Ибройим Юсупов (1929-2008)

Ибройим Юсупов (1929–2008) ижоди ХХ асрнинг иккинчи ярми – XXI аср бошларидаги қорақалпоқ адабиёти тарихида ёрқин саҳифани ташкил қилади.
Ибройим Юсупов 1929 йили Чимбой туманидаги Озод қишлоғида таваллуд топди. 1949 йил Қорақалпоқ давлат педагогика институтини битиргач, 1961 йилгача шу олий даргоҳда ўқитувчи бўлиб ишлади. 1961–1962 йилларда “Амударё” журналининг бош муҳаррири, кейинги уч йил мобайнида Нажим Дав-қораев номидаги тил ва адабиёт институтида илмий ходим, 1965–1980 йилларида Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси, 1980–1988 йилларда “Эркин Қорақалпоғистон” (собиқ “Совет Қорақалпоғистони”) газетасида бош муҳаррир, шунингдек, кейинги йилларда Тинчлик қўмитасининг Қорақалпоғистон бўлимига (1988–1994), Республика Маънавият ва маърифат марказига (1994–2000) раислик қилди.
Унинг шеърлари 40-йилларда матбуотда эълон қилина бошланди. Болалигида қорақалпоқ халқ оғзаки ижоди намуналарини, Шарқ адабиётлари ҳамда мумтоз адабиётимиз намояндаларини, талабалик йилларида эса рус ва жаҳон адабиёти дурдоналари билан яқиндан танишиб, уларнинг асарларидаги бадиият сирларини қунт билан ўрганди. Шоир ўзининг илк асари “Ватаним” шеъри эълон қилинган пайтдан (1946) бошлаб, шу бугунгача “Бахт лирикаси” (1955), “Кунчиқар йўловчисига” (1959), “Ўйлар” (1960), “Етти наво” (1962), “Дала орзулари” (1966), “Кўнгил кўнгилдан сув ичар” (1971), “Тўмарис” (1974), “Илҳом”, “Ташвишларга бой дунё” (1987), “Тузли шамоллар” (1988), “Кўнгилдаги кенг дунё” (1989), “Беклигингни бузма сен…” (1995), “Ҳар кимнинг ўз замони бор” (2004) каби шеърий тўпламларини нашр эттирди. Унинг икки жилдлик “Танланган асарлар” тўпламлари икки маротаба – 1978–79 ва 1992 йилларда нашр қилинган. Турли йилларда чоп этилган тўпламларда шоирнинг “Ўртоқ муаллим”, “Акация гуллаган ерда”, “Актрисанинг иқболи”, “Гиламчи аёл”, “Эски фаввора эртаги”, “Дала армонлари”, “Тўмарис”, “Булбул уяси”, “Фаришта ой”, “Посейдоннинг ғазаби”, “Ватан тупроғи” ва бошқа достон (поэма)лари эълон этилган.
Бундан ташқари Ибройим Юсупов бир қатор пьеса ва публицистик мақолаларнинг ҳам муаллифи ҳисобланади. Шоир кўплаб қардош халқлар ва жаҳон адабиёти мумтоз шоирлар асарларини қорақалпоқ тилига таржима қилиб, сайрата олган таржимондир. У А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, Т.Шевченко, Ж.Г.Байрон, И.В.Гёте, Г.Гейне, Ф.Шиллер шеърларини, Шекспир сонетларини, Алишер Навоий ва Ҳофиз ғазалларини, Умар Хайём рубоийларини қорақалпоқ тилига юксак маҳорат билан таржима қилиб, миллий адабиётимизни бадиий-ғоявий, шаклий жиҳатдан турли асарлар ила бойитди.
Ибройим Юсупов наср ва драматургия соҳасида ҳам қалам тебратди. 1963 йилда унинг “Қари тутнинг кузи” номли ҳикоялар, очерк ва публицистик мақолалар тўплами босмадан чиқди. Шоир “Қирқ қиз” пьесасини, (Амет Шомуратов билан биргаликда), 1966 йилда “Ўмирбек лаққи” комедиясини, 1986 йили “Искандар подшонинг туши” драмасини, 1973 йили “Ажиниёз” операси либреттосини яратди.
Ибройим Юсупов адабий таҳлил, шеъриятнинг мунозарали муаммолари, бадиий таржима масалаларига бағишлаб бир қанча мазмундор мақолалар ёзиб, ҳозирги замон қорақалпоқ адабиётшунослиги фанига ҳам улкан ҳисса қўшди. Унинг “Лирика ҳақида мунозара” (1956), “Урушдан кейинги қорақалпоқ поэзияси” (1956), “Халқ шоири Аббоз Добилов” (1958), “Дала Орфейи” (1957), “Қорақалпоғистон – Маҳтумқулининг иккинчи шоирлик ватани” (1958), “Маҳтумқули ва қорақалпоқ адабиёти” (1957), “Маҳтумқули асарларини таржима қилишдаги баъзи бир англашилмовчиликлар ҳақида” (1983) каби мақолалари шулар жумласидандир.
Шоир Ўзбек адабиёти билан абадий дўстлик мавзуси Ибройим Юсупов ижодидаги энг ёрқин саҳифаларни ташкил қилади. У ижодкор, таржимон, матбуот ходими, жамоат арбоби сифатида ўзбек адабиёти ва маданиятининг йирик вакиллари билан дўстлашди, ижодий мулоқотларда, сафарларда бирга бўлди. Ғафур Ғулом, Ойбек, Зулфия, Комил Яшин, Ҳамид Ғулом, Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон сингари ижодкорлар билан ижодий муносабатлари ҳар доим янги-янги мазмун ва ибратли воқеалар билан бойиб борди. Унинг ўзбек тилида “Булоқлар қайнайди” (1960), “Олтин қирғоқ” (1962), “Саҳро орзулари” (1967), “Чўл тўрғайи” (1972), “Раҳмат сенга, замоним” (1979), “Қоратол” (1988), “Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг” (2009) каби шеърий тўпламлари чоп этилган бўлса, рус тилида “Песни горного ручья” (1960), “Меридианы сердца” (1966), “Глаза яширицы” (1973), “Стихи” (1976), “Звон стремени” (1981), “Стремлюсь всей душой” (1986), тўпламлари қирғиз ва туркман тилларида бир қатор китоблари нашр қилинди. Унинг шеърлари қозоқ, украин, белорус, грузин, латиш, болгар ва бошқа халқлар тилларига таржима қилинган.
Унга Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби фахрий унвони берилди. Бердақ номидаги давлат мукофотига лойиқ кўрилди. У узоқ йиллар мобайнида Ўзбекис-тон ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Олий Мажлисларига депутатликка сайланди. Шоир Ўзбекистон Республикасининг “Эл-юрт ҳурмати”, “Дўстлик” орденлари, бир қатор ҳукумат фахрий ёрлиқлари ва медаллари билан мукофотланди. Унга 2004 йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан “Ўзбекистон Қаҳрамони” олий унвони берилди.

АЙТ СЕН АЖИНИЁЗНИНГ ҚЎШИҚЛАРИДАН

Айт сен Ажиниёзнинг қўшиқларидан,
Йиғласин ёр ишқи бағрин тешганлар,
Бўзласин юртидан айри тушганлар,
Айт сен Ажиниёзнинг қўшиқларидан.

