, тангри, бу шукуҳсиз манзарани кўрган он,
Тўлмасми қалб кадарга, ғам-ғуссага ногаҳон!
Чўкиртак — кемшик тишдай, ҳар ёндан қочган нуфуз.
Капалак учар ҳорғин, файзсиздир дала-туз.
Юксалар тепаликка гоҳ чираниб, гоҳ тиниб,
Бир машина сўқмоқда “жонин судраб” пишқиниб,
Сўқмоқлар қир ёқалаб пастликка қуйилгудай,
Кўтарилар оқ тўзон — комета қуйруғидай.
Очгандек илон изи йўлларнинг ажиб сирин,
Уфқлар ҳам қир оша кенгаяр бирин-бирин.

* * *

Оқ бармоқ ўйнайди, ўйнайди
Қадимги оқ мато устида.
Ва игна кўк ипни сургайди,
Матога рангин нақш тушди-да,
Каштада чаманлар тирилди.
Унда уфқ чаманни қучди-да,
Устига осмон ҳам сурилди.
Кўл мудраб кўкалам четида,
Манглайин осмонга тирамиш.
Баҳорий заминнинг бетида
Майса ҳам, тошлар ҳам титрамиш.
Кашта нақ кўкламнинг аксидай,
Мен ундан ифорлар изладим.
Тепамда учгандай чағалай,
Ёйиқнинг соҳилин эсладим.
Ёримнинг қўлига тикилдим,
Мўъжиза яратмиш нақшинкор.
Эҳтимол каштадан олгандир
Бетакрор ўз ҳуснин навбаҳор.

* * *

Анов келган ким экан, билиб кел-чи, ким экан?
Ботирликми? — Жой бергум ардоқлаб уй тўридан.
Бойлик бўлса шум бўлар, тикилгин-чи кўзига,
Бировларни хўб алдаб, алданмасин ўзи-да.
Қайғу бўлса ортида қувончи ҳам бор чиқар,
Бири кўнглим гумуртиб, бири хандон қаршилар.
Имон бўлиб келса гар, бағрим очиқ эрта-кеч,
Тушир, отда бўлса у, қировин қоқ, тўнин еч.
Чинлик бўлса гилам сол, дастурхон ҳам ёз тағин,
Ёлғонликми — латта қўй, артиб чиқсин оёғин.

Мирпўлат Мирзо таржималари

ВАТАН

Ўз болангман, ўсайин бир чиниқиб,
Заводларда пўлат ийлаб, тош йиқиб.
Семирай деб келмадим мен ҳаётга,
Четда юриб, ҳаво ютиб, тиниқиб.

Эндигина той-той босган сабийман,
Бола каби орзуга бой, шошилдим.
Ғайратлиман, дадил, ёшман ҳали мен,
Эркаланиб бўйинларингга осилдим.

Жўмард халқнинг ўғлиман мен шиддаткор,
Туйғуларим қанотида олов бор.
Юрагимга ўт оламан мен ундан,
Ерга томсам – бол-асалдир ер тағин.
Вазн тўплайман қўрғошиндан мен тағин.
Ранг оламан ўзингдаги олтиндан!
(1961)

СОАТ

Соат ночор, туролмайди бир унсиз,
Чиқ-чиқлайди, лаҳзаларни санайди.
Соат бўлса ҳамки қанча тинимсиз,
Синовидан ўтказади талайни.

Мен-чи, баъзан ун чиқармай қоламан,
Зерикади ёнбошим ҳам тўшакдан.
Шундагина соатимни аяйман,
У-чи, санар вақтларимни бўш ўтган.

АҚЛ ВА ЖАҲЛ

Кўкрагимда бир шивир бор, дупур бор,
Сабрсиз жаҳл ақл билан қилар жанг.
Туйғу ва сир, қани, сиртга чиқинглар,
Мен сизларга ҳакам бўла олмасман.

Давом этар ақл ва жаҳл уруши,
Икковин ҳам қўлламасман, чин сўзим.
Икковининг енгса ҳамки қайсиси,
Мағлуб бўладиган томон – мен ўзим.

* * *

Ҳаво яшил, сув ҳам, қир ҳам ям-яшил,
Ям-яшиллик ерни қамрар, яшасин!
Қизил бўёқ қизартирар, ол энди
Яшил бўёқ яшартирар оламни.

Ер ям-яшил, кўнгиллар ҳам ям-яшил,
Кун қалайча қип-қизил бўп ёнмасин.
Қизил кун ва яшил ернинг ўртасин
Ўзга бир ранг бузарми деб қўрқасан.

ДЎСТЛИК ҲАҚИДА

Дўст йиғласа – ахир қандоқ куларман?
Йиғлайман-да, йиғлатади дўст мени.
Юволмасам дўст кўнглин ғам-ҳасратдан,
Ёвлар кесиб олақолсин тилимни.

Дўст гавдасин суямаса – қўл нега?
Қўл дегани нега керак, ё пир-а!
Шу бояги қизил тил ва дўмбира
Лаззат бера олмаса гар дўстимга.

Ҳалолликни ажратмайман дўстликдан,
Ўрганганман икковин ҳам зўр тутиб.
Яхши дўстга жон бағишлаб, шу билан
Мен яшайман ёвларимни қўрқитиб.

ИККИ КЎЗИМ

Икки кўзим – икки юлдуз, ёнади,
Бирин бири улар кўрмайди бироқ.
Оқ қоғозга икки нуқта томади,
Бирин бири улар кўрмайди бироқ.

Икки нуқта кўрар бўлса бир-бирин,
Қўшнуқтамас, чизиқ бўлар эди-я.
Икки кўзим кўрар бўлса бир-бирин,
Бир бошимни бузиб бўлар эди-я.

АЁЛ

Аёл! Аёл – Ернинг гўзал одами!
Аёл сўзи келиб чиққан илоҳдан.
Жозиба-ю гўзалликнинг олами,
Яралган у томоқ билан иякдан.

Қаймоқ лаблар, сал очилса кулай деб,
Кулмай туриб, кўнгил кулар, қойилман.
Шунда унинг олган енгил бир дами
Тортиб олар юзта шеър юз шоирдан.

ШУҲРАТ ҲАҚИДА ИККИ ТЎРТЛИК

1

Шуҳрат, шуҳрат! Юрар, ана, у кезиб,
Баъзиларнинг умрин мангу ёш қилар.
Баъзиларни алдаб тошга миндириб,
Баъзиларни тош остига бостирар.

2

Шуҳратда таъм бор эмиш,
Ўзича ҳар ким гувлайди.
Оз тотганлар бол демиш,
Кўп тотганлар ув дейди.

Музаффар Аҳмад таржимаси