Жарасқан Абдирашев (1948-2001)

Жарасқан Абдирашев (Жарасқан Әбдірашев) 1948 йилда 7 март куни Қизил Ўрда вилоятининг Орол тумани, “Омон ўткел” овулида дунёга келган. 1963 — 1965 йилларда Қазали Қишлоқ хўжалиги техникумида ўқиган. 1965 — 1969 йилларда Қозоғистон Давлат университетининг журналистика факультетида ўқиган. “Қозоқ адабиёти” газетасида,“Жалын” баёзи таҳририятида, “Жулдуз” журналида хизмат қилган.
Олтмишинчи йилларнинг ўрталарида адабиёт майдонига кириб келган ёш Жарасқан қозоқ шеъриятида ўзига хос овози, таржимонлик маҳорати, халқчил шеърияти ила донг қозонди.
Унинг таржимасида қозоқ ўқувчилари Р. Тагор, П. Элюар, М. Бсису, Я. Купала, Е. Евтушенко, Р. Рождественский, Н. Доризо, Б. Окужава сингари таниқли шоирларнинг шеърлари билан танишганлар.

ОҚ БУЛОҚЛАР

Оқ булоқлар.
Ошиққан оқ булоқлар.
Ҳозир Кўклам.
Олдда Ёз.
Чопқиллаб қол.
Зилол сувинг кутар ташна уйғонган боғ,
Куртаклару гул ҳидидан
яйрар димоғ.
Тўлқинларинг шоирларни соғинтирди,
Сени эслаб қалбларига тўлқин кирди.
Кумуш кулгинг таралдилар шеърлар билан,
Йўлларингга пешвоз улар қирда бу дам…
Кутмоқдадир саёзлашган кўллар сени,
Кутмоқдадир илҳақ тақир чўллар сени,
Бош кўтариб термилади бойчечаклар —
Қизилқумнинг ташна бағри ссни кутар.
Хаёл сурган чўнг нуроний боққан мисол,
Қуриб қолган минг-минг жилға кутар висол.
Ташна улар.
Ошиққан оқ булоқпар.
Ҳозир Кўклам.
Олдда Ёз.
Чопқиллаб қол.
Кўргинг келса қозоқнинг кенг даласин
Ва фарзанди саналмоқни истасанг сен,
Ўтгинг келса қуш учолмас саҳросидан,
Ўпгинг келса қирғоқларни — ўпилмаган,
Армонингни кўммоқ бўлсанг йироқларга,
Қўшилмоқни истасанг оқ саробларга,
Оқ булоқлар.
Ошиққан оқ булоқлар.
Ҳозир Кўклам.
Олдда Ёз.
Чопқиллаб қол.
Уфқ ортига беркинади Офтоб ҳозир,
Қизаргани унинг — хайр деганидир…
Шундай ўтиб боради вақт, қайтмайди.
Сени мангу ўз эркинг-ла ўйнатмайди.
Куз ҳам келар, мавжинг сўниб, сен толарсан,
Қиш ҳам келар, муз остида йўқоларсан.
Оқ булоқлар.
Ошиққан оқ булоқлар.
Ҳозир Кўклам.
Олдда Ёз.
Чопқиллаб қол.

ТУҚҚАН ОВУЛ ТУТУНИ

Ватан — менинг тўкислагим, бутуним!
Мен биламан: юртим бахти, қути ким?!
Эрта наҳор туриб элдан эртароқ,
Эслайман мен овулимнинг тутунин!..

У бамисли жимирлаган кўлдайдир!..
(Ҳамон мени ўз ёнига кел дейдир!..)
Оқ уйларда кўк рўмолдай елвагай,
Сарин елда ҳилпирашин кўрсанг бир!..

Чўққиларга олтин офтоб қўнган он,
Шабнамга нур чайиб ютгум мен чандон!
Ўхшатаман шунда мовий тутунни
Байроғига тирикликнинг бегумон!

Қут-файзини қўшиб эзгу тилакка,
Шеърларим-ла кўтардим мен юксакка.
Узоқларда ўраламан то мудом –
Шу ёқларга олиб учган юракка!

Сўзларимга мовий осмон кафил, тан,
Шу тутуннинг иси менга ажиб, шаън.
Кенгликларда кўзин очган мен учун —
Шу тутундан бошланади чўнг Ватан!

ОХИРГИ ЎЛАН

Охирги,
энг охирги,
сўнгги ўлан,
бунча нохуш,
бунча совуқ номинг недан?!

Барибир ҳеч қўрқмайин,
титрамай ҳеч,
мен сенга яқинлашиб бормоқдаман.
Тақдирнинг азал-азал нози маълум,
тоқати йўқ бунга ҳеч баъзиларнинг…
Сирларим — дил тубида гарчи борсан,
маълуммас лекин қачон ёзиларинг.

Сен мени бехос бир кун топармисан,
тепамда чақмоқ бўлиб қотармисан?
Чирқираб қолармисан бош устимда,
сен ўзинг кўзларимни ёпармисан?
Ва ёки етказгали шум хабарни
халқимга қора кийиб чопармисан?!.

Баҳслашиб табиатнинг зонги* ила,
ёзгайдир асл оқин қони ила.
Хўшлашмоқ ҳаёт билан осон эмас,
ўлурман мен чин ўлим шони ила.
Ишонч-ла чиқдимми, бас, йўлга дадил,
келажак кўзига мен боққум адил!

Гоҳ бўлар мисли чаман ўнгу сўлим,
ўйларим чечак очар,
куйга тўлиб…
эслатар лек эртамни беихтиёр
ҳар ўлан – худди сўнгги ўлан бўлиб.
Сўнгги он қай манзилда топар мени,
бу сўнгги ўланимда ёзгум нени?

То мудом соф тутдимки имонимни,
солгайман мен унга бор имконимни,
Билмадим, кўтарарми дуч келган кас,
кетсам гар орқалатиб армонимни!..

Қаршингда бош эгарлар, олганча тин,
танқидчи тош отмагай сенга, тайин.
Юрарсан Уюшмада, давраларда,
“Дўстингиз қадрин билинг!” дегандайин.

Кўз ёши вужудидан оқиб сим-сим,
ёрим ҳам ўқир ўкраб ҳар бир байтим.
Мунғаяр дўстлар тугул, ёвларим ҳам
ғараздан куюб-ёнган – тирик пайтим.

Сен ўжар суруримга доим ёрсан,
демайман, номим мангу қолдирарсан.
Дафъатан кўзи тушган лоқайд қалбни,
чорасиз теран ўйга толдирарсан.

Ҳисларим мангу қайнаб-тошар сенда,
Дардини туйгай балки башар сенда.
“Ҳаёт!” деб ёниб ўтган юрагимнинг
Сўнмас бир ҳайқириғи яшар сенда!
_________________
* Зонг – қонун.

Мирпўлат Мирзо таржималари