Созин сабо ёдлаб, сўзин ел билган.
Бир шоир дунёга келдию кетди,
Мажнунтол ортидан ойга термулган,
Бир дилбар тушимга кирдию кетди.

Қўшиқ дарё-дарё нур бўлиб оқсин,
Севгисиз қалбларга ишқ ўтин ёқсин,
Қиз йигитга жилва-ноз билан боқсин,
Айт сен Ажиниёзнинг қўшиқларидан.

Айт сен “Бўзатов”ни нағмага солиб,
Дили ёнмаганнинг бағри тош бўлсин,
Қорақалпоқнинг кўҳна дарди қўзғалиб,
Бу кунга боққани сари маст бўлсин.

Шоир кезган чўлда бўстонлар қатор,
Бекор бўлиб кетди замон нобакор,
Бир илҳом парисин кўрдим ишвакор,
Айт сен Ажиниёзнинг қўшиқларидан.

Мен уни тингласам қолмай тоқатим,
Кўнглимда сайраган мастона булбул.
Мен уни тингласам туққан элатим,
Ер жаннати бўлиб кўрингай буткул.

Юлдузларни ерга қаратмоқ бўлсанг,
Ёмон шоирларни уялтмоқ бўлсанг,
Агар мен ўлганда тирилтмоқ бўлсанг,
Айт сен Ажиниёзнинг қўшиқларидан.

Абдулла Орипов таржимаси

КЕГАЙЛИ

Кўнглим хурсанд гўзал боққа киргандай,
Тўлқин уриб сувинг оқар, Кегайли.
Ойдинингда балиқ жавлон урганда,
Кўзим сенга мафтун боқар, Кегайли.

Ёқанг селкиллайди қамиш, уруғдан,
Болалик чоғимни ўйлаб турибман.
Сувингга сочилган увилдириқдан,
Урчиган бир балиқчангман, Кегайли.

Ёзда ўйнаб қумлоғингда қирғалоқ*,
Қишда отдик музларингда сирғаноқ.
Сочи қирқиқ, бўйни ориқ ва қувноқ,
Қора бола эсингдами, Кегайли?

Балки чиқиб кетгандирман эсингдан,
Ҳолбуки бир менми урчиган сендан,
Болалик чоғида ўтар ҳар кимдан,
Бари эсда қолавермас, Кегайли.

Ишқ баҳори гоҳ хурсанд, гоҳ нолалик,
Йигитликнинг қизган қонин тан олиб,
Қирғоғингдан ўйнаб қолди болалик,
Ўз йўлидан оқди умр, Кегайли.

Бирга ўсган биз тентаклар кўп эдик,
Ойдинингда бирга сузган тўп эдик,
Она Ватан ишга деса, “хўп!” дедик,
Шудир ҳаёт чин маъноси, Кегайли.

Баланд соҳилингга мен чиқдим тағин,
Қучай иссиқ она тупроқ қучоғин,
Новча теракларин, мевали боғин,
Овулимнинг бахти, кўрки, Кегайли!

Шарқинг Тоғжап, ғарб томонинг Аршондир,
Иссиқ бағринг “оқ олтин”га макондир,
Ўзанингдан тўлиб оққан сув – қондир,
Сувинг сенинг обиҳаёт, Кегайли.

Сен каби мавж уриб оқмаса шоир,
Халқ қалбига йўлни топмаса шоир,
Шоирман деб чирангани бир пулдир,
Ҳозир шуни ўйлаб қолдим, Кегайли.
_________
* Қ и р ғ а л о қ – сувнинг саёз ери, қумлоқда ўйналадиган ўйин.

БУЛУТЛАР ТУНАГАН

Булутлар тунаган юксак тоғларнинг
Юзини қоплаган тумани бўлар.
Севгили кўзига қум сочган ёрнинг
Кўнглида кудури, гумони бўлар.

Ҳар гулга бир қўнмоқ булбулнинг кори,
Вафосиз бўлмоқлик нафснинг бозори.
Сел бўлиб айқирса тоғларнинг қори,
Йўлида сойларнинг тўғони бўлар.

Муҳаббат Қримнинг ол гули эмас,
Қизларнинг ипакдек кокили эмас,
Йигитлик чоғининг шўх ели эмас,
Севгининг мангулик замони бўлар.

Жонини севгига фидо қилмаган,
Мард бўлиб, бурчини адо қилмаган,
Ёрини ардоқлаб сева билмаган
Ҳар йигит одамнинг ёмони бўлар!

Тоғларда чечак кўп ранг-баранг, кўркам,
Ҳаммасин бирма-бир терар қай одам!
Бизларга бахт берган бу гўзал олам
Мусаффо севгининг замони бўлар.

Шуҳрат таржималари

МЕНИНГ ЙИГИТ ВАҚТИМ, СЕНИНГ ҚИЗ ВАҚТИНГ

Б…га

ТошДУ десам, дарҳол тушади эсга,
Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг.
Тўғри самолётдан тушдим-да, кечда,
Ётоқ жойингизнинг эшигин қоқдим.

Нукусда эканда сен мени кунда,
Ҳатто соат сайин соғинар эдинг.
Бу гал сен кўрдингу мени Тошкентда,
Маъюс мийиқ тортиб “сенмисан” дединг.

Гулшанда очилган бир тоза гулдай,
Чиройингга чирой қўшган экансан.
Қувончимни қай тарз айтишни билмай,
Ютиниб, термулиб боқар эдим ман.

Кетдик қўл ушлашиб кўчани бўйлаб,
Унсиз келаяпмиз. Эснаб қўясан.
“Жоним, айтгил, келаяпсан не ўйлаб?
Эрта учрашамиз қаерда, қачон?!”

“Эрта қўлим тегмас… Имтиҳоним бор…”,
Дединг ўйнаб йўғон бураминг билан.
Навоий театри халқ билан бисёр,
Сен киргач у буткул яшнаб кетди шаън.

Зар кўйлак чўғ сочиб ёнар устингда,
Сен айтдинг “Авф эт, тобим йўқ”, дединг.
Ва мармар зинадан эпчил тушдинг-да,
Кетдинг… Мен сен учун бегона эдим.

Сўнгги “Казбегим”ни тутатиб олиб,
Узоқ тентирадим анҳор бўйида.
Мажнунтол шохларин сувларга солиб,
Сенинг сочларингни солар ўйимга…

ТошДУ десам, ҳамон тушади эсга,
Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг…
Сенга яна қайтиб озор бермасга,
Бел боғлаб, жонимни ўтларга ёқдим.

Очиқ деразалар имларди “кел” деб,
Боғлар дерди “қайғу чекма, йигитим”.
Юракни тирнарди “Тановар” йиғлаб,
Шамоллар изғирди хазонни титиб…

Ҳалима Худойбердиева таржимаси

* * *

Энди мен Тошкентга борганда доим,
Сенга кўринмасга тиришар эдим.
Бир куни дуч келдик, ногоҳ мулойим,
“Ростдан бу сенмисан, сенмисан”, дединг.

Айни саҳар чоғда очилган гулдек,
Қиз бўлиб журъатга тўлган экансан.
Ҳинд қўлига тушган асранди филдек,
Унсиз етагингда кетавердим ман.

Товусдай товланган ўзбек қизлари,
Дўстлик эҳтиромин кўрсатиб шу он.
Эски дўстларимдек кулишиб бари,
Ёзди олдимга талабалик дастурхон.

