Дихан Абилов (1907-2003)

Дихан Абилов (Дихан-Баба Әбілев) 1907 йилда Павлодар вилоятининг Баяновул тумани, Баянтов қўлтиғидаги Мойлибулоқ қишлогида дунёга келган. Баян шаҳридаги ўрта мактабда, Семейдаги Қишлоқ хўжалиги техникумида ўқиган. 1937 йилда Олмаотадаги Журналистлар институтини, 1948 йилда Қозоқ Академияси аспирантурасини тамомлади. 1942 — 1946 йилларда Иккинчи жаҳон урушида иштирок этиб қайтгач, турли газета-журналларда ишлади, “Ўқитувчи” нашриётида бош муҳаррир бўлиб хизмат қилган.
Шу кунгача муаллифнинг элликдан ортиқ китоби, шеърий тўпламлари, қисса ва романлари нашр қилинган. Ёзувчининг шоир Султонмаҳмуд Тўрайғиров ҳаётига бағишланган “Султонмаҳмуднинг армони” (1980) номли роман-трилогияси, шунингдек, “Елкадош дўстлар” (1948), “Майра” (1954), “Биржон сол билан оқин Сара” (1939) каби драмалари машҳур.
Адиб рус, украин, турк, арман мумтоз шоирларининг достонларини қозоқ тилига таржима қилган.

ҚОРАҚАЛПОҚ БОВУРЛАРГА

Овулингни соғиндим мен овулимдай,
Олмаотадан йўлга чиқдим сен деб атай.
Олиб келдим Олатовнинг саломини,
Қучоқ очиб кутиб олдинг бовуримдай.

Кимлигингни азал-азал билган ўзим,
Юрагимда бисёр эрур яхши сўзим.
Осмонингдан ерга аста қўнган замон,
Яйраб кетди дийдорингни кўриб кўзим.

Дилимга мен қаяжонлар уйдим яна,
Тақдим этган гулларингни суйдим яна.
Мусаффою мовий Нукус уфқларидай
Тоза кўнглинг осмонини туйдим яна.

Толеимиз яшнар ҳали алвон қирдек,
Дўстлигимиз абадийдир ажиб сирдек.
Эртаклару ҳангомаю ҳазилларга
Азал-азал ишқибозмиз, ўчмиз бирдек.

Қорақалпоқ, сен қозоқнинг ўз жонидай,
Дил туғёнинг юртимнинг дил туғёнидай.
Вужуддаги соф шу юрак ўртамизда —
Ўртадаги мовий Орол уммонидай.

Илтифотлар кўрдим ҳар кун ҳар касингдан,
Истиқболнинг шавқин туйдим нафасингдан.
Офтоб каби юрагингнинг тафтин сездим —
Кафтингдаги ҳароратдан, қалб сасингдан.

Бирга бўлса элларимиз шунқорлари,
Қолмагайдир юртнинг ғаму ғуборлари.
Ташриф пайти қизларингдан гуллар олдим
Ва бағримга тўлди чаман ифорлари.

Тоабаддир омон бўлсин юртнинг бари,
Қозоқдадир содда меҳр талқинлари.
Олислардан туққаним деб излаб келдим,
Ўчмасин ҳеч дилда ишқнинг ёлқинлари.

ТЎҚТАҒУЛГА

Юрагимнинг қатига
Қанот боғлаб довулдан,
Қирғиз оқин ўғлига
Олис қозоқ овулдан
Муҳаббатим келтирдим,
Не бор азиз бовурдан?!

Йиғласам чин йиғлайман,
Қувонсам чин қувонгум.
Ишқ-садоқат ўтида
Ёнсам — баралла ёнгум.
Абайни ўқиб тунлар,
Тўқтағул деб уйғонгум.

Лолалар тўлқин отган
Даласини бир суюб,
Олмосдай ўғил топган
Онасини минг суюб,
Кездим қирғиз элини,
Юрагимдан шеър қуйиб…

* * *

Саодат Қобуловага

Келтириб яқин, бироқ .
Тутқазмаган болдайин —
Тамшантирдинг мени хўб,
Тақиллайди танглайим.

Уздинг авжда қўшиқни,
Оловга сепгандай сув.
Булбулим, барибир сен
Дилимда қолдинг мангу.

КУЗ БЎЛСА-ДА…

Куз бўлса-да, осмон очиқ, ложувард,
Ажойибдир Амударё элати.
Одамлари доим унинг танти, мард,
Қозоқларга жуда уйқаш келади.

Дунёда ҳар иккисин ўз ўрни бор,
Ботирлари билан машҳур ҳар бири.
Сир, Амудай бир уммонда мужассам
Қорақалпоқ ва қозоқнинг тақдири.

Мирпўлат Мирзо таржималари