Тозагул Зокирова (1948)

Тозагул Зокирова (Тазагул Закирова) 1948 йили Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида туғилган. Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби. 2003 йилдан Қирғизистон Ёзувчилар уюшмасининг Ўш вилояти бўлими масъул котиби.
«Ырлар» («Шеърлар»), «Купуя сезим», («Сирли туйғу»), «Светлый дождь» (рус тилида), «Боз торгойдун ыры» («Бўзтўрғайнинг шеъри»), «Ыйык шаарым», («Азиз шаҳрим»), «Алатоом — Мекеним» («Алатоо – Ватаним») каби шеърий тўпламлар муаллифи.

МАКТУБ

Сен борда – чинор яшил,
Сен йўқда – қурир дарахт.
Сен борда – очилар гул,
Сен йўқда – вужуд карахт…

Сен бор кез – сайрар булбул,
Сен йўқ кез – илитмас чўғ.
Сен бор кез – ҳаёт гулгун,
Сен йўқ кез – ёруғим йўқ.

Сен бор чоғ – жўшар туйғу,
Сен йўқ чоғ – соқов, жимман.
Сен бор чоғ – қочар қайғу,
Сен йўқ чоғ – билмам кимман…

Сен йўқда – кундуз тундир,
Сен борда – дунё баҳор.
Сенсиз – юрагим хундир,
Сенсиз – улкан олам тор.

Сен илҳомсан, мен котиб,
Сенсиз битмас сатрлар.
Юргин доим ёнимда
Муҳаббатни қадрлаб!..

ШЕЪРИЯТ

Қоядирсан — қўл узатиб етолмайман,
Ёнингдан гир айланиб кетолмайман.
Дарёсан, ёзда тошган Оқбурадай,
Мен сузиб ул соҳилга ўтолмайман,
Шеъриятим!

Сен тоғсан — кумуш қорлар чўкиб ётган,
Булутсан — чўққига байт ўқиб ётган.
Кўриб қўй юксакликни минг бор қўмсаб,
Қизингни — ёниб шеърлар тўқиб ётган,
Шеъриятим!

Арчасан — минг йилдаям қолмас сўлиб,
Мен юргум кенг бағрингга Ойдай тўлиб.
Кучингга куч, рўйингга рўй қўшай деб,
Ёзаяпман эл-юртимга шайдо бўлиб,
Шеъриятим!

Усмон Темур таржимаси