ТошДУ – билим боғи, ёшлар дўстлиги,
Қанча кўнгилларга нур берар ёғдунг!
ТошДУ минг-минг қиз, йигитлар ёшлиги,
Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг…

Янгибой Қўчқоров таржимаси

БИР ОДАМНИ БИР ОДАМ

Қандай яхши, биродар,
Одамзоднинг юраги –
Бир одамни бир одам
Жондек яхши кўради.

Бир одамни бир одам,
Севиб қолар танишса.
Бир одамни бир одам,
Соғинар айро тушса.

Биров кетса орадан,
Биров унга йиғлайди.
Бир одамдан бир одам,
Бориб кенгаш сўрайди.

Ўқ отилса бировга,
Жонин қўйиб гаровга.
Етиб борар суёвга,
Бир одамни бир одам.

Яхшилик гул очарми,
Халқлар тотув яшарми,
Суймаганда агарда,
Бир одамни бир одам!

Сипқориб меҳр косасин,
Тошюраклар юмшасин,
Доим севиб яшасин,
Бир одамни бир одам!

Маъруф Жалил таржимаси

НАВОИЙГА

Сен армонсан чўлга битган боғ бўлиб,
Сояли, мевали бир дарахт бўлиб.
Замонлар довули чайқаган сайин,
Жамолинг қулф урган зарварақ бўлиб.
Етти иқлим гузарида бир гумбаз,
Даврларнинг офатидан йироқ бўлиб –
Ул турар. Ўтар такаббур подшолар,
Дунёга яхши-ёмон қўноқ бўлиб.
Гўзаллик иқлимин этдинг нурафшон,
Зулматда порлаган шамчироқ бўлиб.
Авлодлар ҳурматинг бажо келтирур,
Сени эслаб юрар вақтичоғ бўлиб.
Саҳро гулларини сочай пойингга,
Навоийни суйган қорақалпоқ бўлиб.
Ибройим дер: улуғ руҳинг олдида
Бош эгайин шогирдинг Бердақ бўлиб.

Муҳаммад Али таржимаси

ҚОРАҚАЛПОҚНИ КЎП МАҚТАМА КЎЗИМЧА

Бир халқ кўрдим, юраги
қовурғасидан кўринар
Михаил Луконин

Қорақалпоқни кўп мақтама кўзимча,
Қармоққа тез тушадиган балиқман.
Ҳар кимнинг бор ожиз жойи ўзича,
Чўртанимдай сал анқовроқ халқман.

Бу кишини кўзга мақташдан кўра,
Яхшиси сўк, топиб нафли нуқсонин.
“Қорақалпоқ яхши халқ-да!” деганда,
Бобом ечиб бериб кетган чакмонин.

Ёлғиз отин сўйиб бериб қўноққа,
Яёв қолиб бу эл талай бўлган зор.
Шуни айтиб агар яна мақтасанг,
Мурувватлар қилиб ташлар устувор.

Беклиги кўп жўшиб кетса бу миллат,
Достонларни тўқир гўё матодан.
Барча халқни қорақалпоқдан чиқазиб,
Ўз тарихин бошлар Одам Атодан!

Меҳнат деса енг шимарган полвондай,
Аравада тоғ келтир де, келтирар.
Дўстлик деса, юлдуз топиб олгандай,
Оқ кўкрагин эзгуликка тўлдирар.

Ёмон кўрса, “сени ёмон кўрдим!” деб,
То ўзингга айтмагунча тинмайди.
Бир пул топса, “мана, мен бой бўлдим” деб,
Барин юмшаб қайтмагунча тинмайди.

Шумлик қилса сир олдирар боладай,
Кўнгилчанлик, бўшлигига куяман.
Лекин унинг поёни йўқ даладай,
Азаматлик кенг феълини суяман.

Тойин мақтаб, отин минсанг синамас,
Мен бу элнинг хуш хулқига бергум тан.
Менинг қалбим Жайҳун билан ҳамнафас,
Сал нарсага жўшадиган халқман.

Яхши сўз жон озиғидир, нақл бор,
Хушомадга ҳар ким ҳавас ўзинча.
Шундаям, бир ўтинчим бор, одамлар:
Қорақалпоқни кўп мақтаманг кўзимча

Омон Матжон, Янгибой Қўчқоров таржимаси

ЖАЙҲУН ШАМОЛЛАРИ

Отажон Худойшукуровга

Қайда юрсам соғинтирар,
Она юртим томонлари,
Хаёлимда саҳар-саҳар,
Эсар Жайҳун шамоллари.

Атиргул териб чўллардан,
Гулирайҳон чаманлардан,
Бизнинг бул гўзал эллардан
Эсар Жайҳун шамоллари.

Пахтакор халқ меҳнат аҳли,
Мартабали идрок, ақли,
Ҳаёт жўш урса не чоғли,
Эсар Жайҳун шамоллари.

Ўзбекистон – шонли диёр,
Булбуллар ишқинда ёнар,
Ҳамма фаслинда навбаҳор,
Эсар Жайҳун шамоллари.

Умр қисқа, манзил узоқ,
Йиллар биздан кетар йироқ.
Мангу қўшиқ каби янгроқ,
Эсар Жайҳун шамоллари.

Эл меҳри сўнмас юзингдан,
Улуғ дарёйи азимдан,
Қорақалпоқ, Хоразмдан,
Эсар Жайҳун шамоллари.

Ибройим дер, эл нафаси,
Амунинг сирли шарпаси,
Умримнинг боқий сабоси,
Салом, Жайҳун шамоллари!

Муаллиф таржимаси

CОҒИНИШ

Саҳар вақти чиқсам Маъшуқ тоғига,
Шарқдан кулиб боқди Зуҳро юлдузи.
Кумуш булоқларнинг шўх қайнаши ҳам
Сени эсга солди Амунинг қизи.

Тоғдан булутларни ҳайдаса шамол,
Силкиб тургандайсан менга оқ рўмол,
Сув ичишга келган елдек шўх марол
Сенга ўхшаб кетди Амунинг қизи.

Гўё чўнг Эльбрус осмонга теккан,
Булутлар маҳлиё, бошини эгган,
Баҳор байрамида оқ кўйлак кийган
Пайтларинг ёд этдим Амунинг қизи.

Шамол шилдиратса толлар япроғин,
Сени келдими деб алдандим тағин,
Какликлар гурлашиб учгани сайин
Хандангни эслатар Амунинг қизи.

Кўрсам жимирлаган сувларин сойнинг,
Тинглаб чўпон чалган шодон сурнайин,
Шунда бир сен бўлиб шодлигим, қайғум,
Кўз олдимда турдинг Амунинг қизи.

Нарзан булоқлари қандайин шинам,
Сенинг кўнглинг янглиғ тиниқ ва кўркам,
Тоғлар уйғонади, қалбимда бир ғам –
Орзуйим ўзингсан, Амунинг қизи.

Соғинчинг тугатди бор тоқатимни,
Тош устида турдим ўқиб хатингни,
Ёзсам ёш эманга ўйиб отингни,
Тоғлар ёдлаб олди Амунинг қизи.

Бештов жилваланиб турар қошимда,
Булутлар ўрмалар харсанг тошида,
Ҳар ким куяр бўлса севги ёшида,
Мендек бўлиб куйсин Амунинг қизи.

Пятигорск

ҲАЗИЛ

Сени севишимга ким қилар гумон?
Севаман ҳаттоки чумчуғингни ҳам.
Деразанг олдида боқиб мен томон
Ҳурпайган қопқора мушугингни ҳам.
Уйинг олдидаги уч туп оқ терак,
Учрашув онида қолдирган изин.
Ўпкалаб юрмагин, гўзалим, бироқ,
Итингни асло йўқ кўргани кўзим.
Севги севгимидир қўрқса гар итдан,
Шундай бўлса ҳамки куйдим, на қилай?
Эшигингга энди етдим деган дам
Оёқдан олади, қилгандай атай.

Носир Муҳаммад таржималари

БУ ДУНЁ

Одам ўғли, ўз кўнглингни шод айла,
Очилсанг, очилаберар бу дунё.
Ўтганларнинг васиятин ёд айла:
Йиғнасанг, сочила берар бу дунё.

Ҳалол меҳнат билан топса дунёни –
Ҳақ ниятли ёш йигитнинг армони.
Ҳийла қилсанг, алдайман деб сен они –
Шумлиғин ошираберар бу дунё.

Элдан ортиқ яшайман деб агар сен –
Манман бўлсанг, ўзинг азоб чекарсан,
Тулкининг изидан този юборсанг
Туттирмай, қочира берар бу дунё.

Олтин деб йиққанинг темир тот бўлиб,
Охирида изза ерсан мот бўлиб,
Сен қувсанг, ул сароб паризод бўлиб
Юзларин яшира берар бу дунё.

Бу дунёнинг берган аччиқ сабоғин
Ҳар кўрганда шукр айла, товба қил,
Ошиқ Аёз, очиқ турсин қабоғинг,
Ёпилсанг, ёпила берар бу дунё.

* * *

Бу дунё беш кунлик, ёлғончи деган
Бурунгилар айтган сўзлари бордир.
Ошиқади биздан қолганча дерлар,
Бевафолик кулар юзлари бордир.

Тангрим бул дунёни йўқдан бор этди,
Бандам яшасин деб лолазор этди.
Лекин ғофил банда ўзидан кетди:
Баъзида инсоф йўқ, базинда бордир.

Дунё деб одамзод бир-бирин қирган,
Шайтон ғулғуласи ҳақ йўлдан урган,
Бул учун не ёзиқ дунёда турган, –
Ҳар бало одамнинг ўзида бордир.

Бу дунё ёлғончи эмас чининда,
Нафсингни тий деган асли қадимда,
Бир ҳовуч тупроққа тўлгани зумда
Очкўзлик одамнинг кўзинда бордир.

Ошиқ Аёз, ҳақ йўлидан юрмаса,
Бу дунёнинг гўзаллигин кўрмаса,
Бул сўзга вақтида маъни бермаса,
Қаттиқ пушаймонлар изинда бордир.

БЎЛМАСА

Қуш боласи бўлиб кирмайди сонга
Булбулнинг хушҳавас саси бўлмаса.
Созни чертган билан келмас нағмага
Кўнгилда бир андишаси бўлмаса.

Одат қолар балким, хосият қолмас,
Элга хизмат қилмай – йигит синалмас.
Кўп яшаган билан оқсоқол бўлмас
Фаросатли, ақл-эси бўлмаса.

Бировлар қартайса, зийнати ошар,
Юртига кўрк бериб, тўрга ярашар.
Бировлар урғочи маймунга ўхшар,
Эсиз, одам суврат туси бўлмаса.

Кимлар ёш қайтса-да фикрати тўлган,
Кимсалар ғўлдираб, тил-жағи қолган,
Отга “чуҳ” дегандан бошқаси ёлғон –
Ёшулканлик ҳафсаласи бўлмаса.

Тирик туриб кимдир отин йўқламас,
Инсон бўлиб ичган тузин оқламас,
Берёғидан қўйган билан тўхтамас,
Нарёғинда бир нарсаси бўлмаса.

СУМАЛАК ПИШИРГАН ЯНГАГА

Омон бўл, сумалак пиширган янга
(Менга янга бўлсанг, ёшлар “чеча” дер).
Навбаҳор уйғонган ойдин кечалар
Шукрона этарсан ғанимат дамга,
Омон бўл, сумалак пиширган янга!

Сумалак қайнатмас ҳурлар сен учун,
Сулув келинларга ўргат сен бугун:
Қадим удумларни бир-бир танисин,
Ўргат удумларнинг гўзал маънисин,
Омон бўл, сумалак пиширган янга.

Байрам сумалаги удумдан қолмас,
Удумин билмаган эл бўла билмас,
Эркин бозорлардан, чет элдан келган
Ширинликлар унга тенг кела олмас.

Обиҳаёт сувин ичган байрам бу
Замондан замонга кўчган байрам бу.
Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин деб, тилаб,
Пайғамбар назари тушган байрам бу.

Наврўз юртнинг шодлик салтанатидир,
Эзгулик, яхшилик шарофатидир,
Меҳру шафоатнинг инсон қалбига
Илоҳий нур қуйган кароматидир.

Халқ яйраб мустақил Ўзбекистонда
Дунё тинчу эллар ободон бўлсин.
Шодлик сози янграб ҳар қутлуғ тонгда
Ҳар хонада тўкин дастурхон бўлсин!

Жайҳун дарё тошиб, мавж уриб оқиб,
Ватан ерларига оби раҳматлар ёғиб,
Қутга, баракага тўлиб тўрт ёғи
Хоразм, Қорақалпоқ гулистон бўлсин.

Келинг, биродарлар, даврангиз тўлсин,
Етишмак ғанимат бу ёруғ кунга.
Наврўз байрамингиз муборак бўлсин,
Омон бўл, сумалак пиширган янга!

БЎЛМАС

Ерга хизмат қилмай пўлат позалар
Юзлари ярқираб очилган бўлмас.
Элга хизмат қилмай ўктам йигитлар
Мардлик сифатлари очилган бўлмас.

Яхшиларга хизмат қилсанг ёшингда
Кексайганда ёшлар турар қошингда,
Гур-гур ёнган ўтни ўчоқ бошинда
Киши қўли билан ўчирган бўлмас.

Улуғла ўзингнинг асли зотингни,
Юқори тут беклик инобатингни,
Бир кун келиб тутмасалар отингни,
Ёшларга ўпкалаб, қисинган бўлмас.

Ошиқ Аёз айтар: тангрим берсалар,
Яхшилар шод бўлиб даврон сурсалар,
Аввал-охир феъли бузуқ кимсалар
Ҳажга борган билан мусулмон бўлмас.

ГУЛЛАР АНГЛАМАС

Тўпидан айрилган тўрала ғознинг
Ғанқиллашин ойдин кўллар англамас,
Гул ишқида куйган булбул ноласин
Баҳорда очилган гуллар англамас.

Бировга айролиқ, бировга сайрон,
Дунёнинг ишига қоларсан ҳайрон,
Сув излаб улоқса ярадор жайрон
Ўзи сувсаб ётган чўллар англамас.

Қасдинг бордай шунча қийнаб боримни,
Аёвсиз чертарсан кўнгил торимни,
Менинг сен деб чекан оҳу зоримни,
Худога минг шукур, эллар англамас.

Ўтар гул мавсуми – баҳору ёзи,
Бемаҳал урмагай хазон аёзи.
Ошиқ Аёз сен деб битган баёзин
Бедард жонлар, беғам диллар англамас.

БОЗОР

Чегарасиз бу дунёнинг
Ҳозир эркин бозори кўп.
Ер-жаҳондан дунё молнинг
Келиб турган гузари кўп.

Ҳар ким унга борин солган,
Ҳатто номус-орин солган.
Биров қувнаб савдо қилган,
Бировларга озори кўп.

Асил гавҳар, зари ҳам бор,
Аптекда йўқ дори ҳам бор,
Пулинг бўлса, бори ҳам бор,
Пулсиз кўзнинг қизари кўп.

Ҳар ким фойдасин кўзлаган,
Ёлғон-яшиқдан сўзлаган,
Бироқ бунда мен излаган,
Муҳаббатнинг бозори йўқ.

Шундай бозор бўлганида,
Сен бозорлаб борганингда,
Шоҳсанамдай боягида…
“Мен Ғарибни сотиб ол” деб
Йиқилардим оёғингга.

* * *

Ўзи қизиқ одамлар
Қизиқ кўрар дунёни.
Ўзи бузуқ одамлар
Бузуқ кўрар дунёни.

Ўзи қизиқроқ одам
Ўйлаб юради фақат:
Дунё деган – тўй-байрам,
Қизиқликдан иборат.

Бузуқ одам мудоми
Шумликни билар ақл деб.
Дунёнинг барча одами
Бузуқли ишлаб ётар деб.

* * *

Ошиқларнинг кўнгли дардли,
Кўрган кунларин айтсанго,
Бедардларнинг санинг билан
Ўйнаб-кулганин айтсанго.

Бераҳим яратиб сани,
Зору гирён этиб мани,
Сулувлик деган балони
Санга берганин айтсанго.

Маккор кулгинг, ҳар мазағинг –
Бизга қилган дарғазабинг.
Ошиқликнинг бор азобин
Манга берганин айтсанго.

Ошиқ Аёз тоқат этмай,
Ишқи даргоҳингга етмай,
Дардингдан ўртаниб кетмай
Тирик юрганин айтсанго.

ЙЎЛЛИДАН САЛОМ

                               Ойжамолга

Одамлар бўлганми шунча беадаб?
“Кетаман” демадинг одамга ўхшаб,
Ўйласам, вужудим кетади музлаб,
Қизиқ қиз экансан ўзинг, Ойжамол!

Сен кетганда тишда юриб эдим мен,
Кетишингни қайдан билиб эдим мен?
“Қайга борасан” деб ҳуриб эдим мен:
Товшимни эшитмай қолдинг, Ойжамол!

Баҳром келтирганда мен кучук эдим,
Қўлларингдан ширин сут ичиб эдим.
Қопоғон ит бўлар, деб кутиб эдинг,
Бировни қоптимми сира, Ойжамол?

Қўриқлаб мен сени ёмон кўзлардан,
Мактабга қатнадим не бир излардан,
Не ёмонлик кўрдинг ўзи бизлардан?
Ит кўнглини тушунмаган Ойжамол!

Қулоғимни чимчиб ўтганингда ҳам,
“Иркитвой” деб тергаб ўтганингда ҳам,
Эшикни илмасдан кетганингда ҳам,
Уйни пойлаб ётмадимми, Ойжамол!

Остонангда ухлаб қолсам хуриллаб,
Уй супурдинг чангютаринг дариллаб,
Сенга халал бермадим-ку ириллаб,
Аста туриб кетар эдим, Ойжамол.

Сени қўмсаб, юлдуз қўриқлаб чиқдим,
Кўчада ит қўймай сўроқлаб чиқдим,
Қўшнилар ҳовлисин оралаб чиқдим,
“Это не хорошо!” билсанг, Ойжамол.

Одамлардай ҳамма ит ҳам бир эмас,
Ит вафодир деганлари сир эмас,
Ҳар ит ўзи бўлак, Йўлли тур эмас,
Энди мендай ит йўқ сенга, Ойжамол!

Мен ёздирдим шеърни шоирга айтиб,
Кўрсам, этагингдан ўйнарман тортиб!
Майли, келма энди бул уйга қайтиб,
Тушган ерингда бахтли бўлгин, Ойжамол!

ТУҒИШГАНЛИК

Тарихларга гувоҳли сўз,
Ҳар бир дардга даволи сўз,
Муқаддас сўз, дуоли сўз:
Туғишганлик, туғишганлик.
Ор-номус, виждони шерик,
Моли билан жони шерик,
Томирдаги қони шерик,
Қон-қардош сўз туғишганлик.

Бир ўчоққа ўт ёқтирган,
Бир яйловда мол боқтирган,
Тўй-ҳашамда от чоптирган,
Ризқи йўлдош туғишганлик.

Бир тандирга нон ёптирган,
Зарур нарсангни топтирган,
Бевақт эшик қоқтирган,
Туғишганлик, туғишганлик.

Ўзбекни ўз оғам этган,
Улкан бахтни инъом этган,
Бир қозонда ош дамлатган,
Меҳри иссиқ туғишганлик.

Сувимни дарёдош этган,
Элимни дўст-қардош этган,
Туркманга нағмадош этган,
Хосиятли туғишганлик.

Қозоқларга той сўйдирган,
Қирғизларга қўй сўйдирган,
Ўтов тиклаб, бош қўйдирган,
Ҳимматли сўз – туғишганлик.

Дарёни дарёга қўшган,
Фазоларнинг сирин очган,
Бир оиладек уюшган,
Мангу яша, туғишганлик.

Қорақалпоқ тилидан Ойдин Ҳожиева таржимаси

БЕШТЕПАНИНГ ТОҒЛАРИДА

Кўп вақт бўлди кездик холи,
Сирлашайлик овлоғида…
Майин эсар тонг шамоли,
Бештепанинг тоғларида.

Ота-бобо армон этган,
Ҳориб-толиб зўрға етган,
У кунлар олислаб кетган,
Бештепанинг тоғларида.

Амударё тўлқин отар,
Сув бўйида қатор-қатор.
Беш нортуя чўкиб ётар,
Бештепанинг тоғларида.

Булдуруқли бўз тумани,
Бошланди янги даврони.
Бебаҳо бойликнинг кони,
Бештепанинг тоғларида.

Оқсин яйраб жилға сойлар,
Ўтлар пастда сурув қўйлар.
Архарлар ирғишлаб ўйнар,
Бештепанинг тоғларида.

СУЙМАГАНГА

Ошиқ дилнинг ўз йўли бор,
Суймаганга салом йўқдир.
Гўзалликда эрка дилдор,
Сенга ўхшаш санам йўқдир.

Ошиқ боқмас аҳволига,
Қаноти бор хаёлида.
Жон куйдирмай висолига,
Етсам деган таъмам йўқдир.

Боқий эмас давру даврон,
Биздан кетиб, сизга борган.
Мен ғариб ишқингда ёнган,
Бедард дилларга ғам йўқдир.

Булбул қўмсар гул васлини,
Қалбин ёқар ишқ ёлини.
Ошиқ Аёзнинг ҳолини
Хатга битар қалам йўқдир.

АНГЛАМАС

Тўпидан айрилган ягона ғознинг
Ноласини ойдин кўллар англамас.
Гул ишқида куйган булбул фиғонин
Баҳорда очилган гуллар англамас.

Кимгадир ҳижрон-у, кимгадир висол,
Дунёнинг ишига қолиб ҳайрон-лол,
Сув излаб ҳориса ярадор марол –
Ўзи сувга чанқоқ чўллар англамас.

Қасдинг бордай бунча қийнаб жонимни,
Беаёв чертарсан кўнгил торимни.
Менинг “сен” деб чеккан оҳу-зоримни,
Худога минг шукур, еллар англамас.

Гуллар фасли – ўтар баҳори, ёзи,
Бесабаб урмагай хазон аёзи.
Ошиқ Аёз “сен”га битган баёзин
Бедард жонлар, ҳиссиз диллар англамас.

АНОР ГУЛЛАДИ

Юр севгилим, боғ сайлига борайлик,
Бахт-иқбол боғида анор гуллади.
Мевали оғочлар довчага кириб,
Гул тўккан чоғида анор гуллади.

Сарви гулга булбул қўнгайдир ҳар дам,
Малол келмас, боғбон беозор одам,
Яйраб гул терайлик келақол эркам,
Балоғат тонгида анор гуллади.

Ўрик гуллаганда келмадинг ёрим,
Олма гулин берсам, олмадинг ёрим,
Ўзга оғочда гул қолмади, ёрим,
Тонгнинг шафағидай анор гуллади.

Қирмизи гул монанд анор пўстлоғи,
Ёшлик диёридир – муҳаббат боғи,
Ёздан сўнг куз келар , дема бу ёғи…
Айни Ёз чоғида анор гуллади.

ТОШҚИН БЎЛИБ ОҚИБ ЎТ

Замонанг бор, яйраб даврон сурмоққа,
Дарё бўлсанг, тошиб-тошиб оқиб ўт.
Елман десанг, шамолдай чоп тўрт ёққа,
Булут бўлсанг кўнгилларга ёғиб ўт.

Гулман десанг, хумор боқтир кўзларни,
Тилман десанг, маржондай тиз сўзларни,
Қон-қардошдан бурма асло юзларни,
Гоҳ-гоҳида эшигини қоқиб ўт.

Ботир бўлсанг, армуғоқдай кўпик соч,
Шунқор бўлсанг, ёзгин самода қулоч,
Кенг феъл бўлиб эл-юртингга қучоқ оч,
Ҳаволанмай, сен мулойим боқиб ўт.

Вақт ғанимат, билгин олмосдан қиммат,
Унутма, бу гаплар эмас беҳикмат,
Эр йигитда бўлсин саховат, ҳиммат,
Тоғлар оша чақмоқ бўлиб чақиб ўт.

Ёшлик фасли ёзилмаган бир достон,
Доғ тушмасин унга, авайла, инсон,
Яшаш Яратгандан бизгадир эҳсон,
Тириклик бир марта берилар фақат.

АЙТ АЖИНИЁЗ ҚЎШИҚЛАРИДАН

Айтгин сен Ажиниёз қўшиқларидан,
Йиғласин ёр ишқи бағрин эзганлар,
Инграсин элидан айро кезганлар,
Айтгин сен Ажиниёз қўшиқларидан.

Куйин шамол ёдлаб, сўзин эл билган,
Бир шоир дунёга келди-да, кетди.
Тол ортидан янги ойга термулган,
Дилбар қалб тушимга кирди-да, кетди.

Қўшиқ дарё-дарё нур бўлиб оқсин,
Тош дилларда ишқ оташин ёқсин,
Қиз йигитга ишва, ноз билан боқсин,
Айтгин сен Ажиниёз қўшиқларидан.

Айтгин “Бўзатовни” оҳангга солиб,
Жўр бўлмаган сенга бағри тош бўлсин.
Қорақалпоқ қалби-дарди қўзғалиб,
Шодумон дамларга қариндош бўлсин.

Шоир кезган замон бўлгандир ғойиб,
Эл-юрт бугун борар тобора бойиб,
Бир илҳом парисин кўрдим ажойиб,
Айтгин сен Ажиниёз қўшиқларидан.

Тингласам, ўзгариб менинг ҳолатим,
Дил сармаст булбулга айланар мудом.
Мен уни тингласам, туққан элатим,
Ери жаннат бўлиб кўринар шу дам.

Юлдузлар заминга тизилсин десанг,
Ёмон шоир четга сурилсин десанг,
Ўлсам, мени қайта тирилсин десанг,
Айтгин сен Ажиниёз қўшиқларидан.

БИР ОДАМНИ БИР ОДАМ

Қандай яхши биродар,
Одамзотнинг юраги.
Бир одамга бир одам,
Бўлса доим кераги.

Бир одамни бир одам
Суйиб қолар танишса,
Бир одамни бир одам
Соғинади олисда.

Кетса биров орадан,
Биров йўқлаб йиғлайди.
Бир одамни бир одам
Эслаб бағрин тиғлайди.

Ўқ отилса бировга,
Жонин қўйиб гаровга,
Етиб борар суёвга,
Бир одамга бир одам.

Тийиб нафсин нон берар,
Томиридан қон берар,
Керак бўлса жон берар
Бир одамга бир одам…

Эзгулик униб ўссин,
Инсон инсонни суйсин!
Йўқса қандай яшайди,
Бир одамсиз бир одам?

Сипқор меҳр косасин,
Тотиб ишқнинг бўсасин,
Доим севиб яшасин,
Бир одамни бир одам.

ТУРМАС

Қирқ ой қўлда ўсган кийик
Чўл исини олса турмас.
Кенг яйловда кезган чўпон,
Шаҳарда боғласа турмас.

Боғ ичида писта-бодом,
Татир насиб этган одам,
Оҳангни туймаган нодон,
Булбуллар сайраса туймас.

Мурувватли бўлса кўнгил,
Дард-аламинг бўлар енгил,
Бу бўстонда очилган гул,
Хазон уриб сўлса, турмас.

Баланд тоққа қуриб ошён,
Булут кўз ёш қилар ҳар он,
Поёни йўқ давру даврон,
Ётиб туш кўрганча бўлмас.

БЕРДАҚНИНГ ДУТОРИ

Аслинг сенинг оғочдандир,
Сўйла дутор, сўйла дутор.
Фиғонлари тўла армондир,
Дардинг баён айла дутор.

Улуғ шоир бўлган эганг,
Тинглаган эл-улус ноланг,
Булбул қўнган ҳар шому тонг,
Номинг достон элга, дутор.

Қадим ўтмишга гувоҳсан,
Сайраганда нола-оҳсан,
Бердақ бобомга ҳамроҳсан,
Дардинг баён айла, дутор.

Аъло созим куйга бойсан,
Кўҳна дардларим қўзғайсан,
Инграниб мунча бўзлайсан,
Тилинг бўлса, сўйла дутор.

СЎЙЛАСИН

Қўлга олгин дуторинг, ҳар номадан сўйласин,
Жаннатмонанд гулдиёр Фарғонадан сўйласин.

Хоразмнинг мен суйган ўн икки мақомидан,
Ё Ражабий, Абдулла мавлонадан сўйласин.

Келтир Ҳалимахоннинг жонона “Тановарин”,
Бубул хониш яйратган арвонадан сўйласин.

Ойимхон “Дам бермасин” Аму булбулларига,
Нодира-ю Зулфия сўзонадан сўйласин.

Дил истак хоҳишидир “Самарқанд ушшоқлари”,
Донгдор тенгдош Турсуной дугонадан сўйласин.

Ўзбек “оқ олтини”ни оламга достон этган,
Пахтакор деҳқон халқим мардонадан сўйласин.

Соз торлари сўйласин Аёзий дардларини,
Сендай жонондан етган армонлардан сўйласин.

БЎЛДИ

Навбаҳор келиб бемор қалблар давойи бўлди,
Жумла жаҳон сабза ранг, осмон ҳавойи бўлди.

Ҳар бир йигит Фарҳоду ҳар қиз ўзича Ширин,
Ҳар кўнгил шоирликда гўё Навоий бўлди.

Амударё пишқириб бўлди қайтадан Жайҳун.
Қуюнлар каврак қувиб чўлда ёввойи бўлди.

Саргашта булутлар кўкдан сочар марварид,
Қизғалдоқлар қон йиғлаб ишқнинг гадойи бўлди.

Сен, бепоён пайкалнинг оҳу кўз ҳукмдори,
Чўлни бўстон айлай деб жонинг фидойи бўлди.

Кўксингда юлдуз порлар, юзингда бахт шуъласи,
Эл кўнгли-эҳтироми, иззат саройи бўлди.

Бу баҳор ҳам биз томон қайрилиб бир боқмадинг,
Билмадим, Аёзийнинг қандай гуноҳи бўлди.

Қорақалпоқ тилидан Очил Тоҳир таржимаси

ОНА ТИЛИМГА

Жиров сени пойга отдек ўздирган,
Чечан сени довда тоблаб қиздирган.
Алпомишлар ўрон қилиб сўзингни,
Бердақ қурол қилиб, қўшин туздирган.

Сен чинорсан – ўсган қадим томирдан,
Сўз санъатинг қил суғурган хамирдан.
Қорақалпоқ кўнгил қуши сайрагай,
Сўз хазинанг бойиган кўп даврдан.

Гулбарчинлар юрак-бағрида гулхан,
Қизлар пинҳон дардин ичига ютган.
Сен-ла хонга иш буюриб хотинлар,
Ажиниёз юртин соғиниб ўтган.

Нақлларинг фикри теран, мағзи тўқ,
Ҳозиржавоб садоғингда сўзинг – ўқ.
Онам сенга меҳр сутин эмизган,
Отам сенга берган жасоратли руҳ.

Ростгўйсан, рост гапирасан анқиллаб,
Саҳройи товушинг янграр шанғиллаб.
Ёлғон сўзлаб, ёқишни ҳеч билмайсан,
Шивирласанг, ғозлар ҳуркар ғанқиллаб.

Мен тенглайман сени ризқим – нонимга,
Ўғизхондан руҳинг сингган қонимга.
Эсим таниб, ҳеч тилни ёт билмадим,
Бироқ сен энг яқиндирсан жонимга.

Созга қўшсам, баланд учар аласар,
Забонимга сулувлигинг ярашар.
Қандай яхши оғайнининг кўплиги!
«Яқинмиз» деб сенга кўп тил талашар.

Достонларда номинг кетган улгили,
Сен саҳронинг зўр хушнаво булбули.
Халқим сени мадҳ этади дунёга,
Она тилим, сенсан тилларнинг гули.

Толлар сендай гувлаган вақтин кўрдим,
Сенда чўл шамолин шиддатин кўрдим,
Қора уйда Пушкин билан Бердақнинг
Сен билан гаплашган суҳбатин кўрдим.

Она тилим, мен ҳам сенга доирман –
Сен борлигинг учун куйчи шоирман.
Шунча қаттол сургунларда суринмай,
Шу кунларга етганинга қойилман.

БЎЗТЎРҒАЙГА

1

Самода муаллақ сайра, тўрғайим,
Сайрайвер, навосиз ўтмасин даврон.
Она ерга ётиб ноланг тинглайин,
Сайра, юрагимдан арисин армон.
Товушингни бола вақтимда аён
Юрагимга ёзиб олиб кетганман.
Тинимсиз сайрайсан ўшандан буён,
Бугун куй базмингга келиб етганман.
Сен она тупроққа ағнаб силкинсанг,
Осмонга чиқасан қайта авжланиб.
Туғилган ер ишқи бу туйғу билсам,
Бу туйғу кўнглимда турар мавжланиб.

2

Жангал орасинда, булоқ бошинда
Бисёр кўрдим сенинг ошиёнингни.
Эътибор бермасдим қуш деб ёшимда,
Севиб тингласам ҳам куй-фиғонингни.
Бу чексиз кенгликлар, бу ер, бу тупроқ
Билдим иккимизни асраб боққанин –
«Бири ерда, бири ҳавода сайроқ
Бизни мадҳ айласин» дея туққанин.
Энди фаҳмлабман, тепамда нолон,
Нечун бунча сайраб толган экансан,
Ўзиб-ўзиб бўзлаб сайрашинг билан
Юрагимга соғинч солган экансан.

3

Асло ўкинмайман болалик изим
Асфальт йўл остида қолганлигига.
Тўзиб эски пахса уйимиз бизнинг,
Ўрни пахта дала бўлганлигига.
Мана бу ҳайқириб оққан Кегайли
Бир замон ўзанин янгидан олар.
Мен юрган сўқмоқлар қолмасин, майли,
Қолмасин мен улоқ боққан далалар.
Хотирамда қолсин, майлига, чўлим.
Бунёдкор халқ ерни айласин обод.
Замон шиддатидан яшнасин элим,
Тараққиёт саҳро аҳлин этсин шод.
Қўшиқлар ўзгарсин ҳеч қандай мунгсиз,
Кўҳна нарсаларни кўз кўрмай қолсин.
Фақатгина Ватан ишқидай сўнгсиз
Сайроқи товушинг ўзгармай қолсин.

4

Сайрайвер, ҳурпайган тожли тўрғайим,
Оҳ-ҳай, туғилган ер ҳавоси қандай!
Бир чалқанча ётиб сени тинглайин,
Қайтадан яшариб бола бўлгандай.
Мен нақадар гўзал эллар кўрмадим,
Қанча жаннатмонанд тоғлардан ошдим.
Қанча боғларда сайр этиб юрмадим,
Қанча булбулларни тингладим, жўшдим.
Мен ҳаммасин суйдим, чарақлаб кўзим,
Бироқ, нетай, соғиндим чанг даштимни.
Юрагимда сайраб чақирдинг ўзинг,
Сайроғинг уйғотди севгим – гаштимни.
Сен айтдинг: «Кел, менинг болалик дўстим,
Энг зўр таронамни сайраб берайин».
Сенинг шу қудратли саҳройи сасинг
Тебратар энг сўнгги дамимгачайин.

5

Кегайлининг бўйи – бепоён ёбон,
Кўк гумбазнинг ости – наво қасри бул.
Шу буюк саройда сайра беармон,
Тинглайман, сайрайвер, маст бўлсин булбул.
Мен ҳам, сен ҳам эркин кенгликларда шод,
Манов ер, анов сув, баҳор қуёши…
Туғилган тупроқда буларкан бунёд
Одамнинг Ватани, қушнинг уяси.
Дўстим, самоларда сайра чарх уриб,
Назм ила навосиз замон бўлдими?
Сен кўкда, мен ерда бунча жон бериб,
Севмасак, бу ерлар Ватан бўлдими!

ЯРАШАР

Ҳар нарсанинг ўз туси, ўз бўёғи
Уйқашган муносиб кезда ярашар.
Оқ бўёққа сингмас кўмирнинг доғи,
Қора ранг қаламқош кўзга ярашар.

Кўк осмонга қараб кўнглим суюнди,
Ёзнинг либоси дер яшил кийимни,
Соғиниб сарғайиш шод этур кимни?
Заъфарон жамоли кузга ярашар.

Баҳорда атиргул гулнинг аълоси,
Ловуллаган қизил унинг либоси,
Қирмиз ранг туширмас олтин баҳосин,
Тилла сувин берсанг, жезга ярашар.

Оппоқ қор устида қоп-қора қарға,
Қамчи ўримли нақш ярашар морга,
Тиниқлик – ойнага, ёруғлик – нурга,
Қора холлар оқча юзга ярашар.

Ибройим дер бойдир бўёқ бозори,
Қандай тус изласанг, топилар бари,
Одам кўнгли деган товуснинг пари,
Қанчалар ранг берсанг, сўзга ярашар.

ҚЎШИҚ

Қаро кўзли қариндошим,
Ё Гулимсан, ё Гулойим,
Ҳуснингдан айланар бошим,
Овулингда кўрсам доим.

Пар бўлойин учгинг келса,
Ёр бўлойин қучгинг келса,
Лабинг тегиб ичгинг келса,
Ширин-шакар бол бўлойин.

Эшигингнинг олди пахта,
Ишга чиқдинг саҳар вақтда,
Дам олгинг келса овлоқда,
Соябонли толь бўлойин.

Элингда сен атиргулсан,
Йигитлар шайдо сумбулсан,
Ҳеч кимни севмаган бўлсанг,
Мен жуфти ҳалол бўлойин.

Бахтинг буюрсин ўзингга!
Термулиб хумор кўзингга,
Ҳеч бўлмаса оқ юзингга
Ёлғиз қора хол бўлойин.

БЎЗАТОВНИНГ ЙЎЛИДАГИ ТЎҚАЙЛАР

Й. Эмбергенга

Бўзатовнинг йўлидаги тўқайлар,
Қараганда кўзим нурин олдингиз,
Бульдозердан қандай омон қолдингиз,
Бўзатовнинг йўлидаги тўқайлар?

Туронғил кегайга бошларин чатган,
Қушингни мерганлар учарда отган,
Довудкўлга қадар чўзилиб ётган,
Соф ҳаволи, чирой очган тўқайлар.

Яшил чодирдайсан ёзда сояли,
Дам олсам дер йўловчининг хаёли,
Куз фасли ясандинг зар либос кийиб,
Олтин билан чайган каби дунёни.

Баҳорда ўтганда устингдан сенинг,
Қушлар чуғурлашган сасингдан сенинг,
Дунё шунча сулув кўринди менга,
Назар солсам яшил кўшкингдан сенинг.

Жонга тегиб кетди дим ҳаво шаҳар,
Эмберген, тўқайзор дилни ром айлар…
Қайда юрсам, хаёлимда тебранар
Бўзатовнинг йўлидаги тўқайлар.

БЎЛМАСА

Махтумқули йўлида

Қуш боласи бўлиб кирмас ҳисоба,
Булбулнинг хуш таронаси бўлмаса.
Созни чертган билан келмас навога,
Кўнгилнинг бир ғамхонаси бўлмаса.

Одат қолар, балким, ҳеч феъли қолмас,
Элга хизмат қилмай йигит саналмас,
Кўп яшаган билан оқсоқол бўлмас,
Фаросатли ақли-эси бўлмаса.

Бировлар қартайса, зийнати ошар,
Элига зеб бериб, тўрга ярашар,
Бировлар урғочи маймунга ўхшар,
Агар одам суврат туси бўлмаса.

Кимлар кексайса ҳам ақли тўлган,
Кимнингдир шаққиллаб тил-жағи қолган,
Отга «Чуҳ!» дегандан бошқаси ёлғон,
Кайвонилик ҳафсаласи бўлмаса.

Кимдир тирикликда отин йўқламас,
Инсон бўлиб ичган тузин оқламас,
Берёғидан қуйган билан тўхтамас,
Нарёғида бир нарсаси бўлмаса.

* * *

Қош қорайди. Ўтлоқзордан
Бир тўп тўрғай учди-кетди.
Сенинг қизлик чоғинг бирдан
Хотирамга тушди-кетди.

Изингдан юрдим соянгдай,
Улоқдай эргашиб сенга.
Эркаладинг ўз укангдай
Топганингни ташиб менга.

Унутмайман шул чоғингни:
Кийимларинг дурустладинг.
Хазорисбанд мунчоғингни
Синглинг тақса, уришмадинг.

Дастиёр бўлиб янганга,
Даладан кеч қайтар эдинг.
Оқ от минган аллакимга
Атаб қўшиқ айтар эдинг.

Сайил, тўйда хира бўлиб,
Йигитлар суйкалса сенга,
Жаҳлинг чиқмай, фақат кулиб,
Қараб қўяр эдинг менга.

Бир кун полизда ногаҳон
Қаро сочинг тараб турдинг.
Кўзинг ёшга тўлиб, гирён
Уй томонга қараб турдинг.

Дединг менга боқиб мунгли:
«Кўзимга чўп тушди менинг».
Бола кўнглим сезиб бўлди
Кўзингга чўп тушмаганин.

Босиб юмшоқ кўкрагингга,
Ўпдинг мақтаб бўйларимни.
«Яхши бола бўл» деб яна
Силайвердинг ҳайдаримни.

Ўтлоқзор ортидан яна
От кишнади, сен ошиқдинг.
«Мени унутма!» дедингда
Чўнтагимга олма тиқдинг.

Эсдан чиқди синиқ ойнанг,
Мен «Кетма!» деб йиғлаб ётдим.
«Керак эмас берган олманг!»
Деб ортингдан олманг отдим.

От кишнаган ўтлоқзордан
Бир тўп тўрғай учиб кетди.
Қочиб кетган кечанг бирдан
Бугун ёдга тушиб кетди.

ДEРАЗАНГДАН ҚАРАСАМ, ҚУВМА

Шаҳримизда уй кўп бетимсол,
Боғсиз ҳовли, айвонсиз том йўқ.
Бироқ сенинг деразанг мисол
Қўш ойнакли дераза, ром йўқ.

Нукуснинг қай бурчидан, ахир,
Қўйворсанг ҳам кўзимни танғиб,
Йўл топгандек пайпаслаб сўқир
Деразангни топардим санғиб…

Деразангнинг тагида бир туп
Қийшиқ ўсган жийда бўлсам мен.
Мўралардим қоқмасдан киприк,
Қайси вақтда уйда бўлсанг сен.

Неси ортиқ жийданинг мендан,
У деразанг тагида хушвақт.
Шамол эсса шохлари билан
Деразангни қоқар бетоқат.

Гули ёмон анқиб турса ҳам,
«Жийда гули бунча зўр!» дейсан.
Бармоғингга тикон кирса ҳам
Аччиқланмай, мевасин ейсан.

Борсам гар деразанг қошига,
Жийда ўғриси деб биласан.
– Ҳой, осилма жийда шохига! –
Деб жеркийсан, сўнгра куласан…

Балки, ростдан ўғридирман, ҳа!
Лек жийдангда не юмушим бор?
Деразангнинг тагидан қувма,
Жийданг эмас, юрагинг даркор!

Қорақалпоқ тилидан Рустам Мусурмон таржимаси